Асосий мавзулар
25 феврал 2020

Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилмоқда

Қирғизистон Олий суди 25 февраль куни ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни бошлайди. У 2010 йилда озодликдан маҳрум қилинган ва кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уни виждон асири, деб билади. 

Асқаров иши 2010 йил бошларида Қирғизистонда энг катта қизиқиш уйғотган мавзулардан бири эди. Бугунги кунда у ҳақда мамлакатда камроқ сўз юритилади. Боз устига, ўн йил олдин ҳали вояга етмаган бола бўлганлар Асқаровга оид барча тафсилотларни билмаслиги ҳам мумкин.  

Биз ушбу масала нечоғли муҳим аҳамиятга эгалиги ва нима учун бу жараённи кузатишимиз кераклиги хусусида сўз юритамиз.

Азимжон Асқаров ким? 

Асқаров Қирғизистон жанубида яшаган энг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир. У “Аба” (“Ҳаво”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига асос солди ва 15 йил давомида унга раҳбарлик қилди. Ушбу ташкилот милиция ходимларининг қийноққа солиш ҳолатларини ўрганиш билан шуғулланган. 

Асқаровнинг ташкилоти ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида фаолият юритадиган милиция ходимларининг ишига алоҳида эътибор қаратди.

Асқаров ўрганган энг машҳур ишлардан бири 2006 йилда саккиз ой давомида ноқонуний равишда ҳибсда сақланган аёлга тааллуқлидир. Милиция ходимлари аёлни бир неча бор зўрлаган ва у ҳомиладор бўлганда, ҳомилани аборт қилиш учун шифохонага олиб борган.

Асқаровнинг саъй-ҳаракатлари натижасида икки нафар милиция ходими ишдан озод этилди ва тўрт нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. 

Асқаровнинг яна бир энг машҳур текшируви милиция қотилликни тан олишга мажбур қилган қирғизистонлик аёл билан боғлиқ. У қотилликда айбланаётган аёлни излаб топиб, уни тўғридан-тўғри суд залига олиб борди. Айбланувчи суд залидан, Бозорқўрғон туман прокурори эса ишдан озод қилинди.

Асқаров “инсон ҳуқуқи ва демократия учун курашга қўшган муносиб ҳиссаси” учун “Инсондан инсонга” нуфузли мукофоти билан тақдирланган. 

Қамоқхонада қолаётган Асқаров 2012 йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг матбуот эркинлиги бўйича халқаро мукофотига сазовор бўлган.

Унда нега қамоқда қолмоқда?

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги юз берган этник тўқнашувлардан сўнг ҳибсга олинган эди. 

Тергов ҳуқуқ ҳимоячисини бозорқўрғонлик милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдирганликда айблади. Шуниингдек, унга оммавий тартибсизликлар уюштириш ва можаро пайтида миллатлараро низолар келтириб чиқариш айби қўйилди. 

Ҳибсга олинганидан сўнг Асқаров бир неча кун қийноққа солинган. У қийноқлар ҳақида ўз адвокатига маълум қилгач, адвокати кейинги ҳимоя жараёнларидан четлатилган.

Аёнки, Асқаровнинг этник ўзбек экани миллатчилик кайфиятидагиларнинг дарҳол унга қарши чиқишига сабаб бўлди. Бу биринчи ва иккинчи инстанция судлари давомида ҳам бўй кўрсатди, яъни Асқаров суд залида номаълум шахслар томонидан калтакланди. Унинг адвокатлари ҳам мунтазам тазйиққа учраган.

2010 йилда мамлакат жанубида рўй берган можаролардан кейин этник ўзбеклар энг қаттиқ жазога тортилди. 2010 йил сентябрда Асқаров улар сафига қўшилди. Бозорқўрғон тумани суди уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Қирғизистондаги ва ундан ташқаридаги ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаров устидан ўтказилган суд ишини қаттиқ танқид қилди.

Халқаро юристлар комиссиясининг якуний хулосасига кўра, Асқаров ишига оид 30 саҳифадан иборат ҳукмдаги матннинг ярми милиция ходимларининг Асқаровга қарши кўрсатмаларидан, Асқаровнинг хатти-ҳаракатлари ва тавсифларидан иборат. Ҳуқуқ ҳимоячисининг баёноти эса атиги битта хатбошига жойлаштирилган. 

Бундан ташқари, ҳукмда ўша пайтда мамлакат жанубида юзага келган вазиятлар инобатга олинмаган. Асқаровнинг сўзларига кўра, суд гувоҳларнинг кўрсатмаларини қабул қилмаган ва ҳуқуқ ҳимоячисини судда ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этиб, уни оқловчи далилларни пухта ўрганмаган. 

Халқаро босимларга қарамай, 2010 йилда юқори инстанция судлари Асқаровга тайинланган умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди.

Азимжон Асқаровнинг якуний сўзи. Чуй вилояти суди. 2017 йил январь.

Бундан кейин Асқаровни ҳимоя қилиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилган?

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамжамият бир неча бор бутун дунё бўйлаб Асқаровни қўллаб митинглар уюштирди, аммо бу ёрдам бермади.  Айниқса, Олий суднинг қароридан сўнг апелляцияга имкон қолмади.

Асқаровнинг адвокатлари БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилди, бироқ қўмита амалиётида ҳар доим бўлганидек, бу шикоятни бериш ва кўриб чиқиш жараёни бир неча йилга чўзилди. 

Фақат 2016 йилга келибгина БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаровнинг қийноққа солинганини, ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан суд жараёни адолатсиз ўтганини тан олди. 

Қўмита қирғиз расмийларидан Асқаровга нисбатан ҳукмни бекор қилиб, уни дарҳол ҳибсдан озод этишни талаб қилди.

Асқаровнинг иши қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилояти судига юборилди. 2016 йилги муҳокамалар давомида Асқаровнинг гувоҳлари биринчи марта судда пайдо бўлди. 

Аммо бу ёрдам бермади ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси талабларига қарамай, Асқаровга тайинланган умрбод қамоқ жазоси ҳукми ўз кучида қолди. 

Кейинроқ ҳуқуқ ҳимоячисининг очлик эълон қилиши ва халқаро ҳаракатларнинг янги тўлқини ҳам ёрдам бермади. 

Нега Асқаров иши бўйича суд мажлиси давом эттирилади?

Бироқ  Асқаров БМТ қўмитасининг қарори асосида Чуй вилояти суди ҳукми юзасидан шикоят қилди. Энди Олий суд халқаро тавсияларга риоя қилиши, Асқаровни озод этиши ёки уни умрбод қамоқхонада қолдириш бўйича қарор қабул қилиши керак. 

Асқаровнинг адвокатлари бу жараённи ҳуқуқ ҳимоячисига чиқарилган ҳукмни бекор қилиш учун энг сўнгги имконият сифатида баҳоламоқда. Чунки ҳимоя шикоят қилиш учун мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб бўлган. 

Судда Асқаровни “Бир Дуйно — Қирғизистон” ва “Озодлик овози” ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари адвокатлари ҳимоя қилади.

Мақола kloop.kg нашри томонидан тайёрланган 

Тағин ўқинг
28 май 2021
Ҳақиқий уруш йўқ,  Тинчлик ҳам йўқ ҳақиқий, Йиғилар сохта дурур, ясамадир кулгулар. Гар самимий бир инсон кўриб қолсам, мен ...
26 август 2021
Афғонистонда толиблар ўзбек тилини мактаб дастуридан чиқариб ташлади. Бу ҳақдаги хабар ва дарс жадвали 24 август куни ижтимоий тармоқда ...
14 октябр 2023
Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон вилоятларидан ва Россиянинг Татаристон Республикаси турмасидан келган. Дастлабки ...
20 август 2018
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов минган «Мерседес» 20 август куни Бекобод-Тошкент йўлида «Дамас» енгил автомобили билан тўқнашган. Ички ишлар ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...