Асосий мавзулар
16 ноябр 2021

Шавкат Мирзиёев фермерлар танқид қилган кластерларга яшил чироқ ëқди

Президент сайловида ғолиб чиққан Шавкат Мирзиëев 27 октябрь куни ўтказилган йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерларига янада кўпроқ имтиёзли кредитлар, давлат грантлари, мустақиллик ва бошқалар беришни ваъда қилди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадовнинг хабарномасида таъкидланди.

Унда айтилишича, кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади.

Кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади.

Матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади.

Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4−5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади.

Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади.

Кластерларга мол-мулк солиғини 3 йил кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

2022 йилдан бошлаб  ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.

Давлат очиқ танлов асосида барча кластерлар билан 30 йил муддатгача алоҳида шартнома тузади.

Кластерларга ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари каби масалаларни мустақил ҳал қилиш ва уларни тўсиқсиз импорт қилишга рухсат берилади.

Пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилади.

Кластер тизимидан норози фермерлар

Аммо Ўзбекистонда йиллар давомида анъанавий деҳқончилик форматида ишлаëтган фермерлар кластер тизимини танқид қилиб келишади.

«Элтуз» суҳбатлашган фермерлар эса ерга ўзлари хоҳлаган зироатни экиш ҳуқуқидан мосуво бўлганидан шикоят қилишади.

Шу билан бирга, фермерлар ўз ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилишини маъқуллашмайди.

Бу танқидларда Ўзбекистондаги кластерлар фаолиятида шаффофликнинг деярли йўқлигига эътибор қаратилади.

Чехиядаги Боҳемия университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Холназар Омоновнинг «Элтуз»га айтишича, кластерларда қўлланилаëтган юқори технология уларнинг давлат солиқ идоралари учун шаффофлигини таъминламоқда.

Шовотлик фермер Неъмат Эшжонов ўз чиқишларида кластерларни танқид қилиб келади. Матчонов ҳосилга минимал нарх белгилашда кластерларга ëн босилаëтганини танқид қилади.

Фермерлар танқидига жавоб берган иқтисодчи олим Омоновга кўра, ер хусусий мулк бўлмагани билан боғлиқ мавҳумлик саба фермерлар ўзлари фаолият юритаётган соҳа истиқболига пул сарфлашмаяпти:

“Мен қашқадарëлик фермерни биламан. У 20 йилдан бери фермерлик қилади, лекин битта трактор сотиб олмади. У ўз ерига экилган мош ва бедани ўйлайди, холос. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ëки ерга ишлов берадиган техникавий парк йўқ. У фақат мавсумий ëлланма ишчиларга пул бериб ишлатади. Ер учун олган минерал ўғитларни  ва ëқилғини қора бозорда сотиб юборади. Бу тизим боис суғориладиган ерлардан келадиган самара жуда камайди”.

Омонов минтақага хавф солаëтган қурғоқчилик ва сув танқислиги каби эҳтимолий таҳдидларга тайëр туриш учун қилинган тадбирлар мисолида ҳам фермерлардан кўра кластерчилар олдинда эканини таъкидлайди.

Омади чопган кластерчилар

Омоновнинг айтишича, Ўзбекистонда  деҳқончилик билан боғлиқ меҳнат бозори ва агросаноат соҳасида 4 йил олдин жорий қилинган кластер тизими мавжуд танқидларга қарамай ўзининг яшовчанлигини кўрсата олган ва, энг муҳими, пахтани қўлда теришга барҳам бериш мақсадида терим машиналари сотиб олинган.

“Тўрт йиллик натижа қандай? Илк натижа – кластерлар фермер хўжаликлари томонидан пахта хомашёсини етиштириш ва уни кейинчалик ўз қувватларида чуқур қайта ишлаш учун тўқимачилик корхонасига етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида ташкил этилди.

Иккинчи натижа – қишлоқ хўжалигига янги агротехнологиялар жорий этилди, кластерлар томонидан 1000 га яқин пахта терим машинаси сотиб олинди ва шу боис мажбурий меҳнат кампаниясига деярли чек қўйилди.

Учинчи натижа – 2017-2021 йилда соҳада доимий банд бўлганлар сони 2 баробардан кўпроқ ошди. Агар 2016 йилда соҳада 200 мингга яқин киши ишлаган бўлса, 2021 йилга келиб 400 минг кишига етди.

Тўртинчи натижа – Ўзбекистонда мода индустрияси шаклланишига замин яратилди. 2020 йилда қиймат 700 миллион доллар атрофида тайёр тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти қилинди, 2021 йилда бу кўрсаткични 1,5 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Бешинчи натижа- экспорт ҳажми ошди. Тўрт йил ичида экспорт 2,1 баробар ўсди: 2016 йилдаги 900 миллион доллардан 2020 йилда қарийб 2 миллиард долларгача. Экспорт салоҳияти ва Европа Иттифоқидан GSP мақомини олишга муваффақ бўлди, йилига қарийб 300 миллион долларлик маҳсулот кўпроқ экспорт қилиш имкони пайдо бўлди”, дейди профессор.

Фермерлар ва оддий аҳоли танқид қилаëтган кластер тизими яшовчанлиги унинг маъмурий ресурслардан таянч ва қудрат олгани ҳамда ҳукумат имтиëзлари билан боғлиқ эмасми?

Бу саволга жавоб берган Омонов колхоз тузумидан кейин Ўзбекистонда пайдо бўлган фермерлик тизими ўн йиллар давомида берилган имтиëзларга қарамай қолоқ соҳа бўлиб қолгани ва қишлоқ хўжалигига янги агротехнологиялар жорий қилинмай фақат пахта хомашëси сотадиган примитив бизнесдан нарига ўтмаганини таъкидлади.

“Ўзбекистон агросаноати постсовет меросининг ёввойи ўрмонидан глобал жараёнлар томон қадам ташлаши керак. Бу соҳада ислоҳот қилиш жамият учун айни муддао бугунги кунда. Ўзбекистонда илк бор 2017 йил февралида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида кластер тизимига старт берилган эди.

Ўзбекистон президентининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кластер тизимини жорий этиш таклиф этилган эди. Тўқимачилик кластерлари олдида маҳаллий хомашёни қайта ишловчи саноат занжирини ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни ошириш учун ҳудудларда ресурсларни сафарбар этиш вазифаси турди. Бу вазифанинг муҳимлигини соҳани ислоҳ қилиш зарурати белгилади.

Собиқ СССРдан Ўзбекистонга қашшоқлашув, тобелик ва мажбурий меҳнатга асосланган пахта сиёсати мерос қолган эди. Бу тутум ўзгаришини вазият тақозо қилди. Глобаллашув шароитида миллий бизнес маданияти жамият ривожида муҳим ўрин тутади.

Бизнес нафақат даромад олиш, балки илм – фан ривожи ёки маданият ва санъат юксалишига ҳам катта ҳисса қўшади ва миллий маданият тупроғидан озиқланган тақдирдагина кенг миқёсда рўй бериш имкониятига эга. Ўзбекистон ишбилармонлик маданиятининг асосий тенденцияси охирги йилларда шаклланиб бормоқда.

Тўқимачилик ва кийим-кечак сектори бугунги даврда ривожланаётган давлатлар учун энг глобаллашган тармоқлар ва ижтимоий муаммоларни, яъни ишсизликни бартараф этишнинг муҳим манбаи сифатида эътироф қилинган. Ҳақиқатан ҳам, пахта ва тўқимачилик саноати ўта муҳим иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар гуруҳига киради.

Иқтисодий ва ижтимоий вазиятнинг барқарорлиги учун устувор ислоҳот ҳисобланади, агар ушбу тармоқдаги ислоҳотларга қатъий ёндашилган бўлса, камида ўнлаб ёндош саноат ва савдо йўналишларни ривожланишига сабаб бўлади. Ҳозир энг орқада қолаётган қишлоқ хўжалигини ўзгартирмасдан туриб ижтимойи ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди.

Албатта, тушуниш керакки, иқтисодий ислоҳот яқин йилларда анча муваффақиятли амалга оширилган тақдирда ҳам унинг ижтимойи натижаси муҳим ҳисобланди, яъни бандлик ва иш ўринларини яратиш бугун ушбу тармоқ зиммасида катта масъулият юклайди.

Масалан, саноатда битта ускуна битта иш ўрни яратиши мумкин, лекин кластер тизими ўнлаб иш ўрни яратишига тўғри келади Бу тармоқ тирикчилик манбаи бўлган кўплаб қишлоқ ишчиларнинг ижтимоий шароитларига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон учун пахта ва тўқимачилик саноати мавжудлиги, ҳеч шубҳасиз, муҳимдир.

Бу одатда ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун локомотив вазифани бажариб беради. Иш ўринлари яратиш, айниқса, илгари ҳеч қандай даромадга эга бўлмаган қишлоқ аёллари учун даромад олиш имконияти ҳисобланади.

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида тўқимачилик ва пахта саноатига етарлича эътибор берилмаган. Рақобат, ер-ҳуқуқий муносабатлари, ишни ташкил этишнинг илғор усуллари, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш йўқ эди. Пахтани қайта ишлаш тизими ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш заиф бўғин сифатида қолмоқда эди. Саноат эса бугун ислоҳотларга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож”, дейди олим.

Ўзбекистонда пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилда  бошланган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 октябр 2018
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Россия ҳарбий разведкасининг 206 нафар штатсиз жангариси рўйхатини очиқлади. Улар «Вагнер» дея аталмиш гуруҳ аъзолари ...
23 май 2023
Cалом қадрли мухлислар Элтуз порталига келган навбатдаги бешта хатни ўқиймиз. Улар Ташкент, Қашқадарё ва Cамарқанд вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят ...
20 октябр 2022
Муҳбир: Солиҳ ака. Бугунги суҳбатимизда оилангиз ҳақида гаплашсак. Яъни Мадаминбек оиласида туғилган фарзандлар ҳақида. Сиз тўнғич ўғилсиз.Муҳаммад Солиҳ: Мен ...
16 июн 2017
Мардикорлар касаба уюшмасини ташкил қилишга уринган фаол Нураддин Жуманиёзовнинг 2016 йилнинг 31 декабр куни 68 ёшида қамоқхонада вафот қилгани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...