Асосий мавзулар
26 июл 2019

Ўзбек таксичиси билан Прага бўйлаб

Чехия пойтахти Прага бир вақтнинг ўзида ўзбекларнинг турли қатламларини ўзига жалб қилмоқда.

Ўта бой ўзбеклар ва мулозимлар Прагада ширкатлар очиб, сармоя ëқтизмоқда. Ўрта қатлам эса Карлови Вари курортида йилда бир бор даволанишади, Прага дўконларида шопинг қилишади. Қозон қайнатиш қайғусида бўлганлар учун Прага тузуккина пул топса бўладиган жой.

Бир йил бурун Прагада такси ҳайдай бошлаган 31 яшар андижонлик Ҳаётулла Бойбоев бу ерга дурустроқ пул ишлаш учун келган.

Кўчалар, қурилишлар, масжид ва кўнгилочар масканлари йил сайин ўзбекларни ўзига тортмоқда. Шаҳарда бугун икки мингга яқин ўзбек яшайди.

У, шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорликка тўсқинликлар сабаб ҳам бу шаҳарга келишга мажбур бўлганини айтади.

«Бу ердаги қонун устуворлиги, яшаш арзонлиги ўзбекларни ўзига жалб қилади», дейди у.

Шаҳарда ҳатто Ўзбеклар ва Тошкент кўчалари бор. Прага-10 мавзеида жойлашган Тошкент кўчаси хиёбонидаги эски бир мозаика ва Чехиянинг совет ўтмишини эсга солувчи ёдгорлик ҳайкаллари диққатимизни тортади.

Бойбоев айни ҳайкаллар билан Тошкентдаги Шомаҳмудовларга атаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси ўртасида ўхшашлик кўради.

Тарих ҳақида мутахассис гапиргани маъқуллигини айтиб, Бойбоев мени Прагада университет очган иқтисод фанлари доктори Холназар Омоновнинг олдига олиб борди.

Унинг сўзларига кўра, Чехия ҳукуматининг таълим тизимини рағбатлантириши Ўзбекистондаги илм кишиларини ҳам ўзига жалб қилган.

Айни тизим орқали у 17 йил бурун Чехияга келиб, ўз хусусий университетига асос солган.

Бойбоевдан фарқли ўлароқ, ўзбек олимининг сўзларига кўра, советлар даври чехлар учун гўзал бир эртак эмас.

«1968 йили советлар тинч халқни танклар билан бостириб, уларнинг демократик ҳуқуқларини оёқости қилишган эди», дейди Омонов.

Прагадаги Тошкент ва Ўзбечка кўчаларида бугун, асосан, чехлар яшаркан. Бу кўчалардаги ташландиқ совет унсурларидан кўра, ўзбекларни жалб қилаётган жой, Бойбоевнинг айтишича, Прагадаги ҳашаматли «Самарқанд» ресторанидир.

«Сабаби, яқинда овқатларини улар ўзбеклар учун 50 фоиз арзонлаштиришди», дейди Бойбоев.

Бироқ аксарият прагалик ўзбеклар турк кабобхоналарида овқатланишни хуш кўришади. Шу аснода Бойбоев билан шаҳар марказидаги гавжум «Мангал» кабобхонасини бориб кўрдик.

Прагадаги кўплаб қурилишларда ҳам ўзбеклар ишлайди. Қизиқувчиларнинг кўриши учун қурилиш тўсиқларига махсус дарчалар ўрнатилган.

«Бу дарчалар, бир томондан, халққа қурилиш сифатини назорат қилиш имконини беради», дейди Бойбоев.

Шу ўринда у Ўзбекистонда ҳукуматнинг ўзбошимчалик билан қураётган биноларни мисол келтиради.

Бойбоевнинг айтишича, нафақат ресторан, қурилиш, мачит ва кўчалар, Прагада ҳатто ўзбекларга хизмат кўрсатадиган алоҳида банклар бор.

«Мана шу ердаги банкдан ўзбеклар олди-берди қилади. Унинг эгаси ҳам ўзбек», дейди у.

Ҳикоямиз қаҳрамони Ҳаëтулло атиги бир ҳафта олдин ижарага машина олиб кира қиларди.

Фильмни суратга олиш ниҳоясида у ўз пулига машина сотиб олиб кира қила бошлади.

Келгусида у автобаза очиб, бошқаларга машинани кирага беришни режалаган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 январ 2023
Тошкентдаги Луначарский, 1-cонли ҳукумат стационари ва Тошкент ташқарисидаги Дўрмон оромгоҳи, 3 январдан 20 январгача фақат ҳокимларга хизмат қилиш учун ...
18 ноябр 2019
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугунги ўзбек жамиятининг пул қутуртирган энг типик вакилидир. Қутурган махлуқ ҳатто ўз хўжайинини ҳам ...
31 август 2018
Тошкентнинг Шайонтовур туман Маъмурий суди, 30 август куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, 67 яшар, Аъзам Турғуновни «ҳокимиятга бўйсунмаганлик»да айблаб бир ...
2 май 2015
Бу бахслар НКВД- КГБ пропагандаси яратган заҳарли заминда ўсган мутант дарахтлар меваси каби туюлди менга. Мамлакатда на Чор мустамлакачиларига ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...