Кўзқараш
29 сентябр 2017

Журналист Бобомурод Абдулла Тошкентда бедарак йўқолди

Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкентлик 44 ёшли журналист Бобомурод Абдулланинг бедарак йўқолгани ҳақида ҳавотирли хабарлар тарқала бошлади.

29 сентябр куни унинг хотини Катя Балхибаева билан гаплашганимда, Бобомуроднинг ёнида телефони борлиги, бироқ у 27 сентябр куни соат 5.30 дан бери жавоб бермаётгани, нима қилишни билмаётганини айтди.

Балхибаеванинг “Элтуз” мухбирига билдиришича, 27 сентябр куни тушдан кейин, машинасини тузатиш учун устага бориб келаман дея, чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Айни мақола чоп этилаётган пайтда, тушдан сўнг у милицияга ариза ёзишга кетаётганини билдирди.

Бобомуроднинг мен билган дўстлари ва бошқа яқинлари орқали ижтимоий тармоқлардан қидиришга уринишим ҳам самарасиз якунланди.

“Абдулла Ўтаев, Абдували Қори СНБ ходимлари томонидан қандай ўғирланган бўлса шундай ўғирланди, деган жиддий бир гумон бор”, дея ёзди уни яқиндан билган ҳамкасбларидан бири.

Қайсар ва ҳалол журналист

Шахсан мен Бобомурод Абдуллани, узоқ вақтлардан бери бирга ишлаганим учун, ниҳоятда тўғри ва ҳалол журналистлардан бири сифатида билардим.

Бир ҳафта бурун гаплашганимда, уни ҳеч қаерга ишга олишмаётгани, тирикчилик қилиш қийин бўлиб қолганини айтган эди.

Айни қайсар ва тўғрилиги учун 2002 йили “Озодлик”нинг ўша пайтдаги директори Азиз Жўраевнинг цензура сиёсатига қарши бош кўтариб, ишдан кетганини биламан.

Ундан олдин 2000 йили “Интерньюс” халқаро ташкилоти рахбарининг ҳукуматга муросаси боис лойиҳадан четлатилганди.

Шуни очиқ айтиш керак, 1999 йилнинг охирида Тошкентда ташкил этилган “Сайёр журналистика мактаби”да у ўзини журналистика бўйича тажрибали мураббий сифатида кўрсатган.

Унинг 30 нафарга яқин шогирдлари ўша пайтда хали ўрта мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари эди.

Мен Фарғона вилоятидаги эски “Пионерлар уйи”да жойлашган синф хонасига кириб борганимда, унинг шогирдлари журналистиканинг асосий тамойиллари нимадан иборат эканини битта-битта туриб айта бошлаганида мен қойил қолганман.

Ўсмир ўқувчилар ўшанда, ўқув дастури доирасида қилган репортажларида вилоятнинг жиддий муаммоларига қўл уришганди.

У ўз шогирдларига холисликни, бетарафликни, заифлар овозига қулоқ тутишни ўргатган.

Кейинги пайтларда Бобомурод шеърлар ёзиб унга қўшиқлар ҳам басталай бошлаган эди. Ютуб каналида эълон қилган сўнгги қўшиғи сатрлари гўё унинг таржимаи ҳолидек янграйди.

Бобомурод Абдулла 1973 йилнинг апрелида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. “Хоразм” футбол жамоаси матбуот котиби бўлган.

1995 йил ТошДУнинг филология факультетини тугатган, “Стадион” газетасида спорт шархловчиси ва эркин журналист бўлган.

Бобомуроднинг хотини Балхибаева Катя, касбига кўра олий маълумотли инглиз тили муаллимаси экани, бироқ кейинги кунларда ноаниқ сабабларга кўра на уни, на эрини ҳеч қаерга ишга олишмаётганини айтди.

“Элтуз” нашри журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Тошкентда бедарак йўқолгани юзасидан воқеаларни кузатишда давом этмоқда.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 январ 2018
Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона ...
3 декабр 2018
Ўзбекистонда интернет тезлиги 1 декабрдан бошлаб ўн баробар ошилиши ҳақида ваъда берилган эди. 30 ноябрь куни “Ўзбектелеком” АК халқаро ...
19 март 2018
1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузгани, Совет Иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган Миртемир Мирабдуллаев ...
31 август 2016
1995 йилнинг 26 июнидан бери Ўзбекистон МХХ раиси лавозимини эгаллаб келаётган 72 яшар Рустам Иноятов Каримов ўртадан кетиши билан ...
Блоглар
22 октябр 2020
Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш деган баҳона, ниқоб ёрдамида монополларимиз қонимизни сўриб ётибди. Ташқаридан истеъмол моллари ...
20 октябр 2020
Бундан ўн йил илгари пойтахдаги ўртача иккита амалдор тушликка бир миллионга яқин пул сарфлашини эшитиб ...
15 октябр 2020
Ўнта роман ёзай, элликта шеърий тўпламим нашр этилсин, ёзганларим дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинсин, ...