Бобомурод Бош прокурор ва ИИВ раҳбарига қарши кўрсатма беришга мажбурлашгани ҳақида ариза ёзди
МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев терговда қийноқларга солингани ҳақида 7 март куни адвокати Сергей Майоров орқали Ўзбекистон Бош прокурорига ариза ёзди.
Бобомурод ўз аризасида илгари Бош прокурор, эндиликда МХХ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ва ички ишлар вазири Бобожоновга қарши компромат олиш ва қилмаган жиноятларни бўйнига қўйиш учун МХХ терговчилари Тўрақулов, Веселев, Тимур ва тезкор ходимлар томонидан терговда қийноққа солингани ҳақида билдирди.
“Жаноб Бош прокурор, мен, Бобомурод Абдуллаевни Қобил, Мажид, Элмурод деган МХХ ходимлари 2017 йил 27 сентябрдан 5 ноябргача кўп марталаб қийноққа солдилар, урдилар, тан жароҳати етказдилар”, дея ёзади Бобомурод Абдуллаев Бош прокурорга киритган аризасида.
Шунингдек, у Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳга ва учинчи шахслар Аллоёров, Салаев, Насридиновларга қарши кўрсатмалар беришга ҳам мажбурланиб, қийноқларга солинганини билдирган.
Журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаëт Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëров устидан 5 март кунига белгиланган суд 7 март соат 14:30 га қолдирилган эди.
Бобомурод Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган.
Орадан уч кун ўтиб, унинг ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланаётгани маълум бўлган эди.
«Элтуз» нашри Абдуллаевнинг суди билан боғлиқ жараёнларни кузатишда давом этади.
Eltuz.com