Асосий мавзулар
7 май 2018

Ўзбекистон учун АЭСдан кўра қуёш энергетикасидан фойдаланиш маъқул эмасми?

Европанинг энг ривожланган давлатлари, жумладан, Германия, Осиёда эса Япония атом электр станциялари ўрнига қайта тикланадиган муқобил энергетикага ўтиш қатъиятини намойиш этаётган бир пайтда Ўзбекистон АЭС қуриш ҳаракатига тушиб қолган.

Мамлакатимиз Туркия, Беларусь, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Бангладеш, Хитой каби АЭС қуриш йўлини танлаган кўринади.

Яқинда Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида ҳам шу мавзуда гапирган президент Шавкат Мирзиёев Россия билан бу ҳақдаги келишув ҳатто жорий йилнинг ўзидаёқ имзоланиши мумкинлигига ишора қилди.

Гарчи бу лойиҳа қиймати маълум қилинмаган бўлса-да, айрим манбалар унинг нархи 10 миллиард доллардан ошиқ бўлишини тахминлаяпти.

Айтиш керакки, Ўзбекистоннинг ўз АЭСига эга бўлиш мақсади ҳақида 2014 йилда, ҳали Ислом Каримов қудратда эканида хабарлар пайдо бўлганди. Аммо бу ният аста-секин йўқликка сингиб кетганди.

Янги президент Шавкат Мирзиёев бу лойиҳани амалга ошириш орқали мамлакатнинг электр энергиясига бўлган йил сайин ўсиб бораётган талабини қондириш, шу орқали энергетик мустақилликни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлаётгани айтилмоқда.

Тўғри, АЭС баҳона Ўзбекистонга илғор технологиялар кириб келади, минглаб янги иш ўринлари яратилади, саноат ривожланиши тезлашади.

Шу билан бирга, Япониянинг Фукусимасидаги 2011 йилдаги даҳшатли атом ҳалокати бундай лойиҳаларга жиддий ўйлаб, анча эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундайди. Қолаверса, 1986 йилдаги Чернобиль АЭСидаги авария ҳали кўпчиликнинг хотирасидан кўтарилгани йўқ.

Бундай хавфидан ташқари АЭСни қуриш жуда қиммат, унга хизмат кўрсатиш ҳам катта молиявий харажатларни талаб қилади.

Бошқа томондан, ундан олинадиган электр энергиясининг таннархи арзон, АЭС атмосферага зарарли газлар чиқармайди.

Электр энергияси танқислигидан азият чекаётган ўзбекистонликлар орасида АЭС қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган кўплаб топилишига шубҳа йўқ.

Шу билан бирга, АЭС ўрнига қуёш электр станцияси қуриш фойдалироқ ва хавфсизроқ бўлиши ҳақида ўйлайдиганлар ҳам бор.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қуёш энергиясининг потенциали қарийб 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг.

Таҳлилчи Азиз Носирнинг биз билан суҳбатда таъкидлашича, қуёш электр станцияси қуриш нархи АЭСникидан анча арзон. Бундан ташқари, унинг қурилиши тезроқ амалга ошади. Хавфсизлик жиҳатдан у АЭСдан кўра тўлиқ устунликка эгалигини эса айтмаса ҳам бўлади.

“Ўзбекистон битмас-туганмас қуёш энергетикаси манбасидир. Бу имконият турганида АЭС қуришга жуда катта маблағ йўналтирилишини тушунтириш қийин. Бунинг ўрнига биз асосий эътиборни айнан қуёш электр станциялари қуришга қаратишимиз мантиқли бўларди”, дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, АЭСга сарфланадиган маблағга қуёш электр станциялари қурилса, АЭСдагидан бир неча баробар кўпроқ электр олиш мумкин.

“Ўзбекистон қуёш энергетикасидан фойдаланишга ҳам катта эътибор қарата бошлади. Аммо АЭС қуриш лойиҳаси бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўламига таъсир этиш эҳтимолини эътибордан соқит қилиб бўлмайди”, деди таҳлилчи Азиз Носир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 сентябр 2016
Таъзияни ТРТ давлат телеканали намойиш этди. «Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек ...
15 январ 2018
Президент Мирзиёев 10 январь куни ўзбек элчилари билан ўтказган йиғилишида элчихона ходимлари ортидан пойлаб юрадиган «мурда»ларни қайтариб олишини айтди. ...
19 феврал 2024
Ўзбекистонда  лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузганлиги учун 6 та хусусий олий таълим маскани лицензияси бекор қилинди. Олий ...
10 май 2018
Эрамиздан олдинги VI-V асрларда яшаб ўтган, «Дао Де Цзин» асарини ёзган қадимги хитой файласуфи Лао Цзи сўзлари 9 майни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...