Кундалик
5 январ 2016

Ўктам Пардаевга қамоқ таҳдиди, гўдакларга молиявий босим

Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асоссиз, уйдирма айбловлар билан қамоқда қолаётган ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг оила аъзоларига Янги йил “совға”си ҳозирлади.

Бу сафар уларнинг нишони ҳуқуқ ҳимоячисини руҳан қўллаб-қувватлаётган оила аъзолари бўлди. Давлат идоралари ҳуқуқбоннинг яқинларига кўп йиллик тажрибаларда тобланган, анча самарали усул – молиявий босим қўллади.

Янги йил кунларида прокуратура, газ идораси, маҳалла, ички ишлар ходимлари, посбонлар, қарийб ўнга яқин киши Ў.Пардаевнинг, укалари Шароф ва Ўткир, синглиси Моҳиранинг хонадонларига қўққисдан бостириб борди.

«Ўктам акамнинг аёли кечки пайт уйда ёлғиз бўлгани сабабли чақирилмаган меҳмонларга дарвозани очмаган. Келганлар ўзини прокуратураданмиз, деб таништирибди. “Газдан катта миқдорда қарзингиз бор, токи тўламас экансиз, газни узиб кетишимиз керак”, дея дағдаға қилган»,- дейди Шароф Пардаев.

Дарвоза очилавермагач, ортига қайтишга мажбур бўлган бу гуруҳ мазкур ҳаракат билан кифояланмади.

2016 йил 4 январь куни улар Ўктам Пардаевнинг уйига киришга муваффақ бўлди ва “газдан 400 минг сўмдан ортиқ қарзи борлиги” баҳонасида газ қувурларини узиб кетди. Натижада ҳуқуқбоннинг аёли ва уч норасида боласи қишнинг қаҳратон кунларида газсиз қолди.

«Акам, биласиз, қамоқда. Янгам учта ёш гўдаги билан қолган. Энг кичиги 2 ёшда. Каттаси 6 да. Энди уларнинг ҳоли нима кечади қишнинг совуқ кунларида?» – дея ташвиш билдирди Ш.Пардаев.

Прокуратура бошчилигидаги “гвардия” ҳуқуқбоннинг синглиси Моҳира Пардаевнинг гарданига ҳам газ истеъмоли учун йўқ жойдан миллион-миллион қарздорлик “илиб” қўйди. Аммо тўлов қоғозларини газ идорасига кўтариб борган М.Пардаева уларнинг молиявий босимидан қутулиб қолишга муваффақ бўлди.

Бироқ жиззахлик қонун қўриқчиларининг ғазабидан омон қолиш Ўктамнинг укаси Ўткир Пардаевга насиб этмади. Унга 2 350 минг сўм қарздорлик эълон қилиниб, хонадони табиий газдан узиб қўйилди.

«Ўзи газ милтираб турарди. Шуни ҳам кўп кўришди. Ҳар ҳолда овқат пишиб, чой қайнаб турганди… Бизда иссиқхона бўлмаса, салкам икки ярим миллион сўм қарздорлик қаердан бўлсин? Қасддан, атайин бўйнимизга қарздорлик илинди… Мен барча қўшниларимдан сўраб чиқдим. Ҳеч бирининг уйига газ идорасидан, прокуратурадан, милициядан гуруҳ келмаган, қарздорлик ёзилмаган, гази ҳам узилмаган. Бу “тўй” ёлғиз бизнинг бошимизга келган экан. Ҳаммаси Ўктамжоннинг фаолияти орқасидан бўляпти. Мен кенжа ўғлим Ўткир билан яшайман. Оилада 6 жонмиз. Ўткиржоннинг ҳам 3 ёш боласи бор. Барчаси ҳали гўдак: 2 ёш, 5-6 ёш. Ёш болалар билан келиним энди қишнинг совуғида газсиз қандай кун кечиради?» – дея ўртанади ҳуқуқ фаолининг онаси Насиба опа.

Яқиндагина 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилган Ўзбекистон президенти: “Соғлом она соғлом бола дегани, соғлом бола тинч-тотув, тўкин ҳаёт, бахтли оила дегани, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, дея куйиб-пишганида бу йўлдаги уринишлар қишда газ таъминотини узиш билан бошланишини назарда тутганмикин ё, деб ўйлаб қоласан киши.

Нима бўлганда ҳам, Ўктам Пардаевга қамоқ жазоси билан таҳдид қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари энди нафақат унинг ўзини, балки бутун оила аъзоларини, яқинларини моддий ва руҳий жиҳатдан тўла синдиришга бел боғлаган кўринади.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 октябр 2021
13 октябрда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг даъво аризасига биноан очиқ судда Ўзбекистон ...
16 август 2019
Бундан бир қанча вақт муқаддам интернетда эълон қилинган “Пуфак” сарлавҳали мақоласи ортидан таниқли ёзувчи, Каримов даврининг нуфузли мулозимларидан бири ...
9 декабр 2017
Конституциянинг 25 йиллигига бағишлаб 7 декабрь куни қилган чиқишида президент Мирзиёев 2700 одамни авф қилганини билдирди. «Ҳозир 57 минг ...
21 сентябр 2019
Сумкасидан Муҳаммад Солиҳ китоблари чиққани учун устидан жиноят иши очилиб, терговга чақирилган хоразмлик 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб 20 ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...