Вақт машинаси
12 апрел 2024

Абдулҳамид Чўлпон. Миллат ва эрк куйчиси

Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгач, табийки, рус миллатига мансуб аҳоли ҳам Туркистон ҳудудларига кўчириб келина бошланди.

Мустамлакачилар ҳеч қачон рус ва маҳаллий аҳоли орасидаги яқин ва узоқ келажакдаги ихтилоф, тўқнашувлар бўлиши эҳтимолини назардан қочиришмаган.  Туркистоннинг кўп миллионли халқи бирлашса, бу ердаги этник озчилик саналган русларга қийин бўлиши табиий эди.

Шу боис Чор Россияси Туркистондаги рус аҳолиси келиб жойлашган ҳудудлар атрофига арман жангари гуруҳлари – дашноқларни келтириб жойлаштирган эди.

Миллат эркини куйлаган Чўлпон айнан Андижоннинг большевик дашноқлар томонидан база қилинган ҳудудида дунёга келади.

“Вақт машинаси” рукни остидаги навбатдаги ҳикоямиз 1938 йили советлар ҳукумати томонидан қатл этилган Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва қисмати ҳақида.

Шоирнинг ёшлиги

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йил 5 октябрда Андижон шаҳрининг Қоратерак маҳалласида дунёга келган.

Чўлпоннинг отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли замонасининг илғор одамларидан, ниҳоятда зиёли киши эди. Савдогар бўлса-да, “Расво” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзиб турарди.

У ўғли Абдулҳамиднинг ўқимишли одам бўлишини орзу қилган. Шунинг учун Чўлпоннинг болалигидан илм олишида бор сармоясини аямаган.

Чўлпон дастлаб мадрасада фалсафа, мантиқ, тарихни ўрганади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Умар Хаём асарларини ўқиб ёд олади.

Чўлпон ҳам Қодирий каби ўша даврнинг илғор таълим тизими бўлган рус тузем мактабида ўқийди. Рус тилини ўрганиб, рус ва жаҳон адабиёти билан танишади.

Пушкин, Достоевский ижоди Чўлпонни ўзига мафтун қилади. Жадидлар ҳаракати асосчиси Исмоил Гаспиринский ва турк дунёси намояндалари ижоди билан танишгач, дунёқараши шаклланади. У мазлум Туркистон халқлари қисматини бор бўйи билан ҳис қила бошлайди.

Чўлпон ўн тўрт ёшидан жиддий шеърлар ёзган. 15-16 ёшида “Маорифпарвар бобомиз Исмоил Гаспиринский ҳазратлари ҳақида таьзиянома” асарини қоралайди.

Ўша даврдаги жадидлар чоп этаётган энг машҳур газета – “Садойи Туркистон”да “Адабиёт надур”, “Доктор Муҳаммадёр” номли мақолалари чиқади. Туркий назм осмонида янги юлдуз порлаб келмоқда эди.

Беҳбудий, Авлоний, Ҳамза, Фитрат, улуғ ҳинд мутаффакири Робиндранат Токур асарларидан руҳланган Чўлпон миллат келажагини, унинг истиқболларини кўра бошлаган.

Ёш бўлишига қарамай, 1917-1918 йилларда Бошқирдистон ҳукумати раисига котиблик қилади.

1919 йилда Фарғонага келиб, “Янги шарқ” газетасига ишга киради. 1921-22 йилларда “Ахбори Бухоро” газетасига муҳаррир этиб тайинланади.

Сўнгра Андижондаги “Дархон” газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. Туркистон мухторияти ва миллий озодлик ҳаракатлари тор-мор қилингани ёш шоирни чуқур изтиробга солади. Буни Чўлпоннинг ўша даврда яратган асарларидаги тушкун кайфиятдан ҳам сезса бўлади.

Туркистонда истибдод ҳаддан ошган давр

Чўлпоннинг ёшлиги, аввалига Чор Россияси истибдоди, Туркистон мухториятининг тугатилиши ва кейинчалик большевиклар зулми ҳаддан ошган зиддиятли даврга тўғри келди. Афсуски, Чўлпоннинг айни зиддиятли ҳолатлар акс этган қўлёзмалари НКВД босими остида йўқ қилингани айтилади.

1898 йилнинг май ойида Андижонда машҳур Дукчи эшон қўзғолони бостирилгач, рус босқинчиларининг миллий исёнлардан хавотири янада ошди. Юқорида қайд этганимиздек, мустамлакачилар эндиликда русларга қалқон бўладиган воситани ўйлаб топиши керак эди. Шундай восита сифатида арман халқи танланиб, Ўрта Осиёга кўчириб келтирила бошланди.  Мустабид чоризм, тўғрироғи, рус шовинизми арманлардан кардон, яъни ўзига тўсиқ сифатида фойдаланмоқчи эди.

1910 йилда рус армияси генерал-майори Б.Литвиновнинг ёзишича, Рус армияси ортидан келтирилган арманилар Туркистон бозорларига суқилиб кириб, маҳаллий ҳунармандлар – этикдўзлик, соатсозлик, сартарошлик, мебелсозлик ва бошқа кўплаб сердаромад соҳалардан сиқиб чиқара бошлайди. Ҳатто Самарқанд яҳудийларидан заргарлик, тилла ва қимматбаҳо металлар савдосини ҳам ўз қўлларига олиш ҳаракатига тушадилар.

Албатта, буларнинг барчаси чор Россияси ҳукуматининг бевосита йўриғи ва ёрдами билан бўлади. Арманлар Туркистонда бемалол ўз черковлари, диаспоралари, мактабларини ташкил қилишади.

Арман бойлари Тошкент, Андижон, Қўқон, Фарғона, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларда маиший хизмат, вино ва спиртли ичимликлар савдоси, ресторан тижорати, пахта тозалаш заводлари, совун ва атторлик каби энг сердаромад соҳаларни секин-секин қўлга ола бошлайдилар.

1913 йили Туркистондаги арманилар сони 3292 нафар эди. Энг қизиғи, арман кварталлари рус ва маҳаллий ўзбек аҳоли пунктлари орасига форпост каби жойлаштирилганди.

Мухториятга қарши дашноқларнинг оёқлантирилиши

1917 йилда Туркистон мухторияти тузилиб, большевикларнинг Ўрта Осиёдан мосуво бўлиши истиқболлари кўриниб қолди. Чор Россияси мустамлакачилик сиёсатининг узвий давоми бўлган большевизм Туркистон халқларига, айниқса, ўзбек миллатига қарши айнан ўша форпостдан, яъни арман миллатчиларидан фойдаланишга қарор қилади.

Биринчи жаҳон урушида Россия тарафида туриб урушган арманларни Усмонийлар қирғин қилгандилар. Буни қаранки, бу қирғин тўловини бошқа туркий халқлардан арман миллатчилари қўли билан олмоқчи бўлишди.

Шундай қилиб, ашаддий арман миллатчилари иштирокида “Дашноқцутюн” экстремистик жанговар партияси тузилади. Буни қарангки, большевиклар Туркистон ҳукумати тепасига келган куннинг эртасигаёқ, барча касбдаги арманлар бирданига большевикларга айланиб қолишади.

Большевиклар дашноқлар ёрдамида Қўқонда Туркистон мухториятини қонга ботиришади. Қўқон, Андижон, Ўш, Жалолобод шаҳарларида Туркистон мухториятига мутлақо алоқаси йўқ бегуноҳ маҳаллий аҳолини қирғин қилишади.

Улар Қўқонда ёш гўдаклару қарияларни ҳам аямай ўлдирдилар. Қиз-жувонларни зўрладилар. 1918 йил 18 декабрда Хонул қишлоғидаги аёлларни гўёки ўлжа сифатида Андижон қалъасига ҳайдаб келиб, бир неча кун зўрлайдилар. Бозорқўрғонда эса қабристонга бостириб кириб, жаноза ўқиётганларни ваҳшийларча ўлдирадилар.

Туркистон мусулмон комунистлари бюроси бошлиғи Турор Рисқулов 1919 йилда совет раҳбарларини дашноқларнинг туркий халқларга қилган ва қилишда давом этаётган манфур жиноятларидан хабардор этади.

Турор Рисқулов дашноқлар қилган барча жиноятларни ҳужжат ва далиллар асосида исботлаб беради. Дашноқларнинг бу жиноятлари марксизм, коммунизмнинг олижаноб ғоялари соясида бўлаётганига шаъма қилади.

Ниҳоят большевиклар агар дашноқлар хунрезлигини тўхтатмаса, бутун Туркистон халқлари уларга қарши оёққа туриши мумкинлигини тушуниб етади. 1919 йилнинг 25 май куни Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси арман миллатчиларини, умуман, арманларни қизил армия сафларидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди.

Большевикларнинг иши битган эди, улар дашноқлар ёрдамида Туркистон мухториятини тор-мор қилишганди. Эндиги курашда дашноқлар уларга фақат зарар келтириши мумкин эди.

Эндиликда большевиклар янада маккор сиёсат юритиб, туркийлар ичидан чиққан хоин, адашган ва лақмалардан фойдаланишни мақсад қилишганди.

Шу ўринда большевиклар кейинчалик арман халқи вакилидан халқимизга қарши яна бир марта фойдаланганини эслатиб ўтиш ўринли. Балки бу тасодифдир, аммо 80-йиллардаги “ўзбеклар иши” номи билан аталадиган қатағонларга бош қилиб яна бир арманни – Телман Гдлянни юборишганди.

Чўлпоннинг Москвадаги ижоди

Абдулҳамид Чўлпон ижоди ва фаолияти ҳам бошқа жадидларники каби большевиклар эътиборидан четдан қолмаганди. 1923 йилда шоир ва адиблар иштирокидаги йиғилишда миллат хоинлари Чўлпонга ҳужумга ўтадилар. Айниқса, кейинчалик Абдулла Қодирий ва бошқа миллат ойдинларини НКВД жаллодларига ёзиб берганларнинг бири бўлган Олим Шарафиддинов уни қаттиқ қоралаб чиқади.

У Чўлпонни йўқсил камбағаллар эмас, буржуа шоирлигида айблайди.

Чўлпон мажлисни ташлаб чиқиб кетади. Аммо кейинроқ, ўз оиласи, яқинларини тақдирини ўйлаб, тавба-тазарру қилади. Большевиклар мафкурасини тарғиб қиладиган шеърлар, мақолалар ёзади. Аммо Чўлпоннинг бу асарлари ҳам худди Қодирийнинг “Обид кетмон”и сингари халқ кўнглидан жой олмаслиги аниқ эди. Чунки бу мажбурий, сохта адабиёт эди.

Чўлпоннинг душманлари, яъни большевизм малайлари тантана қилмоқда эди. Улар Чўлпонни очиқдан-очиқ масхара қила бошлашади. Шунда Ўзбекистон раҳбарларидан бири, асли жадидлардан бўлган Файзулла Хўжаев Чўлпонга ёрдам беришга қарор қилади.

У Чўлпонни Москвадаги Ўзбек театр студиясига раҳбар қилиб йўллайди. 20-йиллар Москвада фаолият юритган бу театрда кейинчалик Аброр Ҳидоятов, Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Сора Эшонтўраева ва бошқалар ижод қилишган. Шубҳасиз, санъатимизнинг бу намояндалари қайсидир маънода улуғ Чўлпоннинг шогирдлари ҳам эдилар.

Чўлпон Москвада эркинроқ ижод қилади. Қаранг, у ўз ватанида бундай қила олмаганидан кўринадики, сталинизм қатағонларида, асосан, ўзимиздан чиққан миллат хоинлари роли кўпроқ бўлган экан-да демак.

Машҳур “Чингизхон” тарихий романи муалифи Василий Григоревич Ян ўз ижоди учун Чўлпондан кўп маслаҳатлар олади. Чўлпон ўзи раҳбарлик қилаётган театрда Гоголнинг “Ревизор” асарини таржима қилиб саҳналаштиради. Шунингдек, “Маликаи Турондот”ни ҳам Чўлпон таржима қилган.

1936 йилда Чўлпоннинг шоҳ асари “Кеча ва кундуз” босилиб чиқади. Бу асар моҳияти ҳалигача тўлиқ ўрганилгани йўқ. Чўлпон бу буюк асарида Россия империализмининг Туркистондаги мақсадларини, унинг асл башарасини, кучли ва заиф томонларини очиб беради.

Чўлпон ўша ўттизинчи йиллардаги қўрқинчли даврда, албатта, ҳамма фикрини очиқ айта олмагани табиий. Лекин буюк адиб мустамлакачи чоризм ва большевиклар ўртасида унчалик катта фарқ йўқлиги, у билан қандай курашиш мумкинлиги, бу кураш йўлларига ишора қилади.

Халқининг келажаги айнан жадидлар билан бирга бўлишда эканига урғу беради. Асар қаҳрамонларидан бири, ақлли, тадбирли Мирёқуб айнан маърифатчи жадид Шарафуддин Хўжаев билан танишгачгина дунёқараши тубдан ўзгаради. Чўлпон бу билан айнан Мирёқубга ўхшаган одамлар миллатни бошқара олишига ишора қилади.

Хотинбоз, маишатпарвар, аммо ақли калта Акбарали мингбошига ўхшаган одамларни ҳам миллат фойдасига айнан Мирёқубдай кишилар бура олишига ишонади.

“Кеча ва кундуз”да Чўлпон миллатнинг фожеасини кўрсата олган.

Яна бир асари – “Қор қўйнида”да ҳам, “Кеча ва кундуз”да ҳам Туркистон халқларини жамият тараққиётида ортга тортиб келаётган чиркин одатларимизни фош қилади. Диний уламоларнинг каззоблиги, пасткашлигини, бойларнинг ўз нафсидан бошқасини кўра олмайдиган баднафслар эканини фош қилади. Шу чиркин одатлар туфайли Зеби сингари ёш қизларнинг умрини хазон қилаётган оталар фожеасиниакс эттиради.

Кўпчилик мутахассислар “Кеча ва кундуз”нинг биринчи қисми ёзилган, иккинчи қисми ҳам ёзилган бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Менимча, Чўлпон буюк асарининг иккинчи қисмини ёзишни истамаган. Ёки ёзсаям йўқ қилган бўлса керак. Чунки, Сталин қатағонлари борган сари исканжа олиб келмоқда эди.

Шу йилларда Чўлпон кўпроқ таржима ишларига берилади. Оренбург, Москвада ишлайди. Лоҳутийнинг “Европага саёҳат”, Пушкиннинг “Дубровский”, “Борис Годунов”, Горькийнинг “Она”, “Егорь Буличев”, Шекспирнинг “Гамлет” асарларини таржима қилади.

Чўлпон Солиҳа исмли аёлга уйланган бўлиб, ундан фарзанд кўрмаган эди. Умрининг катта қисми Россияда ўтаётгани учун Екатерина Ивановна деган аёлни никоҳлаб олади.

Чўлпон бежизга ўз асари қаҳрамони Мирёқубни рус аёли билан учраштирмаган эди. Бу образнинг баъзи қирраларида Чўлпон ўз тақдирини кўргандай гўё.

Чўлпоннинг умри охирлаб келаётганди. Буюк адиб ўзи ва миллатимизнинг мудҳиш келажагини олдиндай сезгандек, ўз асарлари қаҳрамонлари тилидан гапиради.

Масалан, “Жаҳолат қурбони” асари қаҳрамони Эшмурод: “Биз одам бўлмаймиз, битамиз, инқироз бўламиз, оҳ жаҳолат, битдук, битдук, ўлдук, тирилмаймиз”, дейди.

Миллатнинг ҳозирги аҳволини кўриб, Чўлпон нақадар ҳақ бўлган экан, деб ўйлайман:

На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт,

Кўзимда оғир бир таслим нури бор.

Эй ўтли кечмишим, юзингни беркит,

Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.

Иблислар даври

Достоевский башорат қилган иблислар даври келганди. 1937 йил Чўлпон бошқа жадидлар, миллат ойдинлари каби НКВД махсус учлиги буйруғи билан қамоққа олинади. Аксилинқилобчилик, буржуазия адабиётини тараннум қилганлик, ғарб хуфияси ва яна алламбало тутуруғи йўқ айбловлар билан айбдор деб топилади.

1938 йил 5 октябрда замонавий ўзбек поэзияси асосчиси, шоир, ёзувчи, драматург, ношир ва ажойиб инсон, миллатимизнинг гули бўлган Абдулҳамид Сўлаймон ўғли Чўлпон Тошкент шаҳрида НКВД жаллодлари томонидан отиб ўлдирилди.

Абдулҳамид Чўлпон ҳам 50-йилларга келиб коммунистлар томонидан оқланади. Лекин уни сотган хоинлар ватанимиз адабиётини бошқараётган одамлар эдилар. Улар Чўлпоннинг адабий-илмий меросини ўрганишга йўл қўймайдилар ёки қўрқадилар.

Хуллас, 80-йиллар охирларигача Чўлпоннинг асарлари босилмай, ўрганилмай қолиб кетаверди.

Фақатгина 80-йиллар охиридагина бир гуруҳ ўзбек зиёлилари, айтиш мумкинки, янги жадидлар Чўлпон меросига эътибор қаратишади.

Чўлпонга ҳайкал ўрнатилди, кўплаб жой номлари Чўлпон номига қўйилди, йирик нашриёт ҳам Чўлпон номидалиги албатта қувонарли. Аммо Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодига бағишланган йирик асарлар, тарихий мақолалар, бадиий фильмлар яратилмади ва ҳалигача яратилмай келинмоқда.

Бунинг сабаби нимада экан, деб ўйлайман баъзан. Балки бу Шарафиддиновлар, Абдураҳмоновлар, Юсуповлар, Сегизбоевлар авлодлари ҳамон эгарда қолишаётганидандир.

Cултон Сегизбоев – миллатнинг яна бир жаллоди

Миллат ойдинларини қатағон қилишга бош қўшганлардан яна бири Султон Сегизбоев билан танишсак.

Сегизбоев НКВД махсус учлик гуруҳи аъзоси сифатида Чўлпон, Қодирий ва бошқа ойдинларимизни ҳибсга олишга фармон берган бош жаллодлардан биридир.

Султон Сегизбоевич Сегизбоев 1899 йилда Тошкент уезди Жағалбайли овулида туғилади. Сегизбоев рус чоризмига қарши 1916 йилги қўзғолонда иштирок этган.

Сегизбоев миллий озодлик ҳаракатида қатнашган бўлса-да, жадидлардан эмас эди. Жадидларда бор бўлган илм ва дунёқараш унда йўқ эди. Бундай курашчилар большевиклар мафкураси асирига айланиши осон эди.

Сегизбоевга большевиклар ҳаракати маъқул келади ва улар сафига киради. Бундай ташкилотчи, етакчилик қобилияти бор, партияга содиқ одамлар большевикларга ҳаво ва сувдек зарур эди.

Султон Сегизбоев каръераси инқилобнинг дастлабки йилларидан юксала бошлайди. 1918-1919 йилларда Оққўрғон коммунистлар (большевиклар) партияси волост қўмитасига раис бўлади.

1921 йилда Кронштадтда большевикларга қарши кўтарилган қўзғолонни бостиришда қатнашади. Айнан ўша ерда большевикларнинг террор усулларини кўради ва ўрганади.

1923 йилда Фарғона вилояти КП(б)нинг масъул котиби. 1924 йил Тошкент уезди партия марказий қўмитасида тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири ўринбосари.

1925 йилда Украинага ишга ўтказилади. Сторобельск округи компартиясида инструкторлик қилади. 1928-30 йилларда йирик партия арбоблари ўқийдиган қизил профессура институтида таҳсил олади.

1930-32 йилларда Ленин номидаги СССР Фанлар академияси ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги бўлимининг Ўрта Осиё филиалига директорлик қилади.

СССР Халқ комиссарлари ишчи-деҳқонлар инспекциясининг пахта-ирригация қўмитаси раҳбари. 1932-34 йиллари асли келиб чиқиши қозоқлардан бўлган Сегизбоев Қозоғистон ВКП (б)си ташкилий инструкция бўлимига раҳбарликка тайинланади. 1934-37 йиллари Қозоғистон ВКП (б) ижроия қўмитасида қишлоқ хўжалиги бўлими раиси.

Шу ўринда айтмоқчиманки, Юсупов, Сегизбоев сингари одамлар нафақат миллат ойдинларини йўқ қилишда роль ўйнадилар. Улар келажакда Кремль манфаатини кўзлаб Туркистоннинг ҳосилдор ерларини, Орол денгизини қуритишда жонбозлик кўрсатишди.

Шу йўлда улар Ўрта Осиё мелиорацияси ва тупроғидан фойдаланиш истиқбол режаларини ишлаб чиққан ва кўрсатма берган шахслар эдилар.

1937 йилда Султон Сегизбоев Шимолий Қозоғистон области ВКП(б) қўмитасининг биринчи котиби.

1937-38 йиллар, қатағон даврида Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раиси.

Бироқ, кўплар қатори советларга қулларча хизмат қилган Сегизбоевнинг ўзи ҳам 1938 йил охирида ҳибсга олинди ва тергов учун Москвага олиб кетилди. 1939 йил 25 февралда у НКВДнинг собиқ раҳбари Ежов хатолари иштирокчиси сифатида қатл этилди.

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
1 октябр 2016
Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йил 18 ёшга етмаган болалар пахтага чиқарилганини eltuz.com ўз манбалари ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, кўча супураётган, тезак, қоғоз, ...
22 май 2018
Таниқли ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов Туркияда ўтган «Сув – ҳаёт» халқаро танлови совриндори бўлди. 22 май куни «Элтуз» мухбирига ...
1 феврал 2021
Давлат хавфсизлик хизматининг 7-бўлинмаси собиқ тезкор ходими Шерзод Ҳаитов декабрь ойининг биринчи ярмида ДХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Бу ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...