Асосий мавзулар
2 август 2016

Конгрессмен Ўзбекистоннинг тараққиёт моделини мақтади

Мустақиллик байрами арафасида хорижликларнинг ўзбек халқига табрикларини чоп этиш анъанаси шу кунларда қизғин давом этяпти.

«Жаҳон» ахборот агентлиги тайёрлаган, «Правда востока» газетасида чоп этилган бу сафарги дил сўзлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси, Калифорния штатидан сайланган конгрессмен Дэйна Рорабахерга тегишли.

Конгрессмен «Ўзбекистон сўнгги йилларда барқарор фаровон давлатга айлангани»ни, унинг «тараққиёт модели кўплаб мамлакатлар учун ёрқин намуна бўлиб хизмат қилиши»ни таъкидлайди.

«Президент Ислом Каримовнинг оқилона раҳбарлиги боис республика халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллади», дейди конгрессмен.

Конгрессмен Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, демократия, коррупция масалаларига тўхталмаган. Чунки бундай масалаларни табрикка қўшиб бўладими?!

Истиқлолга эришганида довдираб қолган халқ

«Ўзбекистон овози» газетасидаги мустақиллигимизни мадҳ этувчи навбатдаги мақола «халқимиз шўролар даврида бутунлай давлатнинг қўлига қарам бўлиб қолгани»дан бошланади.

«Шунинг учун бошимизга бахт қуши қўниб, Истиқлолга эришган дастлабки кунларимизда аксарият аҳолининг эсанкираб, довдираб қолганлиги ҳам ҳақиқат», дейди муаллиф.

Муаллиф 1991 йилнинг тарихий 31 августида «муҳтарам президентимиз юксак минбардан туриб … миллий мустақилликни эълон қилганда … қулликка ўрганган, кўниккан шуурлар эркинликнинг эрка фикрларини қамрашга ожизлик қилиб қолди», дея шоирона лутф қилади.

Мақолада ўша лаҳзаларда «боқимандалик исканжасида яшаган ақлларда фақат ва фақат «Мустақиллик менга нима беради?» деган савол туғилгани», кейин бу тадрижий ривожланиш «Мустақилликка мен нима бердим?» шаклига ўтгани, бугун эса «Ким эдигу ким бўлдик?» шаклига етиб келгани таъкидланади.

«Ўзимизнинг сигирларимиз берган сутдан тайёрланаётган маҳсулотларнинг сирти томоша, ичи роҳату фароғат»лигидан оғзининг суви оққан муаллиф мустақиллик арафасида «дўконларга кирган кишининг юраги орқага тортиб кетгани, чунки унда тузу қалампир, муддати ўтган балиқ консервалари…»дан бошқа ҳеч нарса бўлмаганини эслаб ёзғиради.

Шўролар даврининг додини бериб, истиқлол йиллари ҳавосидан сипқориб, илҳоми тошган муаллиф мақола охирлаб қолганида бироз ёлғонга ўтиб кетганини сезмаган назаримизда.

Бир пайтлар қишлоқдан шаҳарга келган меҳмон хонадонларда ёниб турган «мовий олов»га ҳавас билан тикилганини эслатиб, «бугун эса табиий газ бормаган қишлоқ борлигини эшитсак ҳайрон қоламиз», деб юборади.

Биродар, ҳайрон бўлмаслик учун тез-тез қишлоқларга бориб туриш керак. Айниқса, қишда борсангиз, газ йўқлиги учун кўчадагидан ҳам совуқ уйда бирор соат меҳмон бўлсангиз, юқорида айтган ҳайронларингиз худди газдек йўқолиб кетишига биз кафил.

Бу ҳам етмагандек, муаллиф «ғалла, нефть мустақиллиги эришиш деган марралардан ошиб ўтганимизга ҳам кўп йиллар бўлгани»ни эслатиб, одамнинг устидан кулгандек қилади.

Тошкентдан сал чиққандан кейин вилоятларда неча йиллардан буён АЁҚШларда бензин йўқлиги, ҳатто шу кунларда пойтахтнинг ўзида ҳам бензинга навбатнинг охирини топиш қийин бўлаётганини кўрганлар бу сўзлари учун муаллифни, ғойибона бўлса-да, бир болохонадор қилиб сўккан бўлиши турган гап.

Партиялар «демократия ўйини»ни кучайтиряпти

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП ва ЎзЛиДеП фракцияларидан ташкил топган Демократик кучлар блоки ва ўзини мухолиф деб эълон қилган ХДП ва «Адолат» партиялари фракцияларига «демократия ўйини»ни жадалроқ ўйнашга кўрсатма берилган шекилли, сўнгги вақтларда улар анча қирпичоқ бўлиб қолди.
«Миллий тикланиш» газетаси фракциялар ўртасидаги бундай баҳс-мунозаралар «демократик жамият учун табиий ҳол» эканини айтиб, лутф қилди.

Қанчадан-қанча қонунлар тайёрланаётганида дамини чиқармаган партияларнинг «демократия ўйини» «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофида бормоқда.

Аввалроқ ХДП Демократик кучлар блокининг айрим фикрларига қўшилмаслигини айтганди. «Биз «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинган … анчайин дабдабали сарлавҳали бу мақолани ўқиб, ХДПчилар қайси фикрга қўшилмаслиги, қандай янги ғояларни илгари сураётганликларини топа олмадик», дея ҳужумга ўтган

«Миллий тикланиш» партияси вакиллари.

ХДПчиларнинг ўсимлик объектлари ҳисоб-китоби ва кадастрини юритишни фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таклифини қоралаган ЎзМТДП бу ишга бюджетдан ташқари маблағларни ҳам жалб этиш самарадорликни оширишини таъкидлайди.

Шунингдек, ЎзМТДП ХДПни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ходимлари манфаатларини ҳимоя қилаётганликда айблайди. Чунки ХДП мазкур қўмита ва унинг ходимлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш таклифини илгари сурганди.

25 йилдан бери биттагина милиция тўғрисидаги қонунни қабул қила олмаётган бу партияларнинг муҳимлик даражаси анча паст бўлган оддийгина ҳужжат учун нега бир-бирига бундай ташланаётганини нима билан изоҳлашни ҳам билмайди киши. Чунки аслида изоҳга ҳожат ҳам йўқ!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2023
Ҳусусий университетларга  Ўзбекистонда қанчалик зарурат бор? Улар янги коррупционерлар тайёрлаб берадиган масканлар эмасми? Мақсад ҳалқни маърифатли қилишми, ёки шунчаки ...
23 феврал 2016
Рассом Элсевар ўзбекистонлик қарияларнинг пенсияларини пластикка ўтказиш билан боғлиқ ижтимоий муаммоларини ҳажв мўйқаламига тортишда давом этади. Дўконларда, ёзилмаган қоидаларга ...
13 июн 2016
Орландодаги Гей клубга ҳужум уюштирган 29 яшар Умар Метин Сиддиқийнинг хотини Ситора Алишерзода Юсуфий ўзбекистонлик бўлган, аммо улар 2013 ...
6 октябр 2017
4 октябда ўтган Олий мажлис йиғилишида, «фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш» парламент комиссияси тузилди. «Мажбурий меҳнатни тақиқлашни» кўзлаган комиссияга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...