Cатира
28 май 2018

Тадбиркорларга берилаётган кредит коррупционерлардан ундирилмоқдами?

Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу кунларда жисмоний ва юридик шахсларга ажратилаётган уч фоизлик кредитнинг манбаи коррупционерлардан мусодара қилинаётган маблағлар бўлиши эҳтимоли бор.

Ҳозирги кунда халқ орасида фақат Андижон вилояти учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” шиори остида берилаётган бу арзон кредитлар ҳақида тарқалган гаплар шундан дарак беради.

Маълумотларга кўра, Шавкат Мирзиëевнинг Андижонга қилган сўнгги сафаридан сўнг бошланган бу жараён давомида тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жисмоний шахсларга 17 миллион сўмгача, юридик шахсларга 172 миллион сўмгача кредит таклиф қилинмоқда.

Банк ходимлари уйма-уй юриб, “Президент ҳисобидан”​ экани айтилаётган 3 фоизлик бу кредитлар 3 ойлик имтиëзли давр билан 3 йилга таклиф этяпти.

“Озодлик” радиоси Андижон вилояти учун ажратилган бу кредитнинг умумий миқдори бир триллион сўм деб ёзди. ЎзА хабарида эса бу миқдор 800 миллиард сўм кўрсатилган.

​Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу жуда катта сумма ва Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз бўлиб турган бир вазиятда 3 фоизлик кредит берилиши турли миш-мишлар ва қарашларни келтириб чиқариши табиий.

Энг эътиборлиси, ҳатто бу кредитни тарқатишга масъуллар ҳам унинг манбаси ҳақида тасаввурга эмас. Зеро, агар улар банк ҳисобидан берилаётган бўлса, молиявий қонуниятларга суянилса, бу ҳар қандай банкнинг синишига олиб келишини англатади.

Шундай экан, 3 фоизлик кредитнинг манбаси коррупционерлардан қайтариб олинган пуллардир, деган гапларда ҳам асос бордек кўринади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга оид жуда катта ва шов-шовли жараёнларга гувоҳ бўляпмиз.

Собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг энг юқори бўғини амалдорлари бўлмиш ака-ука Шарифхўжаевлардан юзлаб миллион доллар мусодара қилингани ҳақида норасмий хабарлар ҳам тарқалган.

Бундан ташқари, МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг қамалиши ортидан унга тегишли жуда катта маблағ давлат ҳисобига олиб қўйилгани тўғрисида ҳам норасмий маълумотлар бор.

Энг сўнгги маълумотнинг манбаси эса президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзидир. У яқинда Андижонга ташрифи чоғида собиқ бош прокурор, айни пайтда ўзи ҳибсда, иши терговда бўлган Рашид Қодиров миллион-миллион долларни давлатга қайтараётгани, унинг ўғли эса миллиардер эканини билдирганди.

Банк тизимида ишловчи ходимлардан бири “Элтуз” билан суҳбатда Андижон учун ажратилган кредит манбаси тўғрисидаги гап-сўзларда жон борлигини билдирди.

“Чунки бундай шартларда кредит беришга Ўзбекистонда ҳеч қайси банкнинг кучи етмайди. Уларни синдириб қўяди бундай кредит. Қолаверса, банкларимизда ҳозир бунга етарлича резерв йўқ”, деди банк ходими.

  • Президентимиз жуда катта ислоҳотларга қўл уряпти,- дея қўшимча қилди у. – Шавкат Мирзиёев коррупционерлар халқдан тортиб олган пуллар яна халқнинг ўзига хизмат қилсин, деган эзгу ниятда шундай қарорга келган бўлиши мумкинлигига ҳам шубҳа қилмайман.

Ҳозирча “Элтуз” ихтиёрида арзон кредитларнинг асл манбаси тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Расмийлар ҳам бу ҳақда халқни хабардор қилишга шошилмаяпти.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 март 2016
Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани муносабати билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун Бишкекка ...
9 сентябр 2020
Ўзбекистоннинг маҳрум президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Тиллаева инстаграм саҳифасида янги китоби чоп этилгани ҳақида ёзди. «Ушбу китоб ...
26 ноябр 2020
Блогер Нозим Сафари: «АОКА «Газета.ўз»га ҳам коронавирус бўйича маълумотлар таққосланган мақолалар учун огоҳлантириш жўнатибти. АОКА асл қиёфасини намоён эта ...
3 апрел 2017
Россия миллионлаб ўзбек муҳожирларининг иккинчи уйига айланди. Улар йиллар давомида шу мамлакатда ишлашмоқда ва яшашмоқда. Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга кўз ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...