Асосий мавзулар
27 декабр 2020

Манбалар: “Бош прокурор Бухорода бозор қуриш учун пора олган”

Манбалар “Элтуз”га Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тошкентлик ишбилармонлар орасида “Шайтон” лақаби билан танилган, муқаддам фирибгарликда айбланган 45 ёшли Фарҳод Тўлагановдан бир неча миллион доллар миқдорида пора олганини маълум қилди. Бу иддао ортидан Бош прокуратурада махсус комиссия тузилган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил мулозимларнинг “Элтуз”га иддао қилишича, жорий йил октябрда Фарҳод “Шайтон” порани Бухоро шаҳри яқинидаги 100 гектар майдонда қурилаётган бозор можаросини тинчитиш учун узатган. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистон прокуратура идораларига яқин манбаларига кўра, Фарҳод Тўлаганов йирик миқдордаги порани Тошкентда Ниғматилла Йўлдошевнинг ўғлига берган.

Аммо “Элтуз”да бу иддаоларни расман ёки мустақил манбалар орқали тасдиқлатиш имкони йўқ. Лекин манбаларнинг олдинги хабарлари рост чиққани боис сайт айбловни ошкор қилиш қарорига келди. 

Прокуратура идораларига яқин манбаларнинг “Элтуз”га айтишича, Бухоро шаҳри яқинида қурилаётган катта бозор билан боғлиқ можаро вилоятнинг собиқ ҳокими, сенатор, Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Ўктам Барноевнинг ўлимидан кейин келиб чиққан.

“Фарҳод “Шайтон” тинчитмоқчи бўлган бу жанжал Барноевнинг ўлимидан кейин келиб чиқди. 

Гап шундаки, Бухоро шаҳри яқинидаги 100 гектар майдонда катта бозор қуриш қарорини 2019 йил бошида Ўктам Барноев вилоят ҳокими сифатида чиқарган. 

Бу ерга бозор қуриш ғоясини эса унга тошкентлик йирик тадбиркор Фарҳод Тўлаганов берган бўлиб, у Ўктам Барноевга қуриладиган дўконларнинг сотувидан тушадиган пулнинг тенг ярмини ваъда қилган. 

Яъни Ўктам Барноев Фарҳод “Шайтон”нинг бизнес ғоясидан тушадиган пулнинг ярмини олиш ниятида махсус қарор чиқариб берган. Барноев янги қурилаётган бозорни Фарҳод “Шайтон”га ва унинг укаси Фарруҳ Тўлагановга расмийлаштириб берган эди”, деди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбалари.

“Фарҳод Тўлаганов ва Ўктам Барноевнинг режасига кўра, бу бозор қурилишидан нақд 100 миллион доллар тушиши, тушган пулнинг тахминан 30 миллион доллари қурилишга сарфланиши кутилган. 

Барноев ва “Шайтон” соф фойда сифатида қолиши режаланган 70 миллион долларни ўртадан “арра” қилишлари керак бўлган”, дейди Бухоро вилояти прокуратурасига яқин шахслардан бири.

Исмини ёзмасликни илтимос қилган манбанинг “Элтуз”га айтишича, мана шу лойиҳа рисоладагидек амалга ошиши учун Ўктам Барноев Бухоро шаҳри марказида ишлаб турган “усти ёпиқ” бозорни ёпиш ҳақида ҳам қарор чиқарган.

“Яъни 35 миллион доллар илинжидаги Ўктам Барноев ишлаб турган бозорни ёпиб, у ердаги тадбиркорларни янги қурилаётган бозорга кўчиб ўтишга мажбурлашни бошлаган эди. 

Бироқ Барноевнинг режалари Аллоҳнинг режаларига мос келмаган экан, шу йил сентябрь ойида Германияда коронавирусдан вафот этди. Натижада 100 гектарлик бозор қуриш, ундаги дўконларнинг сотувидан тушадиган соф фойдани тақсимлаш ишлари “Шайтон”нинг ўзига қолиб кетди”, деди Бухоро вилояти прокуратурасига яқин манба.

Унинг айтишича, Ўктам Барноев ўлгандан кейин Фарҳод “Шайтон” ҳали қурилмаган дўконлар учун тушган пулларнинг ҳаммасини долларга айлантиришни бошлаб юборган. 

Режадаги соф фойда миқдорини, яъни 70 миллион долларни йиғиштириб олгач, Фарҳод Тўлаганов битмай қолган дўконларни қуриш учун банклардан кредит сўрай бошлади. 

Унинг бу изланишлари Бухоро шаҳри прокуратурасида катта шубҳа уйғотди. Шаҳар прокурори Жасур Фозилов бозор қурилиши билан боғлиқ барча амалиётларни текширганида қурилиш лойиҳаси ҳеч қандай кредитга муҳтож эмаслигини, аксинча, қурилиш учун лозим бўлган пулни “Шайтон” уч ҳисса ортиғи билан олдиндан йиғиштириб олганини аниқлаган. 

Манбанинг сўзларига кўра, бозор қурилиши билан боғлиқ вазиятдан хабар топган Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов Фарҳод Тўлагановдан ўлиб кетган Ўктам Барноевнинг улушини (35 миллион долларни) сўраган. Лекин Фарҳод “Шайтон” марҳумнинг улушини беришдан бош тортган.

“Бозор билан боғлиқ можаро, аниқроғи, прокурорлар “жанг”и айнан шу эпизоддан бошланган. Жасур Фозилов вазият юзасидан бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга чиққан ва “Шайтон”ни ҳисбга олишга рухсат сўраган. 

Фирибгар Фарҳод “Шайтон” ҳам бу масалада бош прокурорга, аниқроғи, унинг ўғлига чиққан ва муаммони тинчитиш учун 10 миллион доллар таклиф қилган. 

Бош прокурор бу пулни ўғли орқали олган ва Бухоро шаҳри прокурори Фозиловнинг Фарҳод “Шайтон”га оид шикоятларини эътиборсиз қолдириб, ҳибс хусусидаги сўровларини рад этиб келган”, дейди “Элтуз” манбаси.

Исми сир қолишини сўраган манбанинг айтишича, олинган пора эвазига бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тижорат банклари раҳбарларига чиқиб, Фарҳод Тўлагановга бозор қурилишини битириш учун катта миқдорда кредит беришни ҳам буюрган.

“Ниғматилла Йўлдошевнинг аралашуви туфайли Фарҳод “Шайтон” давлатдан тахминан 10 миллион доллар миқдорида кредит олиб, бу пулларни дарҳол нақдлаштирган ва долларга айлантирган. Яъни Фарҳод “Шайтон” бош прокурорга берган порасини давлатнинг ўзидан чиқариб олган”, дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг таъкидлашича, Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг яқинда интернет орқали бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга “ҳужум” уюштириши негизида аслида ана шу сабаблар ётибди. 

“Агар Фарҳод “Шайтон” бухороликларга Ўктам Барноевнинг “улуши”ни берганида ёки бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев фирибгар “Шайтон”ни ҳимоя қилмаганида Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов ҳам жим ўтирган бўлар эди”, – деди Бухоро вилояти прокуратурасига яқин манба.

“Элтуз” Фарҳод Тўлаганов билан боғланишга уриниб кўрди. Бироқ тадбиркорнинг телефон рақамлари хизмат доирасидан ташқарида бўлгани учун унга қўнғироқ қилишнинг имконини топа олмади. 

“Элтуз”нинг Тошкентдаги баъзи манбалари хабарига кўра, Фарҳод Тўлаганов аллақачон Ўзбекистонни тарк этган. 

“Фарҳод “Шайтон”нинг аввал қўшни давлатлардан бирига, у ердан Туркияга чиқиб кетганига икки ойдан ошди. 

“Шайтон” ўзи билан тахминан 70-80 миллион доллар пулни олиб чиқиб кетганидан хабаримиз бор”, дейишди Тошкентдаги ишбилармон доираларга яқин манбалар. 

Уларнинг тахмин қилишича, Фарҳод Тўлаганов бу пулларни Бухородаги 100 гектарлик бозор қурилишидан топган бўлиши мумкин. 

Ким у “Шайтон”?

Фарҳод Тўлаганов узоқ йиллардан буён турли можаролар марказида бўлиб келади. Масалан, 2000 йилларнинг бошларида Фарҳод Тўлаганов қўшиқчи Юлдуз Усмонова билан ўрнатган “жуда яқин” алоқаларини бузиши ортидан бошқа бир аёл хонанда “Шайтон”ни отишни режалаштириши ва қамалиб кетиши Ўзбекистонга шов-шувларга сабаб бўлган эди. 

Фарҳод Тўлаганов 2000 йиллар бошида қисқа муддат Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг фуқаровий эри бўлган. Бу ҳақда “Элтуз”га Усмоновани ҳамда Тўлагановни яқиндан танийдиган бир санъаткор ва бир тадбиркор ўз исмларини сир сақлаш шарти билан айтди.

Тошкентдаги тадбиркорлар орасида “Шайтон” ва “ГИФ” лақаблари билан танилган Фарҳод Тўлаганов 2009 йил февраль ойида товламачиликда айбланиб, ҳаётининг бир неча йилини панжаралар ортида ўтказган.

Ўша пайтда Бош прокуратура терговчилари Фарҳод Тўлагановдан жабр кўрган ўнлаб фуқаролардан кўрсатмалар олишган. 

Фарҳод Тўлаганов 2009 йил февраль ойида товламачиликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган эди. 

2018 йил апрель ойида эса Фарҳод Тўлаганов куни Бош прокуратура ходимлари томонидан Тошкентда ҳибсга олинган. Ўшанда тошкентлик тадбиркор МХХ зобитларига пора бериш-олишда воситачилик қилиш (ЖК 212-моддаси), давлат органи хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш ва товламачилик (ЖК 165-моддаси) каби жиноятларда гумонланган.


Фарҳод Тўлаганов Ўзбекистон бўйлаб ўнлаб савдо дўконлари, йирик супермаркетлар, бозорлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига эгалик қилган.

“Эмир бухарский” дея Жириновскийдан олқиш олган, 2019 йилда Бухоро шаҳри яқинида қурила бошлаган 100 гектарлик бозор лойиҳасида Фарҳод Тўлаганов учун зарур қарорларни чиқариб берган ва унинг норасмий бизнес шериги бўлгани айтилаётган марҳум Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокими, сенатор ҳамда Ўзбекистон бош вазирининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳларини ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган пайтида Ўктам Барноев ўзбекларни муттасил равишда “қўйлар” деб ҳақорат қилиб келган россиялик шовинист Владимир Жириновскийни Бухорода тантанали кутиб олиб, ирқчининг оёғи остига қўй сўйгани билан ҳам ўзбекистонликларнинг эсида қолган.

Бундан ташқари, Ўктам Барноев советлардан қолган Ғалаба байрамини нишонлаб, русларнинг “Катюша” қўшиғини айтиши билан ҳам ижтимоий тармоқларда масхара қилинган эди. 

Ўктам Барноев шу йил 20 сентябрь куни 56 ёшида коронавирусдан Германияда вафот этди.

“Элтуз” юқоридаги иддаолар юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан расмий изоҳ кутади.

eltuz.com

Тағин ўқинг
30 январ 2019
Швециядаги “Экспрессен” интернет нашри 28 январь куни мамлакатдан Ўзбекистонга депорт қилинаётган навбатдаги ўзбек оиласи ҳақидаги мақолани чоп қилди. Ғаффоровлар ...
17 март 2021
Андижон давлат университетининг олти ходимида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлартарқалди. АДУдаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, аслида касаллик юқтирган талаба ва ходимлар сони бундан ҳам кўп бўлиши ...
25 сентябр 2017
Мирзиёевнинг талабалар, ўқитувчилар ва медикларни пахта далаларидан қайтариш қарори, таъкидлаш жоиз, Жаҳон банки президенти босими остида амалга ошди. Бироқ ...
6 апрел 2020
Карантин боис уйда ўтирган ўзбек шоири ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ эндиликда китоб ўқишга ва янги асарлар ёзишга кўпроқ ...
Блоглар
11 апрел 2021
«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуэти ижро қилган зариф бир ...
8 апрел 2021
2010 йил 7 апрель куни ўз қарорлари билан озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун нарх-навони мислсиз ...
7 апрел 2021
Сезган бўлсангиз, расмий истеъмолга Каримов давридан қолиб кетган “маънавият ва маърифат” мафкураси қайтди. Қайтиши ҳам ...