Асосий мавзулар
13 июн 2022

Ўзбекистонда журналистларга муносабатда совет мероси сақланиб қолмоқда

Хавфсизлик хизматлари журналистларга баъзи мавзулардан қочиш ва айрим хабарларни ўчиртириш учун таҳдид қилади, қўрқитади ва босим ўтказади.

Бу мақола The Diplomat нашрининг Давлат хавфсизлик хизматининг ўзбекистонлик журналистларга нисбатан кучайтирган қатағонларига оид суриштирувига асосланган.

Толиб Раҳматов 2019 йилда “Шум бола” кафесига Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) вакили билан илк учрашувга чақирилганида маҳаллий оммабоп “Кун.ўз” медиаплатформаси мухбири эди. Зукко, ўрта ёшли Раҳматов кафени шундай учрашувлар ўтказиладиган машъум жой, деб ўйларди.

Раҳматовнинг сўзларига кўра, улар шунчаки уни яхшироқ билишни хоҳлашларини айтишган. “Кун.ўз”даги фаолияти давомида у билан ДХХ ходимлари беш марта боғланган. Ҳар сафар зобитлар уни қўрқитишга уринаётганини ҳис қилган.

“Улар билвосита таҳдид қилмоқда, – дейди журналист. – Улар: “Сиз ўғлингиз ёки қизингиз бир кун келиб ногирон бўлиб қолишини, кўчадан ўтаётганга уларга бирор нарса бўлишини хоҳламайсиз”, деб айтарди”.

Раҳматовнинг ДХХ билан бу тажрибаси шу йилнинг март ойидан июнигача Ўзбекистонда менга интервью берган 35 дан ортиқ журналист, блогер, ҳуқуқ фаоли ва оммавий ахборот воситалари кузатувчилари айтган тажрибаларга ўхшаш эди.

Ўзбекистон ҳукумати мени америкалик журналист ва Фулбрайт стипендияси соҳиби сифатида қабул қилди. Бу грант АҚШ Давлат департаменти томонидан коррупция ва ҳукумат суиистеъмолликлари ҳақида ёзаётган журналистлар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш учун берилади. Илгари мен саккизда постсовет давлатда матбуот эркинлигига тўсиқлар борасида 100 га яқин журналистдан интервью олганман.

Собиқ президент Ислом Каримовнинг 26 йиллик репрессив режими даврида журналистлар қамоққа ташланган ва қийноққа солинган. 2016 йил охирида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келгач, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинроқ бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ОАВ кузатувчиларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда 10 та блогер қамоқда, бироқ расмий рўйхатдан ўтган бирорта журналист панжара ортида ўтиргани йўқ.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам кўнгилочар янгиликлар ҳукмрон бўлган ва ҳукумат цензураси ўта хавфли деб ҳисобланган ёзувларни ўчириб ташлайдиган совет даври матбуотини эслатади. Кўплаб журналистлар ҳукуматга тегишли ва назорати остидаги телевидение, радио, газета ва веб сайтларда ишлайди. Яна бир қисми, шунингдек, айрим блогерлар турли давлат ташкилотлари матбуот хизматида фаолият юритади. Ҳатто мустақил оммавий ахборот воситалари ҳам норасмий реклама учун давлат ташкилотларидан пул олади.

Мамлакатда журналист этикаси яхши шаклланмаган, манфаатлар тўқнашувини тушуниш чекланган. Оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари ва эгалари воқеалар ҳақида хабар беришнинг турли усулларини яхши билмайди. Аксарияти янгиликлар таҳлилини ёки суриштирув ҳисоботини тушунмайди ёки қадрламайди. Журналистика таълими жуда оддий. Бўлажак талабалар совет даврида ўқиганлардан сабоқ олади.

Ҳукуматнинг “қизил чизиғи”ни босиб ўтаётганлар эса ўқимаган блогерлардир. Аммо айрим ҳолатларни ёритиш учун пул оладиган бу блогерлар ОАВ тўғрисидаги қонунлар билан ҳимояланмаган.

Мустақил журналистлар бирлашадиган ва журналистлар гуруҳлари ўз ҳуқуқлари учун кескин курашадиган Беларус ва бошқа репрессив постсовет давлатлардагидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда журналистлар унчалик коллегиал эмас. Кўпчилик бир-бирини ва уларнинг вакили бўлиши керак бўлган уюшмани очиқ танқид қилади ва шубҳаланади.

Ўзбекистонлик аксарият журналистлар қўрқув билан энг кўп тилга оладиган ташкилотлардан бири Давлат хавфсизлик хизматидир. ДХХ журналистларга таҳдид қилади, тазйиқ ўтказади, ёзувларни ўчиришни буюради, ҳукумат ичидаги юқори коррупция, бой тадбиркорлар фаолиятига оид мавзуларни ёритишни тўхтатишни талаб қилади. Қайта-қайта мурожаатларга қарамай, ДХХ вакиллари мен билан учрашишдан бош тортди.

Бундай таҳдид ва қўрқитишлар журналистларни коррупция, ислоҳотларни амалга ошириш учун янги сайланган президент билиши керак бўлган муаммолар ҳақида ёзишдан тўхтатади. Натижада қўрқоқ ва ўз-ўзини цензура қиладиган оммавий ахборот воситалари, гапиришдан қўрқадиган аҳоли ва эркин матбуот фасади ортида аслида тарғибот билан шуғулланадиган давлат кўз олдингизга гавдаланади.

“Биз давлат одамларининг талабларидан касалмиз, – деди Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти бўлмиш “Эзгулик” раиси Абдураҳмон Ташанов. – Даволаш шундай қаттиқлашиб бораверса, Шимолий Кореядагига ўхшаб одамларимиз қўрқоқ ва ҳокимият итоаткорларига айланади”.

Мен хоҳлаган нарсасини ёза олиши ва ДХХ безовта қилмаслиги мумкинлигини айтган фақат битта журналистни топдим. Бунинг сири нимада эканини сўраганимда: “2015 йилда ДХХ акамни ўлдирган, яқинларимдан саккиз нафари қамоққа тушган. Энди эса мени ёлғиз қолдир”, деди у.

Журналистларнинг таъкидлашича, ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган президент сайлови, Қозоғистонда январдаги намойишлар ва февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши каби воқеалар фонида ДХХнинг ОАВга босими кучайган.

“ОАВ эркинлиги ҳақиқатан ҳам кескин пасайиб кетди, – деди “Америка овози” мухбири, 20 йилдан ортиқ Марказий Осиё ҳаётини ёритиб келаётган Навбаҳор Имомова. – Ўзбекистон 10 қадам орқага қайтди, дея оламан. Хавфсизлик хизматлари анча мустаҳкамланди”.

“Кун.ўз” сайтидаги муаммолар

Толиб Раҳматов Назарбек қўрғонида вазир ўринбосарининг укасига тегишли қурилиш ширкатининг ерни ўзлаштириб олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ҳақида мақолалар ёзган. Сайт эгаси Умид Шермуҳаммедовни бундай хабарлар тарқатишни тўхтатиш шартлиги тўғрисида огоҳлантиришган.

Ширкатга оид ишни кўриб чиқиш Олий судгача етиб борган. Раҳматов суд қарори ҳақида ҳам мақола ёзган.

“Мен бу ҳақда ёзиш хавфсиз деб ўйладим, – деди Раҳматов. – Биз одатда иш мантиқий хулосага келгандан кейин бу ҳақда нимадир ёзамиз, деган тамойилга амал қиламиз. Олий суд қарори якуний натижа бўлди”.

Мақола эълон қилинганидан тўрт соат ўтгач, у ўчирилди. Эртаси куни, 31 январда эса Раҳматов ишсиз эди. Унинг фикрича, ҳукуматдаги кимдир Шермуҳаммедовга босим ўтказган.

“Мен ҳайратда қолдим, чунки илгари Умид анча эркин ва очиқ эди. У доимо журналистикада мард бўлишга ғайратлантирарди, — деди Раҳматов.  – Мен жуда хафа бўлдим”.

Шермуҳаммедов интервью олиш ҳақидаги қайта-қайта сўровларга жавоб бермади.

Орадан бир ой ўтиб, “Кун.ўз” ва бошқа маҳаллий ОАВлар Украина урушини ёритгани учун ДХХнинг танқиди остида қолди.

“Урушнинг ҳар икки томони ҳақида ҳам маълумот беришга ҳаракат қилдик, – деб тушунтирди “Кун.ўз” муҳаррири Дилшод Абдуқодиров орадан уч ҳафта ўтиб берган интервьюсида. – Ҳукумат биз нейтралроқ позицияни эгаллашимиз кераклигини айтди”.

26 февраль куни Абдуқодиров ва Шермуҳаммедов Украина ҳақидаги мақолалар учун ДХХга чақиртирилгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, Абдуқодиров буни рад этди. Шермуҳаммедов учрашув ҳақида ҳатто ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ҳам хабар қолдирган, уни ўнлаб мухбирлар кўрган. Кейинроқ у постни ўчириб ташлади.

Абдуқодиров Шермуҳаммедов билан бўлган воқеа юзасидан саволларга жавоб қайтаришга ваъда берди. Ниҳоят, икки ой давомида кўплаб телеграм ва электрон почта алмашинувларидан сўнг Абдуқодиров “Умид бу мавзуда гапиришни истамаслиги”ни ёзди.

Раҳматов бундан ажабланмади. “Баъзи нарсаларни инкор этиш одатий ҳол, – деди у. – Улар рад этишлари, ҳамма нарса яхши эканини айтишлари керак. 2018 йилда ҳукумат бизни офлайн режимга ўтказилиб, сайтимиз 11 кунга тўсиб қўйилганида, биз жамоатчиликка бу техник муаммо эканини билдиргандик. Аслида у тўсилган эди”.

Февраль ойи охиридан бери “Кун.ўз” ҳам бошқа мустақил ОАВлар сингари телеграмдаги каналида уруш ҳақидаги тажовузкор материаллар жойлаштирмоқда. Сайтида эса нейтраллик ва Кремль тарғиботи ўртасида чайқалиш бор.

Дилшод Саиджонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги – ҳукуматнинг ОАВ мониторинги бўйича идораси директорининг биринчи ўринбосари. Унинг айтишича, вазият “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти назарига ҳам тушган бўлса-да, “Кун.ўз”га Украина ҳақидаги хабарларни ўчириш ва ўзгартириш учун ДХХ босим ўтказганидан бехабар. Ўзбекистон яқинда ЧБМнинг сўнгги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида ўзининг рейтинги билан мақтанади: 180 мамлакат ичида 133-ўрин.

“Кун.ўз” ва “Газета.ўз” жуда кучли оммавий ахборот воситалари, нега улар материални ўчиришга муҳтож бўладилар?” Унинг сўзларига кўра, шахсан бу сайтлар муҳаррирларини уруш ҳақидаги ҳикояларда “мувозанатга” ундаган. “Чунки биз дўстмиз, – деди у. – Биз бирга футбол ўйнаймиз”.

Саиджонов бирорта журналистга ДХХ томонидан босим ўтказилаётганидан хабари йўқлигини айтди. “Ҳа, менга журналистлар қўнғироқ қилишди, улар бу ҳақиқий вазият эканини айтишди, лекин улар бўрттириб юборишяптими, билмадим”, деди у.

Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби, ҳозир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси раҳбари Комил Алламжонов “Кун.ўз” воқеасидан хабардорлигини ва Шермуҳаммедовнинг фейсбукдаги постини кўрганини айтди.

“Айрим хизматларнинг айрим ходимларида журналистлар билан ишлашда нафислик ва тегишли малака етишмайди, – дейди Алламжонов. – Шундай экан, Умид ва Дилшод шундай тактика ва услубга дуч келган бўлса керак”.

У қўшимча қилди: “Хавфсизлик хизматлари ходимларининг кўпчилиги совет давридан қолган эски анъаналарга эга одамлардир. Улар бу қўпол эски усулларни мерос қилиб олган”.

Алламжонов журналистика энг хавфли касблардан бири, деб ҳисоблайди. Аммо, унинг айтишича, Ўзбекистон журналистлари адолатга иштиёқли, мард ва жасур бўлиши ва “бу қора кучлар”га қарши курашиши керак.

“Ҳеч ким, – деди у, – сизларга оммавий ахборот воситалари эркинлигини совға қилмайди”.

Алламжонов ўз лавозимида улкан қудратга эга. Унинг ўринбосари президентнинг қизи Саида Мирзиёевадир. Алламжонов журналистларни ОАВ эркинлигини сиёсийлаштиришдан огоҳлантиради, чунки президент фикрини ўзгартириб, Сингапурдагидек репрессивроқ оммавий ахборот воситалари сиёсатини танлаши мумкин.

“Эзгулик” раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, агар эркинлик бир кишининг кайфиятига боғлиқ бўлса, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги йўқ. “Президент эртами-кечми фикрини ўзгартириши мумкин, – деди у. – Сўз эркинлиги қатъий бўлиши ва президент хоҳишига боғлиқ бўлмаслиги керак”.

Эски совет усуллари

Баъзи ҳолларда ДХХ босими журналистларни ўз йўналиши ва медиаплатформасини ўзгартиришга мажбур қилади. Алишер Рўзиохунов “Кун.ўз”, “Газета.ўз” ва “Бугун.ўз” каби қатор медиаплатформаларда ишлаган. Айтишича, унга ДХХ билан бир неча бор учрашиш таклиф қилинган. Бир марта ундан Тошкентдаги ҳукумат кўчирмоқчи бўлган машҳур бозор ҳақидаги мақоласини чоп этмасликни сўрашган. Бозор, дейди у, ДХХ зобитининг куёвига тегишли.

“Биз катта репортаж тайёрлагандик, – деди у. – ДХХ биздан одамлар нима иш бўлаётганини билгунларича мақолани эълон қилмай туришимизни сўради”.

Кейинроқ у Андижонда уйлар бузилиши ҳақида мақола тайёрлаган. ДХХ мақола юмшоқроқ бўлиши кераклигидан огоҳлантирган.

Рўзиохунов фақат ДХХ босимидан қочиш учун ёзадиган мавзуларини сиёсатдан иқтисодга ўзгартирганини айтди: “Мен иқтисодий янгиликларни ёритишни афзал кўраман, чунки қизил чизиқлар йўқ. Сиёсий йўналишда президент оиласини ёрита олмайсиз. Агар бунинг учун қандайдир чегара бўлса, сиз яхши журналист бўлишингиз даргумон”.

Сўнгги марта Рўзиохунов 2021 йилнинг декабрь ойида ДХХ таҳдидига учраган. ДХХ ходими уни кафега чақириб, тайёрлаётган мақолалари ҳақида маълумот олиш учун босим ўтказган.

“Агар ҳамкорлик қилмасам, ҳеч қачон бошқа иш тополмаслигим, акамнинг ишида муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигини айтиб, менга таҳдид қилди, – деди у. – Мен бунга аҳамият бермаслигимни айтганимда, пул таклиф қилди. Пул керак эмаслигини айтдим. У хоҳлаган нарсани қилмаслигимни тушунгач, шунчаки ҳазиллашаётганини айтди. Лекин мен улар журналистларни қандай манипуляция қилишларини биламан”.

Ўтган йили 3 май – Жаҳон матбуоти куни муносабати билан Рўзиохунов ва у ишонган яна бир неча журналист Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлотнинг уйига таклиф қилинди. Элчихонанинг фейсбукдаги саҳифасида Торлотнинг уйида кўк куртка кийган Рўзиохунов ва яна бир неча журналист ўтирганининг сурати ҳам бор.

Шундан сўнг, ўзининг айтишича, ДХХ ходими у билан учрашган. “Ходим менинг учрашувдаги гапларимни ўзимга айтиб берди, – деди у. – Дўстларимдан бири эски совет анъаналари асосида мен ҳақимда маълумот етказганини билардим”.

Тағин ўқинг
7 июл 2019
«Озодлик оҳанглари» аудиокитоби ўзбек модерн шеъриятининг асосчиси Рауф Парфи шеърлари билан очилади. «Элтуз» нашри бу китобдан ўрин олган шеърларни ...
17 май 2021
Ўзбекистонда яқинда бир қарашда арзимасдек туюлган, бироқ мамлакатда авж олган, ҳокимиятнинг барча бўғимлари, жумладан, президент томонидан қўллаб-қувватланаётган навбатдаги ҳуқуқий ...
27 апрел 2020
Жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкентнинг Камолон маҳалласида шаҳарни босиб олган рус ҳарбийларига хотирасига бунёд этилган бутхона қайта тикланиб, ...
7 сентябр 2017
7 сентябр куни, «Дўстлик» КППнинг расмий очилишидан бир кун ўтиб, ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулла Рахматуллаев чегаранинг яна ёпилгани ҳақида ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...