Асосий мавзулар
4 август 2020

“Буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак…

Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, деб ўйлайман. Бунинг сабабини тушунтиришга уриниб кўраман.

“Буюк аждодлар” риторикаси совет тарихчилиги ва ташвиқотидан қолган парадигма. У ҳақиқатни бус-бутун акс эттирмаслиги баробарида миллатга ва миллатчиликка эски ёндашувларни акс эттиради. Битта миллат ичидаги ҳамма одамлар бир кишининг генетик авлоди эмас, шундай экан, машҳур тарихий шахсларни “буюк аждод” деб аташ унчалик тўғри бўлмайди. Миллатга ва тарихга бу нуқтаи назардан қарашнинг заифлиги баъзи муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, бир танишим “Мен Амир Темурнинг авлоди эмасман”, дейишни, умуман, Темурнинг ўзбекларга алоқадорлигини шубҳа остига олишни, “бу ёлғон аждод”, дейишни яхши кўради. Яъни юқоридаги парадигманинг заифлигидан келиб чиқиб, бутун миллат концепциясини ва тарихини шубҳа остига олиш мумкин. Юқорида келтирганим – бир ўзбекнинг ўз келиб чиқишига қараб айтган андишалари. Идеологик курашда бу аргументдан янада кенгроқ фойдаланилади ва янада каттароқ хулосалар қилинади. Демакки, “буюк аждод” концепцияси ёрдамида тарихини янада ёрқинроқ қилишга уриниш аслида миллатнинг асосини заифлаштиради, унинг бутунлигини ва ўтмишини шубҳа остига олиш имконини беради.

Бугунги кунда деярли барча илмий қарашлар тан оладики, миллат қариндошлик бирлашмаси эмас. Миллат генетик жиҳатдан турлича келиб чиқишга эга одамлардан ташкил топади. Менимча, ҳеч ким ҳамма миллатдошларини қариндош деб ҳисобламаса керак (агар шундай ҳисобласа, унда адашади). Албатта, агар чуқурроқ ковласа, ҳамма одамлар бир илдизга бориб тақалади, лекин қариндошлик категорияси фақат энг яқин илдизларни ўз ичига олади (шунинг учун “бутун инсоният ўзаро қариндош”, дейиш ҳам мантиқан хатодир).

Миллат – сиёсий бирлашма. Сиёсий бирлашмалар сиёсий воқеалар асносида шаклланади ва, аксинча, тарқаб кетади. Сиёсий бирлашув ортидан иқтисодий, ижтимоий, маданий, лисоний бирлашув ҳам юзага келади. Лекин бу бирлашув қўшимча ва шубҳали аргументларга муҳтож эмас. Умумий аждод қидириш миллат бирлигини орттирмайди, аксинча, уни сунъийлаштириб қўяди (чунки ҳамма учун умумий аждод топиш имконсиз).

Назаримда, элита ҳам, зиёли қатлам ҳам, халқ ҳам мана шуни тушунса ва қабул қилса, миллатини сиёсий бирлашма деб қабул қилса, ўтмишни ва бугунни тушунишдаги кўп муаммолар ҳал бўлади, шубҳа-гумонларга ўрин қолмайди. Ҳар бир одамнинг алоҳида, ўз аждодлари бор. Лекин аждодларинг ким бўлса бўлсин, бугун муайян миллат вакилисан ва унинг сиёсий ўтмишида роль ўйнаган шахсларни ўтмишдошинг, деб қабул қиласан. Мана шундай ёндашув, менимча, ҳақиқатга яқинроқ бўлади ва мустаҳкамроқ бирлашувни таъминлайди.

“Буюк аждод” термини ўрнига эса “буюк миллатдош” ёки “буюк ватандош” каби атамаларни ишлатиш мумкин. Бу балки этник бўлинишни ҳам бартараф этиб, чинакам миллат тушунчаси ҳосил бўлишига ёрдам берар.

Элдор Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
7 феврал 2019
Тошкентда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 февраль куни “Буюк келажак” ташкилоти ташаббуси билан “Ўзбекистан-2035” иккинчи халқаро форуми ўз ...
19 март 2019
Майли, бошлаб қўйдим энди, мен ҳам хайпни давом эттирай. Қозоқларда уруғчилик тизими бугунги кунга қадар яхши сақланиб қолган. Уруғ ...
14 август 2020
Яна ҳафта айланиб сиз билан юз кўришиб турибман. Мағрурсиз, масрурсиз  ва орангизда севгидан мажнун, ҳаëтга мафтун кишилар бор. Фақат ...
14 январ 2020
2001 йили Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш бўлади. Бироқ Норвегия ҳукумати ва Солиҳнинг дўстлари саъй-ҳаракатлари билан бунинг олди ...
Блоглар
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз ...
25 феврал 2021
Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб ...
17 феврал 2021
Ҳали газга ўтилмаган ёнилғи сифатида фақат бензиндан фойдаланиладиган вақтлар эди. Бензин эса автомобилларга ёнилғи қуйиш ...