• Фото: ca-irnews.com
Асосий мавзулар
14 август 2019

Азизов Покистонда нима қилди?

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг Покистонга ташрифи ва “Толибон” ҳаракати вакилларининг Тошкентга сафари орасида ўзаро боғлиқлик бор. 

Мустақил таҳлилчи Ўрозбой Абдуллаев “Элтуз” билан суҳбатда шундай фикр билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, ДХХ раисининг ўтган ой охирида Покистонга бориши воқеаси деярли барча ОАВДа таҳлилсиз, шунчаки юзаки ёритилди. Ҳолбуки, бу ташриф ортида жуда кўп “ҳикматлар” бор. 

“Бу ташрифдан кўп ўтмай, Афғонистоннинг расмий ҳукумати билан келишилмаган ҳолда толиблар етакчиларининг Ўзбекистонга сафари амалга оширилиши, улар жуда иззат билан кутиб олингани шундай “ҳикмат”лардан биридир. Чунки Покистон “Толибон”нинг ҳомийси эканини унутмаслигимиз керак”, деди Ў.Абдуллаев.

“Толибон” ҳаракати айнан Покистонда ташкил этилган, кейинчалик Афғонистонда қанот ёзиб, ҳатто бир муддат мамлакатда ҳукмронлик қилишга ҳам улгурган. Ҳаракат етакчилари Покистон мадрасаларида таълим олган ва улар расмий Исломобод билан келишган ҳолда фаолият юритиши айтиб келинади. 

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон афғонлараро музокараларда фаол роль ўйнаш ҳаракатида. Марҳум президент Ислом Каримов давридаги шундай уринишлар муваффақиятсиз якунланган эди. 

Янги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтмишдошининг бу муваффақиятсизлигига эътибор қаратмай, шу йўналишда янги қадамлар қўймоқда. Унинг бу саъй-ҳаракатлари Россиянинг “Толибон” билан алоқалари яхшиланиши фонида кечмоқда. 

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ДХХ раисининг Покистонга ташрифи ортидан толибларнинг Тошкентга ҳаллослаб етиб келишида, эгнига зарбоф тўн ёпилишида мантиқ кўринади. 

Аммо “Толибон” раҳбариятининг расмий Кобул билан келишилмаган ҳолда Тошкентга таклиф этилиши Ўзбекистон раҳбарияти ташқи сиёсат масаласида ҳали хом эканини намойиш этади. Чунки Афғонистонда тинчликка эришиш мазкур мамлакат раҳбарияти иштирокисиз мумкин эмас. 

Юқорида айтилганидек, Абдусалом Азизовнинг Покистонга ташрифидан қандай мақсад кўзлангани масаласи ОАВда очиқ қолдирилди.

“Аслида бу ташрифнинг Ўзбекистон учун аҳамияти катта. Аввало, Покистон воситачилигида “Толибон” раҳбариятини Тошкентда тинчлик музокаралари ўтказишга кўндиришда олға қадам ташланди. Энди кеч бўлса-да, бу музокараларда расмий Кобулнинг иштирокини таъминлашга келишилади”, дейди таҳлилчи Ўрозбой Абдуллаев “Элтуз” билан суҳбатда. 

Унинг таъкидлашича, Суриядан ўзбек жангариларининг оилалари қайтарилиши ортидан Покистондан қўним топган ўзбекистонлик оилаларни қайтариш масаласини муҳокама қилиш ҳам муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Чунки бу мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг оилалари жуда кўп ва уларнинг ватанга қайтарилиши мамлакат имижига ва ЎИҲга қарши курашга ижобий таъсир этади. 

Яна бир масала, таҳлилчининг сўзларига кўра, ЎИҲ ҳақида қўшимча разведка маълумотлари алмашишдир. Зеро, сўнгги вақтларда ЎИҲ жангарилари ИШИД билан биргаликда ҳаракат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдидни кучайтиради. 

Бундан ташқари, Сурияда ИШИД сафларида жанг қилган ўзбек жангарилари Покистон орқали Афғонистонга ўтмоқда. 

“Ўзбекистон Покистон ёрдамида бу кўчишнинг олдини олишга ҳаракат қилиши табиий. Чунки сўнгги вақтларда кучсизланиб қолган ЎИҲ янги жангарилар ҳисобига кучайиши турган гап. Бунга ҳозирдан қарши туриш Ўзбекистон учун фойдадан холи бўлмади”, дейди Ўрозбой Абдуллаев “Элтуз” билан суҳбатда. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 март 2021
Муаллиф: Линн Швейсфюрт, 2021 йил 9 февраль Кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Хитойнинг Шинжон пахта сектори АҚШ санкциялари остида қолганидан сўнг Ўзбекистонни ...
26 август 2016
Бағдод тумани маҳалла фаолларидан бири, eltuz.comга ҳар бир қишлоқда яшовчи 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган ҳар уч киши бир ...
30 октябр 2019
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода пахта даласида бир йигитнинг бир аёл билан оғзаки жанжали акс этади. Жанжал давомида йигит аёлга ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...