Асосий мавзулар
22 август 2022

Фаоллар: Ўзбекистондан ўғирланган пуллар Гулнорага қайтарилмасин

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари АҚШ адлия вазирлигига мурожаат қилиб америка мулозимларидан  Гулнора Каримова ўғирлаган пулларни Гулнорага  қайтармасликни талаб қилди. Қуйида   мурожаатнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

Биз АҚШ Адлия департаментини Швейцария судига Ўзбекистон собиқ диктатори Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага унинг активларини қайтаришга имкон бермасликка чақирамиз. Бу активлар Ўзбекистонда телекоммуникация компаниялари ўз бизнесини юритиши учун унга пора тарзида берилган.

Масала моҳияти:

Ўзбекистоннинг собиқ президенти, диктаторлик бошқаруви билан танилган Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнара Каримова Ўзбекистонда бизнес юритиш учун лицензия ва частоталар олишга ёрдам бериш мақсадида МТС, “Вимпелком” (ҳозирги Veon) ва “Телиасонера” (ҳозирги “Телиа”) мобил алоқа операторларидан тамагирлик йўли билан умумий миқдори бир миллиард доллардан ортиқ пора олган. Гулнора Каримова порани ўзининг назоратида бўлган офшор компаниялар, асосан, Takilant ва Swisdorn воситасида қўлга киритган. Поранинг 800 миллион долларлик асосий қисми Швейцария банкларига жойлаштирилган бўлиб, 2012 йилда бу бўйича жиноят иши қўзғатилган. Швейцария суди бу активларнинг 131 миллион долларлик қисмини мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқариб бўлган. Айни пайтда уни Ўзбекистонга қайтариш жараёни кетмоқда.

Активларнинг 293 миллион доллар баҳоланаётган иккинчи қисмини мусодара қилиш бўйича ҳам 2021 йил декабрда суд қарори қабул қилинди. Аммо ушбу суд “Такилант”га қарийб 70 миллион долларни қайтаришга ҳам қарор қилди. Гулнора Каримованинг адвокатлари 350 миллион доллар миқдоридаги барча маблағ Гулнора Каримовага қайтарилиши талаби билан суд қарорига апелляция берди.

Aфсуски, Каримованинг адвокатлари апелляция судида ғолиб чиқди. Федерал жиноят суди 2022 йил 18 июлдаги қарорида ҳимоячиларнинг маблағ олинаётган пайтда Гулнора Каримовани расмий шахс сифатида кўриш мумкин эмаслиги тўғрисидаги далилини маъқуллади. Суд фикрича, уни фақат бизнесмен, активларини эса телекоммуникация бизнесидан олинган қонуний даромад сифатида кўриш мумкин.

Аммо таъкидлаш керакки, ўн йилдан ортиқ давомида Гулнора Каримова, жумладан, ташқи ишлар вазири масаҳатчиси, кейин эса ўринбосари, ундан сўнг Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили каби турли давлат лавозимларида ишлаган расмий шахс бўлган.

Энг асосийси, Гулнора Каримова президент Каримов билан қариндошлик ришталаридан фойдаланган ҳолда кўплаб давлат идоралари фаолиятига, жумладан, телекоммуникация соҳасига амалий таъсир кўрсатган ва норасмий ҳукм ўтказган. Очиқ манбаларда Каримова давлат раҳбарининг қизи эканидан фойдаланиб жуда кўп ваколатларга эга бўлгани ҳақида у билан ишлаган менежерларнинг гувоҳлик кўрсатмалари мавжуд.

Умуман олганда, Ислом Каримовнинг авторитар тузуми даврида олий даражадаги коррупция гуллаб яшнади, президент ва атрофидагиларнинг ҳокимиятни тизимли суиистеъмол қилиши ўзининг юксак чўққисига чиқди. Бу суиистеъмолликлар ҳам маҳаллий, ҳам хорижий бизнесдан пора тамагирлигида яққол намоён бўлди.

Мамлакатда мустақил суд тизими ва қонун устуворлиги йўқ эди (ва ҳали ҳам йўқ). Суднинг Каримованинг телекоммуникация секторидаги расмий шахс сифатидаги ҳақиқий роли ёки у ўз қудратидан мазкур секторда ҳукумат қарори қабул қилинишига таъсир кўрсатишда фойдаланганини исботловчи далиллар етишмаслиги тўғрисидаги хулосаси одил судлов меъёрлари қўпол равишда бузилганидан дарак беради ва Швейцария ҳукумати бу борада текширув ўтказишини талаб этади. Чунки суднинг ушбу қарори унинг касбий ҳалоллиги, қонунчилик руҳига хизмат қилишини шубҳа остига қўяди. 

Биз суднинг 2021 йил декабрдаги – “Такилант”га 70 миллион долларни ва жорий йил июль ойидаги – Гулнора Каримовага 293 миллион доллар, яъни жами 350 миллион долларни қайтариш тўғрисидаги қарорлари Швейцария қонунчилигига зид, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, бу қарорлар сиёсий муҳим шахслар (politically exposed persons) тавсифи келтирилган “Пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги федерал қонунга зиддир. Мазкур қонунга кўра, бундай шахслар “хорижий давлат муҳим давлат функцияларини бажариш ваколатини берганлар”, шунингдек, “бу сиёсий муҳим шахслар”нинг ҳокимият ваколатларига эга оила аъзолари ва яқинларидир.

Швейцария судининг коррупционерга 350 миллион долларни қайтариш қарори, назаримизда, ўта ғазаблантирадиган ва адолатсиз бўлиб, глобал кўламда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш илдизига болта уради. Бу қарор туфайли тепасида диктатор Каримов ва унинг қизи Гулнора Каримова турган жиноий гуруҳ ва юқори даражадаги коррупциянинг асосий қурбони бўлган ўзбек халқи манфаатларига улкан зарба берилди. Бу орқали коррупциянинг асосий омилларидан бири – юксак мартабали амалдорлар ўзлари содир этган жиноят учун жазосиз қолиши мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, мазкур суд қарорлари глобал миқёсда коррупцияга қарши курашиш илғорларидан бири бўлиши кутилган Швейцариянинг халқаро обрўсига путур етказади. Мамлакат нафақат жиноий активлар тўпланадиган жойга айланди, унинг одил судлов тизими амалда халқаро жиноятчилик, трансмиллий коррупция ва пул ювиш воситачиси бўлиб қолди.

Биз Гулнора Каримованинг телекоммуникация компанияларидан олган пораси ортидан орттирган активларини мусодара қилиш юзасидан 2015 ва 2016 йилларда АҚШ Адлия департаменти томонидан иккита фуқаролик даъвоси, 2019 йилда эса пул ювиш бўйича унинг ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганидан хабаримиз бор.

Биз Адлия департаментини ушбу даъволарни қўллаб, зарур бўлганда эса янги иш қўзғаб, Швейцария суди Гулнора Каримовага қайтариш тўғрисида қарор чиқарган суммага банд қўйиш, шу орқали Ўзбекистон халқидан ўғирланган маблағ уни ўғирлаганларга берилишининг олдини олишга чақирамиз.

Имзоланган:

Умида Ниёзова, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми директори

Дилмира Матёқубова, Олстер университети фан номзоди

Алишер Илҳомов, Марказий Осиё бўйича Дилигенcе директори

Фарида Шарифулина, фуқаролик жамияти фаоли

Азимбой Отаниязов, фуқаролик жамияти фаоли

Алишер Тўқсанов, сиёсатшунос

Тимур Карпов, журналист

Шоҳида Тўлаганова, журналист

Улуғбек Ашур, журналист

Қудрат Бобожонов, журналист

Тағин ўқинг
19 феврал 2024
Ўзбекистонда  лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузганлиги учун 6 та хусусий олий таълим маскани лицензияси бекор қилинди. Олий ...
31 март 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
26 май 2023
РТ: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб сиз билан биргаман.  МС: Питерда новви бўлди оғо? РТ: ...
23 январ 2024
2024 йилнинг 18 январида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўтмишда Россияга тегишли бўлган, совет иттифоқи қулаганидан сўнг мустақил мамлакатлар ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...