Бобомурод ИИВ раҳбарига қарши кўрсатма беришга мажбурланган
3 март куни адвокат Сергей Майоров беш ойдан бери МХХ изоляторида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашди.
Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг Сергей Майоровга асосланиб айтишича, Бобомурод Абдуллаев қўйилган айбга иқрор қилингунча мунтазам қийноқларга солинган.
Бир метр узунликдаги пластик қувур билан Бобомуроднинг елкасига, чап қўлига ва оёғига урилган. У энг оғир қийноқ олти сутка давомида ухлашга имкон берилмагани эканини айтган.
Бундан ташқари, компьютер симлари (шнури) билан бошига ва елкасига савалашган. МХХ зобитлари Бобомуродни калтаклайдиган симларни “эслатма” деб аташган. У иқрорнома ёзишдан бош тортганида ҳар сафар ўша симлар билан урилган. 3 кун давомида Бобомурод бир кишилик камерада қип яланғоч ҳолда сақланган.
Шунингдек, унга руҳий таҳдидлар бўлган. У Россиядаги қизини ушлаб зўрлаш, болаларини ўлдириш, хотинини қамаш билан қўрқитилган.
Бобомуроднинг айтишича, қийноқлар 5 ноябрь куни иқрорномага қўл қўйганидан кейин қисман тўхтаган.
Бобомуроднинг ёзма равишда Сергей Майоровга билдиришича, у Ўзбекистоннинг амалдаги ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга ва яқинда МХХ раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевга қарши кўрсатма беришга мажбурланган.
Бобомуроднинг таъкидлашича, бу кўрсатмалар қийноқ остида берилган ва ҳақиқатни акс эттирмайди. Аслида у бу икки мулозим билан ҳаёти давомида умуман учрашмаган.
Бобомурод Абдуллаев Сергей Майоров билан суҳбатда 2003 йил январдан бошлаб Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан мақолалар ёзганини, аммо Ўзбекистондаги тизимни қуролли қўзғолон воситасида ўзгартиришга чақирилган мақолалар ёзмаганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, Усмон Ҳақназаров номидан чиқарилган мақолаларнинг ҳаммасини ўзи ёзмаган, асосан, бу мақолалар Муҳаммад Солиҳ ва бошқа исмсиз муаллифлар номидан чиққан.
Бобомуроднинг таъкидлашича, у ўз мақолаларида Ўзбекистондаги салбий ҳолатларни, Каримов ва унинг қизини танқид қилган, мамлакатдаги вазият яхши томонга ўзгаришига ишонган.
Учрашувга қадар Бобомурод МХХ раиси Иноятовнинг ишдан олингани, МХХ терговчиси НодирТўрақуловнинг жиноятда айбланиб қамалганидан бехабар бўлган.
Адвокат билан маҳбус журналистнинг учрашуви биринчи марта МХХ иштирокисиз ўтди. Шунга қарамай, бу суҳбат видеокамера орқали кузатилган.
“Суҳбатнинг видеога олинаётганини тушунганим учун Бобомуродга жавобларни қоғозга ёзиб бериши мумкинлигини айтдим. У қалам билан жавобларни ёзиб турди. Кейин қоғозларни майда қилиб йиртиб ташлаётганимда тезкор ходим кириб, қоғоз қиймаларини тўплаб, ўзи билан олиб кетди”, деди Сергей Майоров.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан айбланаётган Бобомурод Абдуллаев устидан суд маҳкамаси 5 март куни Тошкентда ўтказилади.
Суратда: Чапдан: МХХ подполковниги Нодир Тўрақулов ва журналист Бобомурод Абдуллаев.
Eltuz.com