Кундалик
15 апрел 2016

Фурқат Жўраев Жаслиқ қамоқхонасига жўнатилди…

“Конституцион тузумга тажовуз”, “Қўпорувчилик”, “Таъқиқланган ташкилотлар тузиш ва уларга аъзолик” каби бир биридан вахимали моддалар билан айбланган “Арамаис ва унинг шериклари” жиноий ишининг иштирокчиси Фурқат Жўраев 9 апрел куни Қорақолпағистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасига жўнатиб юборилгани хақида хабар келди.

rasm1170
Фурқат Жўраев

“Кеча қизим Севарахон Тошкентдаги ГУИНга бориб, Фурқатжонни қаерга этап қилинганини сўраган экан. Унга “Фурқат Жўраев 9 апрел куни Жаслиқ деган жойга жўнатилган” деб жавоб беришибди. Боламни электр токлари билан қийнашиб, ундан жиноятчи чиқаришди ва энг узоқ ва энг ёмон зонага жўнатишди.” деди eltuz.com билан сухбатда Махтума Жўраева – Фурқатнинг онаси.

Бундан 2 кун муқаддам эса, ушбу сохта жиноий ишнинг иштирокчиси фермер Арамаис Авакян жазо муддатини ўташ учун Қарши шахридаги 64/61 қамоқхонасига этап қилингани хақида хабар келганди.

35 ёшли Фурқат Жўраев, ўтган йилнинг 3 сентябр куни Пахтакор шахридаги бозор олдидан ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган ва 40 кун давомида яқинларига хабар берилмаган холда вилоят Миллий Хавфсизлиги хизмати идорасининг хибсхонасида сақланган эди.

Фурқат ўғирлаб кетилган куннинг эртасига, 4 сентябр куни кўчадан йўқолиб қолган 4 нафар йигит – Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Акмал Матмуродов ва Дилшод Алимовлар хам айнан шу идоранинг хибсхонасига келтирилади. Бу йигитларнинг яқинлари ва оилаларига хам уларнинг хибсга олингани хақидаги хабар орадан 40 кун ўтгач билдирилган эди.

Жиззахнинг бир туманида бир бирини таниб, турмуш ташвишлари ва қийинчиликларини биргаликда енгиб юрган бешовлон шу тариқа хибсга олинганди.

Тергов жараёнида улар қаттиқ жисмоний ва рухий қийноқларга солингани хақида, сайтимизнинг вилоятдаги манбаалари ва Арамаис Авакян хамда Дилшод Алимовнинг илк адвокати Лайло Абдуллаева, кейинчалик эса адвокат Олим Қобиловлар хабар беришганди.

Бундан ташқари, йигитларнинг ўзлари хам 19 феврал кунги махкамада хукм ўқилиши олдидан сўз олишиб, МХХ терговчилари томонидан ўта шафқатсиз қийноқларга солингани хақида гапиришиб, калтаклардан моматалоқ бўлган баданларини судяга ва йиғилганларга кўрсатишганди.

Шунга қарамай, судя А. Мамарахимов Фурқат Жўраевга 12 йил, Арамаис Авакянга 7 йил, Бектемир Умрзоқовга 6 йил, Дилшод Алимов ва Акмал Маматмуродовга 5 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Мазкур ишнинг ўта шафқатсиз қийноқлар билан ўтган тергов жараёни ва адолатсиз махкамаси, Америка ва Европадаги етакчи Инсон Хақлари ташкилотлари ва бир қатор сиёсатчиларнинг, шунингдек дунё арманлари халқаро ташкилотларининг диққатига тушди.

Уларнинг саъйи харакати билан дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги Инсон хуқуқлари жуда абгор ахволда эканини билди. Ўзбекистон терговчилари истаган одамни қийноқлар ёрдамида ўзлари хохлаган модда бўйича айблай олишлари яна бир марта маълум бўлди.

Армани миллатли фермернинг катта фойда кетириши аниқ бўлиб турган балиқ хўжалигини тортиб олиш мақсадида Пахтакор тумани хокими Ғофур Қаршибоев бошлаган хийлаи-найранг, ўз кунини аранг кўриб юрган беш хонадоннинг беш нафар ўғлонини турли муддатларга зиндонга отди.

“Қўлимиз калта, камбағалмиз. Фурқат 35 ёшга кирди, уйлай олмадик, мана, Жаслиққа кетди. Бир кун келади, тирик бўлса чиқиб келади… Лекин мен хар дақиқа ва хар сонияда, бағри қон бўлган бир она сифатида, ўғлимни бошига шу кунларни солган хоким Ғофур Қаршибоевни, тергвчиларни ва судяни тинмасдан қарғаяпман. Ўғлим соғ ва омон холда остонамда кўринмагунча, менинг қарғишларим хокимнинг ва бошқаларнинг бошига ёғилаверади! Адолат қилмасанг, сендан хам розимасман, эй худо! Розимасман!” дея дод солади телефонда, Жаслиққа жўнатилган Фурқатнинг онаси Махтума Жўраева…….

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 март 2019
Қозоғистонни 30 йил бошқарган 79 яшар президент Нурсултон Назарбоев 19 март куни ўз лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида баёнот берди. ...
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Халқ таълим ҳомийси” кўкрак ...
21 декабр 2018
Қалин курткалар, қулоқчинлар кийиб, смартфон ёруғида турган бу одамлар – Наманган мусиқали драма актёрлари. «Элтуз»га ушбу суратни жўнатган мухлисга ...
14 октябр 2023
Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон вилоятларидан ва Россиянинг Татаристон Республикаси турмасидан келган. Дастлабки ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...