Асосий мавзулар
7 май 2023

7 май – Радио куни

7 май Радио куни сифатида нишонланишини ҳали совет даврлариданоқ билар эдим. Аммо 7 май оталар куни эканини Германияга ҳижрат қилгач билдим.

Раҳматли отам Ражаббой Бобожон бутун умрини радиога бағишлаган эди. Бугунги радио кунида отамни эслайман.

Отам (Аллоҳ раҳмат қилсин) Ражаббой Бобожон 40 йил мобайнида Ўзбекистон радиосининг Хоразмдаги махсус мухбири бўлиб ишлади.

Отамнинг иш майдони Хоразм вилоятининг бутун ҳудудлари эди. Зил-замбил «репортёр» магнитофони билан отам Питнакдан Дўсимбийгача, Моноқдан Овшаргача бўлган масофани пикап «Москвич»да кезиб репортажлар ҳозирлар эди.

Брежнев дастурхонига Хоразм қовунларини етказиб берадиган Матвафо ота ëки Никита Хрушчевнинг шахсий дўсти Искандар Дўсов отам ҳозирлайдиган репортажлар қаҳрамони эди.

Радиобошловчи Қодир Махсумов «Хоразмдаги мухбиримиз Ражаббой Бобожонов биз билан жонли алоқада, ассалому алайкум, Ражаббой оға», дейиши билан отам баланд овозда «валайкум ассалом, Қодиржон», деб репортажни бошлар эди.

Жонли алоқа Урганч куранти тагидаги алоқа бўлимидан махсус УКВ канал орқали амалга оширилар эди.

Отам уйдаги улкан магнитофондаги ош ейдиган лаган катталигидаги тасмаларни ацетон билан ëпиштириб монтаж қилар эди.

Респондентларнинг тасмалардаги овози эса текстга туширилиши лозим эди.

Менга зўрға бўйим етадиган улкан магнитофон тугмаларини босиб ўчириш каби зерикарли вазифа тушар эди.

Отам тасмадаги овозларни эшитиб, жумлама-жумла машинкада чиқиллатар эди.

Монтаж бўлган якуний маҳсулот эса зудлик билан Урганч аэропортига етказиларди.

Учувчилар тасмани Тошкент аэропортидаги махсус қутига ташлашар эди. Радио ходимлари эса бу тасмани олиб эфирга қўйишар эди.

rasm1143
Шуҳрат ва Ғайрат Бобожоновлар

Тошкентдан 1000 км узоқликдаги Хоразмдан ëзилган лавҳа икки соат ичида эфирга узатилар эди.

Мен бу касб билан шуғулланишни ҳеч қачон орзу қилмаган эдим.

Шоир, рассом, киночи бўлишни орзу қилардим. Рассом бўлиб эътироф қилиндим ҳам.

Аммо бундан 21 йил олдин, 1994 йилнинг 12 апрелида тележурналист бўлиб эфирга чиқдим.

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил телеканал TV ALC дастурини ўша куни Хоразм, Бухоро, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги миллионлаб одамлар кўрди.

Биз ТВ зона 4-тизими орқали Москва дастури бериладиган каналдан чиқиб, Москва дастурларини кутаëтган ўртоқларга «Жаноблар ва хонимлар», деб мурожаат қилдик.

Москванинг «Время» дастури ўрнига «Дигиржак» (Ғилдирак) деган махсус дастурни намойиш қилдик.

Ана шундан кейин рисқу насибам ота касби билан боғланди.

Мана, 16 йилдан ошибдики, радиожурналистика билан шуғулланаман. Ота касбида энди.

Шуҳрат Бобожон,
«Озодлик» радиоси журналисти

Тағин ўқинг
8 май 2022
1865 йил 8 майида замбарак билан қуролланган рус босқинчи отрядлари Тошкент яқинидаги жангларда қўқонлик Алимқул қўшинларининг қақшатқич ҳужумига учраб, ...
18 сентябр 2018
Ҳозир Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасига оид ҳар қандай жараён тўғридан-тўғри “Автотест” МЧЖга бориб боғланаверишига кўпчилик ўрганиб қолди. Яқинда илгари ҳайдовчилик ...
4 август 2023
МС: Ина дамни олиб, енгни чизғаб яна иша тушди. Пулинг бўса қанорда, дам оласан канарда. РТ: Қаерда дам олиш эмас, ...
26 феврал 2018
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олинганини расман тасдиқлади. 24 февраль куни прокуратура сайтида чоп ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...