Кўзқараш
6 декабр 2021

«Бизга суд керак, мустақил суд керак!»

«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил суд тизимини туза олмаганимиз кўпчиликни қийнади ва мана, навбат менга ҳам келди. Мустақил бўла олмаган судлар азоб берган ҳаммадан кечирим сўрайман. Бу хато, аммо жиноят эмас».

Юқоридаги иқтибос шу кунларда Путиннинг шотирларига айланган Грузия ҳукуматининг сохта айбловлари билан судланаётган Саакашвилига тегишли.

Қарангки, маҳкамадан мустақил суд талаб қилган ягона Саакашвили эмас, ҳолбуки, у ҳаддан ташқари қисқа муддатда ҳаддан ташқари катта ислоҳотларни амалга ошира олган ислоҳотчи ўлароқ бунга ростданам ҳақли.

70-йилларнинг ваҳшатли генерали Пиночет қилган жиноятлари учун 2005 йилгача маҳкамага тортилмаган. Иммунитети бўлган. 2005 йилда у иммунитетдан маҳрум этилган ва унинг биринчи талаби мустақил суд бўлган эди. Афсуски, Пиночет ўзи истаган одил судловгача етиб бормаган. Омонатини топширган.

Мисрни 30 йилдан ортиқ муддат якка ўзи идора қилган Муборак қамоққа олингач, унга белгиланган суд маҳкамасини буюртма, дея тан олмаган. Ваҳоланки, кимда иқтидор бўлса, ўшанинг топшириғини ижро қиладиган суд тизимини унинг ўзи яратган эди.

Одил судлов истаган ёки ўзи яратган қўғирчоқ судловдан якунда азият чеккан мустабидларнинг саноғи йўқ. Милошевич, Саддам Ҳусайн, Каддафининг ўғиллари, Маркос, Янукович, Атамбоев…

Узоққа бормайлик, ўзимизнинг ўтган замон эгалари бўлган Гулнора Каримова, собиқ прокурорлар ва кўплаб собиқ кучишлатарларнинг ҳам энг катта афсуси мустақил суд тизимини яратишга уринмагани ва бу йўлда қадам ташламагани бўлса керак. Балки улар ҳам энг қулайи югурдак, қўрқоқ ва шотир суднинг бўлиши деб ҳисоблаган. Қарангки, ҳимояга зарурат туғилганда уларга энг кераги тўпланган миллиардлаб бойлик ёки шогирду шотирлар эмас, айнан мустақил суд бўлди. Афсуски, у йўқ. Шунинг учун улар ўзининг ҳақиқатидан, уни намоён этишдан маҳрум.

Суд, мустақил суд фақат чексиз ҳокимият эгаларигагина керак эмас. Албатта, уларга биринчи навбатда керак. Чунки чексиз ҳокимият чексиз муддат давом этиши амримаҳол.

Мустақил суд оддий фуқароларга, сохта жиноятда айбланаётган ёки солиқ ҳақини талаб қилаётган, мулк талашаётган ёки шунчаки ажрашаётган фуқароларга ҳам керак.

Мустақил суд бизнесга, пули борларга керак, чунки пули борлардан устунроқ катта пули борлар ҳам бор. Уларни фақат мустақил суд ҳуқуқда тенглаштира олади.

Мустақил суд ОАВга керак, қанчалар чинқиришмасин, ОАВ мустақил судсиз мустақил бўла олмайди, сўз эркин бўла олмайди.

Мустақил суд парламентга керак. Чунки парламент қоида тариқасида ҳокимиятнинг учдан бири, холос. Ижро ҳокимиятининг нотўғри ва ноқонуний қарорларини парламентнинг бир ўзи бартараф эта олмайди.

Мустақил суд, қанчалар эриш туюлмасин, ҳукуматга ҳам керак. Ҳақиқат фақат парламентда, фақат халқ мандатида бўлавермайди. Баъзида, қалтис лаҳзаларда озчилик қўлловидаги профессионал қарор кўпчилик истаётган абсурд популизмдан муҳимроқ бўлиб қолади.

Хуллас, суд керак. Яратгандан бошқа барчага мустақил суд керак!

Телеграм блогери @the_bakiroo саҳифасидан

Тағин ўқинг
20 июн 2018
Ўзбек расмийлари 16 июнь куни хибсга олинган АҚШ ватандоши Зокир Алиев Афғонистонда ҳарбий тайëргарликдан ўтиб, ҳукумат ва халқаро коалиция ...
6 сентябр 2016
Жиззах ва Сирдарё вилоятлари сафарига бағишланган махсус кўрсатувда Ислом Каримов иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлардан ижирғанишини билдириб: «Бунақаларни ...
4 феврал 2019
ТИВнинг собиқ мулозими Алишер Таксанов январь охирида Венесуэлада бошланган воқеаларни Ўзбекистонга қиёслаб ёзган шеърини фейсбукда эълон қилди. «Элтуз» таҳририяти ...
16 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига дарз кетди. Бу сиёсатнинг ...
Блоглар
18 июн 2025
«Ўзбекча фикрлаш»ни мусорга отвормасак дунëга разил бўлишда давом этамиз.Нима ўзи «Ўзбекча фикрлаш»?Масалан Ўзбекистон қонунида «жинс ...
16 июн 2025
Театр замон юзига кўзгу тутиши керак. Лекин ўзбек театри буни эплай олмаяпти. Драма ëзадиган бирорта ...
9 июн 2025
Қадимги турк битиклари қисқа ва чуқур маъноли бўлган. «Ташингдан барча киши каби кўрин. Ичинг гўзал ...