Кўзқараш
7 октябр 2019

Маҳмуд Ражаб: Мен Нафосатга қайғудошман

Мен 10 кунлик қамоқдан уйга келган заҳотим интервью берганимда Шабнамнинг тақдиридан мутлақо бехабар эдим.

Менинг Шабнам ҳақида шу кунгача жимлигим изтиробдан, чорасизликдан. Бу ҳаётда ҳеч биримиз фаришта эмасмиз. Ҳозир менинг Шабнамдан ҳам, ИИБ ходимларидан ҳам хато ахтариш истагим йўқ, фақат ўз хатоларим ҳақида гапиришга ҳақлиман.

Мен эҳтиросга берилдим. Ким ютди, ким ютқазди, деган савол ўринсиз. Ақл билан иш қилинса, иккала томон ҳам фойда кўради, эҳтиросларга берилиб, хатога йўл қўйилса, иккала томонга ҳам зарар.

10 кунлик ҳибс менга 100 йиллик сабоқ бўлди. Мен виждонимга қарши бормаган ҳолда муроса йўлини танладим. Кема тешилганида қарама-қарши манфаатлар бирлашади.

Қариялардан эшитганим бир воқеа эсимга тушди. Хива хонлиги навкари бир маҳбуснинг қўлларини боғлаб Амударёдан олиб ўтаётганида қайиқ тешилиб, ичига сув кира бошлабди.

Навкар маҳбуснинг қўлларини ечибди. Улардан бири эшкак эшиб, иккинчиси лаган билан қайиқ ичидаги сувни дарёга тўкиб тургани оқибатида чўкишдан қутулиб қолибди. Саройга келиб бу воқеани хонга айтиб беришган экан, ҳаммалари муросага келиб, бундан буён тинч-тотув, аҳил яшашга аҳд қилишибди.

Ҳозирги вазиятда биз кемадаги маҳбус билан навкар аҳволидамиз, бир-биримизга ишонмасак, бир-биримизга қулоқ солмасак, ҳаммамиз бирга чўкиб нобуд бўлиш арафасида турибмиз.

Ҳозир мен Шабнамга қандай ёрдам беришни ўйлаб қийналяпман. Шабнамга кўрсатилажак ёрдам халқимизнинг, давлатимизнинг, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи барча виждонли ходимларнинг манфаатларига мос бўлиши керак.

Мен ўз ишим юзасидан ИИБ билан қонун доирасида бир қарорга келдим. Ҳозир менинг атрофимда “мелисага ишонма” дегувчилар кўп. Мен Аллоҳга таваккал қилиб, уларнинг ваъдаларини қабул қилдим. Агар янглишган бўлсам, пешонамдан кўраман.

Тўрт девор ичида ўтирган одам ўзини ўзи қутқармаса, уни ташқаридан туриб қутқариш амри маҳол. Ҳозирги ҳибсхона аввалги даврдагидан кескин фарқ қилар экан. Ҳеч кимни сотмасдан ҳам озодликка чиқиш мумкин. Буни мен ўз ҳаётим билан тасдиқлайман. Аммо олдимда ҳали суд жараёни турибди. Агар ана шу суд нисбий даражада бўлса ҳам одил ҳукм чиқарса, бутун дунёга жар соламан. Буёғини энди келажак кўрсатади.

Шабнам синглимга ва унинг яқинларига чин дилдан қайғудошман. Неки хатоси бўлса, Аллоҳ ҳам, қонун ҳам кечирсин! Тез кунларда муроса йўли билан озодликка чиқиб, кутаётганлари билан дийдорлашиш насиб этсин!

Маҳмуд Ражаб,
2019 йил 7 октябрь.

Тағин ўқинг
7 март 2019
Гулнора Каримованинг умумий тартибдаги қамоққа ўтказилиши ва фарзандларининг дунёга шарманда бўлдингиз деб жар солиши мавсум-мавсум бўлиб давом этадиган сериални ...
15 август 2017
Пахта коалицияси Жаҳон банкига Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тўхтамаëтгани борасида ўз ҳавотирини билдириб келади. «Мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунига қадар, Жахон ...
14 феврал 2016
Ёзувчилар уюшмаси эксперт гуруҳи қарори билан, “президент кўрсатмасига амал қилмаганлари”, “мамлакатда кечаётган улуғвор ишларга дахлдорлигини ҳис этмаганлари учун” ҳайдалганлар ...
18 декабр 2017
“Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, бир ойдан кўп пахта ...
Блоглар
23 сентябр 2020
Шуҳрат Қаюмов мен таниган, мен мулоқотда бўлган санъаткорларнинг энг яхшиси, маданиятлиси эди. У киши билан ...
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, ...
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...