Асосий мавзулар
5 апрел 2023

5 апрель – Экзюперининг «Кичик шаҳзода» асари чоп этилган эди

Бугун эсламоқчи бўлганимиз – улуғ француз ёзувчиси Антуан де Сент Экзюперининг «Кичик шаҳзода»си.

1943 йилнинг 5 апрелида Америкада илк бор чоп қилинган бу асар ўзининг болаларча содда ва буюк фалсафаси билан ёшлигимдан онгимга таъсир ўтказган камгина китобларнинг бири бўлди.

Катталар учун болалар эртаги тарзида ёзилган, муаллифнинг ўзи чизган сувратлар омихта бу китобда ёзувчи ўзининг некбин назарини инсониятни чулғаган муаммоларга қаратади.

Ўша пайтдаги каби бугун ҳам долзарб – шовинизм, тоқатсизлик, глобализм, геосиёсат, экология, манқуртизм ва уларнинг ечими Б-612 рақамли астероидда яшовчи кичик шаҳзода тилидан ҳикоя қилинади.

rasm1108
Кичик шаҳзода. Расм муаллифи Антуан Де Сент Экзюпери

Қисса мазмуни

Самолётини мажбуран саҳрога қўндирган учувчи у ерда ғаройиб бола – ўзга сайёра шаҳзодасини учратади.

Кичик шаҳзода унга ўз сайёраси – уч вулқон чулғаган астероидда қолган ёлғиз атиргул ҳақида ҳикоя қилади…

Унинг яна бир ҳикояси сайёрасида илдиз отиши мумкин бўлган улкан баобаб дарахтлари ҳақида.

«Баобабларни ҳар куни канда қилмай йўқ қилиб туриш керак», – дейди кичик шаҳзода.

Кичик шаҳзоданинг ҳикоялари: қўшни сайёраларда яшовчи заъфарон юзли кимса, такаббур қирол, ўзига бино қўйган корчалон, ичиб ўзини овутувчи пияниста, юлдузларни ўзиники деб ўйловчи мунажжим, шарт бўлгани учунгина муттасил чироғини ёқиб ўчирувчи чироқбон, умрида ҳеч қаерга чиқмай, одамларнинг гапи билан китоб ёзувчи географ ҳақида.

«Ҳа, шубҳасиз, катталар жуда ғалати халқ», – дея мулоҳаза қилади кичик шаҳзода.

rasm1105
Чироқбон. Расм муаллифи Антуан Де Сент Экзюпери

Ҳаракатчан дарахтлар ёки Олмаота воқеаси

Журфакнинг 4-курсида ўқирдим. 1986 йилнинг декабрида қозоқ ёшлари Олмаотада коммунистик ҳукуматга қарши оммавий норозиликка чиққани ҳақида хабар келди.

Норозилик чиқиши 50 минг нафар совет десанти сапёр белкураклари ёрдамида қонли тарзда бостирилган, совет газеталари эса воқеага оммавий безорилик, дея баҳо берганди.

Кейин… ётоқхонамизга даҳшатли хунрезлик акс этган видеокассетани кўтариб қозоқ талабалари келишди. Қаердандир «Электроника» видеомагнитафони ҳам топилди.

Бу тасвирлар ҳозирда бор-йўқлигини билмайман, аммо менинг тишларим ғижирлаб айтган гапим шу бўлди: «Баобабларни арралаш пайти келди».

Ўша тун мен тагсарлавҳага чиққан ном остидаги эссени ёзиб тугатдим.

Бу эссе кичик миллатларнинг эмин-эркин гуллаб-яшнаши учун совет тузумини, Экзюпери таъбири билан айтганда, миллатлар узра даҳшатли илдиз отган улкан ягона баобабни йўқ қилиш кераклиги ҳақида эди.

Миллатлар ўз ҳуқуқларини ўз қўлларига киритишлари учун бу шовинистик дарахт арраланиши керак эди.

Ўша пайтда факультетнинг «Журналист» ўқув газетасига курсимиздан мен масъул эдим, бундан ташқари, «Садо» деворий газетасини ҳам чиқарардим.

Тезгина мақолани теришга бердим. Уни босишларига шубҳам бор эди, шунга сабрим чидамай гранкани, яъни ўша пайтда цензура идорасига кетадиган нусхани кутдим.

Бу пайтда аллақачон эссенинг қўлёзма нусхаси ҳамкурсларим орасида қўлма-қўл ўқила бошлади…

Кечгача босмахонада қолиб, газета нусхасини ниҳоят олдим, юрагим ҳапқира бошлади. Демак зулм машинасини синдириш мумкин!

Бироқ эртасига газета чиқмади. Талабалар орасида шов-шув бошланди.

«Нима бўлди?»

«Цензура ўтказмади!»

Мақолани курс деворий газетаси тарзида чиқарадиган бўлдик ва уни тайёр босма гранкаси билан тезгина тайёрлаб, эртаси куни кафедра фойесига осдик.

Унгача эссенинг довруғи журналистика ва филология факультети орасида ёйилиб бўлган, уни танаффусда ҳам, лекция пайтида ҳам гурас-гурас бўлиб ўқишарди…

Кейин… деворий газета сирли ғойиб бўлди.

Комсомолдан ҳайдалиш

Аввалига Тошкент обком қўмитасининг қандайдир кабинетига чақиришди, бироқ калтакнинг каттаси деканимиз Нестеренко домланинг бошида синди.

Столда мақолам босилган кўп тиражли «Журналист» газетасининг ноёб нусхаси ва «Садо» деворий газетаси турарди.

«Коммунист бўлмаган оддий талабанинг босмахонага кириши ва синов гранкаларини имзолаши» ўша пайт учун ўта катта сиёсий айб саналарди.

Мени комсомолдан ҳайдаш комсомол қўмитаси кун тартибига қўйиладиган бўлди. Бундан негадир шод эдим. «Ниҳоят аъзолик бадали тўламайман!»

«Хурсанд бўладиган жойи йўқ бунинг, комсомолдан ҳайдалган талабани ўқишдан ҳайдашади», – деди курсдошим, комбюро аъзоси Дилором ҳафсаламни пир қилиб.

«Ҳайдалиш»ни университет қўмитаси умумйиғини ҳал қилиши керак эди. Масаламни ўзлари ҳал қилмай, катта мажлисга олиб чиққан комбюродан ҳам миннатдор бўлишим керак асли.

Беш юз томошабинга мўлжалланган университет мданият саройи ўша куни талабалар билан лиқ тўла бўлди. Ҳамма атай ўша масалани мунозарага қўйиш учун келганди.

Кун тартибига қандайдир ташкилий масалалар киритилгани эълон қилингач, қий-чув бошланди.

«Кун тартибидаги асосий масала қани», «Қайси масала?», «Олмаота масаласи»…

У пайт ҳали СССР қудратли давлат эди, талабалар эса анжуманга мени ҳимоя қилиш учун астойдил тайёрланиб келишганди.

Домламиз, келиб чиқиши қрим татарларидан бўлган Бекир Аблаевич : «Он же великий интерпретатор французского писателя, деганди мен ҳақимда ўшанда тагдор қилиб.

Мени комсомолдан ҳайдашди, лекин ўқишдан ҳайдашмади.

Шу руҳни, шижоатни берган француз ёзувчиси Де Сент Экзюперидан ва комсомолдан ҳайдашганидан мен мингдан минг розиман.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 декабр 2021
“Элтуз”меҳнат ҳуқуқларига оид анимациялар туркумини давом эттиради. Бугун биз сизга касаба уюшмасини қандай тузиш ҳақида ҳикоя қиламиз.  Даставвал касаба ...
24 феврал 2016
Клептократия ҳукмрон Ўзбекистонда бугунги кунда қоғозбозлик амалдорларининг оддий иш йўсинига айланган. Оддий одамлар у ёқда турсин, Eltuz.com яқинда эълон ...
30 август 2016
Кеча, 29 август куни, қатор интернет нашрлари, Ўзбекистон президентининг ўлими ҳақидаги хабарни чоп қилди, жумладан биз ҳам. Ҳозирга қадар ...
3 апрел 2018
Олий Мажлис Сенатида 29 март куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга ҳавф солаётган исломий таҳдид ҳақида ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...