Асосий мавзулар
6 январ 2023

Ўзбекистон: Амударё – абадий йўқолиб кетадиган жой

Бир вақтлар жуда шиддатли бўлган дарёнинг қуйи қисми бўйлаб саёҳат қилар экан, муайян экологик ҳалокатнинг олдини олиш қанчалик мушкул эканлиги аён бўлди.

Девид Триллинг мақоласи, Eurasianet нашридан Элтуз таржимаси

Бир пайтлар Орол денгизи тўлқинлари ювган соҳилдан 362 километр наридаги бу сўқмоқ атрофига кўплаб сув пуркагичлар ўрнатилган, улар ўзига хос товуш чиқариб сув пуркайди. Бу эса қовжираган йўлак бўйлаб экилган бамалгул ва гибискус ниҳолларининг ўсиб унишига имкон яратади.

Тушликка яқин бутун Урганч бўйлаб ўтказиладиган бу доимий тадбир туфайли Ўзбекистоннинг Хоразм воҳаси марказида жойлашган 200 минг аҳоли яшайдиган шаҳарда кузгача гуллар унади.

Болакайлар Амударё ирмоғидан олинган сувни автоулов тўхташ жойларига сепишади, автоулов цистерналари билан эса магистрал йўллар «чангини қоқишади». Уфққача чўзилган пахта майдонлари қамиш билан қопланган суғориш каналлари лабиринти орқали суғорилади.

Бу ерда сув мўл-кўлдек туюлиши мумкин, аммо бу қимматбаҳо заҳира тугаш арафасида. Ҳанузгача сув бу ерда одатдагидек муттасил ишлатилади. Гарчи яқин бир ҳудудда инсониятнинг энг даҳшатли экологик офатларидан бири: бир пайтлар дунёдаги тўртинчи энг катта кўл бўлган Орол денгизининг қуриши юз бермоқда. 1960 йилдан бошлаб унинг ҳажми тўқсон фоизга камайган. Бир пайтлар денгиз иқлимнинг мўътадил сақланишини таъминлаган бўлса, эндиликда об-ҳаво иссиқ ва қуруқ кечмоқда. Тўзонли шамоллар туз ва кимёвий моддалар аралаш қумни ҳавога кўтаради. Анемия, саратоннинг айрим турлари ва бошқа ҳасталиклар билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда.

Денгизнинг саёзлашуви билан бир вақтда Оролга оқаётган икки дарёдан бири бўлмиш Амударё ҳам қуримоқда. Бу эса Ўзбекистон ва Туркманистондаги миллионлаб одамларнинг ҳосили ва ҳаётига таҳдид солади.

Иқлим ўзгаришларини кескинлатадиган тарзда сувдан исрофгарчилик билан фойдаланиш ғарбий Ўзбекистонни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирмасликни таъминлаш учун халқаро донорлар иш услубини ўзгартиришга чақирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) прогнозига кўра, аҳоли ўсиши билан аҳоли жон бошига чучук сувнинг мавжудлиги аср ўрталарига бориб 33 фоизга қисқаради. Жаҳон банкининг ўтган йилги ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда 2,4 миллион киши (минтақа умумий аҳолисининг 3,4 фоизи) иқлим қочқинларига айланиши мумкин.

Аёз-Қалъа

Қадимда Оксус номи билан машҳур бўлган Амударёдан Хоразмда минг йиллар давомида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланишган. Атрофдаги текисликлар бўйлаб ястанган қадимий қалъалар, том маънода, Ипак йўли бўйлаб бостириб келган кўчманчилар ва қароқчиларнинг босқинидан юртни ҳимоялаган. Бу ерда пахта Иккинчи жаҳон урушидан кейинги совет марказий режалаштирувчилари монокултурани бошлашдан анча олдин экилиб, улар ландшафтни ўзгартириш ва чўлда пахта етиштириш учун минглаб чуқур каналлар қазишган.


64 ёшли Йўлдош Сараев шундай каналларнинг бирида (Шовот канали) 40 йилдан бери балиқ овлаб, яшил узумни сазан ва лаққа балиқ учун ҳўрак сифатида ишлатади. Унинг сўзларига кўра, илгари балиқ турлари ва миқдори кўп бўлган. Бироқ 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг аҳолининг кўпчилиги тирикчилик учун балиқ овлашга киришган: Урганчдаги Шовот дарёси бўйида кўплаб қармоқ тутган одамларни кўриш мумкин. “Гўшт қиммат. Одамлар овқатланишлари керак «, – дея тушунтиради у.

Канал қайси вилоятлар қачон ва қанча миқдорда сув олишини ҳал қилувчи ҳукумат қўмитаси томонидан назорат қилинади. Ҳар йили сентябр ойида пахта терими бошланган пайтда қўмита сувни сув омборларига йўналтиради. Лекин шусиз ҳам сув аввалгидан анча кам. “Болалигимда сув икки баробар кўп эди. Йилдан-йилга камайиб бормоқда”, – дейди Сараев.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ана шу “оқ олтин”га боғлиқ; Германия тараққиёт агентлиги (GIZ) маълумотларига кўра, пахта саноатида уруғликни қайта ишлашдан тортиб то тўқимачилик ишлаб чиқаришгача, меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 30 фоизи иш билан банд.

Пахта дунёдаги энг кўп сув талаб қиладиган экинлардан бири бўлиб, шолидан ўртача 3-6 баравар кўпроқ сув талаб қилади.

Ўзбекистонда эса афтидан, бу кўрсаткич янада юқорироқ бўлиши мумкин. Ўзбекистонлик ва германиялик мутахассислардан иборат гуруҳ томонидан жорий йилда чоп этилган тадқиқотга кўра, далаларга сув етиб боргунга қадар, 37 фоизгача сув эскириб қолган каналларга сизиш сабабли йўқолади. Аксарият фермерлар сув мавжуд бўлганда, шлюзларни очиб, далаларни тўлдириб суғоришади, жўякли суғориш усулидан фойдаланишади. Бу эса заҳ сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлади ва табиий тузларни ер юзасига чиқаради. Бу далаларнинг шўрланишига олиб келади ва ҳосилдорликни пасайтиради. Ер ости сувлари бундан ташқари пестицидлар, дефолиантлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддалар билан тўла. Буларнинг барчаси эса Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини 8 фоизга камайтиради.

Ўзбекистонда чучук сув истеъмолининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келса-да, ҳар қандай меъёрларга кўра ҳосилдорлик пастлигича қолмоқда. Eurasianet нашрининг Жаҳон банки маълумотларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот етиштириш учун Мисрга нисбатан уч баробар, Қозоғистондан беш баробар, Австралиядан эса 74 баробар кўпроқ сув ишлатади.

Қишлоқ хўжалиги устидан узоқ вақтдан бери совет давридаги марказий назоратни сақлаб келаётган Тошкент ҳукумати ўзгаришларни қўллай бошлади. 2020 йилда у кўп йиллар давомида фермерларни (ўқитувчилар ва болаларни ҳам) пахта етиштиришга мажбурлаган давлат буюртмасини бекор қилди ва 2030 йилга келиб қишлоқ хўжалиги ерларининг ярми “сувни тежовчи технологиялар”, жумладан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланишга буюрди. Бу усул суғориладиган ерларнинг 15 фоизида жорий этилди. Бироқ икки йил ўтгач, бу усуллардан фойдаланадиган одамни топиш ҳали ҳам қийин экани маълум бўлди; Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Хоразм вилоятида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланаётган битта ҳам фермерни (1,8 миллион аҳоли) аниқлай олмади. ФАО маълумотларига кўра, бу усул фақат 0,11 фоиз ерларда қўлланилади; далаларнинг қолган катта қисми ҳамон эгатларга сув оқизиш йўли билан суғорилмоқда.

Орол денгизи қуримоқда
(Wикимедиа)

Ушбу 0,11 фоиз ичида давлат томонидан ажратилган кредит ва солиқ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда ўтган йили томорқасининг бешдан бир қисмида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланишни бошлаган Бектош Мадиёровнинг 100 гектар томорқаси ҳам бор.

Урганчдан бир соатлик масофада жойлашган бу ҳудудда Шовот канали суви яна ҳам ифлосроқ. Мадиёров эса ўз фермасига беш йил давомида сув ололмай келаётган эди. У юқоридаги амалдорларнинг хоҳишига бўйсинишга мажбур. “Илгари ариқларда доим сув бор эди. Энди ҳар 15-20 кунда бир марта ариқларга сув келади, – дейди у. Ер ости сувларини ишлатиш мумкин эмас, чунки бу сув “жуда шўр”.

“Атрофимизда томчилатиб суғоришдан жуда кам одам фойдаланади. Аммо экиннинг арзонлиги ва ҳосилдорлиги яхши бўлаётганини кўриб, фермерлар қизиқиш билдирмоқда”, – дейди Мадиёров тузланган помидор билан палов келтирилган стол ёнида ўтириб.

Молиявий рағбатлантириш ва технологиянинг ўзи камчиликларни бартараф эта олмайди. Мадиёров тежалган сув эвазига ўзига кичик ҳовуз қуриб, унда сазан балиқ етиштирмоқда; олимлар буни “ребоунд эффекти” деб аташади – бу тежамкорликни қоплаши мумкин бўлган ҳаракатдир. Сувдан фойдаланиш кўпроқ келишилган мониторингни талаб қилади; Кичик фермерлар ёки деҳқончилик кооперацияларида ҳисоблагичлар мавжуд, шунинг учун ҳокимият гектарига сув ажратади. Ҳаммани, шу жумладан, томчилатиб суғорадиган фермерларни сув билан таъминлайдиган оқава каналлари муаммоси ҳам бор. Ерга сингиб кетаётган сув шунчаки йўқолмайди, балки шўрланишга ҳисса қўшиб, қишлоқ хўжалигига зарар етказади.

Урганчдан ташқарида Амударё ҳамон тезоқар дарё бўлиб, моҳир сузувчига қийинчилик туғдирадиган гирдоблари ва оқимларга эга. Ўтлоқли ороллар ва сел текислиги узра ястанган 800 метр узунликдаги кўприк бир неча йил олдингига қараганда анча кенгроқ.

Шимолда, қамишли бутазорлар худудида ишчилар дарёдан узоқроқдаги янги далаларга сув ташиш учун канални кенгайтиришмоқда. Охирги 33 йилда Ўзбекистонда суғориладиган экин майдонлари 43 фоизга кенгайтирилди; шу даврда аҳоли сони икки баравар кўпайди.

Нукус давлат педагогика институти кимё кафедраси доценти Алим Асаматдиновнинг сўзларига кўра, деҳқонлар тупроқ шўрини “ювиш” учун эгатларни тўлдириб суғоришади, бироқ сув пировардида “табиий шўр” бўлиб, тупроқ юзасига кўпроқ туз тортади, бу эса зарарли тупроқни ҳосил қилади. Бунинг учун кўпроқ сув талаб этилади. Охир-оқибат, сув ўсиб бораётган кўлларни оқизиладиган дренаж каналлари тармоғига қуйилади, уларнинг баъзилари кўлда яшаётган жониворлар ва организмлар ҳаётига ҳавф соладиган даражада ифлосланган.

Илгари Орол денгизи бўлган жойдан 295 километр юқорида, дарёнинг шимолий қирғоғи бўйлаб ётқизилган понтон кўприк чанг-тўзонли тепаликларда жойлашган цемент заводлари билан қишлоқ аҳолисини боғлайди. Кўприкни Матияқубовлар оиласи таъмирлаб туради, улар кесиб ўтган ҳар бир машинадан 1000 сўмдан (9 сентдан) йиғиб олишади. Ташландиқ милиция бўлими биноси соясида ўтирган маҳаллий бошланғич мактаб ўқитувчиси 51 ёшли Рустам Юсупов 1990 йилларнинг бошларида мамлакат мустақилликка эришгандан бери сув ярим баравар камайган, деб ҳисоблайди, гарчи дарёни қайиқда кечиб ўтиш учун одам бир неча дақиқа давомида кучли эшкак эшиши керак бўлади.

Баъзан дарё музлаб, муз понтон қисмларини бир-бирига суриб қўйиши мумкин ва бу эса Матиякубовларни пантонни хавфсизлик учун қирғоққа тортиб чиқариб қўйишга мажбур қилади.

Дарё бу ердан 2400 километр шарқда, Тожикистон ва Афғонистоннинг баланд тоғларидан бошланади. Қизиғи шундаки, агар, иқлим ўзгармаса, қуйи Амударёдаги вазият янада ёмонлашиши мумкин: ҳароратнинг исиши дарёнинг юқори қисмидаги музликларни тез эритиб, дарёга оқимнинг вақтинчалик ошишига олиб келади. Бу музликлар бутунлай йўқ бўлиб кетар экан, сув сатҳи пасаяди;

Айрим маълумотларга кўра, Марказий Осиёда музликларнинг эриши шу ўн йилликда энг юқори чўққисига чиқади. Иқлимнинг исиши – Марказий Осиёдаги ҳарорат 1950-йиллардан буён ўртача глобал кўрсаткичдан икки бараварга кўтарилгани ҳам қурғоқчиликнинг тез-тез содир бўлишига сабаб бўлмоқда, иссиқ ҳаво эса фермерлардан далаларни тез-тез суғоришни талаб қилмоқда.

208 километр: Ярим автоном Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти Нукусда Амударё таниб бўлмас даражада ўзгарган, қумтепалар даласи, дарёдан кўра кўпроқ. Диққат билан қарасангиз, қуёш оқартирган чиғаноқларни кўриш мумкин; дарё ўзанида қолган ариқдан хатлаб ўтиш мумкин. Урганчда бўлгани каби, бу ерда ҳам сувнинг катта қисми шаҳар марказидан ўтказилган, канал қирғоқлари ўсмирлар югуриб ўйнайдиган ва севишганлар айш қиладиган жойга айланган.

Нукус канали

Бу Амударё дельтасининг бошланиши эди. ФАО ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Қорақалпоғистондаги ерларнинг 95 фоизи шўрланган.

Бундай вазиятда сувнинг сиёсатга таъсирини аниқлаш қийин бўлиши мумкин, бироқ баъзилар шу ёзда, Тошкент Қорақалпоғистоннинг ажралиб чиқиш назарий ҳуқуқини бекор қилишга уринганидан сўнг, Нукусда камида 18 кишининг ҳаётига зомин бўлган тартибсизликлар, атроф-муҳит ва маҳаллий таассуротлардан келиб чиққан узоқ йиллик норозиликлардан келиб чиққанини таъкидламоқда. Ўзбекистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири бўлган минтақа сувдан муносиб улушини ололмаяпти.

“Бу ердаги кўпчилик одамлар буни қандайдир сиёсатга тааллуқли иш, деб ўйлашади, Хоразм [юқоридаги вилоят] сувни назорат қилади ва шунинг учун бизга камроқ етиб келади”, – дейди, кўтарилган норозилик сабабларини, эҳтиёткорлик билан изоҳларкан, маҳаллий амалдорлардан бири.

Нукусдаги кўл

172 километр: Амударёдаги 70 гектарда беда етиштирувчи Сапарбой Бойжонов 2015 йилда Нукусдан кўчиб келганидан бери тақчилликнинг кучайишида қўшни Туркманистонни айблайди: “Сув жуда камайган”, – дейди у ва бу йилни энг ёмон бўлганини айтади. “Баъзи одамлар сув етишмагани учун экинларини йўқотишди. Бизнинг сувимизни Туркманистонга буриб қўйишган, дейишмоқда”.

Сув тақсимоти Амударёнинг юқори ва пастида яшаётганлар ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирмоқда. Тожикистон ирмоқларидан бирида дунёдаги энг баланд тўғонни қурмоқда ва бошқа жойларда сув таъминоти учун Қирғизистон билан зиддиятга киришмоқда. Туркманистон ялпи ички маҳсулот бирлигига Ўзбекистондан кўра кўпроқ сув ишлатадиган ягона давлатлардан бири бўлишига қарамай, ҳали ҳам озиқ-овқат инқирозини кечирмоқда. Туркманистон сувни Қорақум чўли бўйлаб қазилган эски каналлар орқали мамлакатнинг жанубий худудларидаги фермер хўжаликларига йўналтиради.

Мувофиқлаштириш вақтинчалик ва самарасиз, деб ёзган эди сув тақсимоти бўйича давлатлараро комиссия аъзоси ўзбек олимаси Динора Зиганшина ўтган йилнинг бошида. “Орол денгизи ҳавзасида сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида 30 йил аввал ташкил этилган комиссия “муаммони бартараф этиш эмас, балки қисқа муддатли ечишга”га эътибор қаратиб, ўз фаолиятини амалга ошириш учун курашмоқда”.

85 километр: Офат оқибатларига дуч келаётдиган жойлардан бири – икки қаватли мактаб биносини ўраб турган бир неча ўнлаб уйлардан иборат Алиаул қишлоғи. Илгари дарё оқиб ўтадиган жойда тиззагача саксовул буталари ўсган, улар атрофида қарға қузғунлар кўпайган.

Собиқ боғча тарбиячиси, 65 ёшли Қурбонгул Махамбетова 1992 йилда қишлоқ аҳолисини уйларини ташлаб кетишга мажбур қилган сув тошқинини эслайди. Ўша пайтда “дарёда жуда кўп сув бор эди”.

Энди эса йилдан йилга камаймоқда.

Бунинг устига Махамбетованинг сигирларини боқиш учун жойлар ҳам камайган, чунки ўт ўсмаяпти.

Кўк-Су

19 километр: 1980-йилларнинг бошларида, Орол денгизи шиддат билан чекиниши асносида, совет муҳандислари қолган сувни бошқариш учун Порлатауда тупроқ иншоотлари барпо қилишди.

Тахминан ўн йил давомида «Кўк Сув» сув омбори балиқ фермаси сифатида ишлатилган, аммо у 1990-йилларда сув кам бўлди ва заҳираларнинг қисқариши сабабли ёпилди. Бугунги кунда бир нечта эркаклар тўр билан балиқ тутишади. Қишлоқ аҳолисининг айтишича, балиқлар жуда кичиклиги ва камлиги учун сотиш учун яроқсиз.

Порлатау

Тупроқ тўғонидан нарида эса собиқ дарё ўзани ястанган. Тўқ сариқ кўлмак сизади. Туз кристаллари оёқ остида ғижирлайди. Ҳеч нарса ўсмайди.

Кўксувнинг чеккасида ўрнатилган шлюз сув оқимини тартибга солади: Амударёнинг сўнгги томчилари. Тўғрироғи каналлар қуриб қолган. Сон-саноқсиз каналлар ва сув омборлари орқали 1600 километрдан ортиқ майдондаги миллионлаб гектар ерларни суғоришдан сўнг, Амударё ўлмоқда.

Қуриган канал

0 километр: Оролқум Орол денгизининг қуми демакдир. Янги хариталар ҳақиқатни акс эттира бошлади. Орол энди ортиқ денгиз эмас.

Мўйноқ шу янги чўлнинг чеккасида жойлашган. 1959 йилда порт шаҳарчасида 21,5 миллион қути балиқ консерваси ишлаб чиқарилган: леш, марен, судак. Энди қачонлардир денгиз бандаргоҳи бўлган жойда занглаган кемалар флоти, талон-тарож қилинган ҳолда ётибди. 1960 йиллардан бошлаб аҳоли деярли ярмига камайган.

Охирги бир неча йил ичида Тошкент ҳукумати 13 минг аҳоли яшайдиган бу қийналаётган шаҳарчага қизиқиш билдира бошлади, ичимлик суви билан таъминлаш учун янги қувур тортди, янги йўллар ва юқори тезликдаги интернетни ўрнатди, аэропортни номунтазам парвозлар учун қайтадан очди.

Нефт ва газ компаниялари қуриган денгиз тубида истиқболли топилмалар борлиги ҳақида маълумот бера бошлашди ва яқин орада иш ўринлари пайдо бўлишига умид бор.

Мўйноқ тарихий музейи директор ўринбосари Маҳмуд Айтжоновнинг айтишича, аҳоли 2000 йиллар бошидагидек шаҳарни тарк этаётгани йўқ. Иқтисодиёт ҳозирда яхшироқ, гарчи давом этаётган қурғоқчилик энг чўққисига чиққан бўлса ҳам. Маҳаллий аҳоли ҳукумат фермерларга сувга қарамликдан халос бўлишга ёрдам беради, дея ишонмоқда: “Қорақалпоғистондаги кўпчилик фермерларнинг ҳосили сўнгги икки йил ичида нобуд бўлди. Энди ҳукуматнинг янги лойиҳалари бор, бу йил эмас, балки келгуси йилда пахта майдонларини, буғдой ва шолини қисқартириш ва озроқ сув талаб қиладиган сабзавотлар етиштиришга ўтилади”.

Кемалар қабристони

Аммо Тошкент минглаб деҳқонларнинг иш услубини ўзгартира оладими?

Ҳукумат режаси субсидиялар ва қисқартирилган марказий назоратни кўзламоқда: энди фермерлар ўзлари етиштириш бўйича кўпроқ танловга эга; улар суғориш ускуналарини модернизация қилиш учун кредит олишлари мумкин. Шунга қарамай, энг яқиндаги канални сўнгги бир томчи сувигача ишлатилмаслигига унчалик кафолат йўқ, айниқса суғориладиган ерлар мамлакат бўйлаб тез суръатлар билан кенгайиб бормоқда.

Ўзбек расмийлари афтидан, одамлар бутун дунёдагига ўхшаш, глобал миқёсдаги кураш қабилидаги «тўғри йўл» топишига умид қилаётганга ўхшайди: ҳозир ва келажак, индивидуал ва жамоа тартибида. Бутун дунё бўйлаб одамлар иқлим ўзгаришининг ноаниқ экзистенциал хавф-хатарлари асносида кўпроқ индивидуал фойдани кўзлашади. Амударёдаги фермерлардан талаб қилинаётган нарса – бутун минтақага фойда келтириши учун, шахсий манфаатларни қурбон бериш масаласи, – Амазонияда дарахтларни кесаётган чорвадорлар ёки Ғарбий Виржиния кўмир конларидаги кончилар дуч келадиган дилеммадан унчалик фарқ қилмайди.

Шунга қарамай, ҳамма жойда бўлгани каби иқлим ўзгариши ҳам энг камбағалларга – томчилатиб суғоришга қодир бўлмаган фермерларга, ўт-ўланлардан маҳрум бўлган чорвадорларга кўпроқ зиён етказади, шаҳар атрофида яшаётганлар ва онлайн ҳарид миқдорини камайтиришни ўйлаётган америкаликларга эмас. Ва шунга қарамай, катта миқёсдаги ўзгаришларсиз, қуйи Амударё ҳавзасида сувни тежаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганлар ҳам ваъда қилинган даромадни кўрмасликлари мумкин.

Иш ўринлари кўпайиши ҳақидаги шов-шувли гапларга келсак, 2000 йилларнинг охиридан бери Мўйноқ яқинида газ қазиб олинмоқда, бироқ шунга қарамай Ўзбекистон ҳамон сурункали ёнилғи танқислигини кечирмоқдаки, Туркманистондан газ импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Айни пайтда, чўл босиб келаяпти. Ҳатто икки йил олдин Мўйноқнинг икки томонида маҳаллий аҳоли балиқ овлаши мумкин бўлган кичик кўллар – чекинаётган денгиздан қолган ҳовузлар бор эди. Энди улар ҳам йўқ бўлди. Уларнинг ўрнига, Google Earth Балиқчилар кўрфази дея кўрсатилган жойда, лойга ботган эшкакли қайиқ ва бўшаган кола идишлари ётибди. Қишлоқ хўжалиги йўқ. Бир неча сигир ва эчкилар эса туя тиконини кавшамоқда.

Дэвид Триллинг,

Eurasianet.org нашрининг бошқарувчи директори. Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
20 март 2016
Экипаж аъзоларининг барчаси БАА фуқаролари бўлгани, шунингдек, йўловчилардан 5 нафари хорижлик экани айтилмоқда. Хабар қилинишича, йўловчиларнинг 2 нафари украиналик, ...
4 феврал 2019
Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир. Хоразмда ўзи хон, кўланкаси ...
30 март 2018
Ижтимоий тармоқда 30 март куни боғча болаларини ураётган ўзбек тарбиячиси акс этган навбатдаги видео тарқалди. «Элтуз» нашрининг ўрганишича, бу муассаса ...
24 май 2016
Бухоронинг сўконғич ҳокимларидан бирини мажлисда бир уриб йиқитган олотлик фермер Баҳодир Шарипов номи элга овоза бўлди. Айрим манбалар, ҳусусан ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...