Асосий мавзулар
29 октябр 2020

Ўзбекистон Қирғизистоннинг инқилоб ортидан алмашган ҳокимиятини ваҳимасиз қабул қилди

Қўшни мамлакатларда бўладиган инқилобларни хушламайдиган Ўзбекистон 2010 йил апрелда Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ҳокимиятдан четлатилишини ҳам совуқ қабул қилганди. 

Ўзбекистоннинг марҳум раҳбари Ислом Каримов Бақиев ҳокимиятдан ағдарилганидан икки ҳафта ўтмасдан Москвага ташрифи чоғида россиялик ҳамкасбини Қирғизистондаги тартибсизликлар “чегарадош республикалар манфаатларига умуман тўғри келмайди”, дея хавотирга солган эди. 

Каримов ҳар доим ўз аҳолисини барча зарурий чоралар ёрдамида жиловлай олмайдиган ҳукмдорларга нисбатан нафрат кўзи билан қараган.

Гарчи бу сафар Тошкент у қадар ваҳимага тушмаса-да, ҳайрон қолди. 9 октябрь куни Ўзбекистон Қирғизистонни тинчлик ва барқарорликка чақирган Марказий Осиёнинг яна учта давлатига қўшилди.

Аммо 15 октябрь куни Садир Жапаров қирғиз депутатлари билан жанжаллашиб, ўзини бош вазир қилишга муваффақ бўлганидан бир кун ўтиб, у ўзбек ҳамкасби Абдулла Ариповдан табрик хати олганди.

Ҳокимиятни қўлга олганлар билан ишлаш ниятининг ушбу тезкор ифодаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан устувор аҳамият касб этган ниҳоятда амалий прагматик яхши қўшничилик сиёсатининг яққол далилидир.

Иқтисодий муносабатлар муҳим аҳамиятга эга

Каримов вафот этган 2016 йилда қирғиз-ўзбек савдоси ҳажми 50 миллион долларни ташкил этганди. 2019 йилга келиб бу рақам 818 миллионга етди ва давом этаётган пандемия инқиирозига қарамай, Ўзбекистон ушбу кўрсаткични сақлаб қолмоқчи.

Чегара пунктларида вақти-вақти билан можаролар чиқиб турган бўлса-да, мураккаб ҳудудий муаммоларни ҳал қилиш учун муҳим қадамлар қўйилди. Сўнгги пайтлардаги мулоқот янги алоқалар ва транспорт йўналишларини яратиш билан кўпроқ боғлиқ. 

Ўзбекистон ҳаттоки Қирғизистоннинг юқори қисмида ГЭСлар қуришда ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида таклиф киритди. Бу Каримов даврида мутлақо мумкин эмас эди.

Тарихчи Нигора Ҳидоятованинг “Eurasianet”га айтишича, минтақадаги мулоқотларнинг кучаяётгани ўзаро душманлик ўрнига ҳамкорлик масаласи тобора долзарблашиб бораётганини англатади.

“Яқин келажакда Марказий Осиё мамлакатлари сув танқислиги муаммосини ҳал қилишни бошлашади”, деди Хидоятова.

Бироқ Қирғизистонда раҳбариятнинг ўзгариши мамлакатдаги этник ўзбек жамоаси учун нимани англатиши мумкинлигидан хавотир мавжуд.

2010 йил апрель тартибсизликларидан кейин ўша йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида юзлаб ўзбеклар этник зўравонлик қурбони бўлган эди. Ўшнинг ўша пайтдаги ҳокими Мелисбек Мирзакматов бу воқеадан заррача ҳам ачиниш ҳис қилмади. 

У этник ўзбеклар ҳамжамияти ажралиб чиқиб, ўша ҳудуднинг Ўзбекистонга қўшилишни хоҳламоқда, деган ёлғон даъволарга ишора қилиб, кейинчалик “ўзбеклар Қирғизистон суверенитетига ҳужум қилди, аммо биз уларга қарши курашдик”, дейишгача борди.

Мирзакматов 2013 йил охирида ишдан бўшатилганидан кейин Қирғизистондан чиқиб кетиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови билан сиртдан етти йиллик қамоқ жазосидан қочди. Аммо шу ой бошланган тартибсизликларда юзлаб тарафдорларини қаҳрамондек қаршилаш учун собиқ мэр Ўшга қайтиб келди.

Гарчи 2010 йилги саҳналар такрорланиши мумкин эмас, деган хотиржам фикр мавжуд бўлса-да, унинг қайтиши ўзбек жамоатчилигида безовталик тўлқинини келтириб чиқарди.

“Ўйлайманки, ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам Ўш миллатлараро можаронинг яна бир алангаланишидан омон қололмаслигини яхши билишади”, деди “Eurasianet” нашрига 2010 йилда 34 ёшда бўлган ўшлик Иброҳим Янгибоев.

Кичкина босмахонага эга бўлган Янгибоевнинг айтишича, у ватани Қирғизистонда тинч яшашни истайди. Бироқ у фитначилар таҳдидини истисно қилиш мумкин эмаслигини тан олди.

“Биз шимол ва жануб (Қирғизистон) тўқнашуви ва ўз муаммоларини ўзбекларга юкламоқчи бўлган фитначиларни энди кўраётганимиз йўқ”, деди у.

Бугун шундай тўполон чиқса, Ўзбекистон қандай муносабатда бўлади, деган масала кўпчиликни қизиқтиради. 

Каримов 2010 йил июнь ойида ватандошларининг аҳволига умуман бефарқ қараб, ҳар қандай аралашув ва қон тўкилишини тўхтатишга бўлган чақириқларга қаршилик кўрсатгани айтилади. Бундай аралашув Қирғизистон хавфсизлиги кафолати бўлган Россияни ҳаракатга келтириб, янада ноаниқлик туғдириши мумкин эди.

Ўшандан бери ўзгаргани шу бўлдики, Ўзбекистондаги оммавий мунозаралар бироз эркин тус олди. Каримов аралашув ҳақидаги ҳар қандай суҳбатга тоқат қилмаган эса-да, бугун вазият у вақтдагидан анча фарқ қилади.

Аммо тарихчи Равшан Назаровнинг фикрича, Мирзиёевнинг Каримовдан бошқача ҳаракат қилиши эҳтимолдан йироқ.

“У қўшин юборолмайди. Кўнгиллиларнинг киришига рухсат беришига келсак, у буни ҳам уддалай олмайди. Демак, биз яна қочқинларни қабул қиламиз ва тинчликка чақирамиз ”, деди Назаров.

Порахўрлик дарёси

Қирғизистон муаммолари икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир қизиқарли йўналишига эътиборни тортади, гарчи у ноқонуний хусусиятга эга бўлса ҳам.

7 октябрь куни рақиб фракциялар Бишкекда ҳокимият талашаётган бир пайтда Ўш вилоятидаги Қорасув тумани раҳбари бўлган Тилек Матраимов Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтаётганида чегарачилар томонидан ушланди. 

Янгилик кўпчиликнинг эътиборини тортганига сабаб шуки, у кенг кўламли контрабанда фаолиятидан олинган пулга ҳокимият ва таъсир кучини сотиб олган собиқ юқори лавозимли амалдор Раимбек Матраимовнинг укаси эди.

Матраимовнинг бизнеси Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Чунки айнан унинг иштирокида Хитой товарларини Қирғизистонга ноқонуний равишда, божсиз, пора эвазига олиб ўтиш амалиётлари бажарилган.

Логистика компаниясига тегишли бўлган 600 га яқин машина Тошкентдаги улкан “Абу Сахий” бозоридан чиқиб, ҳар ой Хитойнинг Шинжон минтақасидан Қирғизистон орқали юк ташиган, дея хабар беради журналистик суриштирув гуруҳлари консорциумининг асосий гувоҳларидан бири.

“Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси ва Бишкекнинг Kloop веб-сайти 2019 йил ноябрь ойидаги ҳисоботида таъкидлашича, “(Абу Сахий) бозорини бошқарадиган компания марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримовага уйланган шубҳали тадбиркор Тимур Тиллаевга узоқ йиллар давомида тегишли эди”.

Тиллаев ҳам Ўзбекистон томонининг шубҳасига тушган. 2018 йил март ойида “Ўзбекистон 24” давлат телеканали “Абу Сахий” 2016-2017 йилларда 55 миллион долларгача миқдордаги солиқни тўлашдан бўйин товлашда айбланган репортажни намойиш қилди.

Раимбек Матраимов шу ҳафта бошида Бишкекда ҳибсга олинган эди. Аммо терговчиларнинг унга шу қадар оддий муносабатда бўлаётганини ҳисобга олсак, яқин орада унинг иши якун топадиганга ўхшамайди. Бироқ манфаатдор гуруҳлар, таъсир доиралар ва кланлар атрофидаги драмалар, эҳтимол, кенг картинага унчалик таъсир қилмайди.

Сиёсий фаол Пўлат Охуновнинг айтишича, кадрлар алмашинувидан қатъи назар, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг йўналишини жиддий ўзгартириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

“Мирзиёев иқтисодиёт ёки чегара билан боғлиқ ҳар қандай муаммолар  музокаралар столи олдида ҳал қилиниши мумкинлигини англайдиган сиёсатчи”, деди у.

Мақола оригинали Eurasianet нашрида босилган. “Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
1 сентябр 2020
2 сентябрь куни Бухоро инқилоби ва Бухоро Халқ Республикасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтади 2.09.2020, ЧОРШАНБА Нурсултон ...
3 июн 2020
Франц Кафка ўлимидан кейингина кўплаб асарлари чоп этилган ва дунёга танилган 20-асрнинг буюк ёзувчиларидан биридир. Тириклигида у бир нечта ...
23 ноябр 2017
1 ноябрдан бошлаб пойтахт бозорларида аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган айрим турдаги маҳсулотларнинг энг юқори нархлари ўрнатилди. Тошкент ...
9 январ 2017
2016 йилнинг июлида Амстердам суди Takilant офшор компаниясининг Ucell мобил операторидаги 135 миллион АҚШ долларига баҳоланган 6 фоиз улушини ...
Блоглар
1 декабр 2020
«Ошин» – 1983 йилда Японияда суратга олинган кўп қисмли фильм. Бош ролларда Нобуко Отова, Юко ...
25 ноябр 2020
Кузда кетиб кузда қайтдим Совет Армияси сафидан. Бизни армия сафига олий ўқув юртларининг кундузги бўлимидан ...
24 ноябр 2020
“Ҳумо” номли учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатда айблади. Эронда “Ҳумо” ...