Асосий мавзулар
30 декабр 2020

Тезакдан нажот топган эл

Халқ ҳукуматнинг иситиш мавсумига шу қадар суст тайёргарлик кўрганидан ғазабда. Расмийлар эса бунга жавобан вазият ҳақида хабар беришга уринаётганларни тўхтатиш ёки таҳдид қилиш билан банд.

– Тезак билан боғлиқ муаммо шундаки, у кўмир каби ёнмайди, – дейди Қашқадарё вилоятидаги Тўртоғайни қишлоғида яшовчи 59 ёшли Мавжуда Усмонова. – Чўғи узоқ вақт турмайди. Узоғи билан ярим соатга етади. Шу боис, печкага тез-тез тезак ташлаб туриш учун кечаси икки-уч марта тураман, акс ҳолда хона совийди. Набираларим совуқда қолишидан қўрқаман.

Бу йил қиш мавсуми Ўзбекистонда айниқса қийин кечмоқда. Ноябрдаёқ ҳарорат нолдан пастга тушди. Ҳали газ тармоғига уланмаган қишлоқларда вазият жуда оғир, бунга Усмонова яшайдиган жой мисолдир. Тезак улар учун нажотдир.

Деярли ҳар бир қишлоқ оиласида сигир, қўй ёки эчки бор. Сигирлар энг яхши ёқилғи манбасидир. Одатда тезак тайёрлаш билан аёллар шуғулланади. Ҳозир тезакни ғишт шаклида тайёрлаш урф бўлган. 

“Энг яхши гўнг ғиштларининг ўлчамлари 15 смдан 20 смгача бўлади. Бу печка, ўчоқ ёки тандир учун мос келади. Баъзан кўмир билан аралаштирамиз, агар бор бўлса. Аммо кўпинча биз гўнгни кўмирсиз ишлатамиз”, дейди Усмонова.

Бу йил оила уч тоннага яқин гўнгдан тезак тайёрлади, бу жуда яхши миқдор.

Усмоновага яқин жойдаги Қишлиқ қишлоғида яшовчи 62 ёшли Абдували Мингишевнинг айтишича, унинг оиласи ғишт тайёрлаш учун қолиплардан фойдаланади.

“Биз ҳайвонларнинг сув ва сомон билан аралаштирилган гўнгини қолипларга соламиз. Қуриганидан сўнг уни ишлатиш тезак жуда қулай”, деди у Eurasianet нашрига.

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида яшовчи 65 ёшли Қурбон Наврўзов тезакни бошқача усулда тайёрлайди.

“Биз чорва моллари гўнгини сувда пишитиб, сўнгра целлофан пакетларга соламиз. 20-25 кун давомида қуёшда туради. Кейин пакетларни йиртиб ташлаб, тайёр маҳсулотни омборда сақлаймиз”, дейди Наврўзов.

Наврўзовга фермер хўжалигининг бурчагида чорва ва паррандалар учун оғилхона жойлашган. Ундан сал наридаги кичик жойда тезак тайёрланади. Ҳудуд гўнг, сомон, пластмасса идиш ва қоплар билан тўлиб-тошган. 

“Бизнинг тезак қилувчиларимиз бор. Улар бизни очлик ва совуқдан ҳимоя қилади”, деди Наврўзов хижолат тортиб.

Ушбу ибтидоий ёқилғини яратиш санъати Совет Иттифоқи парчаланиши билан қайта тикланди.

“Совет Иттифоқи йўқ бўлгач, газ ҳам йўқ бўлиб кетди, – деди Усмонова. –  Бунгача биз тезак нималигини деярли унутган эдик. Унинг қандай ясалганини фақат она ва бувиларимиз айтиб бериши мумкин эди. Мен аждодларимизнинг билимларига қайта юзланишимизга тўғри келишини тасаввур ҳам қилмагандим”.

Ёқилғи ишлаб чиқариш маҳорати бу йил, айниқса, зарур. Совуқ шамоллар октябрь ойининг ўрталаридан Россиядан жануб томон йўналди. Ноябрь бошларида совуқ шамол ва тўсатдан кучли қор ёғиши миллий газ таъминоти ва электр тармоғига жиддий таъсир кўрсатди. Баъзи жойларда ҳаво ҳарорати -14 даражагача тушди.

Кўплаб ресторан ва чойхоналарда газ таъминоти узилиб қолди. Газ босими пасайиши туфайли Оҳангарон ва Қувасой шаҳарларидаги йирик цемент заводлари ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатди. Бу эса цемент нархи 5 фоиз кўтарилишига олиб келди, дея хабар қилди Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманилик тадбиркор Абдинаби Ғиёсов маҳаллий ОАВга берган интервьюсида унинг 6000 та жўжаси 20 ноябргача бўлган уч кунлик вақт давомида электр таъминотидаги узилишлар туфайли нобуд бўлганини айтди. 

Ғиёсов расмийларга шикоят қилганида унинг ўзи муқобил энергия манбаларини қидириб эҳтиёт чораларини кўрмаганликда айбдор эканини айтишди.

Электр ва газ таъминотидаги узилишлар нафақат ижтимоий тармоқларда, балки кўчаларда ҳам кўплаб норозиликларни келтириб чиқармоқда. Баъзи ҳудудларда оломон туман ва шаҳар ҳокимлиги биноларини пикет қилишди.

Маҳаллий ОАВ буларнинг барчаси ҳақида хабар берганида улар давлат матбуотни тартибга солиш органидан гўёки “бир томонлама ва ҳиссиётлар таъсири остида” янгиликларни тарқатиш тўғрисида даҳшатли огоҳлантиришлар олдилар. 

Тартибга солиш органи агар шунга ўхшаш хабарлар яна тайёрланадиган бўлса, санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида мавҳум ишора қилди. 

Жуда кўп ва ҳеч қачон етмайдиган газ

Давлат метеорологи Светлана Сидорованинг таъкидлашича, охирги марта бундан беш йил олдин Ўзбекистонда бундай об-ҳаво кузатилган бўлиб, ўшанда совуқ энг юқори нуқтасида ҳаво ҳарорати -10 даражагача тушган.

“Ўзбекистонда иқлим кескин континенталдир, шунинг учун бир неча кун ичида у нолдан юқори ҳароратга кескин қайтиши мумкин. Аммо биз совуқ об-ҳавонинг бошланиши ҳақида ҳукумат ва аҳолини бир ҳафта олдин хабардор қилдик”, деди у.

Ҳукумат ҳам қаттиқ қишни кутаётган эди. Сентябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғилишида бу йил ҳарорат одатдагидан 2-5 даража паст бўлиши кутилаётганини айтганди. Кейин у қўшимча 6 миллион тонна кўмир сотиб олишни ва оддий аҳолини таъминлаш учун ажратишни буюрди.

Айни пайтда ёнилғи билан таъминлаш тизимининг бошқа қисмлари ишламаяпти. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-октябрь ойларида табиий газ қазиб олиш 40,4 миллиард кубометрга етиб, бу 2019 йилнинг шу давридагига нисбатан 9,7 миллиардга камдир.

Аммо ҳукумат газ танқислиги юзага келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирмади.

Шунга қарамай, бу асосан шаҳар ва обод жойлар учун муаммо эди. Аммо аҳолининг бешдан уч қисми, тахминан 20 миллион киши қишлоқларда ва чекка ҳудудларда яшайди.

Усмонованинг қишлоғи Тўртоғайни ҳар доим ҳам газ тармоғидан узилиб қолмаган. Одамлар уйларига ёқилғи етказиб берилганига оид далилларни ҳали ҳам занглаган темир қувурлардан топиш мумкин. Бироқ ушбу инфратузилманинг аксарияти металлолом учун сотилган.

Янги мустақил бўлган ва нақд пулга муҳтож мамлакат ўз газининг катта қисмини Хитой, Россия ва Қозоғистонга 90-йилларнинг бошларида сотишни бошлади. Аҳоли эса ўз ҳолича ташлаб қўйилди. Кўмир унинг ўрнини босувчи эди.

2005 йилда марҳум президент Ислом Каримов барчани Тошкент ва Фарғона водийси ўртасида автомагистрал бўйлаб жойлашган Ангрен очиқ конидан арзон кўмир билан таъминлаш тўғрисида буйруқ чиқарган эди. Аммо бу ёқилғи қишлоқларга етиб боргунча нарх кўпчиликнинг имкони етмайдиган даражада ошиб кетарди.

Кўмирга пул сарфлаш керакми ёки йўқлигини ҳисоблаш баъзи асосий бухгалтерия ҳисобини талаб қилади. 50 килограмм қопдаги кўмирнинг нархи 120 минг сўм (12 доллар) атрофида туради. Бу одатий рўзғор учун уч-тўрт кунга етади. Беш ойга яқин давом этадиган иситиш мавсуми 500 доллар атрофида харажатларни келтириб чиқариши мумкин, бу ўзбек стандартларига кўра жуда катта миқдордир.

Бошқариладиган иқтисодиёт

Иситиш мавсуми бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистон расмийларини қийнаб келмоқда. Муаммони ҳал қилиш учун катта маблағ сарфланиши ҳамда кенг қамровли ва улкан ислоҳотлар талаб этилади. Аммо мутахассисларнинг айтишича, тез орада айрим ўзгаришлар амалга оширилиши мумкин.

Сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоевнинг таъкидлашича, газ бозорини либераллаштириш, ҳеч бўлмаганда, тармоқда бўлганлар учун ушбу муаммони енгиллаштиришнинг бир йўли бор.

“Агар бизда газ етишмаётган бўлса ва (давлатга қарашли) “Ўзбекнефтгаз” уни бошқара олмаса, у ҳолда баъзи бир хусусий компаниялар Туркманистондан олиб келинган газни етказиб беришлари ва уни бозор нархларида сотишлари керак”, деди у.

Расмийлар томонидан қабул қилинган позиция қатъий инкорга ўхшаб кўриниши мумкин.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб ва хонадонларга газ етказиб бериш учун масъул бўлган “Ўзтрансгаз” корхонаси ўзбекистонликлар ёқилғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланмоқда, деган фикрда. Ўтган йили корхона вакили Эркабой Алиев Ўзбекистондаги истеъмолни ғалати таққослади.

“Бошқа (яъни ривожланган) мамлакатларда битта фуқаро ўртача 90 кубометр газдан фойдаланса, Ўзбекистонда 400 кубометрга тўғри келади”, деди у журналистларга.

Eurasianet “Ўзтрансгаз” матбуот хизматидан бу кўрсаткич қандай ҳисобланганини сўраганда улар жавоб бера олмади.

Буларнинг барчаси Усмонова учун катта аҳамиятга эга эмас. У мамлакатда унинг уйини таъминлаш учун етарли газ йўқлигини билади, холос. Унинг қулайлиги – баҳоргача етиши керак бўлган омборда сақланадиган уч тонна тезак.

“Агар биз газ тармоғига улангудек бўлсак, мен қишга тезак тайёрлаш ташвишидан дарҳол халос бўламан, – деди у.  – Мен шунчаки барча гўнгимизни фермерларга далаларда ўғит сифатида фойдаланишлари учун бераман”.

Мақола оригинали Eurasianet  нашрида босилган. “Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
2 август 2016
Кўзбўямачиликнинг бу усули Тошкентда Мустақилликнинг 25 йиллиги олдидан қилинаётган хўжакўрсин амалиётларнинг бир қисми экани айтилмоқда. “Чинорларни чопишмоқда – арчаларни ...
20 май 2016
Фарғоналик М.исмли аёл 1-синфда ўқийдиган қизчасини мактабга жўнатдию, Халқ таълими вазирлигининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш учун қўлига телефон олди. ...
19 июл 2016
Россия империяси олиб борган ишғолчи урушлар натижасида Марказий Осиëдаги хонликларга оид улкан тупроқлар, ўша ерларда яшаган “туземец”лар билан бирга ...
24 апрел 2017
“Ялла” гуруҳининг собиқ солисти бўлган Наргиз Байхонова 24 апрел куни Тошкентнинг Чиғатой қабристонига дафн этилди. 70-80 йиллар ўзбек эстрадаси ...
Блоглар
11 апрел 2021
«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуэти ижро қилган зариф бир ...
8 апрел 2021
2010 йил 7 апрель куни ўз қарорлари билан озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун нарх-навони мислсиз ...
7 апрел 2021
Сезган бўлсангиз, расмий истеъмолга Каримов давридан қолиб кетган “маънавият ва маърифат” мафкураси қайтди. Қайтиши ҳам ...