Асосий мавзулар
30 апрел 2020

30 апрель – Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси таъсис қурултойи бўлди

rasm1258
“Эрк” демократик партиясининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олингани ҳақидаги гувоҳнома

1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – “Эрк”нинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.

Бундан олдин ўша йилнинг 12 апрель куни Муҳаммад Солиҳ бошчилигида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг кичик залига тўпланган зиëлилар гуруҳи янги демократик партия тузиш учун ҳаракат бошлашганди.

Ўша мажлисда иштирок этган шоир Эркин Воҳидов¸ мунаққид Аҳмад Аъзам¸ ëзувчи Зоҳир Аълам, олимлар Шоди ва Тоҳир Каримовлар яқиндагина парламент депутатлигига сайланган Муҳаммад Солиҳ таклиф қилган “Эрк” демократик партияси деган номни янги тузилма учун танлаш қарорини маъқуллашди.

“Ëш ленинчи” газетасида Ўзбекистонда янги сиëсий партия тузилгани ҳақида мақолача чоп қилинди.

1990 йилги таъсис қурултойи иштирокчиси, шоир ва собиқ сиëсий маҳбус Мақсуд Бекжон ўша кунларни эслаб, eluz.com нашри учун махсус мақола ëзиб берди.

“Эрк” партияси таваллуди кунига

Ўтган асрнинг 80-йилларида ёш ўзбек шоирлари ижодида “эрк” сўзи тез-тез ишлатила бошлади, бу жараён том маънода “дилдагининг тилга чиқиши” эди. Совет режими лошидан чиқаётган чиринди ҳиди билан бирга, дарз кетган режимнинг ёриқлари орасидан ташқи дунёдан келаётган эрк эпкинлари ёш шоирларнинг шеърларига кўча бошлаган эди. Янги ўзбек шеъриятининг энг ёрқин вакилларидан бири бўлган Муҳаммад Солиҳ бундан аввалроқ эрк ҳақида қуйидагиларни ёзганди:

rasm1263
Мақсуд Бекжон

Тилчининг дегани

«Эрк» сўзи
Отаси эмасмикин «эркак» сўзининг?
Шундай бўлиши мумкин,
Фақат – ўтган замонларда.

«Эрк» сўзида балки
Умуман маъни йўқдир,
«Эрк» сўзи шунчаки
Ўлаётган аскарнинг бўғзидан чиққан
«Ҳиқ»иллашдир?

Шундай бўлиши ҳам мумкин,
Фақат Aфғон томонларда.

Биз учун эса
Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,
Шунчалар қисқа:
Эрк.

1986

Шеърдаги “эринчоқ” ифодаси “эркак” ва “эрк” калималарининг бизнинг заминимизда юз тутган аянчли эволюцияси сифатида кўрилса ҳам бу таъна эмас, балки огоҳлантириш эди. “Ўлаётган аскарнинг бўғзидан чиққан «ҳиқ»иллаш” эса озодликнинг қурбонсиз бўлмаслигига ишора эди.

Хуллас, орадан кўп ўтмай, шеърдаги мажозлар ҳаётга кўчди, 1990 йил 30 апрель куни “Эрк” демократик партияси ташкил этилди.

Партия моҳиятан миллий озодлик ҳаракати сифатида дунёга келган, унинг демократик сифати эса миллий озодлик ғоясининг бир қисми эди.

Айнан шунинг учун ҳам “Эрк” партияси вакиллари совет империяси қулаши арафасида рус демократлари томонидан ташкил этилган бутуниттифоқ “Демократический союз” ташкилотига қўшилмади, чунки партия учун бирламчи омил миллий мустақиллик ғояси эди.

rasm1260
1993 йили Ўзбекистон Адлия вазирлиги қонун ва партия низомига хилоф тарзда “Эрк” ДП фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Партия ташкил топганидан сўнг 2 ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон компартияси раҳбари Ислом Каримов ва уни бошқариб турган Москва айғоқчилари ва уларнинг гумаштaлари кўрсатган қаттиқ қаршиликларга қарамай, Ўзбекистоннинг Мустақиллик декларациясининг мамлакат парламентида қабул этилишига эришди.

Бу миллатнинг буюк бир ғалабаси эди.

“Эрк” партияси ўзининг чорак асрлик фаолияти давомида Ўзбекистондаги мустабид режим қатағонлари баробарида мухолифат ичига кириб олган турли сексотлар, бахил, бекорчи ва бошибузуқларнинг ҳужумларига учради. Бировларга иғво қилишдан бошқа нарсага ярамайдиган бу иғвогарлар легиони чорак аср давомида “Эрк” партиясига қарши иғво қилиш ҳисобига кун кeчирди.

Айни гапни Каримов режими ҳақида ҳам айтиш мумкин: – “Эрк” ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳга қарши тарғибот давлат сиёсатининг локомотивига айлантирилди.

“Эрк” мустабид режимнинг бутун қатағонларига қарамай, маргиналлашмади, ўз ғоя ва низомларига содиқ қолди, ўз сиёсий риторикаларида баъзи гуруҳлар сингари “ачавот”лашмади, ўзининг юксак сиёсий савиясини сақлаб қола билди. Сиёсий лексиконда муайян бир савия ва оҳангнинг сақлаб қолиниши – “ачавот култури”дан, бозор шаллақилигидан безган ва чарчаган халқ учун нақадар муҳим эканлигини ҳеч унутмади.

Бугун мен сафдошларимнинг бир оз маъюс ва ўйчан, аммо самимий ва қатъиятли чеҳраларига боқиб, халқимизнинг келажаги порлоқ эканлигига заррача ҳам шубҳа қилмайман.

Партиямизнинг таваллуд куни билан сизларни чин дилдан табриклайман, азиз сафдошларим, биродарларим!

Мақсуд Бекжон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 январ 2018
Жорий президент Мирзиëев 22 декабрдаги нутқида, ўтган 25 йил қайтиб келмасин, дея феълан Каримов меросини ахлатга улоқтирди. Ижтимоий тармоқнинг ...
30 июн 2017
Мирзиёев артистлар билан учрашувида “халқ учун ишлаётган” актерларга театр ёнидан кўп қаватли уй қуриб беришни ваъда қилди. Президентнинг фикрича, ...
19 январ 2017
Янги сайланган президентнинг ғайрат-шижоати, яъни кетма-кет йиғилишлар ўтказаётгани, фармонлар қабул қилаётгани газеталарни, шулар қаторида партия нашрларини ҳам анча шошириб ...
7 сентябр 2016
Ўзбек сегментида Каримов ўлимидан сўнг агрессив троллинг авж оларкан, ижтимоий тармоқда президент Ислом Каримов ўлими фонида унинг шахсини илоҳийлаштириш ...
Блоглар
3 июн 2020
Бир нарсага эътибор қаратдим: АҚШда бўлаётган воқеаларга эътибор рус интернетида жуда юқори; рунетда бу воқеаларни ...
28 май 2020
Бош прокуратура коронавирус тарқалиши силсиласини аниқлаш осон бўлиши учун фуқаролардан кундалик тутишни сўраганида баъзилар буни ...
25 май 2020
“Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизмати журналисти Муҳаммад Солиҳга: “Коронавирус пандемияси пайти шундай чиқиш қилишингиз ўринлими? Бунинг ...