Дайжест
4 октябр 2017

Салом сизга, “пахтакорлар”, “пахтакорлар”!

Совет даврида “Пахтакор полвонларим” деганга монанд бир машҳур қўшиқ бўларди.

Пахта терими бошланди дегунча радио ҳам, телевизор ҳам вадаванг шу қўшиқни тиндирмай қўярди.

Бугун ҳаво анча совуган кунларда ўзбекнинг ўқитувчилари, тиббиётчилари, бюджет ташкилотлари ходимлари, “уюшмаган аҳоли” вакиллари ҳаммаси пахта даласида.

Эрта азонда совуқда қалтираб далага чиқиб кетяпти, кечқурун қош қорайганда ҳориб-чарчаб даладан қайтяпти. Ҳукуматнинг “оқ олтин” хирмонини тобора юксалтиряпти.
Бу хирмондан эса “пахтакор полвонлар” қўлига ва оғзига сиққанча олиб, бемалол керакли манзилга пахта қўйиш билан овора бўлиб ётибди.

Профессор Қаландар Абдураҳмонов ҳам пахта термай қўйганига анча бўлиб қолганига шубҳа йўқ. Лекин ҳеч қандай тортинишларсиз пахта босиш мусобақасига қўшилиб кетди.

Босилган пахтанинг залворини олимнинг “Ўзбекистон овози” газетасида 26 сентябр куни босилган мақоласини ўқиганлар ўзича чамалаб кўриши мумкин. Анча тош босади қўйилган пахта.

Мақоланинг сарлавҳаси баландпарвоз: “Ўзбекистон дунёга маърифий қиёфасини кўрсатмоқда”. Кўрсатилаётган маърифий қиёфа эса президентнинг яқинда БМТ минбаридан сўзлаган нутқидан сизиб чиқади.

Бечора домла “ўша куни атайин телевизор қаршисида ўтириб, бу нутқни сабрсизик билан кутган”, уни “фахр-ифтихор туйғуси билан тинглаган”.

“Ахир, фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими, Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг энг олий минбаридан туриб, бутун дун­ёга мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш йўли, келажак мақсадлари, Марказий Осиё ва сайёрамиздаги энг долзарб муаммолар ҳақида ўзининг аниқ позицияси, амалий фикрлари, конструктив руҳдаги ташаббусларини баён қилди”, дейди олим.

Мақоладаги бошқа нуқталарга тўхталиб, ундан бирорта маъно қидириб ўтиришдан наф йўқ. Чунки ҳамма гаплар яна ўша мардикор халқ терган пахтани керакли манзилга босиш мақсадини кўзлайди.

Президент нутқидан мана шундай “фахр-ифтихорга тўлган” нечаларнинг мақолалари чоп этилмаяпти дейсиз?! Лекин бирортасида халқнинг тили мамлакатнинг маърифий қиёфасини белгиловчи асосий критерийлар сирасига киришини эслаб ўтмайди.

Президент АҚШга жўнаб кетишидан олдин унинг қайси тилда сўзлаши масаласида баъзи сўзларни айтгандик. Афсуски, давлатимиз раҳбари яна ўзганинг тилида маъруза қилди.

Суҳбатлашганларимнинг баъзилари бу ҳолатни президент ўз нутқида жуда “оламшумул” масалаларни кўтаргани, мазкур масалаларни бутун дунёга етказиш учун шундай йўлни танлагани ваъжига йўйишга ҳаракат қилди.

Ишончим комилки, БМТда ўз тилида маъруза қилган арманиларнинг президенти ҳам, тожикларнинг пешвои миллати ҳам ўзининг нутқини шунчаки бир чиқиш, “юксак минбар”да кўриниш бериш, “навбатчи” масалаларни кўтариш деб билмайди.

Улар ҳам ўз халқини БМТда оламшумул масалаларни кўтарганига ишонтиришга уриниб ётганига шубҳа қилмасак ҳам бўлар.

Аммо бизнинг зиёлиларимиз давлатимиз раҳбарининг нутқи қайси тилда бўлганига ҳатто эътибор ҳам қаратаётгани йўқ. Ҳар ҳолда уларнинг матбуотдаги чиқишлари шундан дарак бериб турибди.

Яна “маънавий қиёфамиз” тўғрисида узундан узун мақолалар ёзаётганига нима деймиз бу касларнинг?!

Аслида улар миллатнинг эмас, балки ўзларининг маънавий қиёфасини кўрсатишга шунчалик собитлик билан уринаётганини очиқ намойиш қилмоқдалар.
Афсуски, бу қиёфа Ислом Каримов давридагидан кўп-да фарқ қилаётгани йўқ.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 декабр 2016
Ўзбек фаоллари бу пулларни коррупция жабрдийдалари бўлган Ўзбекистон халқига қайтарилишини исташмоқда. Электрон петицияни шу ерда имзолашингиз мумкин. Ўзбекистон телекоммуникация ...
23 март 2018
2015 йилнинг 23 мартида давлат бошқарувининг коррупциядан холи шаклини яратган Сингапур лидери Ли Куан Ю 92 ёшида вафот этди. ...
18 сентябр 2017
Хоразм вилоятида оммавий пахта терими 10 сентябрдан бошлаб юборилган. Вилоятдаги “Нажот” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган хабарга кўра, пахта теримига ...
27 феврал 2017
Олдинги дайжестларимизда бир неча бор Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган электрон оммавий ахборот воситаларида уйғониш эпкини эсаётгани, улар аввал умуман ...
Блоглар
19 ноябр 2019
Матбуот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаси бўйича таҳлиллар рукнимизнинг янги сонига катта эҳтиёж пайдо ...
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган ...
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...