Асосий мавзулар
12 октябр 2018

Андижонда аскарлар ҳарбий хизматни пахта даласида ўташмоқда

Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта териш билан ўташмоқда.

Ётоқда пахта тераётган ва кунлик теримга бориб келаётган теримчилар орасида 1 йиллик ҳарбий хизматдаги аскарлар, 5 йиллик шартнома асосида ишлайдиган ҳарбий хизматчилар ва ҳатто 1 ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар ҳам бор.

Айниқса, 1 ойлик хизматга чақирилганлар ҳарбий хизмат даври бошлангандан буён пахта термоқда, 1 ойлик хизмат ўтовчиларнинг айримлари айнан пахта терими мавсуми учун чақирилган.

«Хўжаобод тумани далаларида айни кунда 400 га яқин аскар пахта теряпти. Умуман, Андижондаги барча ҳарбий қисмлардан аскар ва хизматчилар пахта теримига юборилган», – дейди ҳарбийга чақирилиб, пахта теримида қолаётган аскар.

Унинг билиришича, улардан пахтага боришни хоҳлаш ё хоҳламаслиги хақида сўраб ўтирилмаган. «Элтуз» манбасининг айтишича, улар умумий буйруққа кўра, “кўнгилли бўлиб ёрдам бериш” ниқоби остида пахта даласига юборилганлар.

«Биз Улуғнор тумани далаларида пахта теряпмиз. 100 кг дан кунлик норма белгиланган. Лекин бунча пахтани теришнинг иложи йўқ, ҳозирда 60-70 кило атрофида пахта теряпмиз, холос. Нормани бажармаганлар ҳарбийчасига жазоланади. Шунинг учун ёнимизда пахта тераётган илғор теримчи опалардан 1 кг пахтани 800 сўмдан сотиб оламиз ва қўшиб топширамиз. Пахта тераётганимизга 20 кундан ошди. 2-3 кундан сўнг ҳарбий қисмга кетиб сафга тайёргарлик кўрамиз ва ҳарбий қасамёд қабул қиламиз, қарабсизки, хизмат тугайди. Энг ёмони, ҳарбий хизмат деганда пахта йиғим-терими ҳақидаги таассуротлар билан қоламанми энди, деб алам қиляпман. Афсус, бундай бўлади, деб ўйламаган эдим», дейди исми-шарифини айтишни хоҳламаган аскарлардан бири.

Хўжаобод тумани адирларида пахта тераётган аскарлардан бирининг маълум қилишича, 7-8 октябрь кунлари ҳаво жуда совиб кетган, қор аралаш ёмғир ёққан.

Ёғин тинганидан сўнг улар яна далага пахта тергани юборилганлар. Аскарлар совуқда қоринлари тез-тез очиб кетаётганлиги ва тўймаётганидан нолишган.

Айримлар уйидан нон ва овқат олиб келишларини сўраб қўнғироқ қилганлар.

«Пахта йиғим-терими биз учун қачонгача давом этиши маълум эмас», – дейди далада қолаётган аскар йигит.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 июл 2016
«Ўзбекистон овози» газетаси Халқ демократик партияси етакчиси, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновнинг Бўз туманидаги сайловчилар билан ...
2 август 2024
Ўзбекистон бўйлаб ҳокимликлар ёки кадастр агентлиги ер ҳамда уй-жойлар тақсимоти, ўзлаштириш, давлат заҳирасига ўтказиш бўйича жиноий ишлар амалга ошириши ...
10 апрел 2017
«XXI аср» газетаси (06.04) ўз муассиси бўлмиш партия – ЎзЛиДеПнинг «аввалгилардан фарқли тадбирлари энди кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани»ни билдирди. ...
20 сентябр 2015
“Ҳокимият томонидан ерим ноқонуний тортиб олиб қўйилди” деган шикоят билан ўтган йили Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...