Асосий мавзулар
1 июн 2024

Human Rights Watch: Ўзбекистон президентини танқид қилганларни қамашни бас қилинг!

Бир нарсадан бир нарсани олсанг, ундан барибир қандайдир из қолади¸ лекин сўз эркинлигидан ниманидир олсанг, уни чекласанг, ундан ҳеч нарса қолмайди. Эркинлик ë бўлади, ë умуман бўлмайди. Бутун дунёдаги матбуот эркинлиги даражасини кузатувчи “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти рейтингида Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил чўкишда давом этмоқда. 

Бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллаган. Бу эса мамлакатнинг 2023 йил рейтингидаги ўрнидан 11 поғонага пастлаганини англатади.

Бу чўкиш фонида эса Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига Жахонгир Азимов бошлиқ қилиб тайинланди.

Азимовнинг ким эканлиги ва ОАВ соҳасида нима каромат кўрсатганлигидан хабарим ҳам йўқ, эшитмаганман ҳам. Ушбу ташкилотнинг маънавий отаси ва хозирда президент администрацияси мулозими Комил Алламжонов бу тайинлов муносабати билан ёйинлаган битигида Азимовни олқишлаб, “ОАВни эркин қилиш борасида катта режаларимиз бор!” дея ундовли гап қилди.

Би Би Си мухбири эса ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида “Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўзи нима иш қилади” деган савол қўйиб, аксарият кузатувчилардан “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги жавобни олди.

Айни пайтда матбуотга алоқаси бўлмаган Ўзбекистондаги куч ишлатар ташкилотлар сўз эркинлигини бўғиб ўлдириб, сўнг ерга кўмиш, Каримов давридаги гўристон сукунатини қайта жорий қилиш учун 1937 йилларнинг услуб ва риторикасида жадал иш олиб бормоқда. “Погромчи обончи” блогерларни ëллаб, фаол ва мустақил журналистлар устига “вус киш” деб юбормоқда. 

Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани раҳбарлари 1937 йил услубида “осойишталик душманлари”нинг қора рўйхатини тузишга ҳам улгурибди. 

Куни кеча Путин Тошкентга келганида “ҳаво совиб кетди” дея ëзган блогерларни ҳам бирма-бир ички ишлар бўлимларига чақириб, сўроқ-саволга тутишди.

Умуман олганда, кейинги пайтларда “президентни ҳақорат қилди” дея ўнлаб ëшлар узоқ муддатларга қамалди. “Президентни ҳақорат қилиш” деган модда Германия жазо қонунида ҳам бор. Аммо Германияга 17 йил раҳбарлик қилган Ангела Меркел бирор марта бу моддадан фойдаланиб, бирорта ватандошга қарши жиноят иши очмади. Холбуки, ҳақорат ва очиқ камситишдан иборат ўнлаб медиа контентлар бор эди. Аммо канцлер хоним бу ҳақоратлардан юқори туриб, ўз мамлакатини сиëсий ва иқтисодий жиҳатдан қудратли қилишнинг уддасидан чиқди. 

Хўш, энди Ўзбекистонга қайтсак. 

2024 йилнинг 30 майида халқаро “Human Rights Watch” ташкилотининг Берлиндаги қароргоҳи Ўзбекистонда “президентни интернет орқали ҳақорат қилгани” учун жиноий жавобгарликка тортилаётган ва қамоққа ташланган одамлар сони ортиб бораëтгани ортидан ҳавотирлар билдирилган баëнотни ëйинлади.

“Ўзбекистон: “Президентни онлайн ҳақорат қилгани” учун қамалди. Айбловлар сўз эркинлигини, эркинлик ҳуқуқини бузади” дея сарлавҳаланган бу баëнотда таъкидланишича, Ўзбекистонда “президентни интернет орқали ҳақорат қилгани” учун жиноий жавобгарликка тортилаётган ва қамоққа ташланган одамлар сони ортиб бормоқда. Жиноий жавобгарлик беш йил муддатгача қамоқ жазосини ўз ичига олиб, у халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларини бузади.

“Human Rights Watch”нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон ўз баëнотида “Ўзбекистонда одамлар президент ва бошқа ҳокимият органларини очиқ-ошкора, қатағондан қўрқмасдан танқид қила олиши керак. Ҳукумат зудлик билан “президентни онлайн ҳақорат қилиш” жавобгарлигини бекор қилиши ва ушбу айблов билан қамалган ҳар қандай шахсни озод қилиш учун тезкор чоралар кўриши керак” деган қатъий талабни ўртага ташлади.

30 май куни ëйинланган баëнотда ҳам “Ўзбекистон ҳукумати президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласини танқид қилган фуқароларни жиноий жавобгарликка тортишни тўхтатиб, буни жиноят деб ҳисоблайдиган қонунни бекор қилиши керак” деган талаб қизил чизиқ бўлиб ўтади. 

“Human Rights Watch” ташкилоти “Ўзбекистон Республикаси Президентини оммавий ҳақорат қилиш ёки туҳмат қилиш” моддаси бўйича битта айблов хулосаси ва бешта ҳукмни таҳлил қилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига биноан ва Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни сўз эркинлиги ҳуқуқини зўравонликсиз амалга оширганликлари учун ноҳақ таъқиб қилаётганини аниқлади. Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу айблов бўйича жиноий таъқиблар сони бундан ҳам кўпроқ.

Фактларга диққат қаратсак. 

27 ёшли Ўткирбек Собиров 2023 йил январь ойида Қўқон шаҳрида газ ва электр таъминотидаги узилишлар туфайли ижтимоий тармоқларда ўз норозилигини билдирди. 2023 йил 16 майда Фарғона суди Собировни 158-модданинг 1-қисми билан “президентни интернет орқали ҳақорат қилиш”, “Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга уриниш” ва “оммавий тартибсизликлар”да айблаб, уни икки йил-у уч ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.  У 159, 1-қисм ва Жиноят кодексининг 244-моддаси 2б-қисми билан айбдор деб топилди. 

Суд ҳукмида айтилишича, қиш ойларида газ ва электр энергиясининг узилишидан ҳафсаласи пир бўлганини тан олган Собиров Телеграм гуруҳида бир неча бор хабарлар йўллаб, давлат сиёсатини танқид қилган ва президентни истеъфога чақирган. Шунингдек, у Қўқонда газ ва электр тақчиллигига қарши митинг ўтказишга чақирган.

Давлат буюртмаси бўйича олиб борилган лингвистик таҳлил Собиров тарқатган хабарларда ҳокимиятнинг қонуний вакилларини ағдаришга қаратилган чақириқ ва ғоялар, шунингдек, жамоат тинчлигига таҳдид солувчи тартибсизликларга даъват белгилари борлиги ҳақидаги хулосага келди.

2023 йил 26 октабрь куни Каттақўрғон туман суди 19 ёшли Дилшод Искандаровни “онлайн режимда президентни ҳақорат қилиш”да айбдор деб топиб, уни икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Давлат буюртмаси бўйича экспертлар таҳлили хулосасига кўра, Искандаров Instagram тармоғида президентнинг оиласи акс этган видео остида қолдирган давлат раҳбарининг оиласини лаънатлаган ягона изоҳи “ҳақорат ва обрўсизлантириш” ҳисобланади. Суд ҳукми матнида қайд этилишича, у шарҳ ёзганидан кейин бироз вақт ўтгач, уни ўчириб ташлаган. Аммо кейинроқ унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини билгач, Россиядан ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтган.

2024 йил 28 март куни Наманган шаҳар суди 27 ёшли Д.Турсуновни “Интернетда президентни ҳақорат қилгани” учун беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд ҳукмига кўра, Турсунов Facebook’даги “Муҳаммад Санжар” профилидан фойдаланиб, Ўзбекистон президентининг Москвадаги Ғалаба байрамига бағишланган парадда қатнашаётгани ҳақида шундай фикр билдирган: “Хоин валийнеъматига чўқиниб, умрбод ҳукмронлик учун оқ фотиҳа олгани (Россияга) кетди”.

Айбловчи томон Турсунов ўзининг “Эшак икки марта эмас, юз марта каъбани тавоф қилса ҳам, эшаклигича қолаверади” деган навбатдаги пости билан президентни қайта ҳақорат қилганини иддао қилди. Қўшимча тарзда Турсунов 2016 йил сентябрида Ўзбекистонни тарк этар чоғида мамлакатдан чиқиш визасига эга бўлмагани учун чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топилган. ОАВ хабарларига кўра, Турсунов 2023 йил декабрида Ўзбекистонга қайтиб келиши биланоқ ҳибсга олинган. Бу айбловнинг абсурдлиги шундаки, Ўзбекистон 2019 йилдан бошлаб хорижга кетаётган фуқаролардан мамлакатдан чиқиш визаси талаб қилишни тўхтатган. 

24 ёшли Ситора Базарова 2024 йил бошида Термиз суди томонидан бир қанча жиноий айбловлар, жумладан “президентни интернет орқали ҳақорат қилиш” айблови билан беш йил-у икки ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Айблов хулосасига кўра, 2022 йилнинг май ойида Базарова ўзининг Facebook’даги саҳифасида олов ичидаги икки сурат видеосини жойлаштирган: биринчиси, президент Мирзиёев расми устига “даюс, оиланг ёниб кетсин” деб ёзилган, иккинчиси эса Саиданинг сурати. Президентнинг биринчи ёрдамчиси бўлиб ишлаётган қизи Мирзиёева устига “фоҳиша” сўзи ёзилган.

Самарқанд вилояти суди 2023 йил 19 октабрь куни 39 ёшли Бунёджон Бобониёзов устидан ҳукм чиқариб, унинг конституциявий тузумни ағдаришга уриниш мазмунидаги ва Facebook ижтимоий тармоғида ёзган ҳақоратомуз изоҳлари давлат буюртмаси асосида лингвистик таҳлил қилиниб, беш йил-у бир ойга озодликдан маҳрум қилинган. 

Самарқанд вилоятида яшовчи 28 ёшли Собир Нормаматов 2024 йил 8 апрель куни Instagram’да Президент Мирзиёевнинг учта ва Саида Мирзиёеванинг битта видеоси остида ёзган изоҳлари, жумладан, одобсизликлари учун икки йил-у олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган эди. Шарҳларда Нормаматов президент Мирзиёевни “масхарабоз” ва “иккиюзламачи” дея тилга олган.

“Human Rights Watch” ташкилоти 2022 йил февралида “президентни интернет орқали ҳақорат қилиш” айблови билан тўрт йил-у олти ойга қамалган қашқадарёлик 40 ёшли эркак иши бўйича апелляция судининг қарорини ҳам таҳлил қилди. Қарорда эркакка нисбатан бундай ҳукм чиқаришга қандай ҳаракат асос бўлганлиги аниқлаштирилмаган. Шунингдек, 2022 йил февралида блогер Собиржон Бабаниёзов Телеграмда президентни ҳақорат қилган видео ва аудио хабарлари учун Жиноят кодексининг 158-моддаси билан уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚҚА ЗИД

Жамоат арбобларини танқид қилганлик учун жазоловчи қонунлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир ва баъзи ифода шакллари ҳақоратомуз деб ҳисобланиши қамоқ у ёқда турсин, жиноий таъқиб қилишни ҳам оқлаш учун етарли эмас, дейди “Human Rights Watch”. Президент ёки бошқа мансабдор шахсларга нисбатан “ҳақорат” жинояти шунчаки жиноий адлия тизимини ҳукуматнинг уни ранжитган ёки камситган ҳар қандай шахсдан қасос олиш қуролига айлантиради.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга (ICCPR) риоя этилишини назорат қилувчи мустақил эксперт органи ҳисобланган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси сўз эркинлиги ҳақидаги умумий шарҳида “қамоқ ҳеч қачон туҳмат учун муносиб жазо эмас” ва “барча жамоат арбоблари… қонуний равишда танқид остига олинади” деб таъкидлайди.

 2020 йилда президент Мирзиёев туҳматни жиноий жавобгарликка тортишни  тизимини тугатишга  ваъда берган, бироқ ҳали буни амалга оширмаган.

Бунинг ўрнига, 2021-йилнинг март ойида Ўзбекистонда президентни интернет орқали ҳақорат қилиш – туҳматдан ҳам кенгроқ жиноят – жиноий жавобгарликка тортувчи янги модда киритилди.

2020 йилда президент Мирзиёев туҳматни жиноий жавобгарлик тизимидан чиқаришга ваъда берган бўлса-да, бироқ ҳанузгача ваъдасининг устидан чиққани йўқ. Бунинг ўрнига, 2021 йил март ойида туҳмат қилишдан ҳам жиддийроқ жиноят сифатида қаралган Ўзбекистонда президентни интернет орқали ҳақорат қилишни жиноий жавобгарликка тортувчи янги модда қўшилди.

Бу модда бўйича биринчилардан айбланган блогер ва ҳукумат танқидчиси Валижон Калонов бўлиб, у 2021 йилги президентлик сайлови арафасида президентни танқид қилиб, сайловларни бойкот қилишга чақирган эди. 2021 йил декабрида Жиззах суди Калоновни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги тўғрисида қарор чиқарди ва уни мажбурий психиатрик даволанишга юборди.

Охирги икки ярим йил давомида Калонов руҳий касалликлар ҳибсхонасида мажбуран ушлаб турилиб, ҳукумат уни озодликка чиқаришни рад этган. Унинг эркинлик ва хавфсизлик, соғлиги, жисмоний дахлсизлиги ҳамда ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёки жазодан озод бўлиш ҳуқуқлари жиддий бузилган. Ҳукумат уни зудлик билан озод қилиши керак, дейди “Human Rights Watch”.

“Бу “президентни ҳақорат қилиш” ҳолатлари Президент Мирзиёевнинг ислоҳот ваъдаларини карикатурага айлантириб, бунинг ўрнига ўзининг кучли қуролли салафи Ислом Каримов томонидан норози фикрларни бостириш ва танқидий овозларни ўчириш учун қўлланган тактикадан фойдаланишга тайёрлигини кўрсатади”, деди Уильямсон.

“Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган мамлакатда ҳақоратни жиноятга йўйиш орқали қамоққа ташлаш амалиётига мутлақо ўрин йўқ” – дейилади 30 майда халқаро “Human Rights Watch” ташкилотининг Берлиндаги қароргоҳи томонидан ëйинланган баëнотда.

2024 йил халқаро “Freedom House” ташкилоти Ўзбекистонга 100 баллик баҳолаш тизимидан атиги 12 баллни қўйиб, мамлакатни “эркин бўлмаган” давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилот эркинлик даражасини икки омил –  сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари билан ўлчайди. Юқорида айтилганидек, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг охирги индексида эса Ўзбекистон 180 давлат ичидан 137 ўринни эгаллади. 

Бу ўринда айтиш жоизки, ўзбек мулозимлари бошқа давлатлар қонунчилиги ҳам президент шарафини ҳимоя қилади деган этирозни билдириб, ўзларини оқлашга одатланган. Юқорида бу борадаги Германия тажрибасини мисол келтирдим. Германияга қўшни давлат Полшада ҳам мулозимларни ҳақорат қилиш деган модда деярли ишлатилмайди. 

Польша Олий суди Президент Дудага қарши ҳақорат аризасини қондирмади. 2023 йили Польша Олий Суди ижтимоий тармоқларда Президент Анжей Дудани “эси паст” дея ҳақоратлаган шахс устидан очилган ишда жиноят аломати йўқлиги тўғрисида ҳукм чиқарди. Олий Судга кўра, Бош прокуратуранинг ёзувчи Якуб Жулчик устидан киритган шикояти “ўта асоссиз” бўлган.

Европанинг бошқа давлатларида ҳам давлат раҳбарларини ҳақоратлаш жиноят ҳисобланади, аммо қонунлар деярли ишлатилмайди. Францияда президентни ҳақоратлашга қарши амалда бўлган қонун 2013 йилда бекор қилинган.

Дунëнинг турли қитъаларида, хусусан, Марказий Осиё давлатлари тарихида сўз эркинлигини чеклаш амалиёти доим кўлланиб келинади. Ҳукмдор  назарида фикри нотўғри бўлган Насимийнинг териси шилинган, Машраб осилган, Аваз Ўтар эса жинни дея занжирбанд қилинган. Совет даврининг энг қатағон йилларида Ленинни “Елин” дегани учун урганчлик талаба шоир Эгам Рахим Магадандаги совуқ қамоқхонага бадарға қилинган. “Муштум” журнали асосчиси Қодирий ҳам отилишга ҳукм қилинишидан олдин раҳбарларни ҳақорат қилишда гумонланиб терговга чақирилган. Каримов даврида эса ўнлаб журналистлар президентни ҳақорат қилганликда айбланиб қамоққа ташланган эди. Сўз эркинлигига таҳдидлар доимо бўлган ва унинг бадали турлича бўлган. XVI асрда Европа мамлакатларида подшони ҳақорат қилганлар гулханда ëқилган.

Тағин ўқинг
1 апрел 2015
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон мустақиллиги арафасида мамлакат аҳолиси президент сиёсатини тўлиқ қўллаб қувватлашини билдирди, балки етар… ...
7 март 2020
“Straus House” муассиси туяқуш олиб  бераман деб одамлардан алдаб олган пулини тимсоҳ сотиб олиш учун сарфлабди. Аммо на тимсоҳдан ва ...
4 феврал 2016
“Ўзбек турмаси сирлари” деб аталган видеосуҳбатнинг иккинчи қисмида журналист Малохат Эшонқулова саволларига жавоб бераркан, яқинда турмадан қайтган ҳуқуқ ҳимоячиси ...
6 май 2024
Ўзбекистон ҳукумати меҳнат ҳуқуқларининг мустақил мониторинги ва ҳисоботини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларга содиқлигини намойиш этиш бўйича шошилинч чоралар ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...