Кўзқараш
9 март 2020

Хоразм тарафдан эсди шамоллар…

1965 йилнинг 8 марти. “Хоразм ҳақиқати” газетасининг биринчи варағида оқ халат кийган врач аëлнинг янги туғилган чақалоқни осмонга кўтариб турган тасвири биринчи саҳифада чоп қилинди.

Тасвирдаги бола менинг укам Қудрат Бобожон эди.

Қудрат туғилибоқ матбуот билан юзлашди.

Ўша пайтда отам ва онам Хоразм телестудиясида ишлар эди. Қудрат улкан ТВ студиянинг даҳлизларида ўйнаб катта бўлди.

Уйда марҳум филолог аммамдан қолган каттагина кутубхона бор эди.

Шекспир, Бальзак, Мопассан, Толстой ва Достаевский асарларини олдин мен, кейин эса укам Қудрат “ўқиб туширар” эди.

Бошқа болалар ланги¸ чиллик¸ ҳўққа ва карта ўйнаса, Қудрат билан мен бошқача ўйинларни ўйнар эдик.

Шаҳар ҳовлимиз тўрида ўн мингча пишиқ ғишт тахланиб турар эди.

Биз бу ғиштларни қайта тахлаб, қўрғон ҳолига келтирдик.

Бу қўрғоннинг ичини “Қуëш болалар республикаси”¸ “ҚБР” дея эълон қилдик. Бу республиканинг илк президенти ҳам ҚБР, яъни Қудрат Бобожон Ражабўғли эди.

Бу мамлакатнинг ўз алифбоси¸ ўз байроғи ва мустақил телефон алоқа тизими бор эди.

Бу утопист Томмазо Кампанеелланинг “Қуëш шаҳри ва Форобийнинг “Фозиллар шаҳри” китобини мутоала қилган ва киночи Геннадий Полока тарафидан 1966 йил суратга олинган “Респу́блика ШКИД” ни томоша қилган икки бола ўйлаб топган сиëсий ўйин эди.

Масалан, шу кунларда Сорос жамғармаси мана шундай сиëсий ўйинларни болалар учун ташкил қилиб туради.

Кейинчалик машғулотларимиз икки турга айрилди. Мен расм чизишга берилдим, Қудрат эса шеър ëзишга.

Қудратнинг илк “шеър”и уруш ҳақида эди:

«Каравотлар тахтадан.
Дарахтлар синиб ëтган
Уруш бошланди бирдан…»

Кейинроқ Қудрат шеърият билан жиддий шуғуллана бошлади. ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирди.

Бу орада Қудрат армияга кетди.

Бугун укам Қудратнинг 1983 йил ëзган шеърлари ëдимга туша бошлади.

Қудрат бу шеърларни Совет армияси окопларида махорка қоғозга ëзган эди.

Армияга уни кўришга борганимда мендан бериб юборган. Мен бу қоғозларни Рауф Парфига кўрсатдим. Устоз ўз қўллари билан оқ йўл ëзиб, «Шарқ юлдузи» журналида босилиб чиқишига ëрдам берган эди.

Мана ўша оддий аскар Қудрат Бобожоновнинг окопдаги шеърлари:

Очкўз менинг кўзларим жуда.
Кўзларингдан оч қолди улар.
Улар энди беҳуда кулар.
Улар энди йиғлар беҳуда.
Ишим бордир ўша оҳуда.

Яна йиғладингми дардкашим шабнам.
Шу қисқа умрингда қайдан ғам.
Сенинг умринг каби шеърим ҳам.
Шабнам шеърим кўзларингни арт.

Бугун менинг иродам янгилайди совутин.
Ортмоқ учун елкага муҳаббатнинг тобутин.
Бормоқ учун то қабргача бетиним
Бугун менинг иродам янгилайди совутин.

Шеърларимдан воз кечдим бугун
Кўкка ўрлаб қоғозлар ëнди.
Бахт-ку ахир шеърга ўт қўйиб
Сокингина севишмоқ энди.

Хоразм тарафдан эсди шамоллар
Елканлар елкамга қўйдилар қўлин.
Хоразм тарафга кетди бетизгин,
Менинг соғинчларим бир кема бўлиб.

Шуҳрат Бобожон

«Oзодлик» радиоси журналисти

Тағин ўқинг
31 январ 2022
Туркияда исломий экстремистлар билан яқин  алоқага эга ўзбек томонидан бошқариладиган жиноий тармоқ турли давлатларнинг паспортлари ниқоби остида 15 000 долларгача ...
16 декабр 2023
Урганчдаги «Авесто» музейида эрамиздан аввалги минг йилликларни кўрган тош дарахти сақланмоқда. Тошга айланган дарахт қолдиқлари дунёнинг турли ҳудудларида сақланган ...
19 июн 2017
Президент Мирзиёев 13 июн кунги йиғилишида судьяларнинг порахўрлигини кескин танқид қилди. «Дўкон эмаску бу, бир соатда юз доллар, икки ...
21 март 2016
Хусусан, газетада эълон қилинган “Ахборот қуроли қачон ва нима мақсадда қўлланилади?” сарлавҳали мақолада “эндиликда жамики зиддиятлар ахборот қуроли ёрдамида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...