Асосий мавзулар
10 декабр 2021

10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинган кун

Дунë уруш асоратларидан қаддини энди тиклаëтган 1948 йилнинг 10 декабрь куни Парижда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан йиғилган дипломатлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилишди. Узоқ муҳокама ва музокаралардан сўнг декларация БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилинди. Ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни тамсил этади.

30 моддадан иборат декларация инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг тамал тоши ҳисобланади.

Жаҳолатни жиловлаш зарурати

Айнан Иккинчи жаҳон урушидан сўнг шундай декларацияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга нега зарурият туғилди?

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзовага кўра, бу зарурат «ноинсоний режимлар зулмини тийиб қўйиш мақсадида инсон қадр-қимматини устун қўювчи универсал мезонларга эҳтиëж туғилганлиги сабабли юзага келди».

Шу ўринда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини кун тартибига киритган тарихий воқеаларга назар ташлаш муҳимдир.

1939-1945 йиллар оралиғидаги зулм ва шавқатсизлик кўринишлари – Иккинчи жаҳон уруши вақтида инсониятга қарши амалга оширилган қирғинлар одамзотни золимлардан асраш учун тош-тарози зарурлигини намоён қилди.

Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас…

1941 йилда АҚШ президенти Франклин Рузвельт «Мамлакатдаги ҳолат бўйича мурожаат»ида 4 та муҳим эркинлик – сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, эҳтиёждан эркинлик ва қўрқувдан эркинликни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Айни шу чақириқ инсон ҳуқуқлари ривожи учун мотивация бўлди.

Ер юзидаги кишилар нацистлар Германиясининг концлагерларда яҳудий, лўли ва бошқаларга нисбатан содир этган жиноятлари масаласини кўтариб чиққанида, ўша пайтдаги мавжуд ҳуқуқий тамойил ва нормалар ҳамда БМТ низоми бу жаҳолат кўламига ҳуқуқий баҳо беришга ожизлиги аëн бўлди.

Натижада инсон шахсияти ҳуқуқларини бирма-бир санаб берадиган умумий ҳужжатга зарурат пайдо бўлди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси 1947 йил 27 январдан 10 февралгача Lake Success шаҳарчасида бўлиб ўтди. АҚШнинг ўша вақтдаги биринчи хоними Элеонора Рузвельт комиссия раислигига сайланди. Австралия, АҚШ, Бельгия, БССР (Белоруссия ССР), Буюк Британия, Хитой, Куба, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Ливия, Панама, собиқ Совет Иттифоқи, Уругвай, Филиппин, Франция, Чили, Югославия каби давлатлар вакиллари ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро қонун лойиҳасини ишлаб чиқишлари керак эди.

Жон Ҳамфри заковати

Комиссия ишида БМТ котиблиги инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими вакили, халқаро ҳуқуқ соҳасида канадалик мутахассис Жон Ҳамфри ҳам қатнашди.

Комиссия 18 кишидан иборат бўлгани ҳамда уларнинг ҳар бири ўз қарашларига эгалиги сабабли декларациянинг қоралама матнини тайёрлаш жуда қийин кечган. Алал-оқибат, ҳужжатнинг қоралама матнини тайёрлаш вазифасини комиссиянинг 3 аъзосига ишониб топширишга қарор қилинади. Шундай қилиб, Элеонора Рузвельт, Хитой вакили Чжан Пэнчунь ва ливанлик дипломат ҳамда файласуф Шарль Маликдан иборат ишчи гуруҳ декларация матнини тажрибали юрист Ҳамфрига ишонишди.

Натижада кучли ва иқтидорли ёрдамчиларга эга бўлган Ҳамфри декларация матнининг 48 моддадан иборат қоралама вариантини тайёрлайди. Бу вақтга келиб ишчи гуруҳ ўз сафини Европа ҳамда Совет Иттифоқи вакиллари ҳисобига кенгайтиришга қарор қилади.

1947 йил 9 июнда ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган таркиби ўз ишини бошлайди. Унга Рузвельт хоним, Чжан Пэнчунь, Малик ва Ҳамфридан ташқари Австралия, Буюк Британия, Чили ва собиқ СССР вакили ҳам кирди.

Ҳамфри ҳужжатнинг дастлабки матнини тайёрлашда ўша вақтдаги мавжуд мамлакатларнинг конституциялари, шу жумладан, Буюк Британиянинг Эркинликлар буюк хартияси, АҚШ Мустақиллик декларацияси, Ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун, Франциянинг Инсон ва фуқаро декларацияси каби ҳужжатлардан ҳам фойдаланади. Фойдаланилган манбаларнинг кўплиги ҳужжатда инсоннинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий каби кенг ҳуқуқлари қамраб олинишига замин яратди.

Рене Кассен публицистикаси

Дастлабки лойиҳа муҳокама қилинганидан сўнг Ҳамфри ишлаб чиқувчилар таркибини тузишга қарор қилди. Бу сафар Рене Кассен, Шарль Малик, Элеонора Рузвельт ва Уильсон гуруҳ аъзоси бўлади. Лойиҳанинг иккинчи намунасини тайёрлаш ҳуқуқшунос ва ёзувчи Рене Кассенга ишониб топширилади. Кассен ўзига юклатиган топшириқни 2 кунда муваффақиятли тарзда уддалайди.

Унинг вазифаси ҳужжат матнига аниқ ва тушунарли кўриниш ҳамда шакл бериш эди. Ҳамфри қораламасидан мантиқан бир-бирига боғланган ҳужжат пайдо бўлади.

Кассен лойиҳага тузилма кўринишини бериш учун муқаддима ёзишига тўғри келди. Шундан сўнг 6 та кириш моддаси қўшилди. 32 та модда 8 гуруҳга тақсимланди. Бундан ташқари, ҳужжатни қўллашга доир иккита якуний низом ҳам қўшилди.

Шу тариқа декларациянинг 1-2-моддалари тамал вазифасини бажариб, инсон қадр-қиммати, ғурури, озодлиги, тенглиги ва биродарлигини ўзида жам қилди. 

Инсон қадри учун тўрт минора

Ҳужжатнинг асосий қисми инсон қадр-қимати учун тикланган тўртта минорага менгзалади.

Биринчи минора – кишининг яшаш ҳуқуқи ҳамда қулликнинг тақиқланиши ҳақида;

Иккинчи минора – кишининг ватандошлик ҳаққи ва жамиятдаги сиёсий ҳуқуқлари эътирофидан иборат;

Учинчи минора – кишининг маънавий, жамоавий фаолияти ва сиёсий эркинликлари, хусусан, диний эркинлик ва уюшмаларга аъзолик эркинлиги кабиларни ўз ичига олди;

Тўртинчи минора – кишилик жамиятининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини кўрсатиб беради.

1947 йил 17 июнида Кассен намунаси ишчи гуруҳга ҳавола қилинди. Қисман қайта ишланган лойиҳа 1947 йил декабрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Женевада тўпланган комиссиясига тақдим этилди. Сессияда кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, Америка меҳнат федерацияси, Парламентлараро иттифоқ, Халқаро қизил хоч жамияти, Халқаро аёллар кенгаши кабиларнинг вакиллари ҳам қатнашди. Рузвельт хонимнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, декларация лойиҳаси қисқа муддатда жиддий муҳокама қилиниб, ягона тўхтамга келинган намуна тасдиқланди.

Ҳужжат қандай ишлайди?

Сессияда кўриб чиқилган энг муҳим масалалардан бири декларацияда қайд қилинган қоидаларга амал қилинишини назорат қилиш имконини берувчи инструментларни ҳужжатга қўшиш масаласи бўлди. Ҳиндистон ва Австралия вакиллари бусиз ҳужжат ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаслигини, уни бузган киши жазосиз қолишини таъкидлашди. Улар инсон ҳуқуқларига риоя қилмаганликка доир жавобгарлик бандини ёки декларациянинг ўзига қўшишни ёхуд бу каби ҳолатларни кўриб чиқадиган халқаро трибунал ташкил этишни таклиф қилишди.

Шунингдек, энди ташкил этилган давлатларнинг қарашлари йирик давлатлар нуқтаи назарларига мос келмади. Собиқ мустамлакалар декларацияда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳуқуқий асосни кўришни исташар эди. Йирик давлатлар эса ҳаддан ортиқ кескин қоидалар уларнинг жамиятида бирдамлик йўқолишига замин туғдиришидан хавотирда эди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг декларациянинг «Geneva draft» деб номланган учинчи лойиҳаси тайёр бўлди.

Комиссиянинг 1948 йил май ойида Нью-Йоркдаги мажлисида ҳам ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш давом этиб, 18 июнда якунланди. Лойиҳа 12 та «тасдиқ», 0 та «қарши» ва 3 та бетараф овоз ҳисобига кўра қабул қилинди. Декларацияни тасдиқлаш учун овоз босқичма-босқич тарзда ўтди. 31 та модданинг 23 таси бир овоздан маъқулланди. 3-модда эса 2-модда таркибига киритилди.

Аксарият қўллаб-қувватлади

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг Франциянинг Пале-де-Шайо қароргоҳида бўлиб ўтган 183-пленар мажлисида ўша вақтда БМТга аъзо 58 давлатнинг 48 таси томонидан қўллаб-қувватланди. 1948 йил 10 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Белоруссия ССР, Украина ССР, СССР, Чехословакия, Польша, Югославия, Жанубий Африка иттифоқи ва Саудия Арабистони бетараф қолган. Гондурас ва Яман иштирок этмаган. Канада даставвал декларацияни рад этган бўлса, кейинчалик уни тасдиқлади.

Коммунистлар ва Саудиянинг қаршилиги

Социалистик лагер давлатлари декларациянинг эркин эмиграция (инсон ва фуқароларнинг мамлакатдан кўчиб кетиш) ҳуқуқини эътироф этишни хоҳламаганликлари сабабли рад этишди. Жанубий Африка иттифоқи ва Канада ирқий мазмунни рўкач қилган бўлса, Саудия Арабистони динга эътиқод қилиш эркинлиги ва никоҳ тузиш эркинлиги тан олинмагани сабабли декларацияни рад этди.

Тавсиявий ҳужжат

Декларация мажбурий эмас, балки тавсиявий мақомга эга. Бироқ унинг негизида халқаро мажбурий бўлган иккита ҳужжат қабул қилинган. Булар Ватандошлик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактдир. Ўзбекистон мазкур ҳужжатларга 1995 йилда қўшилган.

1950 йили БМТ декларация қабул қилингани муносабати билан 10 декабрни инсон ҳуқуқлари нишонланадиган кун сифатида белгилади.

Тағин ўқинг
5 январ 2018
Очиқ манбалар асосида суриштирув олиб борувчи Open source investigations журналистик гуруҳи, 29 декабр куни Шариф Иноятовнинг Россиядаги йирик бизнесига ...
6 май 2016
Ўзбекистон нашрларида журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндорлари рўйхати эълон қилинди. Нашрлар бу журналистлар совринни нима учун олганига ...
29 октябр 2018
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни ташкил этишнинг асосий ижрочилари кучишлатар тузилмалар, яъни асосий фаолияти қонунни ҳимоя қилиш бўлган идоралардир. Бу идораларни ...
6 июн 2019
Шунча марта алданганига қарамай, ҳали-ҳунуз бирорта кўзбўямачига ёлғони учун жиддий жазо бергани оммага айтилмагани Ўзбекистон президентининг ўзи алданишга мойил ...
Блоглар
18 январ 2022
Тармоқда икки тоифа муллалар бир-бири билан қирпичоқ бўлмоқда. 1-тоифа: Ҳукумат ва ДХХ йўриғида юриб чизиқдан ...
16 январ 2022
Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу ...
10 январ 2022
Ўзини бир гуруҳ фаоллар деб таништирган гуруҳ Eltuz телеграм каналига ёзиб, қуйидаги мурожаатни чоп қилишни ...