Кўзқараш
12 май 2021

Юз тонналик бомба

Ёшликдан китоб ўқишга ўч бўлганман. Кўчада юриб кетаётиб ҳам китоб ўқиган пайтларим бўлган. Кутубхона энг севимли масканим эди. Шаҳарга борсам, албатта, китоб сотиб олардим. Кечаси ухламасдан китоб ўқиганларимни эслайман. Аммо мактабдаги адабиёт негадир мени заррача қизиқтирмасди, чунки у ерда мафкуралашган адабиёт ўқитилар эди. Майли, қизиғи бу эмас, энг қизиғи шуки, мен мансуб бўлган муҳит китоб ўқишга қизиқишни бирор бир истеъдод белгиси эмас, девоналик, бекорчи қизиқиш деб талқин қиларди.

Улғайиб, ҳаётни, дунёни, инсонни, ер юзидаги ўзгармас қонуниятларни танидим. Китоб ўқишни девоналик, кулгили телбалик дейдиган, ўқимишли инсонларни «прапессир» деб мазах қиладиган менинг халқим, миллатим ўз тарихини билмайдиган, онасини зўрлаган босқинчини ота деб ардоқлайлиган, эрксевар ўғлини ғанимга тутиб берадиган, қўлидан қора меҳнатдан бошқа иш келмайдиган, ёғийлар кўксига таққан медалдан фаҳрланадиган, адашган, ҳақ йўлдан чалғиган бебахт бир қавм экан.

Эй-й, нега ёшликда китобга муҳаббатимни девоналик, бекорчининг эрмаги деб ҳисоблагансизлар? Нега ёшликда қўлимга ҳақ сўзлар битилган китобларни тутқизмагансизлар?! Кўп китоб ўқисам қора меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолишимдан чўчиганмисизлар? Бу оламда қора меҳнатдан бошқа кун кўриш усули йўқ деб ўйлаганмисизлар?! Яна нималар деб маломат қилай?! Ўқимасанг, фикринг ўсмаса, ҳақиқатни билишга интилмасанг ўзинг яшаб турган тупроққа эга бўлолмайсан. Жаҳолат, билимсизлик айнан кўрликлир – ўзгалар етовида юришга мажбурсан.

Яна нима дей?! Мактабда ўқитувчилар «Яхши ўқи, яхши ўқи. Ўқимасанг эрта қийналасан!» дея кўп дакки беради. Бизлар эса ўқитувчининг гапига қулоқ солмаймиз, қандайдир физика, геометрия, математика деган фанлар нимага кераклигини идрок этолмаймиз. Мактабни битириб, ўз ҳаётимизни бошлагач, ўқимаган ва яхшигина ҳунари йўқ одам мардикорликдан, қора меҳнатдан бошқа иш тополмаслигини амалда кўриб, мактабда бизга ўқи деб насиҳат қилган ўқитувчиларимизни эслаймиз. Жамиятимиз бадиий ва илмий адабиётдан тобора узоқлашмоқда. Бундай узоқлашув оқибати жаҳолат, фанатизм ва қолоқлик бўлиши мумкин.

Қишлоқ ва шаҳарларда турли мавзудаги китоблар билан тўлдирилган кутубхоналар, ўқув марказларини ташкил қилинглар. Ҳозирги вазиятда жамиятимиз тараққий этмайди. Янги инсонни тарбия қилинглар. У чет тилини билсин, у дунё мамлакатлари маданиятидан бохабар бўлсин. Интеллекти баланд инсонни тарбияланглар. У диний ёки миллий маҳдудликка ўралашиб қолмасин. Бизлар феодал ўтмишга қайтмоқчи эмасмиз. Анови битта масал бор эди-ку. Овчи тулкининг думини кесиб ташлайди. Бечора тулки бошқа тулкилар орасида ноқулай аҳволга тушади: дум йўқ. Шундан кейин у шериклари орасида думсизликнинг қулай эканини, дум йўқ бўлса яшаш, ов қилиш осонлигини ёлғондакам тарғиб қилади, бошқаларни ҳам думидан воз кечишга даъват қилади.

Шу кунларда тил масаласидаги баҳсларни ўқиб, думсиз тулки масали ёдимга тушди. Она тилимиз зарарига овоз берган ўзбексимон депутатлар, «дум»ларинг кесиклиги иллат ҳисобланади, фазилат эмас, «дум»сизликни тарғиб қилманглар, сизлар ишонган поезд кетиб бўлган, сизлар суянган катта толлар кесилиб кетди. (Думинг кесилиб авратинг ҳам кўриниб қолибди-ку, тулки, ташқаридан жуда хунук кўриняпсан. Ҳе, уруғинг қурисин, айёр тулки). Фикрламасам, кўнгил кечинмаларимни ошкор этмасам, қўтир дунёга нафратимни билдирмасам, баъзан куюнганимни, баъзан суюнганимни намоён этмасам, бетим безга, кўзим пўстакнинг йиртиғига айланса, хўш, ўшанда яхши одам, намунали инсонга айланаманми?

Ўзимдаги тириклик аломатларини батамом йўқотсам, қалбимга қулф уриб, ақлимни сукутга ҳибс этсам, хўш, айтинг-чи, рисоладаги инсон ҳисобланаманми? Космик кема топиб беринглар, ана, ойга кўчиб кетаман. Наҳангга айланиб океанга шўнғисам ҳам бўлаверади. Яхшиси, ишқ дардимни бошимга алам айлаб саҳрога жўнасам-чи. Балки саҳрода Мажнун ила танишиб дардлашарман. Машраб бўлгим келар, Мансурдек ўлгим келар.

Итга айланиб, шаҳар ташқарисидаги ахлатхона томон югурсаммикин. Ачиган, қолдиқ луқмалар керагича бор у ерда, қорин ғамидан қутуламан. Думи ва тумшуғи майин жуфт ҳам топилиб қолади… Ахлат уюмлари орасида «Қайда экан менинг насибам», деб увлайман. Тоғдай бадбўй ахлатлар ортидан излаганим ҳам увлайди: «Шу ердаман, севгилим» .

Севгилим у томондан, мен бу томондан ахлат тоғларига кўтариламиз, энг чўққида кўришамиз, бир-биримизни ҳидлаб, дум ва бўйинларимизни суйкалаштирамиз, бундан қалбимиз қувонади. Кун бўйи тумшуғи узун ва туксиз севгилим билан ахлатзорда югургилаб, қувалашиб ўйнаймиз.

Хулас, шунга яқин ҳикоя бор. Назаримда «…ит бўлур, эшак бўлур…», деган сўз мазмунини англаб етдим, шекилли, фикр айтиб бирор нарсани ўзгартириш истагим пасайиб боряпти. Хаммомдан ювиқсиз, ифлос чиқиб келаётган одамларни кўряпман…. Тўти илм ўргатаман деб ғашимга тегяпти. Бахт, қувонч, шодлик сўзини маҳалламизнинг тиланчи алкашлари бировдан минг сўм ароққа пул ундирганида ўйлаб топганмикин, деб ўйлаяпман! Ҳар бир одамнинг кўкси реанимация, у ерда кимдир ўлим билан жон талашиб ётибди. Йўл четида очилган гулларнинг юз-қўлини чанг босади… Бир аёлнинг йўғон бармоқлари, қадоқ кафтини кўриб, бу қанақа ҳаёт экан, деб ўйладим.

Сурбет катта тадбиркорликни бошлади – ўз сурати туширилган оёқ артадиган латта ишлаб чиқаришни йўлга қўйди!

Эълон бўлмайдиган эълон: Юзта маош ўрни яратдим!

Мансаб теккан қўй бўрига: «Қорнингни ёриб ташлайман».

Эр Европада, хотин Осиёда муқим яшаяпти! Бутун дунё уларнинг уйига айланди! Сафимизга сиғиб, биз билан ош ейишинг учун истеъдодингнинг у ёқ-бу ёғини йўниб, бўйини пасайтиришга тўғри келади. Ёмон ҳоким билан шаҳар устига қулаган юз тонналик бомба орасида фарқ йўқ!

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат

Тағин ўқинг
6 май 2016
Ўтган ҳафта бошида Eltuz.com Ўзбекистонда энг олий ҳукумат изни билан ягона монополист переференцияси берилган «General motors» ширкати устамалари бўйича ...
2 июн 2022
Россия истилочилари томонидан Самарқанд босиб олингач, 1868 йилги энг қонли жанглар Зирабулоқ тепалигини сақлаб қолиш учун бўлди. Бироқ Россиянинг замонавий ...
30 июн 2017
Ўзбекистон банклари жорий йилда ажратишни мўлжаллаган кредит ресурсларининг туби кўриниб қолди. Шунинг учун мазкур молия муассасалари президентнинг тадбиркорликни ривожлантиришга ...
12 июл 2016
У 16 йил фермерлик қилди. Отасининг ҳам суяги далада қотган, қирқ йил давомида пахта етиштириш билан шуғулланган. Аввал отасига, ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...