Асосий мавзулар
28 сентябр 2024

Мухолифат фаоли Аминбой Қодиров хотираси

Ватанпарвар юртдошимиз Аминбой Қодиров 27 сентябрь куни Урганчнинг Ғойбу қишлоғида 81 ёшида оламдан ўтди.

У ҳали СССР бор пайтда мустақиллик учун курашганди. «Эрк» партияси Хоразм вилояти ташкилоти раҳбарларидан бири бўлган эди.

Биз Аминбой акани Устюрт, Қорақум, Қизилқум чўллари бўйлаб «Камаз» ҳайдаган «дальнобойщик» сифатида танирдик. У денгиз флоти жангчиси сифатида ҳарбий кемаларда Кариб инқирози даврида Куба соҳилларида жанговар фаолиятда қатнашган.

Кейин «Камаз» ҳайдаб, ҳали Устюртда йўл йўқ пайтида Ўзбекистондан Россияга юк ташиган эди. Йўлда машинаси бузилиб қолган ҳайдовчиларга доимо кўмак берган саҳро қоплони эди. Яхши, мард, ҳалол одам эди.

Фейсбук мессенжери орқали сўнгги бор Аминбой оға менга ўлимидан уч-тўрт кун бурун чиққан эди.

«Илгаригидек эмас аҳволим. «Тико»ни авария қилишимга сал қолди. Бир марта велосипеддан ҳам йиқилдим. Энди рулга бошқа ўтирмайман. Уйда ўтираман», деди Аминбой ака. Унинг ўзи ҳақидаги гапи шу билан тамом бўлди.

Яқинда совет даврида босилган қалин жилдли «Хоразм Ўзбекистон давлатчилиги тарихида» деган китобни ўқиб «маза қилгани»ни гапириб берди. Сўнг Ўзбекистондаги бугунги сиёсий муҳит, узоқ-яқин атрофдаги мухолифат вакиллари феъли-хуйидаги ўзгаришлар ҳақида фикрлашди. Гапларимизнинг бир қисми қиёматга қолди…

Хотирамдан адашмасам, Аминбой ака ўз сиёсий фаолиятини суронли 80-йиллар сўнггида норасмийлар ҳаракати сафида бошлаган, аввал «Бирлик», кейинчалик «Эрк» демократик партияси сафида давом эттирган.

2018 йилнинг январида Аминбой ака чет элларда қувғинда юрган мухолифат фаоллари, хусусан, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни оқлаб, ватанга қайтариш акцияси ташаббусчиларидан бири сифатида майдонга чиққан эди.

Бугун эса у умрининг сўнгги сониясигача ижтимоий медиа фаоли ўлароқ кўп ёшларга ўрнак бўлганини ҳам англадим. Мессенжер саҳифасида унинг сўнгги қолдирган изоҳи 27 сентябрь кунига тўғри келган. Айнан шу куни унинг тимсолида биз яқин сафдошимизни йўқотдик.

Қудрат Бобожон
eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2017
«Жамият» газетаси (10.02) нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг «сирли қирралари» ҳақида мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, «дунёда ўз манфаатини бошқаларникидан ...
15 май 2017
Чинозлик «Аҳмадбой» номи билан машҳур бўлган Аҳмад Турсунбоев томонида ташкил этилган молиявий пирамида фаолиятига барҳам берилганига ҳам бир йилга ...
9 октябр 2023
Журналист Ибрат Сафо ёзади: Ўзбекистонда 8 ой ичида 25 минг нафарга яқин бола ота ёки онасиз яшашга мажбур бўлибди. ...
17 июл 2017
«Мана битта мисол, эрталаб мен Интернетни ўзим очиб ўқидим, буни менга ҳеч ким бермайди!» деди Мирзиёев депутатлар билан 12 ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...