Асосий мавзулар
24 сентябр 2022

Учкўприкдаги кластер пахта ўғрисими?

Учкўприкда 20 та фермер бирлашиб кооперация тузган ва ўз пахтасини туманда ташкил этилган “Uchkuprik Global Textile” кластеридан бир тийин олмай йиғиштириб олаётганлиги бугунги кунда бу фермерлар Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан босимга учраб, мажбуран кластерга пахтаси олиб берилаётганлиги ҳақидаги хабарлар чиққан эди. 

Элтуз мухбири 23 сентябр куни воқеа жойида бўлди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсуновдан бу ҳолатга изоҳ олмоқчи бўлди. Аммо Алибек Турсунов изоҳ беришни истамади.

Учкўприк тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод  Қурбоновнинг  айтишича, «фермерлар ўз розилиги билан кластер билан шартнома тузган ва ўз хоҳиши билан Қўқонсой пахта қабул қилиш  пунктида йиғилган пахталарини кластерга тошиб беришяпти. 

Чунки иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолган фермерлар теримчиларга бериш учун терим пулини топа олгани йўқ. Баъзилари уйидаги молларни, машинасини сотиб бу пунктнинг ижара пулини тўлашган. Улар ҳозир ҳар томонлама қийналяпти. Шунинг учун улар кластерга пахтасини беришга шошиб қолди» – деди суҳбатдошимиз. 

Дилмурод Қурбоновнинг яна айтишича,  «шартномада бир тонна пахтанинг пули 10 050 сўмдан қилиб белгиланган.»

Фермерлар эса, ўтган 2021 йилда кластер фермерларга пахта пулини бермаган. Фермерлар суд орқали кластердан пулларини ундириб олишган. Бу йил ҳам худди шундай қийинчиликларга учрамаслик учун ўзлари кооперация тузган фермерлар чигитни ҳам ўз маблағига эккан, ўғит ва ёқилғи маҳсулотларини ҳам ўз пулларига олиб пахтани етиштирган. 

Пахта ҳосилини йиғиб-териб Қўқондаги эски пахта заводнинг орқасидаги Қўқон пахта қабул қилиш пунктига қўйишган. Аммо кейинчалик уларга кластерга қўшилиш ва пахтани фақат кластерга сотиш бўйича босимлар бўла бошлаган. 

Фермерлардан бирининг айтишича, 22 сентябрь куни Қўқон пахта пунктига йиғилган пахта вилоят ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ички ишлар бўлими ўринбосари, Учкўприк тумани ҳокими ва масъуллар босими остида кластернинг Қораянтоқ МФЙдаги янги қабул пунктига олиб кетилган.

-Тўғриси, нима қилишга бошимиз қотди, – дейди исмини айтишимизни истамаган фермерлардан бири. – Бошида ҳаммамиз кластер билан шартнома тузишга рози эмасдик. Аммо битта шеригимизни қандай йўлдан оғдиришди билмаймиз, у дарров шартнома тузиб, бу ердан пахтасини олиб чиқиб кетилишига рози бўлди. Менинг ҳам юзлаб тонна пахтам шу ерда. Неччи тонналигини айтсам кимлигимни билиб қолишади.

Бу фермер билан мухбиримиз 21 сентябрь куни соат 18 -19 лар оралиғида гаплашган эди. 23сентябрь куни мухбиримиз ўз суриштирувларини давом эттирди. 

-Ҳа, кеча кечқурун соат 12 гача пунктда бўлганмиз. 7 та фермернинг пахтасини олиб чиқиб кетишга шартнома тузишди. Камида 2 та фермернинг пахтаси кечанинг ўзидаёқ чиқиб кетди. 24 сентябр холатида ҳам қолган фермерлар шартнома тузишда давом этмоқда. Ҳозир кластер камида 6 ёки 7 кишининг пулини тўлаб берди. Яна уч-беш фермер шартнома тузибди. Борган сари сафимиз озайяпти, деди фермер.

“О.М.Азизхўжа” фермер хўжалиги раҳбари Орифхўжа Тожибоевнинг ўзигина пахтасини Қўқон пахта тозалаш заводида чигитини ажратиб олишга улгурибди. 

–  Мен пахтамни қайта ишлаб бўлдим. Энди менинг пахтамни олишолмайди. Мен кластер билан шартнома ҳам тузмайман, – деди фермер. 

Фермерга сизлар ўзингизни  маблағингизга  пахта етиштирдингиз. Бу  хусусий мулкингиз. Нима учун кластерга пахта сотишга мажбурланяпсизлар, деб савол бердим. 

–  Бошида бизга кооперация тузишимизга ҳеч ким қаршилик қилмади, – деди фермер.

Энди ҳосил йиғиштирилиб, у кўзга кўрингач, кимдир тайёрига айёр бўлгиси келиб қолгандирда. Биз пахта қайта ишлаб, Учкўприкдаги бир неча йиллардан буён тўла қувватда ишламаётган “Ҳумо” тўқимачилик корхонасида ип-калава қилиб чиқартирмоқчи эдик. Чунки ўтган йили кластерга ишониб пулсиз қолганмиз. Суд орқали олиш эса анча оворагарчиликлар келтирган. 

Кластерга пахта топширмаган фермерлар тақдири нима бўлади? Улар пахтасини қаерга сотади? Фермерларга ўз пахтасини қайта ишлаш, тола ва чигитни эркин сотиш имконияти, ҳуқуқи бериладими, каби саволларга эса жавоб топиш керак. Элтуз фермер¸ кластер ва ҳокимият учбурчаги ичидаги вазиятни кузатишда давом этади.

Тағин ўқинг
24 июл 2017
«Яшнобод демократияси» акс этган реалити шоуда туман ҳокими Дилмурод Турдиев ўзидан олдинги мулозимларга хос бўлмаган фазилатни намойиш қилди. «Маҳалла» ...
5 март 2020
«E’zoz Max» хусусий бандлик агентлигининг Бирлашган Араб Амирликларига ишга жўнатиш ваъдасига ишониб катта пул тўлаган ўнлаб одам аросатда қолди. ...
26 март 2016
«Диёнат» газетаси табиатга оқилона муносабатда бўлиш мавзуидаги мақоласида Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган балиқларга қирон келтирганларнинг жинояти фош этилгани тўғрисида ...
10 апрел 2021
Faloniy o‘ylar: nechun Tomni bosdi tog‘dek qor. Bir nayrang yetgan ko‘kka, Amerika aybdor. Sigir qochmas buqadan, Bolalar ayronga zor. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...