Асосий мавзулар
27 январ 2021

Қандай омон чиқдик даҳшатли қишдан?!

Дарвозани тамбаламаган эканман. Чироқ йўқ эди. Ўрнимда чўзилиб, кўзимни юмиб ётгандим. Тўсатдан ҳовлимдан аёлларнинг бир-бири билан гаплашган овози эшитилди ва ёшроқ аёл «амаки», деб чақирди.

Ким экан у бемаҳалда келган, деб фонарни олиб ташқари чиқдим. Ҳовлида, айвонга яқин жойда иккита аёл ҳамда ўн-ўн бир яшар болага кўзим тушди. Мен кўрган аёллар зинадан айвонга кўтарилди ва «Биз келдик. Мени танидингизми. Гулбаҳорман», деди олдинроқдаги аёл.

Аёлнинг юзига фонар ёқдим. У яна: » Гулбаҳорман!» деди. Аёл тўлача, юзи гўшдор ва кўзлари кичик эди. «Қайси Гулбаҳорсиз. Танимадим», дедим.

«Дадам билан илгари қурилишда бирга ишлагансиз. Менга беш йил илгари моддий ёрдам учун ҳоким номига ариза ёзиб бергандингиз. Далангизга бир-икки марта ишлагани келганман. Энди эсладингизми? деб дадасининг исми ва қишлоғининг номини айтди.

Ниҳоят, аёлни ва анча йил бурун вафот этган дадасини эсладим. Гулбаҳорнинг дадаси бир ёш фарқ билан тенгдошим эди, бечора ишлаб турган жойида миясига қон тепиб ўлганди.

«Нима гап? Яхши юрибсизми? Сиз, адашмасам, тўқай томондаги чекка қишлоққа турмушга чиқиб кетгандингиз. Нима гаплар, дедим.

– Эрим икки марта жигаридан операция бўлди, жигарининг ярми йўқ. Инқиллаб зўрға юради. Ишлаёлмайди. Мен ишлай десам, қишлоқда иш йўқ. Шаҳар узоқ. Маҳалла раисига кирсам, ёрдам бермай, бошимни оғритма, деб ҳайдаб юборяпти. Қийналиб кетдик. Нажот йўқ. Ёрдам беринг, деб сизнинг ёнингизга келдик. Менинг номимдан ҳокимга боплаб, зўр қилиб ариза ёзиб беринг. Бечора бўлдим, ёрдам берсин. Мана, ўзим қоралама қилиб ёзиб келдим, шунга қараб зўр қилиб ёзиб беринг. Илгари бир марта боплаб ёзгандингиз,- деб аёл қўлимга қоғоз тутқазди.

Хаёлан ўйлаяпман: бу аёлга қандай ёрдам берсам бўларкан? Дадаси эрта ўлиб кетди. Онасиям ночор аёл эди. Энди эса эрининг жигари касал экан. Ўзи ишсиз. Ҳозир қиш бўлса, дала ишлари ҳам йўқ. Қишлоғи шаҳардан анча узоқ.

– Яхши, – дедим аёлга. – Сизнинг номингиздан ҳокимга ариза ёзиб бераман. Аризада нима деб ёзай? Қандай ёрдам сўрайсиз? Пулми? Ёки бошқа ёрдамми?

– Хом ғиштдан зўрға икки хонали пакана уй қурдик. Томини хашак билан ёпдик, холос, ҳали битмаган, барибир ўша ерда яшаяпмиз. Ҳоким уйимизни битиришга ёрдам берсин. Эрим ҳам ишга ярамайди. Дўхтирлар ногиронлик гуруҳига чиқармаяпти. Бор, анақа, деяпти. Эрим гуруҳга чиқса яхши бўларди, – деб тушунтирди аёл.

– Аризани ёзаман, сиз қўл қўясиз. Кейин аризани ўзим ҳокимликка топшираман. Иложи бўлса, ҳоким билан учрашиб, вазиятингизни тушунтираман. Худо хоҳласа, сизга ёрдам беришади, – деб аёлни умидлантирдим.

Ҳозир қиш. Ошинларга далада иш йўқ. Қишлоқ йигитларининг ярми уста, уларгаям иш йўқ. Қишда қийналган оила кўп бўлади. Иш йўқ. Пул йўқ. Чироқ йўқ. Газ йўқ. Пул бўлмагач, сифатсиз кўмир ҳам йўқ; овқатлар гўштсиз, қуруқ макарон; буйрак ва ўпка совуқда оғрийди.

Бунақа вазиятда ҳаёт кўзга бошқача кўринса керак. Ўзбегим, бардошинг темирдан, тошдан, Қандай омон чиқдинг даҳшатли қишдан?! Ташқари (ичкари ҳам) қоп-қоронғу, зулмат. Шамол ҳаммаёқни совитиб ташлади, ҳалиям тингани йўқ, ҳатто қалин қалпоқ остида бошим совқотди. Совуқ бир иш қилгани қўймайди.

Кун бўйи кўчага чиқдим, уйга кирдим, катта ҳовлига бордим ва кунни кеч қилдим. Бекорчиликдан ва зерикканимдан сигарет чекавериб ичим ачиб кетди. Шу тахлит бир амаллаб қишни ўтказяпмиз.

Ўтган йили бир маҳалладошим олд томонига » Россия. ЛДПР» деган ёзув битилган футболка кийиб олганини кўриб:

«Кўкрагингдаги ёзув маъносини биласанми?» деб сўрадим.

«Йўқ», деди у. «ЛДПР Жириновский деган сиёсатчи партиясининг қисқарма номи. Жириновский доим бизларни» баран» деб камситади. Кийма бунақа кийимни», дедим.

«Нима бўпти партия номи бўлса. Футболка ёқди, кийиб юрибман», деди. » Одамда орият бўлиши керак!» дедим.

Боя интернетда ўқидим: Тошкентда » Ташкент, 1867″ деган номда ароқ чиқаришяпти экан. 1867 – Черняев аскарлари Тошкент шаҳрини босиб олган йил. Қайси орсиз ўзбек ишлаб чиқяпти экан шу ароқни. Эртага ҳаммаларинг «1867» деб аталган ароқни ичиб кайф қиласизлар.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси эди

Тағин ўқинг
15 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солиҳ суҳбатининг давомида севимли аёли Ойдин хоним билан кечирган ҳаёти, бирга Исломни қабул ...
4 ноябр 2023
Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган X Factor халқаро телешоу ҳакамларидан бири Маданият вазири муовини Баҳодир Аҳмедовни ўзи ва ҳамкасбларига нисбатан ...
16 январ 2022
1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди. Шу куни мен ...
16 сентябр 2021
2019 йил ноябрда Лондонда нуфузли сармоядорлар йиғилиши бўлиб ўтди. У ерда халқаро молиячилар, дипломатлар ва тадбиркорлар Ўзбекистоннинг сиёсий ва ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...