Document UZ
19 июн 2019

Зомин ҳокими Алишер Абдуғаниев Малоҳат Эшонқуловага қарши

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси 2019 йилнинг 3 июнида ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага қарши Жиноят кодексининг икки моддаси – ҳақорат ва туҳмат бўйича жиноят иши очгани ҳақидаги хабарни чоп қилди.

“Туҳмат ва ҳақорат учун жазо бор” сарлавҳали мақоладан маълум бўлишича, жиноят иши Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев аризасига кўра очилган. Малоҳат Эшонқулова тайёрлаган видеосюжет ютуб каналида пайдо бўлгач, ҳоким прокуратура ва ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилган.

Эшонқулова шу йилнинг апрелида эълон қилган видеосюжетида бирмунча эҳтиросли тарзда Зомин тумани ҳокимлигининг айни туманда яшовчи Нишонбой Худойбердиевга тегишли ер ва уйнинг бир қисмини тортиб олиш ва бузиш ҳақидаги қарори “ноқонуний” экани ҳақида ҳикоя қилади.   

Ҳуқуқ фаолининг Элтузга айтишича, Худойбердиевга тегишли ер ва уйнинг бир қисмини тортиб олиш юзасидан Зоминнинг ўша пайтдаги ҳокими, айни пайтда Жиззах вилояти ИИБ мулозими Баҳриддин Сафаров судга 2016 йил ноябрда мурожаат этган.

“Сафаров судга мурожаат қилганида унинг эгаси – “Эрк” демократик партияси аъзоси Нишонбой Худойбердиев “конституцион тузумга тажовуз”да айбланиб қамоқда бўлган. У 2018 йилнинг бошида озод этилган. Шундан сўнг Зомин туманининг ҳозирги ҳокими Алишер Абдуғаниев бу ерни хусусий овқатланиш маскани қурилишига бериш ҳақида қарор чиқарган. Бироқ Олий суд бу қарорни тўхтатган”, дейди М.Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулова ўз видеолавҳасида Худойбердиевнинг уйи катта бозор ҳудудига қарагани учун бу ерда коррупция аломати борлиги эҳтимоли ҳақида гапиради. У ҳоким Абдуғаниевга тортиб олинган, бизнес қилиш учун қулай жойлашган ер қанча туриши мумкин, деган савол билан юзланади. 

“Ҳал қилиш” операцияси

М.Эшонқулованинг сўзларига кўра, майнинг охирида Зомин тумани ҳокимлиги вакиллари келиб, унга масалани ҳоким ва жабрланувчи иштирокида “ҳал қилиш”ни таклиф этишган.

Бу таклифни қабул қилиб, 25 май куни Зоминга борган ҳуқуқ фаолини Жиззах вилояти ИИБ терговчиси кутиб олиб, уни сўроққа тутишга уринган.

“Мен унинг саволларига жавоб беришдан бош тортдим, чунки терговда адвокат иштирок этишини истадим. Уйга қайтгач, мен бош прокуратурага суриштирувни менинг яшаш жойим бўйича Тошкентга ўтказишни сўраб илтимоснома киритдим. Бунинг сабаби, мен Жиззах терговчиларининг холис ва адолатли тергов олиб боришига ишонмайман. Чунки илк бор даъво аризаси билан мурожаат қилган собиқ туман ҳокими Баҳриддин Сафаровнинг ўзи ҳозирги пайтда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлайди”, дейди М.Эшонқулова.   

У ишнинг Тошкентга кўчирилишини кутди ва ўз ҳимояси учун адвокат қидира бошлади. 

Ўғирлаш 

“11 июнь куни олдимга Чилонзор тумани ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими ходими Ижодбек Турғунов келди, у менинг (ДХХ ҳибсхонасида қолаётган) журналист Саид Абдулазиз Юсупов ҳимоясига акция ўтказиш ҳақида илгарироқ берган аризамни кўриб чиқаётганини айтди. Ходим менга чақирув қоғози берди ва у билан милиция бўлимига боришимни сўради”, давом этди ҳуқуқ фаоли. 

Ҳовлида эса уларни давлат белгиси йўқ оқ машина кутиб турарди. 

“Мен машинага ўтирдим ва у ерда яна икки эркак ўтирганини кўрдим, улар эшикни ёпишди… Мен йўлда Тошкентдан чиқиб кетаётганимизни сездим. Шаҳардан чиқаётганимизда мени ўғирлаганлар Зомин туманига кетаётганимизни айтишди… Ёнимда ҳеч бир ҳужжатим, пулим йўқ эди”, дейди М.Эшонқулова. 

Унинг таъкидлашича, уни ўғирлаганлар йўлда телефон орқали кимларгадир мазкур амалиёт ҳақида ҳисобот бериб борган.

Ҳуқуқ фаолини Жиззахга, ИИБга олиб боришган ва уни терговчи Бобомурод Эркинов кутиб олиб, унга нисбатан Зомин тумани ҳокими аризасига кўра туҳмат ва ҳақорат моддалари бўйича жиноят иши очилганини билдирган.

М.Эшонқулова ўзининг адвокатсиз терговчи саволларига жавоб бермаслигини айтган. Шундан сўнг ташқарига чиқиб кетиб қайтиб кирган терговчи тергов ўтказмасликка розилигини маълум қилиб, 12 июнда адвокати билан келишини сўраган.

“Шу куниёқ кечаси Тошкентга, уйга қайтдим ва Жиззах вилояти тергов идораларига мутлақо ишонмаслигимдан келиб чиқиб, менинг ишимни Тошкентга кўчиришларини сўраб Бош прокурор номига ариза ёздим”, дейди ҳуқуқ фаоли.

Малоҳат Эшонқулова ўзининг ҳуқуқбонлик фаолияти учун кўплаб тазйиқларга учраган шахслардан биридир.

“Элтуз” жараённи кузатишда давом этади.

Видео: https://youtu.be/SX5eLhmwTQQ

eltuz.com

Тағин ўқинг
25 август 2016
Ўзбекистондаги барча нашрларда спортчиларимизнинг Риодаги Олимпиададан Ватанга қайтиб келишига бағишланган мақолалар эълон қилинди. Албатта, Ўзбекистон спортчиларининг Олимпиададаги ғалабалари халқимизни ...
1 август 2016
Эски ТошМИнинг Николай ғиштдан қурилган ва Ўзбекистон тарихий ëдгорликлар идораси муҳофазасида бўлган биноси Бош вазирнинг бир имоси билан бузилди. ...
28 апрел 2020
Нацистлар Германияси иттифоқчиси, янги Рим империясини қуриш ғоясини илгари сурган Европанинг сўнгги диктаторларидан бири, дуче (доҳий) Бенито Муссолинининг ўлими ...
7 август 2019
Тошкент марказидаги Пушкин кўчасида 6 август куни юз берган аварияда камида уч шахс, жумладан, ИИВнинг икки ходими шикастланди. Воқеа ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...