Асосий мавзулар
27 сентябр 2017

Шудгорга қуйруқни қўйганлар айтсин…

Айтаверадиган ҳам, қайтаверадиган ҳам халқмиз. Ҳукуматимиз ҳам ўзимизга мос. Дўппи тор келса ёки “виждон”имиз уйғониб қолса, дарров оқим бўйлаб сузишни бошлаймиз.

Бош вазирнинг ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, талабаларни пахта теримидан қайтариш тўғрисидаги буйруғи кўпчиликнинг оғзидаги гап бўлиб қолганидан сўнг бунинг сабаблари ҳам ўртага чиқа бошлади.

Аввалига ҳоким тўралар, халқ таълими вазирига ўхшаганлар жорий йилда юқорида тилга олинган тоифалар пахтага чиқарилмаслигини оғиз кўпиртириб айтган эди.

Энди маълум бўлишича, уларнинг оғзини кўпиртирган Вазирлар Маҳкамасининг 8 августдаги баённомаси қарорлари бўлиб чиқяпти.

Ўша баённома матни қўлимизда йўқ. Лекин очиқланаётган маълумотларга ишонилса, унда ўқитувчию тиббиёт ходими, талабаларни пахтага чиқариш тақиқлангани англашилади.

Чунки 21 сентябрь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Орипов Вазирлар Маҳкамасининг айни шу баённомаси қарори ижросини таъминлашни талаб қилгани ойдинлашмоқда.

Бош вазирнинг талаби ортидан турли даражадаги раҳбарлар орасида шунга монанд равишда сайрайдиганлар кўпайди.

Хусусан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят фаоллари билан пахта йиғим-теримига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бюджет соҳаси ходимлари ва талабаларни пахтага мажбурий чиқариш жиноят эканини таъкидлади.

Ўзи бу давлатда олий ҳокимият борми? Президент ҳар бир чиқишида фуқароларнинг ҳуқуқлари тўғрисида гапиради. Ҳукумат ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида тинимсиз фалсафа сўқади.

Лекин ҳоким ва ҳокимчалар ҳукуматнинг бу топшириқ ва буйруқларига, қарорларига “қарши” иш юритади. Кейин эса ҳеч нарса бўлмагандек, бу қарорларни бажармаслик жиноят экани ҳақида мажлисларда оғиз кўпиртириб, жамоатчиликнинг бир қисмининг олқишини олади.

Ахир Вазирлар Маҳамасининг қарорларини бажармасликнинг ўзи жиноят эмасмиди? Олий ҳокимиятнинг иродасини саботаж қилиш эмасми?

Агар саволни шу тарзда қўядиган, Ўзбекистон ҳокимият вертикалини назарда тутадиган бўлсак, аввалидан олий ҳокимият ва қуйи ҳокимият органлари “сув оқаверсин, қаерга оқишини кейин ҳал қиламиз” қабилида иш тутганини гумон қилиш мумкин.

Чунки оддий ҳокимлар ҳеч қачон ўзидан билиб ҳаммани пахтага ҳайдаган эмас. Бунга “юқори”нинг хоҳиши йўл қўйиб берганига шубҳа йўқ.

Зеро, тиббиёт ва таълим ходимлари, талабалар оммавий равишда пахта теримига жалб этилганини олий раҳбарият билмаслиги мумкин эмас эди.

Нега “юқори”нинг хоҳиши ўзгариб қолгани бошқа масала. Бунга халқаро ҳамжамиятнинг босими сабаб бўлганми ёки бу ҳам сиёсий ўйиннинг бир айёрлигими, аниқ хулоса йўқ.

Лекин бир нарса аниқ. Ўтган бутун мустақиллик йиллари давомида чуқур илдиз отиб, ўзининг яшовчанлигини кўрсатиб келаётган ёлғонга йўғрилган сиёсат ҳамон ўз ҳукмини ўтказишда давом этмоқда.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 апрел 2020
1918 йилнинг 21 апрелида Россия ва Сибир мусулмон туркларининг миллий маданий мухториятини эълон қилган Умумроссия мусулмонлари миллий мажлиси Сталин ...
16 май 2020
Ўзбекистондаги, Қозоғистондаги, Болтиқбўйидаги рус тилли зиёлилар ва фуқаролар қанчалар ақлли, асосли аргумент келтирмасин, қанчалик дўстона муносабатларга ва бағрикенгликка урғу ...
29 январ 2018
Яқинда вилоятга бориб, бир танишимникига кирдим. Дарвозахонасида бир қоп тўла ўрик дарахти ўтини турган экан. Ўтин бирор касалликка чалинмаган, ...
6 апрел 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг молия тизими ва тендер «ўйинлар»ини танқид қилгани ортидан Ўзбекистонда очиқ тендер савдолари бекор қилинди ва давлат ...
Блоглар
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...
11 сентябр 2020
“Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан”,- деди ...
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб ...