Document UZ
22 ноябр 2018

RFE/RL: «Озодлик» мухбири уйининг мусодара қилиниши сиëсий ўч олишдир!

Шу йилнинг 23 ноябрида Урганч тумани маъмурий ишлар суди журналистлар уйи мусодара қилингани юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқади.

Маҳкама олдидан «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи баëнот чиқариб, «Озодлик» журналисти Шуҳрат Бобожоновга тегишли Урганч туманидаги ҳовлининг мусодара қилинишини “журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ сиëсий ўч олиш”, деб атади. Айни баëнотда «Озодлик» мухбирининг журналистик фаолият билан шуғулланадиган икки укаси – Ғайрат ва Қудрат Бобожоновларга тегишли уйлар ҳам мусодара қилингани қораланади.

Журналистларнинг уйларини мусодара этиш қарори қабул қилинган 2018 йил февралидаги маҳкама жараëнини ўрганиб чиққан Тошкентдаги “Симай” адвокатлик идораси ҳуқушуносларига кўра, жараëнда суд процессуал нормалари бузилган, уй эгалари судда қатнаштирилмаган ва ëлғон гувоҳликлардан фойдаланилган. Суд қарори эса олти ой ўтиб, шу йилнинг 27 август куни уй эгаларига берилган.

Шуғрат Бобожоновнинг уйи

Қарор чиқарган ҳоким ўринбосари пора билан ушланган

Уйни мусодара қилиш ташаббуси билан судга Урганч тумани ҳокими ўринбосари Бекзод Абдримов мурожат қилган.

Хорижда яшаётган журналистларнинг Урганчдаги мулкларини тортиб олиш иддаоларини ўрганаркан, «Элтуз» нашри Урганч тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари 29 яшар Бекзод Абдримовнинг шу йилнинг 1 июлида пора устида қўлга олингани ҳақидаги фактларга дуч келди.

Абдримов жорий йилнинг 10 июнида бировнинг уй-жойини бошқа бировга пора эвазига расмийлаштираëтган пайтида ДХХ тарафидан ушланиб, иши судга оширилган. Туман ҳокими эса ишда йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан олинган эди.

Хоразм вилояти телевидениеси орқали 6 июлда эфирга узатилган кўрсатувда ДХХ вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан Бекзод Абдримовнинг 5 миллион сўм пора олган пайтида ушлангани айтилади.

Аниқланишича, туман ҳокими ўринбосари бу пулни туман ҳокимининг Урганч туманида жойлашган 5 сотихли томорқага эгалик ҳуқуқини тақдим этувчи қарорини чиқариб бериш учун олган.

Б.Абдримовга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган.

Бекзод Абдримов Фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси ҳам бўлган.

Ғайрат Бобожонов

«Юртимизни ёмонлаганлар уйини тортиб оламиз!»

Айни масала юзасидан кассация аризаси берганларга маҳаллий ҳокимият органлари тарафидан босим ўтказилган. “Бизга юқоридан топшириқ бор. Юртимизни ëмонлаган журналистларнинг уйини тортиб оламиз”, деб айтишган.

Урганч тумани ҳокимлиги давоси асосида суд Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли турар жой, ер участкаларини «эгасиз қолдирилган», дея ҳал қилув қарори чиқарган.

«Бу уйда менинг ўғлим оиласи билан туради. Лекин суд қарори чиққанидан олти ой ўтиб бизга ижро варақасини жўнатишяпти», дейди шу мулк эгаларидан бири, Урганчда яшаётган Ғайрат Бобожонов.

Унга берилган, Урганч тумани судьяси Ў.Машарипов имзолаган ижро варақасида «Қоровул қишлоғи, «Шодлик» маҳалласи, «Зиёкор» кўчаси, 14-уйда жойлашган турар жой эгасиз деб топилсин ва Урганч тумани ҳокимлиги балансига ўтказилсин», деб ёзилган.

Шунга икки томчи сув каби ўхшаш ҳужжат Шуҳрат Бобожонов номига ҳам келган. Унинг ҳам Урганч туманида икки қаватли уйи бор эди. Ҳокимлик қарорида ёзилганидек қаровсиз эмас эди.

МХХнинг сўнгги зарбасими?

«Арбоблар» МФЙнинг «Элтуз» мухбири билан суҳбатлашган фаолига кўра, шу йилнинг бошида МХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари маҳалла раиси Б.Бекбергановга тазйиқ ўтказиб, судда Бобожоновларга қарши ëлғон маълумот беришга мажбурланган.

«Элтуз» нашри журналисти Қудрат Бобожоннинг фикрича, ҳокимият органларининг бу ҳаракатлари унинг, акаси ва укаларининг журналистик фаолияти билан боғлиқ.

Қудрат Бобожон, «Элтуз» нашри журналисти 

«Чунки айнан бизнинг нашримизда кейинги бир неча йил ичида МХХнинг кўплаб зобитлари кирдикорлари фош этилди. Тўғри, Каримов даврида ҳам бизни газеталарда қоралашган, хусусий телевидениемизни ёпиб, сўз эркинлигидан маҳрум қилишга уринишган, номимизни бадном қилишга ҳаракат қилиб келишган, лекин ҳеч бир мулозим уйимизни тортиб олиш даражасигача бормаган эди», дейди Қудрат Бобожонов.

2005 йил Андижон воқеаларини ёритганлиги сабаб таъқибга учраган журналист Қудрат Бобожон мамлакатни тарк этиб, Швецияда яшай бошлаган, бугунги кунда унинг фарзандлари ва набиралари Урганчда яшамоқда. Унинг акаси, «Озодлик» радиоси журналисти Шуҳрат Бобожон эса Урганчдаги хусусий «Эй Эл Си» телеканали тугатилганидан кейин 2001 йили мамлакатни тарк этганди.

«Онангиз ўғиллари учун кечирим сўрасин!»

Бобожоновларнинг онаси 75 яшар Шукуржон Мадраҳимова яшайдиган Урганч туманидаги уйга 2017 йилнинг 18 апрелида бир нечта нотаниш аёл ҳужум уюштиришганди.

Бобожоновларнинг онаси Шукуржон Мадраҳимова

Хонадонга бостириб кирган аёллар унинг ўғилларини “Ватан хоинлари” дея, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишган, яқинларига қўнғироқ қилмоқчи бўлганида телефонини тортиб олиб, ерга улоқтиришганди.

Ғалати томони шундаки, воқеа содир бўлган заҳоти участка милицияси ходими билан халқ орасида «Бакварган қассоб» дея танилган Урганч тумани «Арбоблар» маҳалласи раиси кириб келган.

Онасига қилинган ҳужумдан милицияга шикоят аризаси ёзмоқчи бўлган Бобожоновларнинг синглиси Барнони бу ҳаракатдан тўхтатиб: «Ундан кўра онангиз кечирим сўрасин ўғилларининг қилмиши учун!» деган эди у ўшанда.

Милиция Мадраҳимова аризасини қабул қилмагач, уни республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига йўллашган.

Бобожоновларга тегишли мулкнинг эгасизлиги ҳақидаги суд ҳужжатлари, қарор ва ижро варақаларининг олти ойлик шикоят муддати ўтганидан кейин атай ўтиб очиқланиши бу ҳаракатларда сиёсий мотивдан кўра, кўпроқ шахсий манфаатлар ҳам яширинганлигини кўрсатади.

Сиёсий қарашлари учун шахсларнинг мулкини тортиб олиш ҳолати ҳатто Ўзбекистон учун ҳам кам учрайдиган ҳодисадир. Ака-ука Бобожоновлар масалани ҳуқуқий тартибда ҳал қилиш учун адвокатга мурожаат этишган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 май 2020
2020 йил 14 майда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан “ноқонуний харид қилинган” активларни сотишдан тушган ...
24 ноябр 2024
Элтуз сал илгари хабар қилганидек,  Комил Алламжоновга қилинган суиқасд ва ҳукумат таркибидаги «тозалашлар» ҳали ҳам давом этмоқда. Хусусан суиқасдда гумонланган Жавлон Юнусов Жанубий ...
30 ноябр 2021
Мактабгача таълим вазирлиги мулозими имтиёзли кредитнинг 10 фоизини порага бермагани учун тадбиркорнинг болалар боғчаси қурилишини якунлашига халақит қилмоқда, дейилади 29 ноябрь ...
1 март 2023
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин¸ ўликни ювғучи ювиб¸ гўрков кўмсин. Бу мақолларда ҳар бир ишни ўз мутахассиси қилиши зарурлиги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...