Асосий мавзулар
19 декабр 2022

Қонунда белгиланмаса жиноят ҳам жазо ҳам йўқдир

(Nullum crimen, nulla poena sine lege)

Давлатнинг куч ишлатар тизимлари қаршисида шахснинг қадр қадр-қимматини муҳофаза қилишнинг энг муҳим воситаси қонунийлик принципига амал қилишдир. Бу кўпчилик ўйлагандек қонунларга амал қилиш деган умумий тушунча эмас.

Жиноят ҳуқуқида қонунийлик принципи жиноят ва жазонинг фақат қонун билан белгиланишини англатади. Бошқа сўз билан айтганда, жиноят ҳуқуқида қонунийлик принципи тор маънода “қонунсиз жиноят йўқ” (nullum crimen sine lege), “қонунсиз жазо йўқ” (nulla poena sine lege) деганидир.

Инсонлар оқибатлари нима билан якун топишини ўзлари билмаган ҳаракатлари учун жазога тортилиши мумкин эмас. Бирон бир ҳатти-ҳаракат қонунда аниқ қилиб жиноят сифатида белгилаб қўйилмас экан бу ҳаракатни содир қилган ҳар қандай шахс жазоланиши мумкин эмас. Ҳаракатни “ижтимоий хавфли фаолият”, яъни жиноят деб белгилаб берган норматив ҳужжат тегишли процедуралар билан амалга киритилган бўлиши керак. Амалга киритилмаган қонун ҳужжати ёки лойиҳаси асосида шахс ҳақида суд ҳукми чиқарилиши мумкин эмас. Худди шу тарзда жазолар ҳам фақат қонун асосида белгиланиши керак. Суднинг қонунда белгилангандан фарқли ёки оғирроқ жазо тайинлаши мумкин эмас.

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Олимжон Собирнинг Анқара шаҳрида нашр қилинган “Қонунийлик принципининг халқаро ҳуқуқдаги акси” номли илмий монографияси мана шу ҳақидадир.

Мазкур принцип таъминлаган кафолатлар инсонларга хавфсизлик ҳисси яратиш учун ишлатиладиган бошқа воситалардан кенгроқ маъно касб этади. Бинобарин, замонавий жиноят процессуал ҳуқуқининг асосчиларидан бири сифатида эътироф этилган Фрэнсис А. Аллен томонидан “биринчи рақамли тамойил” деб аталадиган қонунийлик принципи шахснинг шахсий эркинликларини судяларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилади, давлат ҳокимияти ва куч ишлатар тизимларнинг ваколатларини қонунлар билан тизгинга солиб, сиёсий либерализм тамойилларини амалга оширишни таъминлайди. Бошқа томондан, фуқаронинг эркинлигига ўта жиддий аралашувни ифодаловчи жиноят ва жазоларни белгилаш ваколати фақат қонун чиқарувчи органга тегишли эканлигини кўрсатиб, ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосланган демократик тартиб ўрнатилишига кўмаклашади.

Қонунийлик принципи бугунги кунда барча жамиятлар томонидан қабул қилинган ва кўплаб муаллифлар томонидан ҳуқуқнинг умумий принципи сифатида қабул қилинган. Шу билан бирга, қонунийлик принципи 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1949 йилги Женева конвенциялари ва 1977 йилдаги қўшимча протоколлар, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда 1950 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси каби кўплаб халқаро ва минтақавий ҳужжатларга киритилган.

Ҳам миллий қонунчиликда, ҳам халқаро ҳуқуқнинг муҳим ҳужжатларида ўз ўрнини топган бўлишига қарамасдан, қонунийлик принципига нисбатан турли ҳуқуқ тизимларидаги концептуал ёндашувлар ва ҳуқуқнинг турли соҳаларида ушбу принципнинг турлича талқин қилиниши баҳсли мавзу бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, халқаро жиноят ҳуқуқида халқаро одат ҳуқуқи нормаларининг манба сифатида эътироф этилиши туфайли қонунийлик принципининг позицияси билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топмаган. Шунингдек, Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан тайёрланган “Давлатларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги моддалар лойиҳаси”ни тайёрлаш жараёнида илгари сурилган “давлатларнинг жиноий жавобгарлиги” концепцияси доирасида қонунийлик принципини амалга ошириш бўйича мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Хусусан, халқаро жиноят ҳуқуқидаги қонунийлик принципи билан боғлиқ мавжуд воқеликни учта мисол билан бемалол тушунтириш мумкин.

Биринчи мисол, арман зиёли доиралари томонидан Туркияга нисбатан сиёсий мақсадларда илгари сурилаётган даъволардир. Шуни таъкидлаш керакки, арман зиёли доираларининг 1915 йилги воқеаларни геноцид жинояти сифатида талқин қилишлари ва ушбу воқеаларни, Гитлер томонидан яҳудий халқига қарши содир этилган геноцид билан солиштиришлари ақл бовар қилмайдиган ҳолатдир.

Бошқа томондан, қуйидаги мисолларга ҳам тўхталиш керак бўлади:

Иккинчи жаҳон уруши охирида Япония мағлубиятга учрагани аниқ бўлса-да, Америка Қўшма Штатлари Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига қарши қўллаган атом бомбалари билан бир неча соат ичида юз мингдан ортиқ одамни йўқ қилди. Бироқ бу масала ҳали кун тартибига киритилмаган.
Белгия ва Франция томонидан ягона тил ва маданиятга эга ҳуту ва тутси қабилаларини атайлаб қарама-қарши қўйиш ва ҳатто томонларга қурол етказиб бериш орқали можароларни авж олдириш натижасида 1994 йилда юзага келган Руанда қатлиомида 800 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Хитой давлати томонидан уйғурларга қарши охирги 6 йилдан бери шиддат билан амалга оширилаётган ва дунё давлатлари, айниқса ислом давлатлари томонидан эътибордан четда қолаётган геноцид энг охирги мисолдир.

Кўриниб турибдики, халқаро ҳуқуқ нормалари нафақат ўрта ва заиф давлатлар томонидан балки, АҚШ, Хитой, Россия каби қудратли давлатлар томонидан ҳам бузилишда давом этмоқда.

Шу маънода, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Олимжон Собир томонидан тайёрланган “Қонунийлик принципининг халқаро ҳуқуқдаги акси” номли тадқиқот халқаро ҳуқуқнинг соҳаларидан бири ҳисобланган халқаро жиноят ҳуқуқида қонунийлик принципи билан боғлиқ зиддиятларга ечим излаши нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Чунки халқаро жиноят ҳуқуқида қонунийлик принципига оид вазият миллий ҳуқуқдан бироз бошқачадир. Миллий ҳуқуқдан фарқли ўлароқ, халқаро ҳуқуқ манбаларига, халқаро одат ҳуқуқи нормалари ва ҳуқуқнинг умумий тамойиллари ҳам киради. Шу сабабли айтиш мумкинки, мазкур тадқиқотда илгари сурилган ғоя қонунийлик принципининг халқаро ҳуқуқдаги ўрни борасида мавжуд мувозанатга жиддий таъсир қилувчи илмий янгиликларни ўз ичига олади.

Профессор Илёс Дўғон
Анқара Ҳожи Байрам Вали Университети
(Туркчадан таржима)

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
Радио манбасига кўра илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни йиғиб, далага олиб кетишган. “Балкондан қараб турдим. Ҳаммасини бир ...
13 апрел 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни Ўзбекистондаги фермерларнинг муаммолари, жумладан, ...
4 май 2018
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель кунги ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Ўзбекистонни ўз ота юрти дея таърифлади. «Ота ...
6 январ 2020
Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ 1992 йилнинг 16 январида пойтахтнинг Талабалар шаҳарчасида содир бўлиб исён ва ундан ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...