Теримчилар ёмғирли кунда ҳам пахтасиз далада қолишди
Далаларда умуман пахта қолмаганига қарамай ҳалиям одамлар пахта териб келиш учун бўм бўш далаларга жўнатилаяпти дейди, Eltuz.comнинг Фарғона вилоятидаги манбалари.
Фақат ғўзапоялар тиккайиб турган пахта майдонларида ҳалиям боғча, мактаб, касалхона ходимлари беш-ўн кило пахта топиш илинжида юришибди.
Барча туманларда талабалар, 10 кунлик ётоққа кетганлар ёмғирли ва совуқ кунларда ҳам уйларига қўйиб юборилмади.
Пахта даласида қолаётган умумтаълим мактаби рус тили ва адабиётидан дарс берувчи ўқитувчи ўз ўрнига мактаб қоровулининг ўғлини жўнатганини айтади.
“10 кунга 150 минг сўм бердим. Бола бечора (коллежни битирган, ишсиз юрган йигит) палаткада ётибди. Биз уйимизда совуққотяпмизку, улар палаткада музлаб қолаётгандир”, дейди у.
Далаларда пахта йўқ. Аммо бюджет ташкилоти ходимлари ҳалиям ётоқ шароитида қолаётганини айтади у.
Бошқа кўп ўқитувчилар ҳам пахтага бормаслик учун пул тўлашни афзал кўришган.
Қўштепа туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси ҳам ўн кунга мактаб директорига 150 минг сўм берганини айтади:
“Барибир пахтазорга борганимиз билан пахта тугул кўсак ҳам йўқ. Бекорга совқотиб, изғиганимиз қолади, холос.
Кўпга келган тўй, деб юрган ўқитувчиларнинг, боғча опа ва олий маълумотли врачлар, ҳамшираларнинг додини эшитадиган одам ҳам йўқлигини айтади у.
Eltuz.com