Асосий мавзулар
10 сентябр 2024

Вақт машинаси: Абдуқодир Муҳиддин ўғли

«Элтуз» «Вақт машинаси» рукни остидаги мақолаларни чоп этишда давом этади. Навбатдаги ҳикоямиз Ёш бухороликлар ҳаракати фаоли Абдуқодир Муҳиддин ўғли ҳаёти ҳақида.

Бухоро жадидлари орасида Усмон Хўжа ўғли каби ўз вақтида большевиклар қатағонидан қутулиб кета олган одамлар кўп эмасди. Уларнинг кўпчилиги ватанда қолиб, большевиклар хизматини қилади.

Албатта, уларни бу ишлари учун айблаш ноўрин. Улар ҳам ҳақиқий ватанпарвар, истеъдодли ажойиб инсонлар, миллатимизнинг асл зиёлилари эди. Афсус, уларни мудҳиш қисмат кутиб турарди.

Шундай жадидлардан бири Ёш бухороликлар ҳаракати аъзоси Абдуқодир Муҳиддин ўғли (1892-1934) эди. Бу инсон нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон ССР давлат арбобларидан бири бўлган.

Абдуқодир Муҳиддинов ҳам худди Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжа ўғли каби бухоролик бадавлат савдогарнинг ўғли эди. У Бухоро, сўнгра Истанбул дорилфунунларида таҳсил олади.

1916 йилда отаси ва ака-укалари билан Ёш бухороликлар ҳаракати сафларига киради. 1918 йилда муваффақиятсиз инқилобдан сўнг у ҳам Бухородан қочади. Большевиклар партияси сафларига ўтади.

1919 йилда уни коммунистик партия (большевиклар) марказий қўмитаси мусулмонлар бюросига аъзо қилиб сайлайдилар. Москвада чиқадиган “Қутулиш” газетасида масъул котиб бўлади.

Бухорода амирлик ағдариб ташлангач:

1920-1921 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикасининг инқилобий қўмитаси (ревком) раиси;

1921-1923 йилларда қишлоқ хўжалиги, савдо-саноат нозири;

1923-1924 йилларда БХСР иқтисодий совети раиси;

1923 йил 15 майдан вақтинча Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ нозирлари совети раиси (бош вазир) бўлади.

Большевиклар Ёш бухороликлар ҳаракати раҳбарларини пароканда қилиш йўлларини ўйлаган. Абдуқодир Муҳиддиновни ҳам Бухородан четлатиш учун Шарқий Бухоро ҳудудида ташкил қилинаётган Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикасига ишга сафарбар қиладилар.

Абдуқодир Муҳиддинов 1924-1926 йилларда Ўзбекистон ССР таркибида ташкил қилинган Тожикистон АССР инқилобий қўмитаси аъзоси бўлади. 1926-1930 йилларда эса Тожикистон АССР Совнаркоми (Халқ комиссарлари совети) раиси лавозимида ишлайди.

Абдуқодир Муҳиддинов Бухоро ҳудудлари яхлитлигини асраб қолиш тарафдори эди. У большевикларнинг ўзбек ва тожик миллатини бир-бирига қайраб, уларни ҳудудий жиҳатдан бўлиб юбориш сиёсатини тушуниб етган эди.

1930 йилда Муҳиддинов Ўзбекистонга ишга қайтади. Большевиклар ниятларига етгандилар, улар Тожикистон ССРни ташкил қилиб бўлгандилар.

1930-1933 йилларда Абдуқодир Муҳиддинов Ўзбекистон ССР таъминот нозири сифатида фаолият юритади. Большевиклар уни 1933 йил август ойида ҳибсга оладилар. 1934 йил июнь ойида аксилинқилобчи сифатида отиб ўлдирилади. Ҳақиқий ватанпарвар жадид Абдуқодир Мухиддинов 1958 йил 25 январь куни тўлиқ реабилитация қилинган.

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
18 ноябр 2016
Абдулла Ориповнинг вафоти халқимизнинг севимли шоири сўнгги вақтларда норасмий тақиқ остида яшагани, бундан бир қанча вақт илгари «Озодлик» радиоси ...
10 июн 2023
2010 йилнинг 9 июнидан 10 июнига ўтар кечаси Қирғизистон жанубида оммавий қотилликлар бошланди ва унинг қурбонлари асосан маҳаллий ўзбеклар ...
27 апрел 2017
Нотаниш аёлларнинг уйига бостириб келиб жанжал кўтариши ортидан Президент порталига мурожаат этган хоразмлик Шукуржон Мадраҳимова 27 апрел куни Вилоят ...
21 феврал 2020
Карамзин деган рус ëзувчидан «Россия амалдорлари нима қиляпти?» деб сўрашса, «Ўғирлаяпти», деганди. Мендан ўзбек амалдорлари нима қиляпти, деб сўрасангиз, “ўғирлаяпти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...