Анонс
29 октябр 2023

Шоир Омон Матжон оламдан ўтган кун

Лекин бир халқ мудраб, ётинқираса,
Ҳар кимга ўз тинчи ёқинқираса,
Шоирлари қўрқиб босинқираса,
Халқни ким уйғотар,
Саволим шулдир?!

Ушбу сатрлар муаллифи, ўзбек модерн шеъриятининг таниқли намояндаси Омон Матжон 2020 йилнинг 29 октябрида 77 ëшида вафот этган, Тошкентнинг Янгиобод мавзеидаги қабристонда дафн қилинган.

Шоир Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган эди. У адабиёт олдидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Шоирнинг «Очиқ деразалар» (1970), «Карвон қўнғироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977), «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи», «Сени яхши кўраман» (1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламлари ўзбек шеъриятининг устунлари сифатида кўрилади.

ФЕРУЗА

Келмадинг.
Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.
Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.
Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.
Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!


Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…


Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.
Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.
Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.
Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.
Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.
Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.
Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагингни ил, вақтинг бўлди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 сентябр 2022
Хитойнинг демократик ўзгаришлар ва Шарқий Туркистон Озодлик ҳаракатига қарши кураш воситаси сифатида тузилган бу шубҳали ташкилот кейинроқ Россиянинг империячилик ...
16 декабр 2020
11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг онлайн саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми берилди. Тадбирда ЕОИИга ...
15 декабр 2017
13 декабрь куни Тошкент ислом университети 4-курс талабаси Асқар Нодиров ўзбек-қозоқ чегарасида ўтаётиб посбон Толиб Файзиевни пичоқлаб тан жароҳати ...
8 май 2019
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар ҳудудидаги автобекатларда савдо қилувчи тадбиркорларни бекатларда китоб савдосини йўлга қўйиш ва китоб тарғиботи ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...