Асосий мавзулар
9 октябр 2017

Мажбурий меҳнатни тугатиш ҳақидаги ёлғонлар…

Мажбурий меҳнатни тақиқлаш мавзусида гап кетганда, ҳукуматнинг бу борадаги иккиюзламачилигини кўпчилик ўзини ўзи алдашга ўхшатяпти. Ўзини ўзи алдаш деганда бу ерда ҳукумат халқни алдаётгани англашилади.

Аслида ҳукуматнинг нияти халқини алдаш эмас, балки бу ҳаракатлари билан жаҳон ҳамжамиятининг мажбурий меҳнатга қарши курашишга масъул қисмини чалғитиш мақсадини кўзлаган.

Бу мақсад ўзини оқлармикин? Кўзлаган пировард мақсадимизга етишишга бирорта ижобий таъсир кўрсатармикин?

Бу йўл билан кимни чалғитяпмиз? Наҳотки халқаро ҳамжамият бундай «сиёсатимиз»ни тушунмайди, деб ўйласак?

Тўғри, бу ҳаракатларимиз эртага улар билан музокаралар столига ўтирганимизда асқатиши мумкин. Тилимизни узунроқ қилиши мумкин.

Лекин мажбурий меҳнат, аввало, ўзимизга зиён келтиришини қачон тушуниб етамиз? Мажбурий меҳнат сабаб ўқувчилар етарли даражада таълим ололмаяпти. Мажбурий меҳнат сабаб аҳолига етарли даражада тиббий хизмат кўрсатилмаяпти.

Охир-оқибат мажбурий меҳнат туфайли миллий таълим тизимимиз хароб аҳволга келиб қолди. Соғлиқни сақлаш тизимимиз бутунлай издан чиқди.
Пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат оқибатида халқимиз генофонди тобора емирилиб бормоқда. Бу эса бутун бир халқнинг саломатлигига тикланмас зарар етяпти дегани-ку.

Ўша халқаро ҳамжамиятинг кўзини шамғалат қиламиз деб шунча нарсаларни бой беряпмиз. Бир амаллаб аҳволимизни ўнглагунча Каримов давридаги усулларни қўллаб турайлик, деяпмиз.

Эртага ислоҳотларимиз иш берса, бугунги кунларимизни кўрмагандек бўлиб кетамиз, деб эски амалларни қўллашга давом этяпмиз.

Узоқ йиллар юритиб келганимиз, энди эса тўғри йўлга солишга уринаётгамиз, гўёки инерция қонунига бўйсунган ҳолда давом этаётган сиёсатимиз ҳам кишини ҳайрон қолдиради.

Сўз эркинлиги сари қадам ташлаб, шу пайтгача сўз эркинлигига бирор ҳисса қўшмаган, аксинча уни бўғишга ҳисса қилиб келган кишини Журналистлар уюшмасига раҳбар этиб тайинлаймиз.

Қонунчиликка риоя этилишини назорат қиладиган Бош прокуратурага 15 йил давомида энг қонунбузар шахснинг раҳбарлик қилишига индамай чидаб келамиз.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини бузилишини танқид қиладиган халқаро ташкилотларга дўқ уришгача борган, узоқ йиллар аслида юртимиздаги бу ҳолатни дунёдан яширишга ҳисса қўшган одамни – Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раисини ҳали ҳам шу масалада бўладиган музокараларга олдинги планга чиқаряпмиз.

Мажбурий меҳнатни оддий, табиий ҳол деб билиш онгига сингиб кетган сенатор хонимни мажбурий меҳнатга қарши курашадиган, бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштиришга масъул бўлган парламент комиссияга масъул этиб қўямиз.

Ўзимиз пахтани теришда мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланилаётганда айбланиб келаётганимиз етмагандек, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган пахта териш машиналарининг катта қисмини четга сотамиз.

Пахта мавсумидаги қаттиқўллиги, халқни пода каби далага ҳайдаши билан танилган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги бемаза қилиқлари сабаб ишдан ҳайдалган ҳокимни яна бошқа билан ҳудудга бош қилиб қўямиз ва шундай ишларни давом эттиришига томошабин бўлиб турибмиз.

Ўқитувчию тиббиётчини, ўқувчию талабани даладан қайтарасан, деган бош вазир худди ўшалар фидойи отрядлар, уюшмаган аҳоли ниқоби остида яна пахта ҳайдалса, буни кўрмаганга олганига кўз юмамиз.

Ўша тоифаларни далага чиқарганларни жиноятчи деб атаган ҳоким жаноблари уларни сўкиб-уриб яна шу ишга жалб қилса, унимиз ўчиб туради.

Шунча ёлғон, шунча кўзбўямачилик. Етти авлодимизга етиб ортади…

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 сентябр 2019
Сайтимизнинг қадрли ўқувчилари. Сиздан бу йилги мавсумда талабалар, турли идоралар ходимлари ёки тадбиркорларни пахтага жалб қилиш ёки уларни пахта ...
2 октябр 2015
Хазорасп туман хокими Қурбонов Ўктамбой Қўчқорович республиканинг бутунлигига шак келтириб ва фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини бир туман миқëсида тўхтатиб қўйган. ...
3 март 2021
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Катта Карчин” МФЙ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Ҳудуд аҳолисига 2019 йилда барча хонадонлар ичимлик сув ...
27 октябр 2023
1923 йилнинг 13 декабрда Тошкентда РCП (б) Марказий қўмитаси Марказий бюросига Туркистон ССРнинг 30 таниқли «қирғиз ишчилари» томонидан ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...