Кўзқараш
7 октябр 2019

Маҳмуд Ражаб: Мен Нафосатга қайғудошман

Мен 10 кунлик қамоқдан уйга келган заҳотим интервью берганимда Шабнамнинг тақдиридан мутлақо бехабар эдим.

Менинг Шабнам ҳақида шу кунгача жимлигим изтиробдан, чорасизликдан. Бу ҳаётда ҳеч биримиз фаришта эмасмиз. Ҳозир менинг Шабнамдан ҳам, ИИБ ходимларидан ҳам хато ахтариш истагим йўқ, фақат ўз хатоларим ҳақида гапиришга ҳақлиман.

Мен эҳтиросга берилдим. Ким ютди, ким ютқазди, деган савол ўринсиз. Ақл билан иш қилинса, иккала томон ҳам фойда кўради, эҳтиросларга берилиб, хатога йўл қўйилса, иккала томонга ҳам зарар.

10 кунлик ҳибс менга 100 йиллик сабоқ бўлди. Мен виждонимга қарши бормаган ҳолда муроса йўлини танладим. Кема тешилганида қарама-қарши манфаатлар бирлашади.

Қариялардан эшитганим бир воқеа эсимга тушди. Хива хонлиги навкари бир маҳбуснинг қўлларини боғлаб Амударёдан олиб ўтаётганида қайиқ тешилиб, ичига сув кира бошлабди.

Навкар маҳбуснинг қўлларини ечибди. Улардан бири эшкак эшиб, иккинчиси лаган билан қайиқ ичидаги сувни дарёга тўкиб тургани оқибатида чўкишдан қутулиб қолибди. Саройга келиб бу воқеани хонга айтиб беришган экан, ҳаммалари муросага келиб, бундан буён тинч-тотув, аҳил яшашга аҳд қилишибди.

Ҳозирги вазиятда биз кемадаги маҳбус билан навкар аҳволидамиз, бир-биримизга ишонмасак, бир-биримизга қулоқ солмасак, ҳаммамиз бирга чўкиб нобуд бўлиш арафасида турибмиз.

Ҳозир мен Шабнамга қандай ёрдам беришни ўйлаб қийналяпман. Шабнамга кўрсатилажак ёрдам халқимизнинг, давлатимизнинг, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи барча виждонли ходимларнинг манфаатларига мос бўлиши керак.

Мен ўз ишим юзасидан ИИБ билан қонун доирасида бир қарорга келдим. Ҳозир менинг атрофимда “мелисага ишонма” дегувчилар кўп. Мен Аллоҳга таваккал қилиб, уларнинг ваъдаларини қабул қилдим. Агар янглишган бўлсам, пешонамдан кўраман.

Тўрт девор ичида ўтирган одам ўзини ўзи қутқармаса, уни ташқаридан туриб қутқариш амри маҳол. Ҳозирги ҳибсхона аввалги даврдагидан кескин фарқ қилар экан. Ҳеч кимни сотмасдан ҳам озодликка чиқиш мумкин. Буни мен ўз ҳаётим билан тасдиқлайман. Аммо олдимда ҳали суд жараёни турибди. Агар ана шу суд нисбий даражада бўлса ҳам одил ҳукм чиқарса, бутун дунёга жар соламан. Буёғини энди келажак кўрсатади.

Шабнам синглимга ва унинг яқинларига чин дилдан қайғудошман. Неки хатоси бўлса, Аллоҳ ҳам, қонун ҳам кечирсин! Тез кунларда муроса йўли билан озодликка чиқиб, кутаётганлари билан дийдорлашиш насиб этсин!

Маҳмуд Ражаб,
2019 йил 7 октябрь.

Тағин ўқинг
27 сентябр 2017
27 сентябр куни транспорт прокуратураси талаби билан Яшнаобод туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган ёзувчи Нурилла Отахонов (Нуриллоҳ Нуруллоҳ ...
12 апрел 2016
Бугун Eltuz.com сайти Ўзбекистоннинг оғриқли муаммоларидан бири, ўзбек сўмини ҳорижий валютага айирбошлаш масаласини акс эттирган рассом Элсеварнинг ҳажвий расмини ...
9 март 2018
Ўтган ўн беш кун ичида Ўзбекистонда Рашид Қодировнинг ҳибсга олиниши ортидан прокуратура тизимидаги коррупционер амалдорларнинг бирин-кетин ушланиши кузатилди. Жумладан, ...
6 май 2016
Ўзбекистон нашрларида журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари рўйхати эълон қилинди. Нашрлар бу журналистлар совринни нима учун олганига ...
Блоглар
16 октябр 2019
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин олиб қўйилган ижодий фаолият учун лицензиясини «Ўзбекконцерт» 16 октябрь ...
7 октябр 2019
Мен 10 кунлик қамоқдан уйга келган заҳотим интервью берганимда Шабнамнинг тақдиридан мутлақо бехабар эдим. Менинг ...
7 октябр 2019
Мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган хоразмлик блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукурованинг отаси Болтабой Оллошукуров қизининг соғлом ...