Асосий мавзулар
1 март 2021

Ерни тортиб олиш – Ўзбекистон пахта сектори учун янги таҳдид

Муаллиф: Линн Швейсфюрт2021 йил 9 февраль

Кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Хитойнинг Шинжон пахта сектори АҚШ санкциялари остида қолганидан сўнг Ўзбекистонни эҳтимолий пахта етказиб берувчи сифатида кўраётгани айтилмоқда.  Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мажбурий меҳнат муаммосини ҳал этишда сезиларли ўсишга эришилди. Аммо энди яна бир муаммо – ерларни тортиб олиш муаммоси пайдо бўлди. 

Apparel Insider учун махсус ёзилган мазкур мақола муаллифи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми кунсультанти Линн Швейсфюрт фикрича, Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш фермерларнинг ўз ерларини хусусий компанияларга “ихтиёрий” беришига оид кўплаб ҳолатлар билан кечмоқда. Бу эса қишлоқда яшовчиларнинг тирикчилик манбаига ҳалокатли таъсир ўтказаётир. 

Президент Мирзиёев бошлаб берган либерал иқтисодий ислоҳотлар жараёни Ўзбекистон пахта секторининг жадал хусусийлаштирилишига олиб келди ва фермерларнинг юз минглаб гектар ери бутун-бутун туманларда монопол мавқени эгаллаган хусусий компанияларга берилишини тезлаштирди. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини бундай трансформациялаш кўплаб фермерларни хонавайрон қилди ва қишлоқ аҳлининг қашшоқлашувига олиб келди. 

Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастури, биринчи навбатда, ўнлаб йиллар давомида пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга асосланган советча қишлоқ хўжалиги тизимини парчалашга қаратилган эди. Гарчи пахта теримига мажбурланадиганлар сони сезиларли камайишига эришилган бўлса-да, ҳукуматнинг 2019 йил январдаги қарорига мувофиқ ўтказилган “ерларни оптимизация қилиш” дастури  ерларнинг фермерлардан кластерларларга – пахта етиштиришдан уни қайта ишлаш ва тўқимачилик маҳсулоти олишгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган хусусий компанияларга ўтиб кетишига олиб келди. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 96 та кластер тузилишини маъқуллаган. Улар тасарруфига 907 783 гектар, яъни мамлакатдаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг 27,5 фоизи тўғридан-тўғри ўтказиб берилиши белгиланди. Бевосита хусусий компаниялар томонидан бошқарилмайдиган фермер хўжаликлари улар билан пахта етиштириб бериш бўйича шартнома имзолайди. Ўзбекистондаги 13 та туманнинг ҳар бирида фақат биттадан кластер ишламоқда ва бу уларни маҳаллий  монополистларга айлантирди. Натижада фермерларда ким учун пахта етиштиришда танлов қолмади ва уларнинг эксплуатация қилинишига мойиллик кучайди. 

Фото: Элёр Неъматов, Тошкент вилоятининг Бўка тумани, 2020 йил октябрь

2020 йил апрелда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми  кластерлар сиёсати ҳақида ҳисобот эълон қилди. Унда кластерлар бозордагидан паст нарх белгилаётгани, пахта етиштириш бўйича нореал режалар қўяётгани, ёқилғи ва уруғ каби хомашё ва материалларга баланд нарх ўрнатаётгани, етказиб берилган пахта учун ўз вақтида ҳақ тўламаётгани, натижада жуда кўп фермерлар қарзга ботиб қолаётгани ёритилган. 

Қишлоқ иқтисодиётининг хонавайрон қилиниши 

Аммо пахта сектори хусусийлаштиришининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида банд бўлган 25 фоиз аҳоли турмушига салбий таъсирининг бошқа оқибатлари ҳам бор. Афтидан, ҳақиқатан ҳам ерларни тортиб олишнинг янги даври бошланганга ўхшайди ва бу мамлакатдаги қишлоқ аҳолисига вайронкор таъсир кўрсатади. 

Ўзбекистонда фермер хўжалигини юритиш учун ер майдони давлатдан одатда 30 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага олинади. Ижара шартномаси суд қарорисиз мажбурий бекор қилиниши мумкин эмас. Хусусий кластерлар фермерларга бир тийин ҳам товон пули тўламасдан уларнинг улкан майдонларини эгаллаб олишди. Чунки ижара шартномасининг тугатилиши ихтиёрий эди. Ижара шартномасини мажбурий бекор қилиш бунга етарли асослар бўлган тақдирда фақат суд қарори амалга оширилади. Хўш, фермерларни ўз еридан ва даромад манбаидан ихтиёрий воз кечишга нима мажбур қиляпти? 

Кўп ҳолатларда мулкни ўтказиб бериш кластерлар номидан ва ҳоким томонидан расмийлаштирилади. Унда ижара шартномаси “ихтиёрий” бекор қилингани, ер, активлар ва даромаддан айрилганлик учун товон тўланмаслиги кўрсатилган бўлади. Аммо Ўзбекистон каби авторитар давлатларда “ихтиёрийлик” катта ва назорат қилинмайдиган ҳокимиятга эга бўлган амалдорлар томонидан мажбурланиш даражаси билан изоҳланади. Айрим ҳолатларда фермерларга ижарани ихтиёрий бекор қилиш тўғрисида ариза ёзишга кўрсатма берилди, баъзан эса ҳокимлар ҳеч қандай тушунтиришсиз уларга ижара шартномаси бекор қилинганини айтиш билан чекланди. Фермерлар бирданига даромад манбаларини йўқотишди, маҳаллий аҳолининг даромад олиш тизими ҳам бузилди. Чунки маҳаллий аҳоли фермерлардан кичик ер майдонларини ижара олиб, ўзлари учун ёки кейин бозорда сотиш мақсадида турли озиқ-овқат маҳсулотлари экиб келади.  

Қуйида кластерлар ҳукумат амалдорлари ёрдамида қандай қилиб фермерларнинг ерларини қўлга киритиши ва маҳаллий монополистларга айланиши, шунингдек, фермерларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти йўқлигини кўрсатувчи жараёнлар ҳақида сўз боради. 

Surxon Cotton Textile Cluster LLC кластери

2020 йил декабрь ойининг охирида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани ҳокими тумандаги 475 нафар фермер ва тадбиркорнинг ерларини 2020 йил 1 декабрда тузилган Surxon Cotton Textile Cluster LLC фойдасига мусодара қилди. Компания бир кундаёқ фермерлардан тортиб олинган 22400 гектар ерга эга бўлди. 

Surxon Cotton Textile Custer LLC ўзини Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британиядаги 25 дан ортиқ корхонани бирлаштирувчи йирик хусусий инвестор сифатида кўрсатиб келадиган PetromaruzLimited компаниясига тегишлидир. Petromaruz Limitedнинг эгаси эса Олий Мажлис Сенати аъзоси, яқинда ташкил этилган Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раҳбари этиб тайинланган Муртазо Раҳматов ҳисобланади. Surxon Cotton Textile раҳбари эса Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг собиқ раиси Саидқул Арабовдир. 

Ҳаммага тушунарли сабабларга кўра, фермерлар ўз ерини “ихтиёрий” топширишни истамаганидан сўнг маҳаллий ҳокимият вакиллари таҳдид қилишга ўтди. Бу ҳақда фермерларнинг очиқ мурожаатида айтилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳар бир фермердан ўз еридан воз кечиш ва фермер хўжалигини ёпиш тўғрисида ариза ёзиб беришни талаб қилди. Кўпгина фермерлар ўз ерини беришдан бош тортганидан сўнг маҳаллий ҳокимият уларнинг ерига трактор солиб, экинларини бузди, ерига қурилган мулкларини мусодара қилди.

2021 йил 18 январь куни фермерлар Ўзбекистон бош вазири билан учрашиш учун Тошкентга келди. Уларга ерлари тортиб олинишининг қонунийлигини текшириш учун комиссия тузилишини ваъда қилишди. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунга кўра, ер ундан самарасиз фойдаланилган ва уч йилдан ортиқ вақт давомида шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда фақат суд қарори билан олиб қўйилиши мумкин. Бошқа омиллар ва суд қарори йўқлигига қарамай, ҳокимнинг ерларни кластер фойдасига ёппасига мусодара қилиши ноқонуний ҳисобланади. Фермерлар манфаатларини ҳимоя қиладиган давлат органи – Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси фермерлар билан учрашув чоғида буни очиқ-ойдин тан олди. 

Аксарият фермерларнинг қўлида ерни 30 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага олгани тўғрисида шартнома бор. Улар ўз ерларига ва ишлаб чиқаришга сармоя қилиш учун банклардан кредит олган. Кўпчилиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномага эга бўлиб, эндиликда бу шартномалар ҳам бажарилмай қолиши эҳтимоли катта. Ерлари мусодара қилинган фермер хўжаликлари илгари ердан самарали фойдаланиш бўйича текширув объекти бўлмаган. Хуллас, мусодара қилиш учун бу ерлар кластер учун зарур эканидан бошқа ҳеч қандай қонуний асос келтирилмаган. 

Surxon Cotton Textile Custer LLCнинг эгаси, сенатор Муртазо Раҳматов фермерлар билан учрашувда ерлар фойдаланиш унумдорлигини ошириш, ҳудудга инвестиция жалб этиш ва келажакда 14 мингта янги иш ўрни яратиш мақсадида кластерга берилганини билдирди. У кластер ирригацияни яхшилашга, қишлоқ хўжалигига янги технологияларни жорий этишга ва тўқимачилик маҳсулотларини Европага экспорт қилишга пул тикишини, бу эса маҳаллий бюджетга солиқ тушишини кўпайтиришини ваъда қилди. Бундай ваъдалар бошқа кластерлар томонидан ҳам берилган эди, аммо улар барибир бажарилмади. 

Фермерларни қўллаб-қувватлаган ва улар билан кўп бора интервьюлар уюштирган блогер Отабек Сатторий 2021 йил 30 январь куни таъмагирликда айбланиб ҳибсга олинди. Унинг ҳамкасби Фазлиддин Меҳмонов Сатторийнинг ҳибсга олиниши тафсилотлари баён этилган видеоматериал чиқарди ва ўзига ҳам махсус хизматлар ходимлари пўписа қилганини айтди. 

Tashkent Cotton Textile (TCT) кластери

2018 йил декабрда Буюк Британиянинг Paraglide Limited ва Россиянинг Petromaruz Capital компаниялари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластери тузиши эълон қилинди.  Ҳукуматнинг бошқа бир қарори билан TCT кластерига “доимий эгалик қилиш” ва фойдаланиш учун 35 400 гектар суғориладиган ер ва балиқ етиштириш учун 3100 гектар сув ҳавзаси ажратиб берилди. Бундан ташқари, TCTнинг бир қисми бўлган балиқ кластери янги иш ўринлари яратиш ва 8,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этиш шарти билан балиқ етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланувчи йирик корхона бўлмиш Balikchi JSC устидан текинга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Balikchiнинг 640 нафар акциядоридан бири Абдукамол Абдухалилов “Озодлик” радиосига берган интервьюсида бу мулкни рейдерлик асосида тортиб олишдан бошқа нарса эмаслигини билдирганди. 

“Нега корхонани текинга бериб юборишди? Компаниянинг банкдаги ҳисоб рақамида 40 миллиард сўм маблағи, 450 нафар ишчиси бор эди. У 3,5 гектар ерни унумли ишлатаётганди. Бирданига бош вазирнинг кластер тузиш тўғрисидаги қарори пайдо бўлиб турибди”, деган эди Абдухалилов. 

Бу воқеадан сал ўтиб, 2019 йил февралда Balikchi JSCни бошқарган  Абдураҳим Пирвалиев коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди. Бу вақтда у компанияни кластерга бериш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиб юрган эди. 

Indorama Group

2018 йилда ҳукумат қарори билан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидаги  50 000 гектар ер 2997 та фермер хўжалигини бошқарадиган Indorama Group таркибига кирувчи Indorama Agroкомпаниясига берилди. Ушбу фермер хўжаликларидан ҳозир Indorama Agro LLCнинг тўғридан тўғри бошқарувига ўтган 1068 таси ижара шартноманинг “ихтиёрий” бекор қилиниши натижасида қўшиб олинган. Indorama Group таркибига кирувчи Indorama Kokand Textile компанияси Ўзбекистонда ишлаган 10 йил давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун танқид қилиб келинган.

Ижара шартномасидан воз кечишга мажбурланган фермерларга компанияда ишлашга ваъда берилган. Улар Indorama компаниясида “тўғридан тўғри банд фермерлар”га айланиши керак эди. Уларга қишлоқ хўжалигини юритишнинг замонавий усуллари бўйича тренингларда қатнашиш, тўла бандлик бўйича ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар ваъда қилинган. Албатта, давлатнинг сезиларли таъсири сақланиб қолган соҳада меҳнат қилиб, аранг кунини ўтказаётган фермерлар учун бу жуда жозибали шартлар эди. 

Қишлоқ аҳлининг оғир аҳволи Indorama компанияларининг аҳолига сабзавот етиштириш учун кичик ер майдонларини ижарага беришни рад этаётгани, чорвасини боқишга йўл қўймаётгани, уйни иситиш ва овқат қилишга фойдаланиладиган ғўзапоядан фойдаланишга рухсат бермаётгани ортидан янада ёмонлашяпти. Вазият оғир экани сабабли энг кўп жабрланган аҳоли тобора тушкунликка тушиб бормоқда. Қишлоқ аҳлининг аксарияти учун меҳнат мигранти сифатида бошқа мамлакатлар, масалан, Россияга оғир ва малака талаб этилмайдиган ишларга ишлаш учун кетиш ягона йўл бўлиб қолмоқда. Ўзбек тилидаги Eltuz нашри истеҳзо билан ёзганидек, Ўзбекистон пахта секторидаги сингапурлик инвесторлар Россия кўчаларининг тозалиги ва озодалиги учун қайғурмоқда. 

Silverleafe International LLC

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 ноябрдаги қарори билан Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги фермерларнинг 2000 гектар ери АҚШнинг Silverleafe Capital Partners Groupкомпанияси шўъба ширкати бўлмиш Silverleafe International LLCга тегишли кластерга берилди. Навбатдаги ҳужжат билан кластерга берилган ер майдони 11 700 гектаргача кенгайди. Ушбу ҳужжат асосида 344 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция эвазига кластер сезиларли солиқ имтиёзлари ва катта ер майдонига эга бўлди. Мазкур қарорга кўра, фермерлар кластер томонидан ҳайдаб ташланган ва ҳосили йўқ қилинган 921 гектар ерга экилган уруғ ва уни парваришлашга сарфланган харажатлари учун товон пули олиши керак эди. Гарчи фермерларга уруғ учун товон пули тўланган бўлса-да, улар ери ва даромад манбаини йўқотгани учун бир тийин ҳам ололмади. 

Shovot Tekstil ва Textile Finance Khorezm кластерлари

Хоразм вилоятида 78 нафар фермер Shovot Tekstil ва Textile Finance томонидан бўлаётган адолатсиз муносабатга қарши норозилик билдирди. Бу кластерлар ўзбек тадбиркори Фарҳод Мамажоновга тегишли Uztex Group ширкати таркибига киради. Фермерлар кластерлар хўжалик юритиш учун зарур бўлган хомашё ва материаллар нархини ва уларни харид қилиш жараёнини ўз назоратига олгани, кластерлар билан адолатсиз шартномалардан қутулиш учун ўз кооперативларини тузиш уринишларига ҳокимлар қўллаб-қувватлови остига қаршилик кўрсатаётганидан шикоят қилди. 

2020 йил 6 ноябрда фермерлар мамлакат президентига хат билан мурожаат этди. Улар яна бир бор ўзларининг кооператив тузиш истагини билдиришди ва нега бундай қилаётганларини тушунтиришди. 2020 йил 14 декабрда уларга Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахоновдан жавоб келди. Жавобда фермерлар фақат пахтачилик-тўқимачилик кластерлари йўқ туманлардагина кооперативлар тузиши мумкинлигини айтилган эди. Кластер (яна Вазирлар Маҳкамаси қарори билан) тумандаги ягона пахта тозалаш заводини қўлга киритгани сабабли фермерларнинг ўз пахтасини қайта ишлаш имконияти йўқ. Ҳукумат томонидан кластерлар учун ўрнатилган имтиёзлар режими фермерларни ҳар қандай кооператив тузиш имкониятидан маҳрум этади. 

Xatirchi Export Klaster LLC кластери

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги ерларни оптимизация қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Хатирчи тумани ҳокими Ғофур Алиев ички ишлар органлари кўмагида фермерларни давлат фойдасига ер ижараси ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлади. 2019 йил августда ҳоким 216,2 гектар ерни Xatirchi Export Klaster LLC кластерига берди.

Жабрланган фермерлардан бири Ҳабибулла Мамадиёровнинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форумига айтишича, у 2006 йилдан буён 4,8 гектар майдондаги узумзордан мўл ҳосил олиб келган. У еридан айрилган 2019 йилдан бери кластер фермердан ҳосилнинг ярмини беришни талаб қилмоқда. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форумига жўнатилган видеода Мамадиёров президентдан кичик фермерларга ерларини қайтариб беришни ўтиниб сўрайди: “Биз ҳам ички бозор, ҳам экспорт учун сифатли маҳсулот етказиб бера оламиз. Биз солиқ тўлаймиз, аммо оддий ўртакаш бўлган кластерлар бизни ўз шартларида ишлашга мажбурлаяпти. Улар ҳеч нарса ишлаб чиқармайди ва бизнинг ҳисобимизга яшайди. Кўп сонли шикоятлар жавобсиз қолмоқда ва тегишли тартибда кўриб чиқилмаяпти. Биз ерни қайта тақсимлашлардан чарчадик. Менинг уч ўғлим ишсиз”. 

Интернет Ўзбекистонда ернинг мусодара этилиши ҳақидаги бу каби хабар ва воқеалар билан тўла. Фермерларнинг сўзларига кўра, ер билан бирга улар ўз мулки ва инвестицияларидан ҳам айрилмоқда. Бунинг устига, оилаларининг илгари фермер хўжалигида ишлаган аъзолари энди ишсиз қолмоқда. 

Бу воқеалар хусусий сектор давлат кўмагида қишлоқ аҳолисининг иқтисодий истиқболини қандай белгилаётганини кўрсатувчи жуда хавотирли мисоллардир. Шаклланган тизим феодализмнинг янги кўриниши бўлиб, фойда олиш мақсадида шафқатсиз равишда қўлланилмоқда. 

Қишлоқ хўжалигини “ривожлантириш”га давлат кўмаги

Пахта секторини хусусийлаштириш Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Жаҳон банки каби халқаро молия институтларининг кўплаб миллионли инвестициялари билан қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистонга тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми 2018 йилдаги 1,6 миллиард доллардан 2019 йилга келиб 4,2 миллиард долларга етди. Ўзбекистон Молия вазирлиги прогнозларига кўра, бу миқдор  2021 йилда 7,81 миллиард долларга етади. 

Қишлоқ хўжалиги секторини модернизация қилишга кредит ажратишга оид лойиҳа ҳужжатларида эҳтимолий салбий оқибатлар, жумладан, иш жойларининг йўқотилиши тан олинади. Аммо эркин бозор иқтисодига ўтиш оқибатлари баҳоланган ҳисоботларда бу оқибатларни юмшатиш чоралари баён этилса-да, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ҳақиқий вазият эътибордан четда қолади. Ерни бошқаришни қишлоқ хўжалигида ишлаш тажрибасига эга бўлмаган, фақат ягона мақсад – максимал фойда олишни кўзлайдиган хусусий секторга беришнинг узоққа олиб борувчи оқибатлари ҳақида эса гап ҳам йўқ. 

Масалан, янги иш ўринлари яратиш ва фермерлар ипак қурти боқиши учун битта компания тут дарахтларини экди, дейлик. Бироқ Ўзбекистонда ипак етиштириш давлатнинг тўла назоратида ва кўп фермерлар учун бу фойда келтирмайдиган юмушдир. Давлат белгилаган нархларда давлатга ипак хомашёси етказиб беришни талаб қилаётган маҳаллий амалдорларнинг одатда жазо қўллаш, жумладан, ерни тортиб олиш таҳдидлари остида фермерлар бу мажбуриятни рад эта олмайди. Ҳукуматнинг ипак хомашёси етиштиришни кескин кўпайтиришга қаратилган улкан мақсадларини ҳисобга олганда, бу яхши ўйланмаган чора-тадбирлар мажбурий меҳнатнинг яна бир кўринишини вужудга келтириши ва фермерларни қарз ботқоғига янада чуқурроқ ботириши ҳеч гап эмас. 

Киритилган ёки киритилиши кутилаётган айрим инвестицияларнинг оқибатларини назарда тутиб, халқаро молия институтлари етарлича эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши керак. Яъни бу инвестициялар воситасида амалга ошириладиган лойиҳалар инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келмаслиги, қишлоқ аҳлининг ҳаётини ёмонлаштириш эмас, яхшилашга қаратилган мақсадлар рўёбга чиқишини кафолатлаши зарур.

Дарҳақиқат, ЕИ таклиф этаётган янги чора-тадбирлар компаниялар учун янада каттароқ мажбуриятлар ва жарималарни кўзда тутади. Бу эса уларни мазкур талабларга риоя этишга ундаши мумкин. 

Ерга эгалик ҳуқуқи

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторидаги ўзгаришлар унинг қишлоқ аҳолисига таъсирини етарлича муҳокама қилмасдан амалга оширилмоқда ва ерни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиш масаласини жиддий долзарблаштиряпти. 2018 йил декабрда БМТ Бош ассамблеяси Деҳқонлар ва қишлоқ жойларда ишловчиларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияни қабул қилди. Бу ҳужжат деҳқонларнинг ерга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва қишлоқ жойларда яшовчиларнинг тегишли яшаш шароитига эга бўлишини таъминлаш учун ўз ҳудудларида жойлашган табиий ресурслар, жумладан, ерни тасарруф этиш ва фойдаланиш имкониятга эга бўлиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Ўзбекистон фермерлар ва қишлоқ аҳлини яшаш ва даромад олиш манбаларидан амалда маҳрум қилиш орқали ушбу муҳим ҳуқуқни амалга ошириш талабини бажармаяпти. 

2019 ва 2020 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Парагвай ва Аргентинадаги иккита муҳим жараён бўйича Деҳқонларнинг ерга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларацияга мурожаат этди. 

Балки кейингиси Ўзбекистон бўлар!

Манба: Apparel Insider

Тағин ўқинг
30 апрел 2019
Ўзбекистон Олий суди жорий йилнинг 16 апрель куни журналист Бобожоновларга тегишли уйларни тортиб олиш тўғрисидаги суд қарорларини ўз кучида ...
3 июл 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли бўлган, айни пайтда Швейцарияда музлатилган пулларни мамлакатга қайтариш борасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. ...
6 октябр 2016
Сўнгги вақтларда маҳаллий нашрларда Ўзбекистоннинг марҳум президенти хотирасига машҳур кишиларнинг ёдномаларини чиқариш анъанаси кузатилмоқда. «Қишлоқ ҳаёти» газетаси (04.10) бу ...
20 июл 2017
1 августда Ўзбекистонда Олий ўқув юртларига кириш учун имтиҳон ўтадиган жойларга бу йил видеокамералар ўрнатилади, абитуриентлардан бармоқ излари олинади. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...