Асосий мавзулар
18 декабр 2019

Ҳаракатчан дарахтлар ёки Олмаота воқеаси

Бундан роппа роса 33 йил олдин, 1986 йилнинг 17-18 декабрь куни Совет Иттифоқи раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди.

АҚШ конгресси кутубхонасига кўра, воқеада 200 дан кўпроқ киши ўлдирилган. Назарбоев ҳукумати бу исëндаги қатл кўламини яшириб келади. Зотан, Назарбоевнинг ўзи ҚозССР Министрлар Кенгаши раиси сифатида қўзғолон кўтарган талаба ва ëшларга қарши қурол ишлатишга буйруқ бергани қозоқ фаоллари тарафидан айтиб келинади.

Исëн Қозоғистон раҳбарлигига рус миллатига мансуб мулозимнинг тайинланишини миллий камситиш деб билган талаба ëшларнинг норозилиги ўлароқ тарихга кирди.

Бу исëн ҳақида ëзган «Совет Ўзбекистони» газетаси “қозоқ ëшлари СССРга хиëнат қилди», дея ëзғирган пайтда университет газетаси мухбири ўлароқ, ўшанда бошқача фикрни ифода этишга журъат қилган эдим.

Журфакнинг 4-курсида ўқирдим. 1986 йилнинг 16 декабрида қозоқ ёшлари Олмаотада коммунистик ҳукуматга қарши оммавий норозиликка чиққани ҳақида хабар келди.

Норозилик чиқиши 50 минг нафар совет десанти сапёр белкураклари ёрдамида қонли тарзда бостирилган, совет газеталари эса воқеага оммавий безорилик дея баҳо берганди.

Кейин… ётоқхонамизга даҳшатли хунрезлик акс этган видеокассетани кўтариб қозоқ талабалари келишди. Қаердандир «Электроника» видеомагнитафони ҳам топилди.

Бу тасвирлар ҳозирда бор-йўқлигини билмайман, аммо менинг тишларим ғижирлаб айтган гапим бу бўлди: «Баобабларни арралаш пайти келди».

Ўша тун мен сарлавҳага чиққан ном остидаги эссени ёзиб тугатдим.

Бу эссе кичик миллатларнинг эмин-эркин гуллаб-яшнаши учун совет тузумини, Экзюпери таъбири билан айтганда, миллатлар узра даҳшатли илдиз отган улкан ягона баобабни йўқ қилиш кераклиги ҳақида эди.

Миллатлар ўз ҳуқуқларини ўз қўлларига киритишлари учун бу шовинистик дарахт арраланиши керак эди.

Ўша пайтда факультетнинг «Журналист» ўқув газетасига курсимиздан мен масъул эдим, бундан ташқари, «Садо» деворий газетасини ҳам чиқарардим.

Тезгина мақолани теришга бердим. Уни босишларига шубҳам бор эди, шунга сабрим чидамай гранкани, яъни ўша пайтда цензура идорасига кетадиган нусхани кутдим.

Бу пайтда аллақачон эссенинг қўлёзма нусхаси ҳамкурсларим қўлида қўлма-қўл ўқила бошлади…

Кечгача босмахонада қолиб, газета нусхасини ниҳоят олдим, юрагим ҳапқира бошлади. Демак зулм машинасини синдириш мумкин!

Бироқ эртасига газета чиқмади. Талабалар орасида шов-шув бошланди.

«Нима бўлди?»

«Цензура ўтказмади!»

Мақолани курс деворий газетаси тарзида чиқарадиган бўлдик ва уни тайёр босма гранкаси билан тезгина тайёрлаб, эртаси куни кафедра фойесига осдик.

Унгача эссенинг довруғи журналистика ва филология факультети орасида ёйилиб бўлган, уни танаффусда ҳам, лекция пайтида ҳам гурас-гурас бўлиб ўқишарди…

Кейин… деворий газета сирли ғойиб бўлди.

Комсомолдан ҳайдалиш

Аввалига Тошкент КП обком қўмитасининг қандайдир кабинетига чақиришди, бироқ калтакнинг каттаси деканимиз Нестеренко домланинг бошида синди.

Столда мақолам босилган кўп тиражли «Журналист» газетасининг ноёб нусхаси ва «Садо» деворий газетаси турарди.

«Коммунист бўлмаган оддий талабанинг босмахонага кириши ва синов гранкаларини имзолаши» ўша пайт учун ўта катта сиёсий айб саналарди.

Мени комсомолдан ҳайдаш комсомол қўмитаси кун тартибига қўйиладиган бўлди. Бундан негадир шод эдим. «Ниҳоят аъзолик бадали тўламайман!»

«Хурсанд бўладиган жойи йўқ буни, комсомолдан ҳайдалган талабани ўқишдан ҳайдашади», – деди курсдошим, комбюро аъзоси Дилором ҳафсаламни пир қилиб.

«Ҳайдалиш»ни университет қўмитаси умумйиғини ҳал қилиши керак эди. Масаламни ўзлари ҳал қилмай, катта мажлисга олиб чиққан комбюродан ҳам миннатдор бўлишим керак асли.

Беш юз томошабинга мўлжалланган университет маданият саройи ўша куни талабалар билан лиқ тўла бўлди. Ҳамма атай ўша масалани мунозарага қўйиш учун келганди.

Кун тартибига қандайдир ташкилий масалалар киритилгани эълон қилингач, қий-чув бошланди.

«Кун тартибидаги асосий масала қани?», «Қайси масала?», «Олмаота масаласи»…

У пайт ҳали СССР қудратли давлат эди, талабалар эса анжуманга мени ҳимоя қилиш учун астойдил тайёрланиб келишганди.

Домламиз, келиб чиқиши қрим татарларидан бўлган Бекир Аблаевич: «Он же великий интерпретатор французского писателя», деганди мен ҳақимда ўшанда тагдор қилиб.

Мени комсомолдан ҳайдашди, лекин ўқишдан ҳайдашмади.

Видео: https://youtu.be/rHpPfIAyt6U
Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 ноябр 2018
Ўзбек ҳукумати Россия билан ҳамкорликда ўзининг космик дастурини ишлаб чиққани ҳақида 12 ноябрь куни «Интерфакс» агентлиги хабар тарқатди. «Ўзбекистонга ...
1 апрел 2019
Тошкентда 23-26-март кунлари мактаб ўқувчилари иштирокида ўтган «Қизларжон» саммити иштирокчилари «ота-оналарни узоқ муддатга чет мамлакатларга ишлаш учун чиқишларини чеклаш ...
11 октябр 2019
Кўзимни очсам, БМТ анжуманида ўтирибман. Олдимда Ўзбекистон байроғи. Бўйнимга осилган бейжикни айлантириб қарасам, Ўзбекистон вакили эмишман. Аммо ўтмиш билан ...
31 январ 2023
Ўзбекистонни тузган оила мансуби¸ олим ва Туркистоннинг сўнгги жадиди профессор Темур Хўжа Германиянинг Мюнхен шаҳрида ғарбий европадаги ўзбек дипломатлари ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...