Кўзқараш
23 май 2022

Императив-50. Йиғлаб келмоқ, кулиб кетмоқ

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 50-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган)

«Соф санъат» ҳақидаги «Фикрларнинг шиддатли умри» эссе-туркумини ёзиб, ёйинлаганимда унга муносабат билдирилган бир қанча хат олдим. Жавобга арзигулик хатларнинг мазмун елпозаси (спектри) шу: «Сиз ўзбек эдингизку, турклашдингизми, ўзбекликдан ғурурланмайсизми? Сиз, мусулмон одам, нега Ғарб адабиёти «доҳий»ларини бизнинг ёшларга ўрнак кўрсатяпсиз? Бошқа муаллим топилмадими Ўзбек адабиётида, тарихида? Тақлид қиладиган бошқа маънавий йўлбошчингиз йўқми? Нега яна ёзабошладингиз, сиёсатни ташладингизми? Адабиётни эмас, охиратни ўйлаш пайти келмадими, ўлимни ўйлаш пайти келмадими?»
Бу саволлар Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий конюнктура учун жиддий саволлар эди. Уларга жавоб беришни лозим кўрдим:
ЎЗБЕКЛИК ҲАҚИДА. Ҳали ҳам ўзбекман. Ўзбек туркиман. Ўзбекни бугун етти суверен давлат ва бошқа давлатлар ичида автономияларда яшаётган камида 250 миллионлик нуфузга эга Буюк Турк Миллатининг бир қавми ўлароқ кўраман.
Турклашмадим, ҳамиша турк эдим. «Туркистон» турклар яшайдиган юрт демакдир. Мен ўша юртда дунёга келдим, етишдим, ижод этдим, ўша юрт озодлиги учун, идеалларим учун баҳоли қудрат курашдим. Эсимни таниганимдан бери икки орзум бор эди: Бири Ўзбекистонни рус мустамлакасидан озод кўриш, иккичиси бутун Туркларнинг бирлиги орзуси. Алҳамдулиллоҳ, биринчи орзуим ушалди. ИншаАллоҳ, иккинчиси ҳам ушалажак. Балки, буни мен кўрмасман, аммо авлодларимиз Бирлашган Турк Давлатлар(Федерацияси)ининг ватандоши
бўлажагиндан аминман.
ҒУРУР ҲАҚИДА. Миллий ғурур ҳақда бир неча марта турли сабаблар билан гапиргандим. Бу ҳусусдаги қаноатларимни яна бир такрорлайман: Инсон жуда ғурурланишни истаса, фақат ўзи қилган ишдан ғурурланиши мумкин. Ўзбек бўлиб (турк бўлиб) яратилишимда менинг хизматим йўқ. Демак, Туркликдан(Ўзбекликдан) ғурурланишга ҳам ҳаққим йўқ. Аммо Ўзбек(Турк)ни севаман, чунки, Ўзбек(Турк) ўзимман.
ЙЎЛБОШЧИ ҲАҚИДА. Адабиётда муаллимим йўқ. Тавозе кўрсатиб, «мендан олдин ўтган бутун буюк адабиётчилар муаллимимдир», дейишни ҳам истамасдим. Чунки, бунга аввал ўзим ишонишим керак. Бундай ишонч йўқ. Лекин яшаш тарзига тақлид этишга интиладиганим бир раҳбар бор. Орадан 1.5 минг йил ўтганига қарамай, айтган ҳар сўзи асрлар пардасини йиртиб, бугуннинг мутмаин қалбларига узанган ва уларни ёритиб турган бир йўлбошчи. Бу Оллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад Алайҳиссалом саллалоҳу алайҳи вассалламдир. Унга иснод қилинган аммо унга оид бўлмаган айрим калималар орасидан айнан унинг айтган сўзларини дарҳол танийман ва қалбим ларзага келади. Чунки, унинг сўзларининг аураси бошқа, унинг сўзларидаги энергия бошқа. Ким бўлсанг бўл, Ҳадис китобларида бир сўз, бир жумла қалбингни титратиб, туйларингни ҳурпайтирса, ичингда бир саодат уйғотса, билки, бу ўша йўлбошчининг сўзларидир.
Ўша Йўлбошчи сўзларига амал қилишга ҳаракат қилаяпман. Нақадар бу ишни эпладим, Буюк Маҳкамада кўрамиз. Муаммо чиқмасин, дея дуодаман.
АДАБИЁТ ҲАҚИДА. Камина умрининг ярмини адабиётга бағишлаган бир кишиман. Адабиёт ҳақда ёзишимдан ҳам табиийроқ нарса йўқ. Адабиёт, Ғарбдами, Шарқдами, мен учун ягона жабҳадир. Тилларнинг, этник илдизларнинг биз зон этганимиз қадар аҳамияти йўқ. Ягона Адабиёт Тили бор, бу тил Зеҳният тилидир, дунёқараш тилидир. Бу тил бутун лингвистик фарқлиликларнинг устундадир. Бу тилни она (лингвистик) тиллари хар хил бўлган адабиётчилар ўзларининг истеъдоди нисбатида тушунаверади, бу тилда мушоҳада қилаверади. Ғарб адабиёти ҳақида ёзган бўлсам, ёзганларим шаклан Ўзбек тилида, мазмунан ўша Зеҳният тилидадир.
Бу радикал хулосага шу тажрибадан сўнг келдим: 18 ёшимда комммунистик мафкуранинг бир ёш қурбони ўлароқ мен учун битта Совет халқи бор эди. Совет армиясидаги кўрганим зулм шарофати (зулм ҳам баъзан шарофатдир!) билан миллатимни танидим. Ва миллиятчи бўлдим. Ўзбекни энг буюк қавм ўлароқ идрок этдим, юксалтдим, идеаллаштирдим.
Кейин динимни танидим. Ер куррасидаги бутун инсонларнинг отаси Одам, онаси Ҳавво эканлигини кашф этдим. Ва ҳеч бир миллатни иделлаштирмайдиган бўлдим. Аллоҳнинг «Одам» суратида халқ этган куллий мавжудотини Аллоҳ учун севишга, унга ҳамдард бўлишга ҳаракат қиладиган бўлдим.
Адабиёт ҳам тил ва миллатидан қатъий назар
ягона илдизга бориб тақаладиган Одам ва Ҳавво ўғли, гўзаллик ахтарган Инсон руҳининг эманациясидан бошқа нарса эмас.
НЕГА ҲАЛИ ҲАМ ЁЗАЁТГАНИМ ҲАҚДА. Доим
ёзганман, касбим шу.

КАСБИМИЗ

Яхшими, ёмонми, касбимиз сўздир. Биз айтган сўздан тош эримаса ҳам, Чиқиб кетмаса ҳам илон инидан,
Бу касбдан тонмаймиз бари бир.

Девор пайдо бўлса рўпарамизда Унга ҳам бошларни урмаймиз –
Иш шу бўлгандан сўнг, гапирамиз-да, Сўзлаймиз деворга, қараб турмаймиз. (1981)

Ўқиганингиз бу матн 39 йил аввал ёзилибди. Кўриб турганингиздек, ҳали ҳам деворларга гапираяпман. 39 йил аввал айтганим гапларни бугун ҳам айнан такрорлашга мажбур бўлаяпман. Бу гапирганларим учун таъқиб қилиндим, ҳибс этилдим, сургун қилиндим, аммо ҳеч нарсани ўзгартираолмадим.
Шунча китоб чиқардим, аммо сарф этган сўзларимдан битта ҳам тош эримади, битта илон ҳам инидан чиқмади. Тошлар ҳали ҳам тош, илонлар ҳали ҳам ўз инларида.
Аммо ёзишда давом этаман токи, кучим бор экан.
Чунки, касбим шу. Бошқа нарсани билмайман.
Қолаверса, ёш етмиш бўлди. Бу ёшга кирган одам беихтиёр ўтган йўлига қайрилиб бир назар ташлайди, «ким эдим-нима бўлдим» ҳисобини қилади. Мен ҳам ўтган йўлимга бир назар ташладим. Ўз ўтмишим ҳақда, ёшлигимни қаерда сарфлаганим ҳақда ёздим. Уни, балки, яхшироқ, хайирлироқ нарсалар учун сарфлаш мумкин эди, аммо бизга насиб этгани шу бўлди. Ягона тасалли, адабиёт билан шуғулланар экан, адолат тарафида бўлишга, мазлумнинг ёнини олишга, унинг дардларини ёзишга ҳаракат этдим. Халқим деб билганим хилқатнинг дардларини ёзишга уриндим. Агар Аллоҳ умр берса, ўз кишилигимга яна бир неча марта «қайрилиб қараш» ниятим бор.
Блез Паскал (у ҳам ғарблик) «инсон қайси юксакликдан йиқилиб тушганини англаш учун дунёга келади», дейди. Бу мутаффакир зикр этган юксаклик ҳақда ёшлигимдан бери кўп ўйладим ва Яратганга ҳамд бўлсин, У менга бу юксакликни кўрсатди. Одам Ота ва Момо Ҳавво йиқилган юксакликни.
Масала, энди бу юксакликка қандай қилиб қайта юксаламиз қайси нарвон билан, қайси куч билан?
Юксалаоламизми?
Бу юксалишни таърифлаш учун ташбиҳлар бисёр, аммо баландпарвозлик қўрқуси, чиройли калом қуриш енгилтаклигига тушиш андишаси тилимни тийдиради.
Нақадар оз сўз билан, нақадар сокин ва таслимият ичида юксалаолсак, у қадар ўзимиз учун хайирли бўлишига шубҳам йўқ.
Ҳозирча, аввал бизга берилган фурсатдан (ҳали ҳам тириклигимиздан) фойдаланиб, ўзимизни оқлаш учун бир-нечта баҳона топишимиз керак. Менинг топган баҳонам шу: бугун агар аввалгидан бирмунча оз кибрли бўлсам, аввалгидан би оз марҳаматлироқ эсам, аввалгидан сабрлироқ бўлиб, хушкўрувчилигим (толеранс) бироз ошган бўлса, бунда менинг ҳеч бир хизматим йўқ деган қаноатдаман. Нафсимни яратган Зот унга шундай шароит яратдики, хулқда бу ўзгаришлар юз берди, бу шартларни инкор этсам, (этолмасдим зотан!) мен ҳалок бўлардим.
Буларнинг ҳаммасини кўриб турган Аллоҳ мени авф этади деб уйлайман.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
30 ноябр 2017
«Пахта кампанияси» меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Андрей Мрост томонидан ўтказилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси: меҳнаткашлар ташкилотими ёки ишчиларни назорат ...
13 апрел 2017
Ўзбекистонда давлат тилига катта эътибор ҳақида кўп гапирилаётганига қарамай, мамлакатда ўзбек тилини мустақил ўрганиш бўйича қўлланмани топиш анқонинг уруғидек ...
25 декабр 2017
24 декабрь – якшанба куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига бўлиб ўтган сайлов халқнинг бундай тадбирга умуман ишончи ...
11 март 2020
Коронавирус: «Кунлар исиди. Ўлимим яқин. Алвидо, Тошкент!» Рассом Кирпи
Блоглар
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш ...
7 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 54-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) АМАЛ ...