Асосий мавзулар
27 ноябр 2020

АҚШ-Ўзбекистон “стратегик ҳамкорлик мулоқоти”

АҚШ ва Ўзбекистон 2021 йилда “стратегик ҳамкорлик мулоқоти”га ўтишни мақсад қилган.

Ўтган ҳафта Вашингтон президент Дональд Трампнинг 4 ноябрдаги сайловда собиқ вице-президент Жо Байденга ютқизганини инкор қилиши натижасида пайдо бўлган ғалати сиёсий гирдобда қолиб кетган бўлса ҳам дунёвий дипломатик операциялар ўз маромида қизғин давом этди. 

Ғайриоддий келган йилда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўтган ҳафта мамлакатнинг йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрди. 

2009 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган маслаҳатлашувлар икки мамлакат алоқалари даражасини белгилаб беради. АҚШ Давлат департаменти 2016 йилда таъкидлаганидек, маслаҳатлашувлар “ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган умумий сиёсий масалаларимиз ҳамда икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорлик имкониятларини ривожлантириш учун тузилган сиёсий мулоқотдир”.

Ўзбекистон АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги асосий минтақавий манфаатларидан бири – Афғонистонга жуда яқин. Ўзбекистон делегацияси Вашингтонга келганида Трамп маъмурияти АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги кучларини 2021 йил 15 январгача 2500 кишигача қисқартириш нияти борлигини эълон қилди. 

Ушбу баёнот АҚШни 2021 йил май ойига қадар тўла чекиниш учун 2020 йил февралидаги АҚШ-Толибон келишувида белгиланган муддатга яқинлаштиргани сабабли катта эътиборни тортди. 

Аммо танқидчиларнинг таъкидлашича, “Толибон” ушбу битимдаги мажбуриятларини, яъни “Ал-Қоида” билан алоқаларни узиш ваъдасини бажармаган, бу ҳарбий раҳбарлар томонидан тасдиқланган.

CNN хабарига кўра, мудофаа вазири Марк Эспер Оқ уйга ноябрь ойи бошида махфий ҳисобот юбориб, қуйидагиларни таъкидлаган: “Қўмондонлик занжирининг бир овоздан тавсияси шуки, шартлар бажарилгунига қадар АҚШ Афғонистонда ўз таркибини камайтирмаслиги керак”.

9 ноябрь куни Трамп Эсперни ишдан бўшатди.

19 ноябрь куни Комилов мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашди. Бу пайтда Миллер ушбу лавозимда иш бошлаганига атиги 10 кун бўлган эди.

Учрашув натижалари кутилганидек юмшоққина бўлди. У АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги “хавфсизлик бўйича стратегик ҳамкорлик”ни яна бир бор тасдиқлади ва Ўзбекистоннинг “Афғонистон ичидаги тинчлик музокараларига кўмаклашиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига қўшилишини қўллаб-қувватлаш” бўйича саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қабул қилди.

Афғонистонда содир бўлаётган воқеалар нафақат бу давлат билан чегарадошлиги, балки сўнгги бир неча йил ичида қўшнига бўлган қарашлари ва муносабатини кескин ўзгарганлиги Ўзбекистон учун асосий масала ҳисобланади.

Афғонистонни муаммо ва таҳдид сифатида кўрган Ислом Каримов давридагидан фарқли ўлароқ, Шавкат Мирзиёев ҳукумати Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисига бўлган позициясини қайта йўналтирди. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон Афғонистонга ҳам денгизга йўл, ҳам ўзбек товарларининг жаҳон бозорларидаги канали сифатида жуда қизиқади.

АҚШ ва Ўзбекистоннинг икки томонлама алоқалари шароитида ушбу қадам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Ўтган ҳафта Давлат департаментида Комилов АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бюроси ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон билан учрашди. Давлат котиби Майк Помпео ўша пайтда Яқин Шарққа саёҳат қилаётган эди.

Икки томонлама маслаҳатлашувлар якунида эълон қилинган қўшма баёнотда кутилган қатор мавзулар қамраб олинган: “икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкам суръати”, минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик, иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар ва одамлар ўртасидаги алоқалар.

Баёнотда таъкидланишича, Қўшма Штатлар АҚШнинг Марказий Осиё бўйича февраль ойида эълон қилинган сўнгги стратегиясининг асосидан ўрин олган “муқаддас учлик” – “Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўла қўллаб-қувватлашини” тасдиқлади. (Помпеонинг янги стратегияни ишга тушириш арафасида февраль ойида Ўзбекистонда бўлиши бежиз эмас эди.)

АҚШ Давлат департаменти “стратегик ҳамкорликнинг янги даври”, деб атаган Ўзбекистонга ёрдами 2019 йилда қарийб 100 миллион долларни ташкил этди, бу 2016 йилдагига нисбатан ўн баравар кўпдир. Мақсад ўсиб бораётган муносабатлар тезлигини таъминлашдир. 

Баёнотга кўра, Қўшма Штатлар “бу йил трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва қонун устуворлиги ҳамда коррупцияга қарши курашиш ташаббуслари учун 9 миллион доллардан зиёд ёрдам ажратмоқчи”. 

Пандемия борасида баёнотда пандемия оқибатларига қарши курашда “Ўзбекистонга ёрдам бериш мажбурияти” қайд этилган.

Баёнот асосан кутилганидек бўлса-да, унда бир нечта муаммолар яширинган. Масалан, таълим ва маданий алмашинувни кенгайтиришнинг аниқ йўлларини муҳокама қилишда баёнотда “АҚШ Тинчлик корпуси кўнгиллиларини Ўзбекистонга қайтариш режалари” қайд этилган.

Тинчлик корпуси 2005 йилда мамлакатдаги кўнгиллилар ва директорга виза муддати узайтириб берилмаганидан сўнг Ўзбекистондаги дастурини тўхтатди. Тинчлик крпусининг чиқариб юборилиши АҚШнинг Андижон қирғини бўйича Каримов ҳукуматини танқид қилиши билан доимий равишда боғлиқ эди. 

Тинчлик корпуси Ўзбекистонда 1992 йилдан 2001 йилгача, сўнгра 2002 йилдан 2005 йилгача фаолият юритган. Март ойида Тинчлик корпусининг барча дастурлари тўхтатилган бўлса-да, кўнгиллиларни қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қўшма баёнот Ислом Каримов вафотидан кейинги тўрт йил ичида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда эришилган ютуқларни ифодалаш билан якунланади. 

Иккала томон ҳар йили ўтказиладиган маслаҳатлашувлар даражасининг “стратегик ҳамкорлик мулоқоти”га кўтарилиши ҳақида хабар бериб, биринчи диалогни 2021 йилда Тошкентда ўтказиш режалаштирилган.

Гарчи мулоқот АҚШга янги раҳбарият келиши арафасида ўтказилса-да, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати сезиларли даражада ижобий ўзгариши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу Ўзбекистон учун яхши янгилик.

Мақола The Diplomat нашрида эълон қилинган. “Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
3 июн 2020
Бир нарсага эътибор қаратдим: АҚШда бўлаётган воқеаларга эътибор рус интернетида жуда юқори; рунетда бу воқеаларни анархия деб қоралаш, афроамерикаликларни ...
20 декабр 2020
Биз аёлларда ўз «мен»ини эркак фикри, мавқеи билан тасдиқлатиб олиш инстинкти бор экан, буни ҳозир ўйлаб қолдим. Аслида бу ...
20 июн 2016
Товламачилик айби билан хибсда қолаётган 38 яшар Чинозлик тадбиркор Аҳмадбой Турсунбоевга нисбат берилган мактуб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. «Мактубда» ...
13 август 2023
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 12-13 август кунлари қовун сайли бўлиб ўтди. Хоразм вилояти қовун ва тарвуз экспорти бўйича 1-ўринда бормоқда. 2021 йилнинг дастлабки ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...