UzPoster
10 январ 2022

Ўзбекистонга дарча очилди, лекин унинг қайта ёпилмаслигига кафолат йўқ

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзова узоқ йиллик ҳижратдан сўнг ватанига қилган сафари ва янги воқеликлардан олган таассуротлари ҳақида

Ўзбекистонда 2016 йилдаги ҳокимият алмашинувидан сўнг бошланган очиқлик ва либераллаштириш сиёсати сиёсий эмигрантларда ҳеч бўлмаганда қисқа муддатга ватанга қайтиб бориш умидини алангалатмай қолмади. Уларнинг баъзилари таваккал қилди ва кейин чегарадан ҳеч қандай муаммосиз ўтгани, борган жойида осон рўйхатга қўйилгани, куч ишлатар тузилмалар уларга яққол эътибор қаратмаганини ажабланиб гапириб юрди. Уларнинг ҳикоялари бошқаларда ҳам некбинлик уйғотди ва Ўзбекистонга йўл олган диссидентлар ва сиёсий қочқинлар сони аста-секин ўса бошлади. 

2021 йилнинг декабрь ойи бошларида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзова ҳам Тошкентда бўлди. У Тоштурмада тўрт ой ҳибсда ўтиргани ўтиргани ва саккиз ойлик синов муддати ортидан узоқ 2008 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган эди. 

2006 йил декабрда Ниёзова қирғиз-ўзбек чегарасини кесиб ўтаётганида ноутбуги текширилганидан сўнг ушланганди. Ноутбугида Андижон воқеалари ҳақидаги материаллар бор эди. У пайтда Умида “Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти билан ҳамкорлик қиларди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг марказининг зудлик билан чақирилган эксперти ноутбукда Ўзбекистоннинг констициявий тузумини ағдариб ташлашга чақириш руҳидаги, шунингдек, диний-экстремистик характердаги материаллар борлигини маълум қилди. Умида Ниёзова тўққиз соат давомида сўроқ қилингандан сўнг ноутбуги ва паспорти олиб қўйилиб, ҳеч қаерга чиқиб кетмаслик ва тергов билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида тилхат олиниб, қўйиб юборилди. 

Чегарадаги бу воқеа қандай оқибатларга олиб келишини англаб етган Умида Қирғизистонга ўтиб яширинишга қарор қилди. Аммо кўп ўтмасдан адвокат қўнғироқ қилиб, унга нисбатан тергов тугатилгани, ҳеч қандай хатар йўқлиги ва у Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини хабар қилди. Адвокатга ишонган Умида уйга қайтиш чоғида 22 январь куни Қирғизистон билан чегара яқинида қўлга олинди. Маълум бўлишича, 6 январь куни Ниёзовага нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва уни алдов йўли билан Ўзбекистонга чақиришган экан. 

Умидага Ўзбекистон Жиноят кодексининг учта моддаси – контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, хавфсизлик ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборот тарқатиш бўйича айблов эълон қилинди. Суд жараёни ёпиқ ўтди ва бор-йўғи икки кун давом этди. Ниёзова умумий тартибдаги колонияда жазо муддатини ўташ шарти билан етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Халқаро тузилмалар аралашуви билан журналист тўрт ойдан сўнг озодликка чиқди. 

— Синов муддати давомида мен ойига бир марта туман ИИБга бориб, навбатда туришим ва сўнгги ой давомида нима билан шуғулланганим ва ҳеч қандай жиноят содир этмаганим ҳақида тушунтириш хати ёзишим керак эди. Бу жуда оғир ва таҳқирли эди. Бу давр ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларга қарши қатағонлар авжига чиққан депрессив вақтлар эди. Менда мамлакатдан чиқиб кетишдан бошқа танлов қолмаганди ва мен чиқиб кетдим, — дейди Умида Ниёзова “Фергана”га берган интервьюсида. 

Фарзандини олиб, Умида Германияга учиб кетди. Биринчи йили ҲРУнинг Берлиндаги идорасида ишлади ва кейин Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (ҳозирги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми)ни ташкил этди. Ташкилотнинг асосий вазифаси пахта секторида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш эди. Форум ўз фаолиятини ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш чақириғи билан бошлади. Бу Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан воз кечишга мажбурлашнинг ягона имконияти сифатида кўринганди. Шундан сўнг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича ўн бир йил мониторинг олиб борилди. Уларнинг натижалари асосида ташкилот ходимлари кўплаб ҳисоботлар тайёрлади. 

Тошкентдаги қариндошлари билан Умида телефон ва мессенжерлар орқали алоқа қилиб турди. Уч йилда бир марта Берлинга онаси келиб кетарди. 

— Одатда ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳақда гапирмайди, аммо масаланинг инсоний жиҳатлари бор ҳар доим: киши қариндошлари, ака-укалари, сингилларини қучгиси келади, режим алмашгани учун эмас, ўз уйига қайтишни, яқинларини кўришни истагани учун юртига боргиси келади, — дея тушунтиради Умида Ниёзова.

Суратда: Cotton Campaign катта координатори Аллисон Гил ва Uzbek Forum инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Умида Ниёзова

Сиз уйга қайтиш мумкинлигини қачон ҳис қилдингиз? 

— Икки йил аввал Женевада Ўзбекистон меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов билан учрашдим. У мен пахта секторидаги мажбурий меҳнатга оид ишларимиз хусусида бемалол гаплашган илк ўзбек амалдори эди. Бу мен учун вазият ўзгарганини англатган ўзига хос аломат бўлди. Чунки менда таққослаш учун асослар бор эди. Ўзбекистонда мавжуд бўлган оғир даҳмазалардан сўнг сен кутилмаганда ўзбек амалдори билан гаплашасан, унга нега ишлаётганинг, қандай муаммоларни кўраётганингни айтасан ҳамда  инсоний жавоб ва ҳамкорлик тўғрисида таклиф оласан. 

Ўшандан кейин биз ишимизга алоқадор ўзбек амалдорлари билан муносабатлар қуришни бошладик. Икки йилдан сўнг эса Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси таклифига кўра мен ва Cotton Campaign (пахта етиштиришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этишни мақсад қилган инсон ҳуқуқлари бўйича ННТлар, бизнес ва инвестиция компанияларининг халқаро коалицияси – “Фергана” изоҳи)даги ҳамкасбларим пахта секторини янада ислоҳ қилиш масаласида кўплаб амалдорлар билан учрашиш учун Ўзбекистонга келишга муваффақ бўлдик. 

Сизни шахсан таклиф этишдими ёки делегация аъзолари рўйхатига кириш учун ўзингиз ҳаракат қилдингизми?

— Мени Cotton Campaignдаги ҳамкасбим таклиф этди. Ўзбекистон томонидан жавобни бир ой кутдик. Менга айтишларича, қандайдир номаълум “тўсиқлар” бўлган. Аммо кейин Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасига бориш ва виза олишим мумкинлиги тўғрисида тасдиқ келди. 

Яъни сиз Ўзбекистон эмас, Германия фуқароси сифатида боргансиз…

— Мендан Ўзбекистон фуқаролигини 2014 йилда олиб қўйишган. Мен буни 2017 йилдагина билдим. Агар хабарингиз бўлса, президент Ислом Каримов минглаб фаоллар, журналистлар ва диссидентларни бирваркайига фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисида фармон чиқарган. Улар қаторида мен ҳам бор эдим. Биз фармоннинг ўзини кўрмаганмиз, аммо айтишларича, рўйхат жуда катта бўлган. Муайян муддат мен фуқаролиги йўқ шахс мақомида эдим, кейин Германия фуқаролигини олдим. 

Хўп, сиз Тошкентга учиб келдингиз ва узоқ йиллик ҳижратдан сўнг ўзбек тупроғига қадам қўйдингиз. Илк таассуротлар қандай эди? 

— Биринчидан, мен барибир сал-пал ҳаяжонландим – паспорт назоратидан қандай ўтаман, мени ушлаб қолишмайдими, шу самолёт билан яна Истанбулга қайтариб юборишмайдими, деб ўйладим. Қачонки ҳамма жараёнлардан жуда тез ва бемалол ўтганимдан сўнг кўнглим жойига тушди. 

Тошкент менда қандайдир кучли таассурот қолдирди, деб айта олмайман. Чунки шаҳар менга сал бегонароқ туюлди. Бироқ уйимга олиб бориб қўйишгач, мен 13 йилдан буён кўрмаган кўп сонли жиянларим келишди. Ўша пайтлар улар ёш-ёш қизлар эди. Ҳозир эса ҳаммаси турмуш қурган, ҳар бирида бир нечтадан фарзанд бор. Улар мен билан боғлиқ қандайдир хотираларни эслашади. Масалан: “Мен мактабни тугатганимда сартарошга олиб боргансиз, сочимни чиройли турмаклатгансиз, мен эслайман”, дейди. Менинг эса эсимда йўқ. 

Мен шундай меҳр денгизига тушдимки, уни жисман ҳис қилдим. Бундай туйғуни – яқинларим ва қариндошларим меҳрини кўпдан буён туймаган эдим. Буларнинг барчаси, албатта, катта ҳис-ҳаяжон уйғонишига сабаб бўлди. 

Сизнингча, Ўзбекистон аҳолиси аввалгига нисбатан қанчалик ўзгарибди? 

— Зоҳиран деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Аммо афсуски, мен кўпроқ юриш ва кўриш имконига эга бўлмадим. Учрашувлар ортидан учрашувлар бўлди. Шунинг учун вазиятни тўлиқ кузатиш имконияти бўлди, дея олмайман.

Лекин қўрқув камайганини кўрдим. Масалан, мен билан учрашувга фаоллар, блогерлар, турли туман ва вилоятлардан ўз муаммоларини айтишни истаган фермерлар келди. Илгари бу нарса йўқ эди. 

Улар келганингиздан қандай хабар топди? Уларга ўзларингиз хабар қилдингизми ёки маҳаллий ҳокимият органлари халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари келганини қандайдир йўллар билан айтишдими? Бу хаёлга сиғмайдиган туюлиши мумкин, лекин нималар содир бўлмайди дейсиз? 

— Ҳар хил. Ким биландир учрашиш учун ўзим ёзиб хабар бердим, бошқалар учрашув эҳтимолини ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда муҳокама қилди. 

Аммо, биласизми, Ўзбекистонга кела олганим ва одамларда қўрқув камлиги, албатта, яхши. Бироқ менда бу ўзгаришлар ишончсизлиги туйғуси ҳар доим бор. Ҳатто ҳозир ҳам, амалдорлар билан ҳеч қандай муаммосиз ва муваффақиятли учрашувлар ва вақтимни ажойиб ўтказишимга қарамай, яна дарча ёпилмаслиги ва бу ерга бемалол яна келишим мумкинлигига ишончим йўқ. Ўзбекистон очилишда давом этиши, ҳеч қандай қатағонлар бўлмаслиги, сўз эркинлиги ривожланишига ишонч йўқ. Ўзбекистон ҳамон аросатдадек, қаерга юришни билмаётгандек туюлади менга. Либераллаштириш йўли танланишига кафолат ҳам йўқ. 

Нега бундай туйғу пайдо бўлди? Амалдорлар билан мулоқотлардан ислоҳотлар заифлиги тўғрисида таассурот пайдо бўлдими? Ёки балки барча ўзгаришлар юқоридан мажбуран қабул қилдирилаётгандек, жойларда эса одамлар бунга тайёр эмасдек, шунинг учун вазият исталган вақтда тескари кетиши мумкиндек кўриндими? 

— Мени сюрреализм туйғуси умуман тарк этмади: худди бу хаёлда юз бераётгандек, худди ҳаммаси ғалатидек туюлаверди. Мендаги ишончсизлик туйғуси эса…

Масалан, мен билан учрашишни хоҳлаган икки киши бунга қаршилик қилишганини айтди. Битта фермерга ИИБнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлимидан қўнғироқ қилишиб, биз билан учрашиш учун Тошкентга бормасликни талаб қилишган. Бизнинг бошқа бир ҳамкасб фаолимизга Давлат хавфсизлик хизматидан қўнғироқ қилишиб, ундан ҳам бормаслик талаб қилинган. Бу ҳолатлар ҳали қувонишга эрта эканини кўрсатувчи яққол аломатлардир. Ҳаммаси аввалгидек бўлишини истайдиган, назорат қиладиган муайян тузилмалар, муайян кишилар ҳали ҳам бор. 

Биз билан учрашган амалдорлар – асосан, технократлар, Ғарб институтларида ўқиганлар. Улар бемалол гаплашиши мумкин, бирор ортиқча гап айтиб қўйишдан қўрқмайди, жуда прогрессив, либерал одамлар. Бу ҳам янги замон кўрсаткичидир. Аммо бундай прогрессив кишилар мамлакат раҳбариятида эски мактаб кадрларига қараганда анча кам, деб ўйлайман. 

Яна бир муҳим омил – ҳақиқатда демократик институтлар ҳали ҳам йўқ. Авторитар тузумнинг моҳияти сақланиб турибди. Президент ҳокимиятни парламент, мустақил суд ва фуқаролик жамияти билан бўлишишга тайёрми – буниси ҳозирча тушунарсиз. Ўзбекистонда демократик жамиятнинг бу асосий унсурлари умуман йўқ, барчаси бир кишининг, айтиш жоиз, нисбатан камроқ золим президентнинг қўлида жамланган. Аслида бундай механик бошқарув жуда самарасиздир. 

Сиз фақат Тошкентда бўлдингизми? 

— Тошкент ва Тошкент вилоятида. Биз ишимизга алоқадор идоралар – Меҳнат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат”, Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, “Ўзипаксаноат” уюшмаси вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказдик. “Ўзипаксаноат” биз шуғулланиш ниятимиз бўлган тармоқни назорат қилади. Чунки ипак қурти боқиш кўп йиллар давомида фермерлар учун мажбурий бўлиб келди. 2017 йилда биз бу ҳақда “Фермерлар учун ипак дор” деган каттагина ҳисобот чиқарганмиз. Ҳозир бу тармоқ ҳам ўзгаряпти, хусусийлаштириляпти ва биз бу йўналишда ишлашни давом эттирамиз. 

Бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар ва фермерлар билан чой устида суҳбат

Нима сизда алоҳида таассурот қолдирди? 

— Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида томчилаб суғоришни йўлга қўйган пахта-тўқимачилик кластерида бўлдим. Илгари Ўзбекистонда бундай технология бўлмаган. Сув тақчиллиги – жуда катта муаммо. Аммо одатда унга кўп эътибор қаратилмайди. Кластер раҳбарияти Исроилдан мутахассис олиб келган. Энди, ўзларининг айтишича, 50 фоиз сув тежалмоқда. Биз бу резервуарни, ишлар қандай бошқарилаётганини кўрдик. Бу жуда ажойиб ҳиссиётларни уйғотади. Бу жуда муҳим ва керак технология. 

Пахта-тўқимачилик кластерларининг ўзи ҳақида, улар Ўзбекистонда қандай йўл билан ташкил этилаётгани ҳақида нима дея оласиз? Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, хўжалик ва корхона юқоридан келган буйруқ асосида эмас, ихтиёрий равишда бирлашиши керак.

— Икки турдаги кластерлар бор. Биринчиси, тўқимачилик корхонаси давлатдан ерни ўзи ижарага олади, ўзи пахта экади, ўзи уни калава ипга айлантиради, ўрайди, кийим тикади ва ўзи сотади. Шундай ёпиқ циклда ишлайди. Жараённинг барча иштирокчилари, жумладан, пахта экадиган фермер ёки деҳқон кластер ишчиси ҳисобланади ва унинг назоратида бўлади. 

Бизга айтишларича, Ўзбекистонда бундай кластерлар кам, улар бир йилда йиғиб олинадиган пахтанинг тахминан 15-18 фоизини етиштиради. Бошқа кластерлар ҳақиқатан ҳам ғалати тизимда ишлайди. Уларда фермерлар тўқимачилик корхоналарига боғланиб қолган ва улар учун корхоналар ва маҳаллий ҳокимликлар истаган ҳажмда пахта етиштириб беришга мажбур. Бу эса маҳаллий ҳокимликлар фермер қанча ерга қанча пахта ёки ғалла ўстиришини белгилаб берадиган эски тизимнинг касаллигидир. Улар ернинг ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, фермер қанча ҳосил топширишини режа қилиб беради. Фермерда деярли ҳеч қандай танлов йўқ: у пахта экишни хоҳлайдими-йўқми – аҳамиятсиз, у пахта етиштириши шарт.

Яна бир масала – нарх белгилаш. Кластерлар ёки Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тимсолида давлат фермерлардан сотиб олинадиган маҳсулотнинг минимал нархини белгилайди. Фермерларнинг ўзи нарх белгилашда иштирок этмайди. Харид нархи уларни қониқтирмаслиги мумкин, лекин улар айнан шу нархда сотишга мажбур. 

Аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, ҳозир бу масалани муҳокама қилиш ва ҳал этишга уриниб кўриш мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва бошқа амалдорлар билан мулоқотлар менда жуда яхши таассурот қолдирди. Мен тўқимачилик корхоналари ва фермерлар бир даврада ўтириб, ўз муаммоларини борича муҳокама этиши учун конференцияга ўхшаган бирорта тадбир ташкил этиш таклифини бердим. Менимча, шундай анжуман етишмаяпти. Агар бундай тадбир ташкил этилса, бу барча учун фойдали бўлади. 

Мен таъкидламоқчи бўлган ижобий жиҳат шуки, ҳозир нафақат мониторинг ўтказиш, ҳисобот ёзиш ва муаммони кўтариш, балки ушбу сектор раҳбарлари билан гаплашиш, улар билан масалаларни муҳокама қилиш ва биргаликда ҳал этишга уриниб кўриш ҳам мумкин. 

Мен коррупция ва қийноқлар, суд ислоҳоти каби бошқа соҳаларда ҳам шундай, дея олмайман. Мен фақат ўзимиз ишлаётган соҳадаги вазият ҳақида гапира оламан – бу ерда ижобий ўзгаришларни кўряпман. 

Сиз Cotton Campaign таркибида 2021 йил мавсумини хулосалаш учун бордингизми? 

— Асосан, шундай – мониторингимиз натижалари ҳақида айтиш ва ҳукумат билан аграр секторни ислоҳ қилиш сиёсатини давом эттиришни муҳокама қилиш учун. Чунки теримчиларнинг мажбурий меҳнати Ўзбекистон пахта секторидаги ягона муаммо эмас. Фермер ва кластерлар ўртасидаги нотенг муносабатлар, фермер хўжалиги ерларини мусодара қилиш муаммоси мавзулари бор. Биз бу масалаларнинг барчасини муҳокама қилдик ва, умид қиламанки, муҳокамаларни давом эттирамиз. Мен эшиклар ёпилмаслигига ҳам умид қиламан. Агар мулоқотни давом эттирсак, бу фақат халқ учун фойда бўлади.

2021 йилда оммавий мажбурий меҳнат ҳақида деярли эшитилмади. Яъни бу муаммо ҳал этилганини билдирадими? 

Ҳа, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда оммавий тизимли мажбурий меҳнат барҳам топди. 2021 йилда бундай ҳолатлар бўлмади. Мен ўзим учрашган деярли барча ҳуқуқ ҳимяочилари, масалан, Елена Урлаева каби энг муросасизларидан ҳам бу ҳақда сўрадим ва барчаси мажбурлаш ҳолатлари бўлмаганини тасдиқлади.

Бунча кўп, айтайлик, 2011 йилдаги каби ҳажмдаги пахтани оммавий мажбурий меҳнатсиз териб олишга қандай қилиб эришилди экан? 

— Мана, мумкин экан.

Ижтимоий тармоқларда сиёсий қочқинлар ва тузум танқидчиларининг Ўзбекистонга келиши танқидий баҳоланган изоҳ ва фикрларни кўрдим. Ватанга қайтиш имконияти берилгани учун улардан гўёки ҳукуматга содиқ бўлиш ва уни танқид қилишни тўхтатиш сўралар эмиш. Сиз бу фикрларга нима деб жавоб берасиз? 

— Тузум танқидчилари худди уни танқид қилмайдиганлар каби Ўзбекистонга келиш ҳамда яқинлари ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Уларнинг ҳам оиласи, яхши кўрган инсонлари бор. Мен адабий қурбон бўлиш ҳақида онт ичмаганман, деб кўп айтаман. Мен ўз мамлакатимни, ўз яқинларим ва қариндошларимни кўриш учун Ўзбекистонга келдим. Бу – масаланинг бир жиҳати. 

Масаланинг бошқа жиҳати – танқидчилар Ўзбекистонга келиб, танқид қилишни тўхтатадилар, деганларга келсак, ўзим ҳақимда айтишим мумкин: олдин қандай ишлаган бўлсак, шундай ишлашни давом эттирамиз. Фақат шарт-шароитлар ўзгарди ва буни тан олиш керак. Илгари амалдорлар билан учрашиш ва гаплашиш имконияти йўқ эди, ҳозир эса бор ва бундан фойдаланиш керак. Балки эртага бундай имконият яна йўқолар. 

Дилдора Аҳмаджонова

Тағин ўқинг
3 январ 2020
Ёзувчи Набижон Боқий ошкоралик сиёсати шарофати билан 80 йилларда Ўзбекистондаги КГБ архивларига киришга муваффақ бўлган эди. Айни ҳужжатлар асосида ...
23 январ 2017
Президент «пуф» дегандан кейин тадбиркорлар ва ишбилармонлар газетаси бўлмиш «XXI аср»га (19.01) жон кираётгандек бўлди. Ҳа йўқ, бе йўқ, ...
11 июн 2018
Яқинда ОАВ вакиллари билан учрашган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўзининг зўравонлиги билан ...
21 декабр 2021
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 10 килограммгача озган амалдорларга 5 млн. сўм мукофот пули беришини эълон қилибди. Халқ ризқидан ...
Блоглар
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...