Асосий мавзулар
31 декабр 2018

Янги очиқ Ўзбекистон учун хаёлий хориж инвесторлари

“Open Democracy” (Очиқ демократия) онлайн ресурси улкан қурилиш лойиҳаси – “Тошкент сити” бўйича суриштирувини эълон қилди. Суриштирув давомида қурилиш учун тендерни ютган компанияларнинг шубҳали молиявий тарихга эга эканлиги аниқланган. Қуйида ушбу суриштирувнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Янги очиқ Ўзбекистон учун хаёлий хориж инвесторлари

Тошкентдаги йирик қурилиш лойиҳаси мамлакатни ғарб капитали учун кўз-кўз қилишга мўлжалланган. Бизнинг суриштирувимиз асосий инвесторлар “уй”га анча яқин бўлиши мумкин, деган хулосага асос бермоқда.

“Тошкент сити”нинг 3-блокидаги ҳар бири ўттиз қаватли иккита бино дизайнининг лойиҳаси. Манба: Tashkent City.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафотидан икки йил ўтиб, аввал ёпиқ бўлган мамлакат халқаро инвесторлар учун очиқ бўлишга қизиқиш билдирди. Энтузиастлар буни “ўзбек баҳори”, мамлакатнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги янги ибтидоси сифатида баҳоламоқда. Бошқалар эса Марказий Осиёнинг мазкур давлатидаги суст ва ноизчил суръатдаги либерал ислоҳотлар хорижий капитални жалб этиш учун фойдаланилаётган парда бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон пойтахтидаги умумий қиймати 1,3 миллиард долларни ташкил этувчи, юқори технологияли ишбилармонлик марказини ривожлантиришга қаратилган, ҳукумат ҳомийлигидаги «Тошкент сити» лойиҳасини олиб кўрайлик. Буюк Британия, Жанубий Корея ва Германия фирмалари қурилишнинг асосий участкаларини олди. Бу флагман лойиҳа, таҳлилчи Дилмира Матёқубованинг сўзларига кўра, Ўзбекистонни сиёсий ислоҳотлар, инвестициялар ва бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлардан манфаатдор бўлган мамлакат сифатида ребрендинг қилишга мўлжалланган. Лойиҳани шахсан назорат қилаётган Мирзиёев 2017 йил октябрда: «Тошкент-сити» – бу ўзимизни халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш учун фойдаланиладиган лойиҳа», деган эди.

Аммо «Тошкент сити»нинг хорижий инвесторларидан бирини яқиндан кузатиб, Марказий Осиё билан чамбарчас боғланган компаниялар ва хусусий шахсларнинг мураккаб тармоғига дуч келинади. Бу эса Ўзбекистоннинг расмий ОАВлари жар солган дастлабки ижобий хабарларни шубҳа остига қўяди. «Hyper Partners GmbH» гарчи «Тошкент сити»нинг 3-блоки бўйича немис инвестори деб эълон қилинган бўлса-да, афтидан айни пайтда фирибгарлик айби қўйилаётган қозоғистонлик тадбиркор билан ҳамкорлик қилувчи уйғур ишбилармонларига тегишлидир. На мана шу, на унинг ҳамма биладиган директорлари билан боғлиқ бошқа компаниялар йирик қурилиш лойиҳаларини бажариш тажрибасига эга эмас.

Ўзбекистон ҳукуматининг хорижий инвесторларга ўзининг хайрихоҳлигини намойиш этиш истаги журналистларни «Тошкент сити»даги тендерларни ютган компаниялар эгаларига нисбатан суриштирув ўтказиш ва аниқ молиявий асоссиз ишлаётган компаниялар ва хусусий шахсларнинг мураккаб тармоғини фош этишга ундади. Германиядаги ҳуқуқий масалалар бўйича экспертлар ёрдамида биз чигил тугунни ечиш ва «Тошкент сити»нинг асосий инвесторлари ва хорижий пудратчиларидан бири ҳисобланмиш «Hyper Partners GmbH» ортида турган тармоқни аниқлашга муваффақ бўлдик.

Немис фронти

Германияда рўйхатга олинган ва «Тошкент сити»нинг 3-блокидаги ҳар бири 30 қаватли иккита минорадан иборат савдо марказини қуриш бўйича шартнома имзолаган «Hyper Partners» компанияси асло немисларники эмас.

Молиявий маълумотларга кўра, 2018 йил 3 августдан бошлаб компаниянинг ягона хўжайини Мустафо Полвон бўлган. У 100 фоиз акцияларни қўлга киритиб, раҳбарликни қабул қилганида 18 ёшда эди. Компания капитали уни Германияда рўйхатдан ўтказиш учун зарурий минимал сумма – 25 000 еврони ташкил этади. Текширувларнинг кўрсатишича, «Hyper Partners»ни аслида ёш Мустафо эмас, балки унинг қариндошлари ва бизнес шериклари бошқариши эҳтимоли бор. Кўринишидан «Тошкент сити» лойиҳаси раҳбариятида йирик лойиҳа тендери ғолиби сифатида 19 ёшли йигитчани танлаши учун асос ва сабаблар жуда кам.


19 ёшли Мустафо Полвон «Hyper Partners GmbH»нинг асосий акциядори эканини тасдиқловчи рўйхат.

«Hyper Partners»нинг асосчилари Валери Вольф (54 ёш) ва Евгений Розенберг (61 ёш) ҳисобланади. Вольф ва Розенберг қайси миллатга мансуб экани аниқ эмас, аммо исмининг ёзилиши улар келиб чиқиши рус тилли эканини тахмин қилиш имконини беради. Вольф ва Розенберг компанияни 2018 йил 26 февралда рўйхатдан ўтказган.

Аввалроқ улар иккита бошқа компанияга – 2008 йил ноябрда «W&R Handelsgesellschaft GmbH» ва 2016 йил августда «Statuswest GmbH»га асос солган эдилар: 2018 йил октябрдан буён барча уч компания битта манзил (Assar-Gabrielsson-Straße 10-14, Дитценбах, Германия)да рўйхатга олинган.

Молиявий ҳисоботларга кўра, «W&R» компанияси – Вольф ва Розенбург ўртасидаги ўн йиллик шериклик оддий иш бўлмаган. Компания асосан ваннахоналар учун  товарлар сотган. Германия компаниялари давлат савдо реести маълумотлари «W&R» компанияси қарзга ботиб борганини кўрсатади.

Анонимлик шарти билан маълумотларни таҳлил қилишга рози бўлган ҳуқуқ масалалари бўйича немис экспертининг айтишича, уч йил аввал қозоғистонлик акциядор пайдо бўлмагунча «W&R» компанияси банкротлик ёқасида турган эди.

2015 йилда Қозоғистон фуқароси Бауржон Н.Боймуханов «W&R» акцияларининг учдан бир қисмига эга бўлди ва унинг акциядорига айланди. Боймухановнинг инвестицияларидан сўнг компаниянинг молиявий муаммолари кредит ҳисобига ечим топди.

Германия компанияларининг давлат савдо реести маълумотлари Бауржон Боймуханов «W&R Handelsgesellschaft GmbH» акцияларининг учдан бир қисмини 2015 йилда қўлга киритганини кўрсатади.

Германия давлат савдо реести маълумотларига кўра, компания «740 VB gg. Gesellschaftern» деб белгиланган 78 419 евро миқдоридаги қарз ҳақида эълон қилган. Вольф ва Розенбергнинг аввалги қарзлари ҳар доим «730 VB gg. Gesellschaftern» тарзида кўрсатиб келинган. Акциядор (немисчасига «Gesellschaftern») янги қарз берган.

«W&R» компанияси 2015 йилги ўз баланс ведомостларида ўсиб бораётган қарзларини рўйхатга олишни давом эттирган бир пайтда кейинги йилда қарздорлик тахминан 70 минг еврога қисқартирилган, аммо компания баланс ведомостининг даромадлар жадвалига аниқликлар киритилмаган. Ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, бу қўшимча таҳлилларни талаб қилади:

«Бу ерда икки сценарий бўлиши мумкин: ёки акциядор компанияга камида 78 419 евро миқдорида «кредит» берган, ёки қарзни тўлаш ваъдаси билан нақд пулсиз операция шартномаси имзоланган. Агар кредит берилган бўлса, пуллар баланс ведомостларига умуман кўрсатилмагани ғалати. Мабодо бу сценарий тўғри бўлса, ўтказиб берилган маблағ дарҳол сарфланган бўлиши керак».

2016 йилда «W&R» компаниясининг қарзи аввалги йилдаги 245 462 евродан 156 336 еврогача қисқарган.

«2016 йилда компаниянинг қарзни камайтириш учун капитали бўлмаган, шунинг учун савол туғилади: қарзни тўлаш учун 89 126 еврони ким тўлаган? Бошқача айтганда, компания орқали деярли 90 минг евро яширин тарзда ўтган», дея хулоса қилди эксперт.

Вольф ва Розенбергнинг шериги Боймуханов Хитой бизнеси манфаатлари билан чамбарчас боғланган қозоғистонлик тадбиркордир. 2015-2016 йилларда Боймухановнинг Қозоғистонда рўйхатга олинган «Базис Алатау» кичик қурилиш компанияси Қозоғистондаги вилоят ҳукуматининг лойиҳаси тендерида иштирок этиш учун Хитойнинг «Чжонфу» компанияси билан ишлаган. Биз Қозоғистон солиқ тўловчилари давлат реестридаги маълумотларга асосланиб унинг шахсини тасдиқлашимиз мумкин. Бу рўйхатда унинг туғилган йили Германия савдо реестридаги ҳужжатларга мос келади.

Жорий йил бошида Боймуханов ҳибсга олинган эди. 20 февралда у бизнес шериги Г.Набиева билан биргаликда ушланган ҳамда қурилиш ва ер ижараси бўйича шартномалар, шунингдек, Хитой ва Қозоғистон чегарасининг ҳар икки томонида фаолият юритувчи «Хоргос» чегараолди ҳамкорлик халқаро маркази бўйича қўшма бизнес лойиҳада қимор ўйинлари учун ноқонуний рухсатнома беришга уриниш билан боғлиқ 1 миллиард танга (2,4 миллион евро) миқдоридаги фирибгарликда айбланганди. 2018 йил 26 февралда Боймухановнинг бизнес шериклари Вольф ва Розенбенг «Hyper Partners GmbH» компаниясига асос солди.

Уйғур алоқаси

Бу ерда тафсилотлар этник гуруҳлар ва тадбиркорлик алоқалари ўзаро бирлашадиган географик нуқта – Шинжон ва Қозоғистон ўртасидидаги чегара томон етаклайди.

«Тошкент сити» янги лойиҳасининг тепадан кўриниши. Манба: Tashkent City.

Қозоғистон фуқароси, этник уйғур, Дубайда яшовчи Абдуқодир Ҳабибула 2016 йил июлда «W&R» компаниясининг асосий акциядорига айланди. Ҳабибула ва Боймухановнинг ҳар бири компаниянинг 40 фоиз акцияси устидан назорат ўрнатди ҳамда Вольф ва Розенбергга 10 фоиздан акцияни қолдирди. Бу битимдан икки ҳафта ўтиб Вольф ва Розенберг Германиянинг Дитценбах шаҳрида яшовчи Полвон Ҳабибулла билан биргаликда «Statuswest GmbH» номли янги компанияни рўйхатдан ўтказди. Компания «W&R» билан битта манзилда рўйхатга олинди. Полвон Ҳабибулла 20 минг евро қийматдаги 80 фоиз акцияга эгалик қилди, Розенберг ва Вольфнинг ҳар бири эса 2 500 евролик акцияларни назоратига олди.

Полвон Ҳабибулланинг нафақат фамилияси «W&R» бошқарувини эгаллаган Абдуқодир Ҳабибуланикига жуда ўхшайди, балки улар бир кунда – 1964 йил 16 февралда туғилган ҳам. Турли юрисдикциялардаги солиштирма иловалар ва бир хил туғилган кун Полвон Ҳабибулла ва Абдуқодир Ҳабибула битта одам бўлиши мумкинлиги кўрсатади. Аммо Германия компаниялари реестрларидаги ёзувларнинг ҳар хиллиги ва хатолар бу ҳолатни қандайдир аниқ кўрсатиб беришни қийинлаштиради. Ушбу шахс исмининг бир неча хил вариантлари бутун дунё бўйича корхоналар реестрида учрайди. Бу ўринда биз Қозоғистон фуқароси Абдуқодир Ҳабибулла исмининг Буюк Британия рўйхатга олиш палатаси маълумотлар базасидаги расмий ёзилишидан фойдаланишга қарор қилдик.

2014 йилда Ҳабибулла Лондонда «Palwan Limited» компаниясига асос солди. «Palwan» Германияда яшаш учун Ҳабибулла фойдаланиши мумкин бўлган, немисчада «Palvan» деб ёзиладиган исмдир. Аммо Буюк Британия реестрида Ҳабибулла шу мамлакат турғуни сифатида кўрсатилган. «Palwan Limited» фаоллаштирилмаган компания бўлиб, унинг акциядорлари орасида Ҳабибулланинг эҳтимолий қариндошлари бор: Айбибула Паливанмухаймаити (1991 йил августда туғилган), Буюк Британияда яшайди ва Хитой фуқароси; Рези Малия (1967 йил апрелда туғилган), Буюк Британияда яшайди, Хитой фуқароси; Айбибула Ямимаити ва Айбибула Нуэрбия.

«Palwan Limited»нинг икки акциядори – Абибулла Паливанмухаймаити ва Рези Малия бошқа бир компания – «AKA London Trading Limited» (кейин номи «AKA London Limited»га ўзгартирилган)нинг акциядорлари ва директорлари ҳисобланади. Бу компания 2015 йил 29 октябрда Буюк Британиянинг Кингстон-апон-Темс шаҳрида рўйхатга олинган. Буюк Британияда яшовчи, Хитой фуқароси Абибула Нуэрмаймаити (1989 йилда туғилган) ҳам компания акциядорлари сирасига киради.

Дубай, Қирғизистон, Лондон, Германия ва Туркияда рўйхатга олинган компанияларни назорат қилувчи бу директорлар ва асосий акциядорлар Хитой ва Қозоғистон паспортларига эга. Улар бутун Европа ва Осиёда турли юрисдикциялар ва инвестицион имкониятлардан фойдаланувчи, турли мамлакатларда яшовчи халқаро уйғур жамоатчилиги вакилларидир. Очиқ маълумотларга кўра, 2015-2016 йиллар оралиғида «AKA London Trading» Абдуқодир Ҳабибула (Ҳабибулла исмининг орфографик хато билан ёзилган кўриниши бўлиши мумкин, чунки маълумотларда у «AKA London Trading Limited» директорлари билан боғланган томон сифатида кўрсатилган) исмли шахсдан қарийб 2 миллион фунт стерлинг қарз олган.

Шунингдек, 2015-2016 йиллар оралиғида Буюк Британиянинг бу компанияси Туркияда рўйхатга олинган, уйғур гуруҳлари билан боғлиқ «Palvan Insaat Turizm Lojistik San. TIC. Ltd» компаниясидан ҳам 7,1 млн фунт стерлинг қарз кўтарган. Туркиянинг «Сариқ саҳифалар» бизнес маълумотномасидан олинган ахборотга кўра, Буюк Британиянинг «Palwan Limited» компанияси раҳбари Айбибула Паливанмухаймаити Туркиянинг ушбу компанияси бошлиғи сифатида рўйхатга олинган. «Palvan Insaat» компанияси Истанбулнинг турар жой туманларидан бирида жойлашган. Google Streetview даги кўринишлар ва синчиклаб ўрганишлар ушбу манзил бўйича бирорта бизнес фаолликни кўрсатиб бера олмади.

https://cdn.opendemocracy.net/files/imagecache/article_xlarge/wysiwyg_imageupload/555493/Picture%209.png
«Palvan Insaat Turizm Lojistik San. TIC. Ltd» манзили. Манба: Google Streetview.

Ҳабибулла ва «Palwan Limited»нинг бошқа икки акциядорига тегишли бўлган Дубайдаги «AKA International DMCC» шўъба корхонаси бу турмоқдаги чиндан ҳам мавжуд кўчмас мулкка эга бўлган ягона компания ҳисобланса ажабмас. Ҳақиқатан ҳам бу компания Қирғизистондаги юқори технологияли «Bishkek Smart City» лойиҳасига сармоя киритган. Ҳукуматнинг бу лойиҳаси йўл ҳаракатини хавфсизлигини таъминлаш ва шахс юзини аниқлашни таъминлаш учун камералар ўрнатишга йўналтирилган. Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, лойиҳанинг асосий инвестори Хитойнинг «Beijing China Veterans Lingxin Capital Management» давлат инвестиция жамғармаси бўлиб, унинг амалга оширилишини «Huawei Technologies» таъминлайди. 2018 йил январда имзоланган битимга кўра, «Beijing China» жамғармаси 51 миллион доллар инвестиция ажратади. Қирғизистон ҳукумати қолган маблағни (9 миллион доллар) ажратиши керак эди, аммо сўнгги дақиқаларда пул ажратишни рад этди. Қирғизистон Республикаси Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш агентлиги директорининг сўзларига кўра, «Huawei» компанияси лойиҳага инвестиция киритишга тайёр бўлган янги шерикни – Қирғизистонда рўйхатдан ўтказилган «AKA Invest» компаниясини танлаган.

Айни пайтда Қирғизистоннинг «Kloop.kg» ва «Respublika KG» сайтлари «АКА»нинг инвестициялари ва эгаларини ўрганди. «Kloop.kg» ходимлари «AKA Invest» компанияси вакилларига мурожаат этганида улар компания Дубайдаги «AKA International DMCC»нинг шўъба корхонаси эканини, унинг эгалари этник уйғурлар – қозоғистонлик Абдуқодир Ҳабибулла ҳамда хитойликлар Абибула Нуэрмаймаити ва Абибулла Паливанмухаймаити эканини маълум қилдилар. «AKA Invest» Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги кафе манзилида жойлашган. «Сиз саволларингизни кафедагиларга беришингиз мумкин, улар эса бизга айтади», деди компания вакили журналистларга. Бу ҳолат шаҳарни ривожлантиришнинг юқори технологияли лойиҳасига 9 миллион доллар инвестиция киритиш учун асоснинг ишончсиз эканидан далолат беради. Қолаверерса, уйғур тадбиркорлари бошқа лойиҳа – “Тошкент сити”га ҳам маблағ ётқизмоқда.

Вольф ва Розенберг немис компанияларининг кимлиги маълум директорлари сифатида майдонга чиқаётган бир пайтда Полвон Ҳабибулла 2016 йилда «Statuswest»нинг 60 фоиз акциясини қўлга киритди. Германия компанияларининг давлат реестридаги маълумотларга кўра, 2016 йилда «Statuswest» номаълум манбадан 500 000 евро миқдорида қарз олган. Активлар етишмовчилигини ҳисобга олганда қарз Вольф ва Розенбергдан олинганига ишониш қийин. Қарз олингандан сўнг Khabibulla/Habibullah [Ҳабибулла фамилиясининг икки варианти] ҳужжатларда компаниянинг 60 фоиз акцияси эгаси сифатида намоён бўлади.

2017 йилдан 2018 йилгача бўлган оралиқда бу компаниялар устидан назорат Ҳабибулланинг оила аъзолари, Вольф ва Розенбергга берилди. Айни пайтда «W&R» Вольф ва Розенберг исмли ўттиз ёшли икки эркакка тегишлидир. 2018 йил августдан бошлаб «Hyper Partners»нинг асосий акциядори 19 ёшли Мустафо Полвон бўлиб қолди.


Германия савдо реестрига кўра, «W&R Handelsgesellschaft GmbH»нинг акциядорлари.

Коррупцияга қарши курашчи ва активларни мусодара қилиш ва қайтариш тўғрисидаги яқинда эълон қилинган ҳисобот муаллифи Томас Мейн қуйидагиларни гапирди:

«Бу маълумотлар лойиҳанинг ҳақиқий, яъни бенефициар эгаларини хорижда рўйхатдан ўтказилган компаниялар ёрдамида яшириш қанчалик осон эканини кўрсатади. Лойиҳа, сўзсиз, жуда кўп хавотирли сигналлар бермоқда: маблағ манбаси номаълум, «Тошкент сити» савдо маркази лойиҳаси учун жавобгар бўлган компаниянинг ҳақиқий бенефициари 19 ёшли ўсмир эканига ишониш эса қийин».

Немис компанияларининг ушбу тармоғидан кредитлаш ва нақдлашнинг мураккаб циклларига эга ношаффоф инвестициялар учун қобиқ сифатида фойдаланилган бўлиши эҳтимоли бор. «Hyper Partners GmbH»нинг инвестор ва акциядорлари бўлмиш Абдуқодир Ҳабибулла ва бошқа тадбиркорларни аниқлашнинг қийинлиги тасодифий бўлмаслиги мумкин.

Уларнинг шахси ва ушбу лойиҳага алоқадорлиги Kloop.kg ва бошқа кузатувчилар томонидан бошланган суриштирувларга жавобан ўтказилган ўрганишларга жавоб бўлиши ҳақиқатга яқин. Худди шундай, Боймухановнинг «W&R»да тутган ўрни ва жорий йилнинг февралида у фирибгарликда айбланиб ҳисбга олинганидан бир ҳафтадан камроқ вақт ўтиб «Hyper Partners»нинг рўйхатга олиниши унинг лойиҳалар ва ушбу компанияларнинг номаълум бенефециарлари ўртасидаги воситачи сифатидаги роли барбод бўлганидан дарак бериши мумкин.

Европа ва Марказий Осиёдаги йирик молиявий жиноятларга оид ишлар бўйича ўн йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган эксперт мазкур ишни анонимлик шарти билан шарҳлашга рози бўлиб, сохта немис компаниялари шубҳа уйғотишини айтди.

«Немис компанияларининг таваккалчилик даражаси юқори бўлган юрисдикциялардан келаётган таъминланмаган шахсий қарзлар ҳисобига молияланишининг тижорий асослари кишини ажаблантиради. Маълумотларга кўра, таъминланмаган бундай займлардан келадиган пуллар кейинчалик Германиядан Ўзбекистонга йўналади. Инвестицияларнинг якуний бенефициарлари анонимлигини кафолатлашни ҳисобга олмаганда бундай битимлардан нима фойда бор», дейди эксперт.

Марказий Осиёдан келаётган маблағлар немис компаниялари орқали яна Марказий Осиёга қайтади. Айни пайтда бу маблағлар Тошкентга «Hyper Partners»нинг инвестициялари орқали қайтиб, Ўзбекистонга йўналтирилади. Иккита муҳим савол очиқ қолмоқда: нега уйғур тадбиркорлари ўз компанияларини бундай йўл билан туздилар? Бу одамлар занжирнинг сўнгги бўғиними ёки улар пул оқимининг ортида турган бошқа шахслар учун яна бир парда вазифасини ўтайдими?

https://cdn.opendemocracy.net/files/imagecache/article_xlarge/wysiwyg_imageupload/555493/DSC_0736_0.JPG

«Тошкент сити» лойиҳаси учун иморатларнинг бузилиши.


Глобал таваккалчиликлар бўйича консалтинг компанияси бўлмиш «Control Risks»нинг Россия ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича катта шериги Тим Стэнлининг сўзларига кўра: «Асосий инвестиция лойиҳалари иштирокидаги эҳтимолий фирибгарона инвестиция схемаларига оид ушбу суриштирув инвесторлар ва донорлик ҳамжамиятларига улар тегишли ҳуқуқий текширувларни ўтказмаса ёки учинчи томоннинг таваккалчиларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича зарурий чораларни кўрмаса, таваккалчиликлар келиб чиқиши мумкинлигининг ўз вақтидаги эслатмасидир».

«Бу маълумотлар муайян немис компаниялари орқали келаётган маблағларни текшириши лозим бўлган Германия ҳукумати олдига жуда кўп саволларни қўяди. Агар Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвестицияларни жалб этишга жиддий ёндашса, у бундай лойиҳаларга талабгор бўлаётган компанияларнинг бенефициар ҳуқуқлари ҳақидаги барча маълумотларни нафақат тўплаши ва текшириши, балки бундай ахборотларнинг очиқ бўлишини ҳам таъминлаши керак», деди Томас Мейн.

Хуллас, «Тошкент сити» нафақат ўсмир инвесторни қабул қилган, балки айни пайтда 1 миллиард танга (2,4 миллион евро) миқдоридаги фирибгарлик айби қўйилган қозоғистонлик тадбиркор билан яқин алоқадаги компаниялар ва бир неча миллионлаб фут стерлинг шахсий кредитлар берадиган фаол ва нофаол қатор компанияларни тамсил қилувчи уйғур сармоялари билан ишлашга қарор қилганга ўхшайди. Эҳтимол Розенберг ва Вольф компанияларининг очиқ аудитини талаб қилиб вақти келгандир.

«Open Democracy» онлайн ресурси журналистлари муносабат олиш учун «Hyper Partners GmbH», «Statuswest GmbH», «W&R Handelsgesellschaft GmbH» ва «Тошкент сити» халқаро бизнес маркази билан боғланди, аммо бирорта жавоб ололмади.

«Eltuz» таржимаси. Мақоланинг инглиз тилидаги оригиналини «Open Democracy» сайти орқали ўқишингиз мумкин

Тағин ўқинг
21 март 2024
Пруссия қироли Фридрих Вильгельм I нинг “уруш уруш билан, аммо тушликни вақтида қилиш керак”, деган ибораси машҳур. Олмон қироли агар аскар вақтида овқатини емаса, ундан яхши аскар чиқмаслигини қасд этган. Иккинчи томондан, овқатни вақтида еган аскар албатта яхши урушади, деганимас. Масалан, ўзбек мулозимларининг кўпчилиги – ...
8 сентябр 2016
Саҳнага чиқиш илинжида бир вақтлар Каримовни мадҳ этган хонанда, ўз видеомурожаатида энди Каримов системаси, шогирдлари ва вазирларини мақтаб кўкларга ...
3 декабр 2019
Стокгольмнинг чекка ҳудудида жойлашган темир тўсиқ ортидаги кўримсиз уйда Швецияга келиб қурилишларда ишлаётган 11 нафар меҳнат мигранти яшайди. Уларнинг ...
3 июн 2023
Франц Кафка ўлимидан кейингина кўплаб асарлари чоп этилган ва дунёга танилган 20-асрнинг буюк ёзувчиларидан биридир. Тириклигида у бир нечта ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...