Асосий мавзулар
18 сентябр 2017

БМТ минбарида Мирзиеев ўзбек тилида гапирадими?

Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза қилиши кутилмоқда.

Бу унинг БМТдаги илк маърузаси бўлади. Шунинг учун мамлакатда катта ўзгаришларга бел боғлаган янги президентнинг мазкур юксак минбарда қайси тилда нутқ сўзлаши кўплаб ўзбекистонликларни қизиқтирмоқда.

Ассамблея тарихида, аксар давлатлар раҳбарлари БМТда ҳар доим ўз тилида гапириб келишган. БМТнинг расмий тиллари сирасига кирмаса-да, Япония бош вазири японча, Ҳиндистон раҳбари ҳиндча, Эронники форсча (ва ҳоказо) маъруза қилишдан уялишмаган.

Ўзбекистон мустақил бўлганига 26 йилдан ошди. Мамлакат раҳбари бу даврда БМТ минбаридан туриб бир неча марта маъруза қилди.

Лекин, минг афсуски, ҳали бу юксак минбардан ўзбекча бирор жумла янграмади. Гўёки, ўзбекларнинг ўз давлати йўқдек…

Мустақил Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов тарихда илк бор БМТ минбарига 1993 йил 28 сентябрида кўтарилганди. Ўшанда у БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида нутқ сўзлаганди.

Аммо нутқи ўрисча эди мустақил Ўзбекистон раҳбарининг. Бу пайтда ҳали мамлакатда мухолифат бирмунча тирик эди. Халқ ҳали салгина эркин фикрлай оларди.

Шунинг учун, БМТда Ўзбекистон раҳбарининг ўзга халқ тилида сўзлагани кўпчиликнинг юрагига оғир ботди. Юракка олинган бу оғирлик ҳали ҳам залворини йўқотгани йўқ.

Ислом Каримов русча фикрларди, дили рус эди. Унинг оила аъзолари ҳали ҳам ўзбекчалаб икки жумла айтишга тили бормаслиги, балки ўзига эп кўрмаслиги эҳтимол шундандир.

Шунга қарамай, давлат раҳбарининг БМТдаги чиқиши мафкурабозлар қуролига айланди. Улар маъруза қайси тилда бўлганига эмас, унинг сўзловчисига эътиборни буриб турди.

Сўзловчи мадҳ этилди, унинг маҳридаги мамлакат аҳли эса бундан масрур бўлди. Зиёлилар юксак минбарнинг бир неча дақиқалик эгасига бағишлаб шеърлар, мақолалар ёзди. Уламолар бу ҳақда амри маъруфларда тўлқинланиб гапирди.

Ўзбекман деб кўксига урганлар уларга жўр бўлди. Нега давлатимиз раҳбари БМТга борганида ўзбекча гапирмаяпти, деб сўрайдиган бўлмади.

Охири мадҳланувчи ўзи уюштириб, ўзи ўйнайдиган байрам кунларидан бирида чўбир отини миниб, “Мана сенларга”, дея нариги дунёга жўнаб юборди.

Бугун Шавкат Мирзиёев олдида бутун бир халқ юрагида тошдек қотган ана шундай армонни ушалтириш масаласи турибди.

Бу нафақат мамлакат обрўси, балки ўз қаддини тиклаётган халқ, қолаверса, туркий лисонларнинг энг улуғларидан бўлмиш ўзбек тили нуфузи учун ҳам муҳимдир.

БМТ минбарида туриб илк бор ўзбек тилида маъруза қилган давлат раҳбари бўлишдек улуғ мартабага эришиш бугун Шавкат Мирзиёевнинг ўз қўлида.

Остонада ислом давлатларининг фан ва технологияга бағишланган саммитида Ўзбекистон президенти бу борадаги илк қадамини қўйди. Йирик халқаро сиёсий анжуманда давлатимиз раҳбари илк бор ўзбек тилида маъруза қилди.

Баъзи маҳаллий нашрлар Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида ҳам ўзбекча маъруза қилиши кутилаётганини ёзмоқда.

Демак, ўзбек тили учун тарихий кун қаршисида турибмиз. Зора шундай бўлиб чиқса…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 январ 2016
Етти йилдан буён қамоқда қолаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов оғир аҳволда Сангородга ўтказилган. Бу ҳақда Eltuzга маҳкумнинг ҳамкасби ...
14 октябр 2019
Чиқиб кетиши олдидан судья қўлимга айблов хулосаси ва ҳукмни тутқазиб узр сўради ва хайрлашиш учун қўлини узатди. Лекин мен ...
18 апрел 2016
«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари томонидан «халқ фаровонлиги» йўлида олиб борилаётган ишлар, улар ...
30 ноябр 2021
Мактабгача таълим вазирлиги мулозими имтиёзли кредитнинг 10 фоизини порага бермагани учун тадбиркорнинг болалар боғчаси қурилишини якунлашига халақит қилмоқда, дейилади 29 ноябрь ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...